Ўзбекистон коррупция рейтингида бир ўрин пастлади (аҳвол ёмонлашган, дегани)

Transparency International жаҳоннинг янги коррупция рейтингини эълон қилибди. 2018 йил якунларига кўра тайёрланган индексда Ўзбекистоннинг бали биттага кўпайиб, 23 баллга етган (балл қанчалик юқори (100 га яқин) бўлса, мамлакатдаги коррупция даражаси ҳам шунчалик паст бўлади), лекин рейтингдаги ўрин биттага пасайган. Шундай қилиб, Ўзбекистон коррупция рейтингида 180 давлат орасида 158-ўринни эгаллаб турибди.

Таққослаш учун, қўшни Қозоғистон 31 балл билан 124-ўринда. Аксарият амалдорларимиз томонидан ибрат қилиб кўрсатиладиган, давлат аппаратининг иш юритиш услуби намуна қилиб кўрсатиладиган Россия эса 28 балл билан 138-ўринда. Собиқ Совет Иттифоқи таркибидан биз билан деярли бир вақтда чиққан, ўз мустақиллигини эълон қилган Грузия 58 балл билан 41-ўринда. Болтиқбўйи республикалари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади —умуман бошқа дунё улар.

Ўтган йили Ўзбекистонда қанчадан-қанча ҳоким ўринбосарларини пора олаётганида қўлга тушди, ҳатто бутун бошли туман ва вилоят ҳокимлари ҳам ушланди. У ёки бу майда амалдор пора сўрагани, сўнг қўлга олингани ҳақида ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳар ҳафта бир ахборот чиқиб турибди. Шунча иш бўлса-ю, коррупция рейтингимиздаги ўрнимиз пасайса — ғалати эмасми? @davletovuz’нинг айтишича, буларнинг бари — кўргазмали ҳаракатлар, аслида «тузукроқ ўзгариш бўлгани йўқ», шунинг учун ҳам ғалати эмас. Қуйида Давлетовузнинг Transparency International рейтингига муносабати кичик қисқартириш билан келтирилади:

«Албатта, ҳар қандай рейтинг субъектив асослар ва мезонларга эга. Унга қўшилмайдиган жиҳатларимиз жуда кўп. Лекин тан олайлик, охирги йиллар давомида коррупцияга қарши эълон қилинаётган декларатив ва формал чиқишларни ва маиший даражада порахўрликка қарши олиб борилаётган кўргазмали ҳаракатларни инобатга олмаса, тузукроқ ўзгариш бўлгани йўқ.

Давлат амалдорлари ва уларнинг қариндошлари даромадлари ва мол-мулкларини мажбурий декларациялаш ва ОАВда эълон қилиниши юз бердими? Йўқ. Давлат амали бойишнинг энг асосий манбаилигича қолмоқда. Йирик харидларни фақат банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш механизми амалга ошдими? Йўқ. Айнан нақдликлар ҳисобига амалга оширилаётган йирик харидлар (уй-жой, авто, улушлар) ноқонуний жамғарилган пул ювишнинг примитив воситаси сифатида қолмоқда.

Йирик давлат компаниялари (афсуски, уларнинг аксари акциядорлик жамияти ҳам эмас) ва фондларнинг молиявий очиқлиги ва шаффофлиги йўлга қўйилдими? Йўқ. Айнан йирик давлат компаниялари ва фондлар откатлар, самарасиз харидлар ва лойиҳаларнинг манбаи бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатларни яна кўп санашимиз мумкин. Демоқчимизки, ўзимизни ўнгламоқчи, аҳволимизни яхшиламоқчи бўлсак (Transparency International учун эмас), декларациялардан амалий ҳаракатларга ўтишимиз керак».

Манба:Daryo — LIVE

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«кўк кит» яна «сузиб чиқди». тармоқда янги «ўлим гуруҳлари» пайдо бўлди

Россия ва Қозоғистонда бир қанча ўсмир ушбу ўйин қурбони бўлганди. Суиқасдга етакловчи ўйинга ўсмирлар турли ҳештеглар орқали жалб қилинмоқда, деб хабар берди «Известия». ...

Қозоғистонда юзлаб этник кўчиб келувчилар кўчада қолишлари мумкин

Мангистау вилоят акимати айни дамда Ақтау шаҳридаги адаптация ва интеграция марказида вақтинча яшаб турган оралманлар (тарихий ватанига қайтганлар) оиласини “коммунал ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400