Қиш қайғуси: Қайнота-келин бир хонада ётса…

Қиш қайғуси: Қайнота-келин бир хонада ётса…

Узоқ йили машҳур олимлардан бирига шундай савол йўлланган эди:

 

«Баъзан барча оила аъзоларимиз — мен, хотиним, фарзандларим ва ота-онам бир хонада ётишга тўғри келади. Бу бирмунча ноқулай албатта. Лекин бошқа иложимиз ҳам йўқ. Қанчалик ноқулай бўлмасин, зарурат юзасидан қайнота бор жойда келин ҳам бўлиши дуруст бўлармикан, деган савол мени қийнаб келади. Бундай ҳолда қандай маслаҳат берасиз?..»

«Борма, куясан…»

Қуйидагича хабар ҳамманинг ҳам қўл телефонига тез-тез келаётган бўлса керак:

«Иситиш печларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинг. Ностандарт печлардан фойдаланманг. Ис газидан заҳарланишдан сақланинг. Қўшимча маълумот: fvv.uz».

Жуда яхши огоҳлантириш. Бу баъзи бир фавқулодда нохуш ҳолатларнинг олдини олишга ҳисса қўшади… деб умид қиламиз.

Бу гаплар менга машҳур сўз устасининг латифасидаги ўта совуққон она ҳолатини эслатади: «Борма, куясан… Ана, куйдинг! Қўлинг ёпишиб қолдими? Энди бирпас ўша ерда тутиб тур, ҳозир опанг мактабдан келса, сени ажратиб олади…»

Бир пайтлар худди ўша санъаткор ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги бир ҳодисани кескин танқид қилиб, кулги остига олган эди. Бу — бомба ҳақидаги латифа. Агар эсингизда бўлса, ногаҳон бомба тушиб қолса, унинг зарарига қарши ишлаб чиқилган ҳимояланиш дастури ҳаётга умуман тўғри келмаслигини ҳаққоний равишда юморга ўраб очиб берган эди. У гаплардан кейин орадан яна ўттиз йиллар ўтди. Лекин санъаткор айтган ўта кулгили ва реал ҳаётдан жуда йироқ йўриқнома ва дастурлар ҳалигача «яшаб» келяпти.

Юқоридаги хабар ҳам шулардан бири. Унда айтилишича, иситиш печларидан тўғри фойдаланиш керак экан. Буни ким билмайди? Одамлар бу ишни моли ва жонини атайлаб ҳалокатга қўйиш орзусини кўзлаб қиладими? Нотўғри фойдаланайу, қани эди, уйим ёниб кетиб, ҳаммамиз жувонмарг бўлсак, дейдиган одам бўлиши мумкинми? Агар бўлса, у — касал. Унга телефондан жўнатиладиган хабарнинг фойдаси ҳам йўқ.

«Ностандарт иш»лар

Бу ерда «Одамлар нимага қўшимча иситиш воситаларидан ўз ҳолича фойдаланяпти?» деган саволни қўйиш, менимча, ўринли бўлади. Бугун мамлакатнинг аксар аҳолиси табиий газ билан таъминланган, каби ҳисобот-гапларни кўп эшитамиз. Балки буни табиий газ қувурлари билан таъминланди, дейиш бир мунча тўғри бўлар. Аммо буни ҳам «таъминланди» деб аташ ҳақиқатдан анча йироқ. Сабаби, кейинги чорак асрда ўрнатилган ўша қувурлар, асосан, аҳолининг чўнтагидан қилинганини ҳамма билади. Фақат буни исботлашнинг иложи йўқ. Чунки бундай ишлар ими-жимида қилиниб, аллақачон ҳисоботларга «бюджет маблағлари асосида амалга оширилди», тарзида бир неча бор хатлаб қўйилган. Фуқаро эса, бундай ишлар кимнинг пулига бўлса-да, тезда бажарилишини истайди. Қаҳратонда аҳолига адолат ва ҳақиқат тантанасидан кўра, хонадонини иситишга табиий газ қайси йўл билан бўлса ҳам етиб келиши муҳимроқ.

Баъзилар отнинг калласидай даромад топиш учун тандирхона, емакхона, иссиқхона ва шунга ўхшаш …хоналарни ташкил этади. Лекин ўт ёқиш ва иситиш қоидаларини назар-писанд қилмасдан, фақат мўмай даромад ортидан қувиб, давлатнинг кўзини шамғалат қилиб, зимдан иш кўради. Белгиланган меъёрларга амал қилиб ўтирмайди. Ётиб қолгунча отиб қол, қабилида иш тутади. Мутасаддилар бундайларни огоҳлантириб қўйишга, излаб топиб, танобини тортишга (қонуний чора қўришга) албатта ҳақли.

Яна аҳолининг умумий эҳтиёжи учун етказиб берилаётган маҳсулот истеъмолида беш қўлини оғзига тиқиб, устига-устак, фойдалангани учун имкони бўла туриб, йиллар давомида атайлаб ҳақ тўламай юрган бўйни йўғонлар ҳам йўқ эмас.

Шу билан бирга, масаланинг яна бир чигал томони бор. Сир эмас, қаҳратонда одамлар яшаб турган уйини эмас, лоақал биргина хонасини иситиш учун қўлидан келган ҳамма тадбирни қилади. Бир кун совқотиб чиқса, уйни қандай йўл билан бўлса-да иситиш ҳақида бош қотиради. Ота-онанинг ўзи унча-мунча нарсаларга бардош қилиши мумкин, лекин болалари совуқдан дийдираб ётишига бефарқ қараб туролмайди ахир. Шартта бозорга боради-да, чўнтаги кўтарган бирон бир иситиш мосламасини кўтариб келади. Мосламага халқ қўядиган талаб — уйни тезроқ ва яхшироқ исита олсин ҳамда ҳамёнбоп бўлсин. Мана шу шартларга жавоб берса бўлди, унинг стандарт-ностандартлиги кейинги масала. Афтидан, пишиқ ғиштнинг устига илон­изи чизиқ-йўл қилиб, унга бурама сим тортиб қўйилиб ясалган қўлбола иситгич ҳеч қайси стандартга тўғри келмаслигини аслида ҳардамхаёл одам ҳам билади. Лекин уни сотиб олаётган харидорнинг шундан бошқасини чўнтаги кўтармаса, бозор тўла фақат шу турдаги иситиш асбоблари сотилаётган бўлса, хўш, айтинг-чи, ўша харидор нима қилсин?

Тўғриси, бизда стандарт иситгич-печлар ишлаб чиқариладими-йўқми, бунисини билмадим-у, аммо ностандарт печкалар савдосини ҳар қадамда истаганча топса бўлади. Чунки талаб шунга бор. Шундай бўлгач, аҳоли қандай йўл тутиши ҳам кундай равшан. Фалон йилдан сўнг ўзимизда стандарт печкалар ишлаб чиқариларкан, шунгача замхарир хонада яшаб тураверамиз, дейдиганни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмаса керак. Ёки ўша стандарт печкани сотиб олишга имконимиз бўлгунча совуқда ётамиз, дейдиган «қонунга итоатгўй» кишилар ҳам анқонинг уруғи. Шундай бўлгач, танлаш имкони йўқ. Биргина йўл қолган. У ҳам бўлса, қишдан эсон-омон чиқиб олиш учун ностандарт ва рухсат этилмайдиган йўллардан фойдаланиш, яъни онгли равишда қоидани бузиш.

Бой — борича, йўқ — ҳолича иш тутади. Агар фуқаронинг «ностандарт иш»ларидан мутасаддилар хабар топса, дарҳол уни жаримага тортади. Бечора фуқаронинг жарима тўлашга пули бўлганида аввалбошданоқ ностандарт иситгични сотиб олармиди? Бу ҳали ҳолва, мутасадди деганимиз фуқаронинг амаллаб бир кунига яраб турган «ностандарт» иситгичини дарҳол мусодара қилади. Бу уйда ота-онадан ташқари яна уч-тўрт норасида жужуқлар, ёши бир жойга бориб қолган, ҳаво сал айниса, дарров суяклари зирқираб, азоб чекадиган кексалар ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Мутасаддининг бу билан нима иши бор? У — ўзга сайёралик бир темир ходим. У фақат саллани ол деса, каллани қўшиб олиб келишни билади (ўша калла иккинчи бор яна муаммо туғдирмаслиги учун). Қолаверса, унинг қўлидаги ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш ҳақидаги узундан-узоқ рўйхатда фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. У ўзбек тилини ҳам унча яхши билмайди. Билгани иккитагина сўз: жарима, мусодара.

Бир маҳалла(р)

Тўғрисини айтсам, мен кейинги пайтларда ҳақиқатдан узоқ воқеалар ҳақида кўп хаёл сурадиган хаёлпараст бўлиб қолибман. Ҳар йили куз-қиш мавсуми бошланишидан олдин маҳалла кайвонилари йиғилишиб, қани, бу йилги мавсумдан қандай чиқамиз? Раҳматли Шариф аканинг келини бу йил уч боласи билан сўққабош қолиб кетди. Унинг уйидан бир хонасини иситиб берайлик. Анави Маҳкам бобо билан Сарви холага битта яхши печка топиб бермасак, бўлмас. Уста Толиб — жўжабирдай жон. Оиласида ўн киши унинг қўлига қараб ўтиради. Кунбай ишлаб топган пули дурустроқ печка олишга етмаслиги тайин. Унга ҳам ёрдам қилайлик. Жилла қурса, бояги «ўзга сайёралик» мутасадди келганида биз маҳалладошлар унинг ҳолатини тўғри тушуниб, Толибжоннинг хонадонини сал кўздан паналатиб турайлик, дейишса, бўлмасмикан, деган хомхаёлларга боравераман. Лекин бу — ҳақиқатдан узоқ воқеалигини ўзим ҳам яхши биламан.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими валломатлари иссиққина уйларида маза қилиб ухлаб, яхши тушлар кўриб туришсин. Энди гапни бошқа ёқдан эшитамиз.

Мўридан чиққан ҳасрат

Мактабни аъло баҳоларга битирганман. У кезларда муаллимларнинг ҳамма саволларига киприк қоқмай жавоб бериб ташлар эдим. Ҳозир эса жавобини мен биладиган саволлар ниҳоятда кам.

Масалан, бир куни қишлоқдошим Парпи ака: «Сен бир нарсаларни биладиганга ўхшаб юрасан. Қани, менга айт-чи, бу мўри пули дегани нимаси? Бундай гап қаердан чиқди ўзи?» деб сўраб қолди. Яшай агар шу саволнинг жавобини билсам. «Ҳа, ўзи тинчликми? Бунақа гапни қайтдан топдингиз?» десам, аканинг гапхалтаси очилиб кетди.

«Уйимизга папка кўтарган бир киши келди. Ўзини «мўриларни текшириб юрувчи» деб таништирди. Мўримизни кўрди. Бу мўрингиз ҳеч нарсага ярамайди, деди. Мўрининг тепаси берк, тутунни яхши тортмайди, ёнғин чиқиши мумкин, дейди. Э, барака топкур, мўрининг устига атайлаб ўзим шунақа қопқоқ қилганман, у тутунни ўтказади-ю тепадан келаётган ёмғирни ушлаб қолади, десам, ҳеч тушунмайди-да. Мўрининг усти очиқ бўлиши керак, қоидаси шунақа, дейди. Икки соат тортишдик. Унга қани бир гап уқтириб бўлса… Жарима ёзаман, дейди. Кўзининг олдида томга чиқиб, мўрининг устидаги қопқоғини олиб, ўзини артиб-суртиб чиннидай қилиб қўйдим. «Энди ака, гап бундай. Мана, мен уйингизга хабар олгани келдим. Сизга ёнғин хавфсизлиги тартиб-қоидаларини тушунтирдим. Шундан кейин мўрингиз тозаланди. Тўғрими? Тўғри, дедим. Унда мана бу жойга қўл қўйинг, деди. Қўйдим. Энди сиздан йигирма минг, деди. Ҳайрон бўлдим. Нега, десам, мўрингиз тозалангани учун, деди. Мана сенга топишмоқ. Ҳей, сен шу топишмоқнинг жавобини биласанми?»

Қассобга ёғ қайғу

Қиш забтига олган сари ёнғин хавфсизлиги ходимларининг бош қашишга асраб қўйган вақтлари камаяди. Ҳар йили куз-қиш ойларида ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилиб келяпти. Телевизору газетларда соҳа мутахассисларининг қайта-қайта таъкидлашича, мазкур ойлик доирасида жойларда бўлиб, аҳолига кенг миқёсда тушунтириш, тушунтириш ва яна тушунтириш ишлари олиб борилади. Баъзи бир гап уқмас, қулоқсиз ва худбин аҳоли эса яна ўз билганича иш тутиб, ёнғинга сабаб бўлувчи ностандарт ускуналардан фойдаланишда изчил давом этяпти. Ҳа, орада катта талафотлар ҳам учраб турибди. Ис газидан заҳарланиш, қўлбола ускуналардаги носозликлар сабабли ёнғин чиқиши оқибатида айрим одамлар, ҳатто бутун бир оила ҳалокатга учрагани ҳақида бот-бот хабар топяпмиз. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун эса бир ёқадан бош чиқариб, тарғибот, тушунтириш ишларига зўр бериляпти. Ходимлар, керак бўлса, уйма-уй юриб, аҳолини қаттиқ назорат қилиб, иситиш тизимидан нотўғри фойдаланаётган фуқароларга юқорида айтиб ўтилган амалий чораларни ҳам қўллаяпти. Бечора фуқаро нима қиларини билмай, ичига ютган ҳасратининг аччиқ тутунидан кўзлари ёшланиб юрибди. Лекин буни ҳеч кимга айтиб ҳам, кўрсатиб ҳам бўлмайди.

Хўш, қилинаётган шунча «амалий тадбирлар»нинг натижаси нима бўлди? Одамлар ностандарт ускуналардан фойдаланиш даҳшатли оқибатларга олиб келишига амин бўлиб, улардан ўз ихтиёри билан воз кечдими? Бир ҳисобдан, аҳоли кунда-кунора ёнғин оқибатларини кўриб-эшитиб, унинг ҳалокатига ишонгани рост. Лекин уйидан худди ўша ускунани чиқариб ташлагани йўқ. Бунинг иложи ҳам йўқ.

Тинимсиз олиб борилаётган тушунтириш ишлари натижасида ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга эришилдими? Ёнғин ва унинг оқибатида жабрланаётганлар камайдими? Булар ҳақида расмий ҳисоботларда қандай маълумотлар берилаётгани балки кўпчиликка аён эмасдир. Лекин кундалик ҳаётда ёнғин аламини тортаётган ҳамюртларимиз ҳақидаги аниқ хабарлар (ҳатто суратлари билан бирга) ҳамиша одамларнинг кўз олдида турибди.

Балки гап уқмас, қулоқсиз, худбин аҳолига бу борада янада жиддийроқ тушунтириш керакдир?

Балки…

Бўлари гап шуки, биринчи навбатда, аҳолининг хонадони исиши керак. Қуруқ қошиқ оғиз йиртгани каби қуруқ гап билан ҳам уйни иситиб бўлмайди. Аҳоли учун муносиб турмуш шароити ташкил қилиниб, аввало, хонадонларни етарлича иссиқлик тизими билан таъминлаб қўйиб, етмаганига иситишнинг муқобил шароитларини яратиб бериб, халқнинг кўнглини тўқ қилиб, ундан кейин керакли талабларни қўйиш, аҳоли билан тенг мавқеда туриб шартлашиш, келишиш мумкин, назаримда. Акс ҳолда, шоир айтганидек, тишсиз аррани зўр бериб тортиш билан ўзимизни худди ишлаётгандек қилиб кўрсатишдан ҳеч ким манфаат топмайди. Бу ёлғонимизга табиийки, ҳеч кимни ишонтира олмаймиз. Ва аксинча, халқнинг ишончини кундан-кун йўқотиб бораверамиз.

 

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ

“Оила даврасида” газетаси

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ёшларга муваффақиятли кишилардан ноодатий маслаҳатлар

Лайфхакер ўз ишининг ҳақиқий усталари томонидан берилган ноодатий маслаҳатлар билан бўлишди. (more…)

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ шуҳрат ғаниевга берилган синов муддати бошқа мансабдор шахслар учун ҳам ибрат бўлишини маълум қилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Фарғона вилояти ҳокимининг тармоқларда тарқалган нутқига муносабат билдирди. Фарғона вилояти ҳокимининг ижтимоий тармоқларда тарқалган ...

Windows’даги барча вирусларни даф қилувчи бепул дастур

Microsoft корпорацияси тақдим этган операцион тизимнинг ўзида  ҳимоя воситалари бўлса-да, ҳозирда ахборот маконларидан кириб келувчи зиёнкор дастурларни  аниқлашга кучи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400