Термиз ҳокимияти биноси ёнида ўзига ўт қўйган сурхондарёлик эркак президентга мурожаат қилди

25 февраль куни бир қанча интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик эркакнинг Термиз туманидаги ҳокимият биноси ёнида ўзини ёқиб юборганлиги тасвирга олинган видеоролик тарқалган эди. Ушбу кўнгилсиз ҳолат ҳозиргача кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда, деб ёзади “Соф.уз” сайти.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ўзига ўт қўйган фуқаро Б.Э. тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ва ер участкаси олиш учун ҳокимликка мурожаат қилмаган. Бироқ унинг рафиқаси О.Ж. миллий ширинликлар, нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги тадбиркор гувоҳномасига эга.

2018 йилнинг бошида О.Ж. «Учқизил» маҳалласида ўзбошимчалик билан 50 квадрат метр майдонни эгаллаб, умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этган ва “пирожка” сотишни бошлаган. Ноябрда Б.Э. ноқонуний қурилмани бузиш тўғрисида оғзаки огоҳлантирилган, декабрда эса у оиласи билан қурилмани бузган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли қарорига кўра, ўзбошимчалик билан бунёд этилган қурилмалар аниқланган тақдирда, қурилмани барпо этган шахс 15 кун ичида ихтиёрий равишда иншоотни бузиши кераклиги ҳақида огоҳлантирилиб, баённома тузилиши белгиланган. «Учқизил»даги ҳолатда ноқонуний иншоот кўнгилли равишда бузилгани учун баённома тузилмаган.

Термиз тумани ҳокимлиги 28 февраль куни (фуқаро ўзига ўт қўйганидан сўнг) Б.Э.га 40 квадрат метр майдонли ер участкасидан вақтинча фойдаланиш ва бу ерда кўчма савдо пештахтасини қуришга рухсат бериш тўғрисида буйруқ чиқарган. «Б.Э. ҳеч кимга эътирози йўқлиги ва воқеадан афсусда эканини маълум қилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

“Ҳа, бу хабарнинг қайсидир тафсилоти қолиб кетганга, тушиб қолганга ўхшайди, лекин бори шу. Биз ҳам ҳайронмиз — фуқаро ноқонуний савдо нуқтасини ўзи бузган бўлса, нега яна ўзига ўт қўйган? Ҳокимлик шунчалик ҳақ экан, нега бу фуқаро ўзига ўт қўйганидан сўнг унга ер ажратиш ҳақида буйруқ чиқарган?” дейилади юқоридаги берилган маълумот юзасидан.

Шунингдек, телеграм каналларида ўзига ўт қўйган сурхондарёлик эркакнинг президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаати видеотасвири тарқалмоқда.  Унда фуқаро ёрдам сўраб, президентга шундай мурожаат қилган :

“Ассалому алайкум Ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович! Мен Термиз тумани ҳокимининг оддий халққа ёрдам бермаганлиги сабабли, тадбиркорларни қўллаб-қувватламагани учун, мен ёш тадбиркорни ҳаётимни тугатгани учун, ўз жонимга қасд қилгандим. Ҳокимият ёнида ўзимга бензин қуйиб, ўзимни ёқиб юбордим.

Ҳурматли президентимиз! Сиздан илтимос қилиб сўрайман, менга ёрдам беришингизни. Ҳозир мен эшитяпманки, менга Ўзбекистон кодексларидан 103 моддаси билан менга жиноий иш қўзғаб, ўзимни айбдор қилмоқда. Сиз ёрдам бермасангиз, мени қамоққа олиб кетиб, қамаб юбориши мумкин. Сиздан илтимос қиламан, менинг шу ишларимни текшириб кўриб билишингизни сиздан илтимос қиламан. Илтимос сиздан, президентим ёрдам беринг“ дейилади видеороликда.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“тушунишингизни сўраймиз…” “ўзбектелеком” “youtube” ва “facebook” масаласига изоҳ берди

“Ўзбектелеком” компанияси Ўзбекистонда “YouTube” ва “Facebook” сервислари очилмаётганидан яхши хабардор ҳамда бу муаммони ҳал қилиш йўлида ишламоқда. Бу ҳақда компаниянинг ...

Оав: тожикистон ва ўзбекистон ўртасида виза режими бекор килинади

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича келишиб олди. Хусусан, виза масаласида ҳамда Фарҳод ГЭС масаласида келишувга эришилган. ...

Наманганда тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ раҳбари қўлга олинди

Наманганда хусусий тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши ...