ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ…(МИ?)

ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ…(МИ?)

Ҳоким буваларга очиқ хат
Охирги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг «хурмача» қилиқлари оммага ошкор бўлиб, аҳолининг, қолаверса, миллионлаб юртдошларимизнинг норозилигини келтириб чиқармоқда

Энг ёмони — ҳоким буваларнинг ғазабига кўпроқ қўл остидагилардан ташқари, фермерлар, ўқитувчию шифокорлар, қийинчиликдан арз-дод қилиб борганлар, пул топиш илинжида хорижга чиқаётган «гастарбайтер»лар дучор бўлаётгани ва жабрини тортаётгани аянчли. Булар ҳақида ҳоким буванинг ўзларидан изоҳ олишнинг умуман имкони йўқ. Кабинетига борсангиз — жойларга чиққан, «жойлар»га излаб борсангиз — «юқори»нинг топшириғи билан кетган… хуллас, тополмайсиз. Шу боис уларга айтмоқчи бўлганимизни хат орқали йўллашга қарор қилдик (гарчанд ҳоким буваларнинг газета ўқимаслигига амин бўлсак-да, газета ўқиганлардан эшитиб қолар деган умиддамиз). Дарвоқе, бу гаплар ҳамма ҳокимга бирдек тегишли эмас, гап ўз эгасини топади.

 

«Ҳурматли ҳоким бувалар!

Сўнгги пайтларда сиз уюштирган томошалардан энг шармандалиси ҳамкасбингиз Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломовнинг зўравонлиги бўлди. Зўравонлик қилинишга қилинди, фермер калтакланди, устига-устак, бу «маҳаллада дув-дув гап» бўлди ҳам. Аммо бу воқеага Бухоро вилояти ҳокимининг ярашув саҳнаси уюштириши ҳаммасидан ошиб тушди. Уюштирилган «тадбир» суратларини кўргач, очиғи, жуда кўп гаплар менга тинчлик бермади.

 

Калтак кимнинг бошида синади?

Халқ дарди учун курашиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш давлатнинг асосий мақсадига айланиши кераклиги ҳақида бот-бот гапиряпмиз. Қолаверса, бу ғоянинг бошида мамлакат Президентининг ўзи турибди. Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қила бошлади. Инсон ҳуқуқларининг камситилишига йўл қўйилмаслиги, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, «айбсиз айбдорлар» оқланиши… бундай амалий қадамларни ҳаммамиз ҳис этяпмиз. Иқтисодиётни жадал ривожлантириш мақсадида хорижий сайёҳларга жуда кўплаб имтиёзлар яратилди. Ўзбекистон дунёга бағрини очди. Хуллас, ҳамма ислоҳот аввало инсон омили учун бўлиши кераклиги йўлида катта ишлар бошланган.

Албатта, бу ишларни бекаму кўст олиб боришнинг ўзи бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси учун фақат бир киши масъул бўла олмайди. Қўйилган мақсад сари аввало ўзингиз раҳбарлик қилаётган ҳудудни ўзингиз олға бошлашингиз керак. Аммо сиз қилаётган хўжакўрсин ишлар — усти ялтироқ қилиб топширилаётган намунавий уйлар, фақат катталар ўтиши учунгина асфальтланаётган кўчалар, катта бир лойиҳани бошлаётган тадбиркор қолиб, кимнингдир «жияни» бўлган «учар»ларга ажратилаётган ерлар… охир-оқибат кимга зарар бўлиши, кимнинг оёғидан тортиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Тўғри фаҳмладингиз, буларнинг ҳаммаси сиз раҳбарлик қилаётган ҳудудни, шу ерда яшаётган одамлар ҳаётини орқага тортади холос.

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарни ривожлантириш, аҳоли ишсизлигини камайтириш, одамлар даромадини ошириш мақсадида сиз ҳокимларга кўп ва хўп имтиёзлар яратилди. Ҳатто тўплаган солиқларингиз ҳам ўзингизда қолади. Хуллас, барча имкониятларга эга бўлдингиз. Сиздан талаб қилинадигани эса фақат халқнинг хизматида бўлиш.

 

Яраш-яраш қиламиз…

Хўш, энди айтинг-чи, сизлар хизматчимисиз ёки муштумзўр? Мен иш талаб қиляпман, шахсий ишимни сўраганим йўқ дейсизми? Кечирасиз, ҳамма ўз ваколати доирасида зиммасидаги вазифани бажариш учун муштумзўрлик қилаверса, биласизми нима бўлади? Модомики, сиз уриб-сўкиб талаб қилаётган экансиз, демак, соҳада нимадир муаммо бор. Шунинг учун иш жадал кетмаяпти. Ўша соҳа вакиллари билан ҳеч дилдан суҳбат қуриб кўрганмисиз, уларнинг дарду ташвиши, оиласи, бола-чақаси ҳақида хабарингиз борми? Ахир, шу пайтгача мажбурийлик тамғаси остида қилинган қанча ишларнинг «миси» чиқяпти-ку! Улар келтирган йўқотишлар-чи, унинг ўрнини қоплаб бўладими?

Ўқитувчини, фермерни савалаяпсиз, қасам ичир­япсиз, қўл остингиздаги хо­димларни сувга тушириб қўймоқдасиз. Халқда «Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим», деган гап бор. Бу жуда топиб айтилган гап. Катта вилоятнинг раҳбари сифатида «қулоқсизлиги» учун пўстаги қоқилган фермерни муштумзўр ҳамкасбингиз билан яраштириб қўйишингиз таҳсинга лойиқ. Лекин ҳамманинг ичида бир фуқаронинг манфаатларини камситгани етмагандек, уни дўппослаган, мажбурлаб, ҳисобидаги пулни бошқа фермерга ўтказдирган, бу ишга қўл остидаги қонун ҳимоячилари — ички ишлар ходимларини аралаштириб, жабрланувчининг уйидан зўрлик билан муҳрни олиб чиқартирган туман ҳокимининг айбини шу тариқа хаспўшлаш қанчалик адолатдан? Бунақа яраштириш бир-бири билан ўйинчоқ талашиб, уришиб қолган икки боғча боласини муросага келтираётган боғча опага кўпроқ ярашади назаримда.

 

Онангни қози ҳақорат қилса…

Яна бир савол: борди-ю, фермер ҳокимни савалаганда (гипотезани қаранг!) ҳам, ҳурматли вилоят «катта»си, шу йўлни тутармидингиз? Менимча, асло йўқ. Бунақа воқеа содир бўлганича йўқ, бўлмайди ҳам. Ахир, биз андишали, ўзидан «катта»ларга сўзсиз бўйсунадиган, тинчликни қадрлайдиган халқмиз. Қолаверса, сизлардек амалдорларни дўппослашнинг оқибати нима бўлишини, унинг тақдири қандай якун топишини эси паст одам ҳам жуда яхши билади. Сабаби, жаноб ҳокимнинг қўли жуда кўп жойга етади-да. Ота-боболаримиз ҳам «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан», дея бекор айтмаган.

Халқда «Худо назар қилмаса, эшак бозорга даллол ҳам бўлолмайсан», деган яна бир ҳикматли гап бор. Бугун сизга Яратганнинг назари тушиб, шундай даражага эришибсиз. Лекин халқ барибир катта куч — нафрати ҳар қандай баланд даражани ер билан битта қилиши ҳеч гап эмас. Ҳарқалай, ҳозир давр, одамлар ўзгаряпти. Ҳар нарсанинг чегараси бор, ахир.

 

Машҳур қилишнинг «ҳоким усули»

Эшигингизга бош уриб, сиздан ёрдам сўраб келган фуқарони қўллаб-қувватлаш ўрнига уни текинхўрликда, боқимандаликда айблашдан нарига ўтмаётганингиз ачинарли ҳол. Тўртта фуқарога ёрдам бераман деб, ўнтасининг бурнини қонатяпсиз. Алининг ҳалол пешона тери билан топган пулини зўравонлик билан Валига олиб беряпсиз. Яна бу қилмишингизни «ўз манфаатим йўлида қилмадим», дея хаспўшлаяпсиз. Туманингизда ўтказилаётган сайёр қабулларда икки-учта фуқаронинг арзини тинглаб, ўша фуқароларнинг муаммосини бартараф этишни қўл остингиздаги ходимларингизга топширяпсиз. Лекин қолган мурожаатларнинг ҳаммаси «ўрнатилган тартибда кўриб чиқиляпти».

Мисол учун, ҳузурингизга туман кадастр бўлимида иши битмаётган фуқаро арз қилиб келса, сиз фақат шунинг муаммосини ҳал этасиз, холос. Ваҳоланки, ўша мурожаат орқали сиз кадастр бўлими ҳаммани шундай муаммога дучор қилаётганини гўё «англамаяпсиз». Ёки кимдир маҳалласидаги аянчли аҳволдан шикоят қилиб, порталга ёзгани учун, унинг норозилигини бартараф қилиб, «шикоятим йўқ», деган тушунтириш хати оласиз-у, қолган муаммога тўла қозонлар ёпиғлигича қолаверади. Оқибатда ўнлаб болалар боғчага навбат кутиб, шифохоналарда ақалли бир дона сунъий нафас бериш аппарати топилмасдан кун ўтаверади. Ҳамма кўриб-билиб турган шу каби муаммолардан бехабар бўлишингиз учун ўзга сайёрада яшашингиз керак, менимча. Хўш, нега уларни бартараф этиш йўлларини изламайсиз?

Бир ўйлаб кўринг, сиз ва сизнинг фарзандларингиз барча шароит яратилган иссиқ уйда мириқиб ухлаётган вақтда бошқа бир хонадоннинг фарзандлари совуқда қотиб қолмаслик учун ностандарт иситиш воситаларидан фойдаланиш оқибатида ис газидан ҳалок бўляпти. Сизнинг фарзандларингиз юмшоқ ва қулай машиналарда равон йўлда мактабга бораётган бўлса, чекка бир қишлоқ болалари лой ва балчиқ босиб, кўприк бўлмагани учун сой кечиб ўтяпти. Хуллас, сизда ҳаммаси жойида, лекин бошқаларда-чи?

Туманлардаги ҳоким буваларга сўнгги русумдаги қимматбаҳо машиналар олиб берибсиз. Буни яна сайёҳларни олиб юриш учун, дея изоҳлабсиз. Айтинг-чи, ўша сизнинг туманингизда вояга етмаган икки фарзанди оғир хасталикка чалинганидан, шўрлик отанинг уларни даволатишга маблағи йўқлиги, мажбурлигидан яшаб турган бошпанасини сотганидан хабарингиз борми?

Бугун мамлакат раҳбари жон куйдириб, туризмни ривожлантирайлик, сайёҳларни кўпроқ жалб этайлик, бу иқтисодимизнинг бир томонини кўтаради, демоқда. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сиз ўқитувчини ёки фермерни дўппослаётганингиз, ходимларингизни сувга тушириб жазолаётганингиз, бутун бир туман аҳлини айтишга уяладиган сўзлар билан сўкаётганингиз дунёга достон бўлиб турса, юртимизга сайёҳлар қадам ранжида қилармикан?

 

Ҳурматли ҳоким бувалар!

Сизларга катта ишонч билдирилдими, марҳамат, ҳудуди­нгизда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётига масъул эканингизни унутманг. Агар кимдир сизнинг шу эл манфаати йўлидаги қонуний топшириғингизни бажармаяптими, марҳамат, унга қонуний чора кўринг. Аммо сизнинг ноқонуний топшириғингизни бажармаса, ундан фақат хурсанд бўлишингиз керак. Чунки аравани тортадиганлар ҳам ана шундай «ҳаққини таниган» одамлар бўлади.

Агар бунга кучингиз ва салоҳиятингиз етмаса, давлат раҳбари талаб қилганидек, халқ кутганидек адолатли ишлай олмайсизми, марҳамат, майдонни бўшатинг. Юртни севадиган, халққа чин маънода елкадош бўладиган ходимларга йўл беринг».

 

Ғуломжон Аҳмад

Манба: «Оила даврасида» газетаси

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ихтиёр абдуллаевнинг терговини отабек умаров олиб борган

Ихтиёр Абдуллаев билан боғлиқ тергов иши Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги Давлат хизмати раисининг ўринбосари Отабек Умаровга юклатилган. «Ушбу жиноий иш билан ...

Жанубий кореяда ўзбекистонликлар жанжали оқибатида бири вафот этди

2019 йил 1 августга ўтар кечаси Кёнгбук провинциясида (Корея Республикаси) юзага келган ўзаро жанжал оқибатида Ўзбекистон фуқароси Р.Т. жароҳат олиб, вафот этди. Бу ҳақда ТИВ ...

«пойабзаллар ичидаги йиртиқ пайпоқлар». кўзбўямачилик, тадбирбозлик ва маддоҳлик ҳақида

Бир йилдирки мамлакатимизда жиддий ислоҳотлар бошланди. Номигагина, кўзбўямачилик учун эмас, ҳақиқатда ислоҳ қилиш учун, халқнинг юкини енгил қилишга, мажруҳланган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400