МИРЗА-АНВАР ҲАМИДОВ: БАҲОДИР ХОН ТУРКИСТОН БОШҚА МУХОЛИФАТ ТАШКИЛОТЛАРИГА НИСБАТАН ФАОЛ ВА ДОИМИЙ ИЗЛАНИШДА

Ўзбек мухолифатининг таниқли вакили, олим Мирза Анвар Ҳамидов 1959 йили Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида юрист Абдулла ота хонадонида дунёга келган. Оилада 10 нафар фарзанддан еттинчи фарзанд бўлган Мирза ака ўрта мактабни тугатгач Тошкент Политехника институтида, сўнгра Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўқиган. Ўқишни тугатгач аспирантурада пахта тозалаш саноати дастгоҳлари бўйича илмий иш қилган. Сўнг муҳандислик вазифаларида ишлаган.

“Эрк” Демократик партиясида 1990 йил апрель ойида ўтказилган таъсис қурултойидан бошлаб фаолият юритган. Мазкур партиядаги фаолияти  боис ҳар хил босим ва тазйиқларга учрагани туфайли мамлакатдан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳозирги кунда чет элда истиқомат қилмоқда. Оилали, беш қиз, бир ўғилнинг отаси ва беш нафар набиранинг суюкли бобоси. Қадрли ўқувчиларимиз, қуйида ўзининг қатор танқидий мақолалари, постлари ва изоҳлари билан кенг оммага яхши таниш бўлган таниқли мухолифат вакили Мирза Анвар Ҳамидов билан суҳбатимизни эълон қиламиз.

 

– Мирза ака, яқинда Mulkdor.com сайтида “Бирдамлик” ХДП раиси Баҳодир Хон Туркистон билан бўлиб ўтган суҳбатимиз “Ҳозирги сиёсат натижалари қимматга тушиши мумкин” деган сарлавҳа остида эълон қилинди. Мазкур суҳбатга ижтимоий тармоқларда ҳар хил маносабатлар билдирилди. Баҳодир Хон Туркистоннинг фикрини қўллаб-қувватловчилар билан бирга танқид қилувчилар ҳам кўп бўлди. Жумладан, сиз ҳам суҳбатдошимга ва менга тегишли ўз танқидий муносабатингизни изоҳ сифатида ёзгансиз. Бунинг учун раҳмат. Хусусан, Сиз суҳбатда қуруқ танқид устунлигига, ҳукуматга конкрет таклифлар берилмаганига тўхталгансиз. Ҳолбуки, Баҳодир Хон Туркистон мазкур интервьюга қадар ҳам Ўзбекистон ҳукуматига доир ўз таклифларини илгари суриб келган. Сизнингча, бугунги кунда ҳукуматга қандай таклифлар киритилмоғи керак?

 

– Ҳа, мен “Бирдамлик” партияси раиси Баҳодир Хон Туркистоннинг чиқишларини доим кузатиб бораман. У бошқа мухолифат ташкилотларига нисбатан анча фаол ва доимий изланишда. Мен Баҳодир Хон Туркистоннинг Ўзбекистон иқтисодини ислоҳ қилиш ниятида ижтимоий тармоқлар орқали ҳукуматга киритган сўнгги таклифларини ҳам ўқидим. Гапнинг пўсткалласи, Баҳодирнинг бу таклифи ортида Ўзбекистон ҳудудида бир (экспериментал тарзда бўлса ҳам) автоном маъмурий ҳудуд ташкил этиш ғояси ётибди. Бу таклифни мен делитантлик таклифи сифатида қабул қилдим. Менимча, ҳукумат ҳам худди шунинг учун бу таклифни эътиборсиз қолдирди, деб ўйлайман.

Президент Ш. Мирзиёев дастлаб иқтидорга келганида уни қўллаб- қувватлаганлар қаторида мен биринчилар қаторида эдим. Чунки И. Каримов бошқаруви даврида энг оғир юк унинг зиммасига юкланган эди. У халқ билан Каримов ўртасида тегирмонга тушган дон сингари ҳолатда бўлган. Яъни, халқни ўйласа, тепада инжиқтабиат Каримов ўтирибди. Унинг буйруқларини бажарса, халқ азоб чекади…

Энди бугунги кунда ҳукуматга қандай таклифлар киритилиши керак, деган саволингизга келсак.

Ҳар қандай таклиф реал шароитдан келиб чиққан, ортиқча пиарсиз, халқ ва ҳукумат тарафларнинг талабларига мос бўлсагина жиддий қабул қилиниши мумкин. Мен бу ҳақда жуда кўп ёзганман. Ҳар бир жамият ўз тараққиёт босқичи даражасидагина демократик тамойилларга мослаша олади. Ҳали миясида феодал тузум тушунчалари қолдиғи бўлган халққа бира тўла тўлиқ демократик эркинликлар берилиши оқибатида нималар келиб чиқишини биз араб мамлакатларида бўлаётган воқеалардан кўриб турибмиз. Шунинг учун биз ўз реал ҳолатимиздан келиб чиққан ҳолдагина қандайдир миқдорда сўз, эътиқод эркинликларини талаб қилишимиз мақсадга мувофиқ, деган фикрдаман.

Юқорда ёзганларимдан қандайдир диктаторлик тушунчалари тарафдоридай, яъни чегараланган демократия тарафдоридай бўлиб кўринишим мумкин.

Ҳа, мен бугунги кунда шундай хулосага келдим. Сабабини кейинроқ тушунтираман.

Ҳозир, энг асосийси ҳукуматга киритиладиган иқтисодий ривожланиш учун энг зарур таклифлар ҳақида тўхталмоқчиман.

Ўзбекистон аграр давлат бўлганлиги учун ислоҳотларни биринчи навбатда ер ва деҳқончиликдан бошлаш керак. Ўзбекистонда 4,5 млн гектар суғориладиган ер майдони бор. Шу ерлар ўз вақтида колхоз ва совхозларга тегишли бўлиб, аксарият қишлоқ аҳолисини иш ўринлари билан таъминлаган. Мустақиллик шарофати билан колхоз, совхозлар тугатилиб, ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этилди. Аввалига майда фермерчилик бўлиб нисбатан кўпроқ одам иш билан банд бўлган бўлса, кейинчалик улар оптималлаштирилиши натижасида ер бир тўда бойвачча, амалдорлар тасарруфига ўтди ва қишлоқ аҳолиси ёппасига ишсиз қолди. Бугунги меҳнат мигрантларининг асосий қисмини ҳам деҳқонлар ташкил этади.

Энди яқин ўтмишга тош отиб ўтирмайликда, нима қилсак деҳқон ерли, қишлоқ хўжалиги ривожланган, халқ дастурхони тўкис, давлат иқтисоди барқарор бўлишини ўйлаш керак.

– Ҳа, ҳақиқатанан жуда ажойиб жавоб бўлди. Лекин нима қилинса деҳқон ерли бўлади ва қишлоқ хўжалиги ривожланади?

– Сизнингча, ҳозирги ҳукуматимизнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига доир дастурлари мукаммалми?

Ҳукумат бугунги кунда қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш дастурига эга эмас. Ҳатто, қишлоқ хўжалиги ер инфраструктурасига доир бирор конкрет мулоҳазаси ҳам кўринмайди.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятида доим ер билан боғлиқ соҳаларни бошқариб келган. Бундай инсон, бундай мутахассис Ўзбекистон учун Ибн Сино каби энг зарур инсондир!

Муболаға бўлса ҳам айтай, Ўзбекистон ҳудудидан, истаган жойидан бир сиқим тупроқ олиб келиб, Мирзиёевга тутқазинг, у бу тупроққа бир қараб, бир марта ҳидлаб кўриб, унинг қайси тумандан келтирилганини айтиб бериши эҳтимолдан ҳоли эмас! Демоқчиманки, биз учун қишлоқ хўжалиги соҳасидан етишиб чиққан раҳбар айни муддао!

Аммо, бу инсон ёшлигида еган зоғора нонининг мазасини унутмаслиги керак!

Қишлоқ аҳолиси бугун қўли кетмон ушлашни орзу қиляпти. Унга ер беринг, унга техника беринг, унга эркинлик, бозор беринг, у миллатни қашшоқликдан олиб чиқиб кетади!

Юқорида айтдим, бизда 4,5 млн га суғориладиган, сўлим ер бор. Аҳолимиз 33 млн атрофида. Шундан 50% аҳоли қишлоқ аҳолиси. Бунинг ҳам ҳаммаси деҳқон эмас. Хуллас, шу 4,5 млн га ерни ўз эгасига, деҳқонга қайтариш керак!

Унга мини культиватордан тортиб, қишлоқ хўжалиги техникаси, газ, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, эркинлик, эркин савдо имкониятлари яратилиши керак!

Ҳар бир ўзбек деҳқон оиласига 1 – 1,5 га ер бериш имкони бор. Шунда чет элларда гастербайтер бўлиб юрган миллионлаб ёшлар ўз юртига қайтади. Улар ўзга юртга эмас, ўз она ватанига хизмат қилишни бошлашади.

– Мирза ака, Фейсбук ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифангизда “Ҳар бир президентни халқ ўз тарбиясига олиши керак! 

Халқ қандай бўлса президент ҳам шунга мос бўлади”, дегансиз. Ажойиб ва ўз навбатида кишини ўйлантириб қўядиган фикр. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг халқимиз Президентимизни тарбиялай оладими? Президентимиз халқимизга бўйсунадими?

– Ҳа, халқ ўз президентини тарбиялаши керак!

Бунинг учун халқ ўзи тарбияли бўлиши, зиёлилари ақл- заковатли, тафаккурли бўлиши, жамият бирлиги бўлиши талаб этилади.

Бизда кучли интеллектуал қатлам бор. Фақат бирлик йўқ. Агар бирлик бўлса, бир- биримизни қўллаб- қувватласак, президент ҳам бу халққа таяниш имконига эга бўлади.

 

– Таржимаи ҳолингиздан маълум бўлишича, қарийб 30 йилдан бери сиёсат майдонидасиз. Ҳатто “Эрк” партиясидаги сиёсий фаолиятингиз туфайли юртдан кетишингизга тўғри келди. 20-30 йил олдинги муҳолифат билан бугунги муҳолифат ва муҳолиф қараш ўртаиида фарқ борми? Сизнингча, амалдаги ҳукумат муҳолифатчиларга мкносабатини юмшатадими? Ўзингиз муҳолифатнинг кўзга кўринган вакили бўлган ҳолда бугунги муҳолифат ҳақида қандай фикрдасиз?

90-йиллардаги муҳолифат олдида реал вазифалар турган эди. Улардан биринчи ўринда демократик тамойилларни жамият ҳаётига жорий этиш, шу орқали жамиятда адолат ўрнатиш, халқнинг ўз эркини ўз қўлига бериш вазифадари эди. Аммо биз бунга эриша олмадик. Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Шулардан айримларини санаб ўтиш мумкин. Биринчи сабаби, муҳолифат ташкилотлари, шу билан бир қаторда, “Эрк” демократик партияси фаолиятида ҳам энди куртак отиб келаётган демократик қадриятлар ўрнини маъмурий буйруқбозлик эгаллай бошлади. Бунга партия ишини Совет давридаги компартия лекалоси асосида олиб борилганлиги сабаб эди. Иккинчидан, халқ авангардида турган икки муҳолифат ташкилотлари “Эрк” ДП ва “Бирлик” халқ ҳаракатларининг, тўғрироғи, бу икки ташкилот раисларининг асосий фронт қолиб, бир- бирларига қарши туришлари сабаб бўлди. Учинчидан: бу икки раҳбар чет элга чиқиб кетиши муҳолифатнинг халқ билан алоқаси узилиб қолишига олиб келди. Тўртинчидан эса, бу муҳолифат аъзолари сиёсий курашдан маиший кураш жабҳаларига ўтиб кетди.

Бугунги кун муҳолифатида ҳам шу позиция кузатилади. Айримларида Ўзбекистонни  ривожлантириш программалари мукаммал эмас.

Бу ҳақда мен жуда кўп ёздим, суҳбат, мунозара, баҳсларда ўз таклифларимни айтдим. Аммо, афсуски, бизда конструктив муҳолифат пайдо бўлмади.

Амалдаги ҳукуматнинг муҳолифатга эътибор қаратиши учун муҳолифатнинг ўз ғоялари бўлиши керак, деган фикрдаман.

 

Самимий суҳбатингиз учун раҳмат
Суҳбатдош: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

 қани ўша оппозиция? 

Бугун Ўзбекистонни бошқараетган ҳукумат ,Ҳурматли президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида жуда катта бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Бобомиз Амир Темур " Бизнинг ...

Журналист жамият табиби бўлиши керак эмасми? ёхуд “мухолифатчилар кимлар” мақоласига жавоб”ни ўқигандан кейинги хулосаларим

Халқимизда "Журналист -- жамият табиби", деган пурмаъно нақл бор. Ушбу нақл замирида оламжаҳон маънолар мужассам топган. Аммо, кейинги пайтларда "жамият табиби" бўлмиш ...

Юрт ўғлонига хайрихоҳлик кўрсатилиши керак!

Таниқли мухолифат вакили, "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Хон Туркистоннинг "Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400