Шавкат Раҳмон-ЁРИЛГАН ҲАРАКАТ БАЁНИ

Бир одам изладим…
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом қидириб,
малаклар йиғлади,
итлар тишлади…
Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.
Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.
Бу чиркин оғизлар…
синган каллалар…
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар…
ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб тишлаган диллар.
Бу қуёш хўрланган…
бу ой зўрланган…
зарлари таланган бу содда жабал.
Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.
Умринг узоқ бўлсин,
ей, дарёжоним,
кечалар қаърида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони.
кўнглимга бу дунё
нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:

“Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам”.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? эрк ёви

(давоми) Туроннинг Самарқанд каби энг эски кентларидан бири-Жиззахдир. Жуда узун замонларда Бахмал (Сангзор) уни иккига бўлиб оққан. Ҳар ёнга оқ учқунлар сачратороқ бўлиб ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-15

Саккизинчи боб Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлсада, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг ...

Юлдузли тунлар-42

ТАҚДИР ТАҚОЗОСИ Иккинчи қисм ҲИРОТ ДОВУЛДАН ОЛДИНГИ ОСУДАЛИК 1 Хазонрезлик пайти. Ҳирот боғларига сув берадиган Ҳирийруд дарёси ва Инжил анҳорининг қирғоқларига заъфарон ...