Сиёсий ислоҳотларсиз  тараққиёт бўлмайди

Четдан қараганда мамлакатимизнинг барча соҳаларида қизғин ислоҳотлар  кетаётгандай туюлади. Тан олиш керак,  ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар самара бера бошлади. Бироқ  ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кенг кўламли ислоҳотларсиз  ҳеч қачон тўлақонли кутилган натижани бермайди. Бунинг биринчи сабаби сифатида мамлакатимизда ҳамон маъмурий-буйруқбозлик бошқарув тизими  ҳукмронлигини тилга олиш мумкин. Мавжуд ҳукуматнинг “танобини тортиб турувчи”, йўл қўяётган хато ва камчиликларни очиқ- ойдин айтишга,   ривожланишнинг муқобил вариантларини таклиф қилишга қодир сиёсий кучнинг – ҳақиқий мухолифотнинг  йўқлиги эса иккинчи сабаб бўла олади.  

“Пойга” ғолиби  Кетмонов!

Тўғри, кимдир  мамлакатимизда   тўртта сиёсий партия бор, яқинда яна бир сиёсий партия  давлат рўйхатидан ўтди, дея эътироз билдириши мумкин. Бу эътироз фақат бир жиҳати билан тўғри. Ҳа, мамлакатимизда  демократик тамойиллар мавжуддек қилиб кўсатиш учун ташкил этилган сиёсий партиялар бор, фақат уларнинг сиёсий фаолияти ноль. Уларнинг фаолияти фақат давлат бюджети ҳисобидан кун кўриш ва бунинг эвазига мавжуд ҳукуматни мадҳ қилиш билан чекланган. Шу пайтгача бирон-бир партия вакилини  мамлакатни ривожлантишга оид таклиф уёқда турсин, муайян бир соҳани, ёки жилла қурса битта туманни ривожлантиришга оид аниқ, асосланган,  расмий ҳукуматнинг дастуридан фарқ қиладиган биронта дастур, таклиф ёки ташаббус билан ёинки  муносабат билан чиққанини кимдир эслай оладими? Йўқ,  бунақаси бўлган эмас!  Президентнинг сиёсий партияларни,  депутатларни уйғонишга, фаолликка ундаган чақириқларини эшитмайдиган даражадаги “кар-сақов” партиялар фақат битта нарсани – қарсакбозликни эплай олади! Партияларнинг йўлбошчилари кимўзарга қарсак чалишни қойиллатиш мусобақасини қойиллатмоқдалар, холос!  Менимча, пойгада ўзини мухолифат деб эълон қилган ХДП партиясининг лидери Кетмонов 2018 йил сўнгида Президентнинг мурожаатномаси эълон қилинган катта анжумандаги  “инновацион” қарсак чалиш услуби билан ғолибликни илиб кетганини ушбу телевидение экранида кўрган ҳар бир киши тан берса керак!

 

Айбдор фақат Каримовми?

 

Охирги  пайтларда мустақилликдан кейинги даврда мамлакатимизнинг  ривожланиши билан боғлиқ барча муаммоларни, йўл қўйилган хато ва камчиликларни фақат бир кишига – Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президентига боғлашга уринувчилар борган сайин кўпаймоқда. Менинг назаримда 1995 йилларга келиб мамлакатимизда ижобий ўзгаришларга, ислоҳотларга барҳам берила бошланди. 1999 йил февраль воқеаларидан кейин  мамлакатни бошқариш тўлалигича куч ишлатар органлар қўлига ўтди. Натижада кейинги ўн йил давомида хусусийлаштириш баҳонасида давлат мулки талон-тарож қилинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида катта қийинчилик билан сақлаб қолинган собиқ Иттифоқ ва республика  миқёсидаги йирик ишлаб чиқариш масканлари, завод ва фабрикалардан тортиб, то туман даражасида муҳим аҳамиятга эга бўлган корхона ва ташкилотлар муайян шахслар томонидан  очиқчасига талон-тарож қилинди. Натижада ишсизлар сони геометрик прогрессия тарзида ошди. Иқтисодий аҳвол кундан-кунга оғирлаша бошлади. Иқтисодий кўрсаткичларлар кўзбўямачиликлар, сохта ҳисоботлар билан гўёки ўсаётгандек қилиб  кўрсатилса-да, реал ҳолат бунинг аксини яққол кўрсата бошлади.  Шу ўринда битта факт келтириб ўтишим мумкин. Хоразм вилоятида 1996-2006 йилларда биронта ҳам кўп қаватли турар жой  қурилмади. Бунинг ўзи кўп нарсани билдиради. Айнан ўша йилларда ҳар бир туманда фаолият кўрсатаётган қурилиш, автохизмат корхоналари,   консерва заводлари,  йирик чорва фермалари “хусусийлаштириш” оқибатида таг- томиригача йўқ қилинди. Бу ҳолат бутун республика бўйича кузатилди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, оиласининг қорнини тўйдириб, эгнини бут қилиш муаммоси кенг халқ оммасининг бош муаммосига айланди. Натижада маънавият, маърифат тушунчалари иккинчи, учинчи  даражали масалага айланди. Мавжуд таълим тизимининг бутунлай издан чиқиши оқибатида чаласавод, умрида китоб, газета, журнал ўқимаган, ҳамма масаланинг ечимини пул ҳал қилиш орқали ҳал қилиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилган ўзига хос авлод пайдо бўлди. Коррупция, таниш- билишчилик, қариндош- уруғчилик барча соҳаларни кенг қамраб олди.

2000 йиллардан бошлаб ишсиз, чорасиз қолган кўпчилик эркакларнинг,  кейинчалик аёлларнинг хорижга тирикчилик илинжида чиқиб кетиши оммалаша бошлади.

Тўғри, буларнинг барига Ислом Каримов давлат раҳбари сифатида маъсул. Фақат бу айбдорликни тўлалигича биринчи Президентга тўнкаш ҳам адолатдан эмас. Республикадаги иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг бу қадар оғирлашишига туртки берган кўпгина омиллар бор.

Шу ерда бир масалага тўхталиб ўтиш керак, одатда демократик  тамойилларга риоя қилувчи мамлакатларда  давлат раҳбарлигига бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши тақиқланган. Гарчи бу қоида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган бўлса-да, амалда бир неча маротаба турли тўқима сабаблар билан И.  Каримовнинг ваколатлари ноқонуний  равишда узайтирилди.   Конституциянинг Президент томонидан поймол этилиши,  занжир каби ҳокимлар ва турли мансабдорлар томонидан мавжуд қонунларнинг ўзлари истаганича талқин қилишига йўл очиб берди. Бу эса ҳар қандай жамиятни тараққиётга элтувчи асосий тамойиллардан бири бўлган, “қонуннинг устуворлиги ва унинг барча учун баробарлиги” принципини чиппакка чиқарди.

Кимдир давлат раҳбарлигига сайланишдаги чекловлар ортиқча эканлигини иддао қилиши мумкин!  Бироқ шу ўринда марксистик  иқтисодий назария  (сиёсий иқтисод) билан замонавий ғарб иқтисодий назариясининг (экономикс)нинг асосий фарқларидан бирини эслаш лозим.  Экономикс фанида сиёсий иқтисод фанидан фарқли ўлароқ,  тадбиркорлик қобилияти (кенг маънода бошқариш ва ташкилотчилик қобилияти) категорияси ҳам ишлаб чиқариш воситалари, табиий ва бошқа хом ашё, меҳнат ресурслари билан бир қаторда чекланган ресурслар сифатида тан олинади. Ҳақиқатанан  ҳар бир инсоннинг бошқариш ва ташкилотчилик қобилияти чекланган. Шу боисдан исталган шахснинг муайян  лавозимда, айни ҳолатда Президентлик лавозимида бор иқтидоридан фойдаланиш ва намойиш этиш учун икки муддат (одатда 8-10 йил)  етарли ҳисобланади. Шахснинг бор салоҳияти сарфланганидан кейин эса одатда депсиниш бошланади. Биринчи Президентнинг энг катта фожиаси ҳам менимча шунда бўлди. И. Каримовнинг фаолиятига яхшилаб назар ташланса, у 2000 йилга келиб президентлик лавозимида ўзида бор  имконият ва салоҳиятлардан тўла фойдаланиб бўлган эди.  Бу даврга келиб Ўзбекистон бошқаруви, жамият янги куч, янги ғояга муҳтож эди. Айнан мана шундай шароитда ҳақиқий мухолифат бўлганда сайлавларда давлат тепасига келган ва ривожланиш янги босқичга чиқиши мумкин эди. И. Каримов даврини қоралаб, ҳозирги даврда қабул қилинаётган қонун,  қарор ва фармонларни осмонларга кўтариб  “тубдан бурилишга”, ”янги босқичга” олиб чиқишга хизмат қиладиган “оламшумул” ҳужжат дея баҳолашдан олдин кечаги кунни эслашни маслаҳат берардим. Чунки Биринчи Президент даврида қабул қилинган аксарият ҳужжатлар нафақат ўша давр учун, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Ҳамма гап дастурларнинг, қонунларнинг,  ишлаб чиқилган чора- тадбирларнинг  ҳаётга тадбиқ қилиниш даражасининг ўта пастлигида. И. Каримов  томонидан олға сурилган ғоялар, режалар ва қўйилган вазифаларнинг ҳеч бўлмаганда 60-70 фоизи  фақат қоғозларда қолиб кетмай амалда ишлаганида биз ҳозир дунё бўйлаб инвестиция излаб ўтирмаган, аксарият ёшларимиз ўзга юртларда мардикорлик қилмаётган бўларди.   Бунинг учун эса  фақат И. Каримов айбдор эмас. Бунинг учун Президент атрофида маддоҳлик, қарсакбозлик ва ўз ўрнини сақлаб қолиш учун кўзбўямачилик қилиб, сохта ҳисоботлар тақдим қилган, катта- кичик мансабдорлар ҳам тенг жавобгар. Айтиш лозимки, бундай давлат мулозимларининг аксарияти ҳамон давлат тепасида қолиб,  ҳанузгача ҳозирги Президентни кўкларга кўтариш, мақташ билан машғул. Амалда Президент томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг мағзини тушунмасдан, ҳамон эскича фикрлаб, эски даврни қўмсаб, ўзгаришларни гоҳида билиб, гоҳида билмай собатаж қилмоқдалар.

 

Мухолифатсиз ривожланиш бу миф  халос!

Президент томонидан ўтказилаётган ислоҳотларнинг  самарадорлиги  истаймизми, йўқми унинг ижросини таъминловчи кадрларга боғлиқ. Катта минбарларда эса етук кадрлар етишмовчилиги ва халқнинг ўзгаришларга тайёр эмаслиги хусусида гапирилмоқда. Аслида ҳам ҳолат шундайми, деган ҳақли савол туғилади. Биринчи навбатда айтиш керакки, халқ ўзгаришларга янгиликларга нафақат тайёр, интиқ ҳам. Фақат оддий халқ жамиятдаги,  иқтисодиётдаги аҳволни ўзгартириш учун бўлаётган курашда маъмурий буйруқбозликка асосланган, ҳиссиз, ҳар қандай ташаббусни бўғишга ўрганган бошқарув тизими тўсиқларидан ўта олмаяпди. Курашда енгилмоқда. Ислоҳотлар тақдири қўлида бўлган раҳбарларнинг кўпчилиги ҳозирги пайтда ўзларини “ўзи хон – кўланкаси майдон”  қилиб сезишларига асосий сабаб, бу уларда  ўзларини алмаштириб бўлмаслигига ишончи комиллиги. Негаки, мамлакатимиздаги катта-катта мансабдорлар бир- бирлари билан қариндошлик, қудачилик ва таниш-билишлик ришталари билан шу қадар чатишиб кетганки, бир лавозимдан кетиши билан бир неча кундан сўнг бошқа лавозимга тайинланаётганига истаганча мисоллар келтириш мумкин. Шу боисдан ҳам элита ҳар қандай ҳолатда ҳам сувдан қуруқ чиқишига амин. Айнан шу боисдан ҳам Президент Мирзиёев томонидан олға сурилаётган  ислоҳотларнинг ижроси қоғоздаги ҳисоботлардан кескин фарқ қилади.

Бундай ҳолатга барҳам беришнинг ягона йўли ўз фикри, ўз қарашига эга бўлган ҳақиқий  мухолифатга йўл бериш. Бунинг учун биринчи галда фақат халқнинг ҳисобидан кун кўраётган мавжуд сиёсий партияларни зудлик билан тугатишдан бошлаш керак. Шунингдек, йиллар давомида рўйхатдан ўта олмай юрган мухолиф сиёсий партияларнинг давлат рўйхатидан ўтишига рухсат бериш керак. Бутун дунё тан олган ҳақиқатни тан олиш лозим. Ҳақиқат фақат баҳсларда туғилади! Фикрлар хилма-хиллиги, турли қарашларнинг мавжудлиги хаосга эмас, ривожланишга туртки бўлади. Орқангда кучли рақибнинг борлиги, кишини янада кучлироқ, илдамроқ ва ташаббускор бўлишга ундайди. Хорижда юрган мухолифат вакилларининг юртга қайтишига рухсат бериш, уларни таъқиб қилишни тугатиш Президент Мирзиёевнинг имижи янада ошишига олиб келади. Халқимизнинг, дунё ҳамжамиятининг у бошлаган ислоҳотларга бўлган ишончини оширади. Халқимиз  кимнинг кимлигини, кимнинг нимага қодирлигини, ким аравани қуруқ олиб қочмоқчию, ким амалий ишлар қилмоқчи эканини ажратиш имконига эга бўлиши лозим.

 

Сайлов тўғрисидаги  қонун ислоҳотларга зор 

Президент 2018 йил якунига доир мурожаатномасида ҳокимлар бундан кейин халқ депутатлари кенгашлари бошқарувига барҳам берилишдек ташаббусини илгари сурди. Энди шуни янада ривожлантирган ҳолда ҳар қандай даражадаги ижро органи раҳбари  депутатлик ва сенаторликка сайланишига барҳам бериш лозим. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тўғридан-тўғри сайловларда сайланиш тўғрисидаги Президент таклифини ҳам ҳаётга тадбиқ қилиш фурсати етди. Барча даражадаги депутатликка ўз номзодини ва  ташаббускор гуруҳ номзоди масаласини кўрсатиш амалиётини  тадбиқ қилиш чораларини кўриш ҳам  бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланиши лозим. Халқ вакиллари бўлмиш депутатлар қанчалик эркин, фаол бўлса ижро органлари раҳбарларининг самарадорлиги шунчали юқори бўлади.  Депутатларнинг, оммавий ахборат воситалари ходимларининг ва бошқа жамоатчилик назорати субъектлари томонидан  берилган баҳо ижро органларининг  фаолиятини яққол кўрсатувчи мезонга айланиши шарт. Шундагина бир кун олдин сайланган ҳоким суд қарорисиз тадбиркорнинг мулкини бузиб ташлашга журъат қилолмайди. Ўз иш фаолиятида адолатни ва қонун устуворлигини бош мезон қилиб олади.

Хулоса шуки, мамлакатимизда  сиёсий ислоҳотлар ўтказиб, ҳақиқий мухолифатнинг фаолият юритишига имкон берилсагина, бошланган иқтисодий-ижтимоий кутилган самарани бериши мумкин. Акс ҳолда Мирзиёев томонидан бошланган ислоҳотлар Каримов давридаги каби  фақат қоғозда қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Давлат Назар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Одамларни “намозхон ва беномозга” ажратган имом жаримага тортилди

3 hours ago Озодлик Ўртоқлашинг Принт қилиш “Тўхтабой” жомеъ масжиди собиқ имоми Исҳоқжон Бегматов миллий урф-одатларни бидъат деб атагани ҳамда одамларни намозхон ва бенамоз ...

Ичан-қалъада яшовчи хиваликлар ўз уйларига пул тўлаб кирадиган бўлди

Хиванинг Ичан-қалъага кириладиган қадимий дарвозаларига турникет ўрнатилди, деб хабар бермоқда “Анҳор.уз”. Энди Ичан-қалъага кириш учун 10 минг сўм тўлаш керак. Хабарда ...

Дхх собиқ раиси ихтиёр абдуллаев «порахўрлик ботқоғига ботган»ликда айбланмоқда

Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлик лавозимларига ўзига содиқ кадрларни қўйиши орқали ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400