ВМнинг 14 сонли қарори фермерга қаршими?

Касбимиз юзасидан  турли жойларда бўламиз. Турли касб эгалари билан учрашамиз.  Яқиндан бери қайси қишлоққа бормайлик гап айланиб,  2019 йил 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “ Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги  14-сон қарори  бориб тақалади. Бу қарор тан олиш керак қишлоқ аҳолиси ҳаётида муҳим ўринга, таъбир жоиз бўлса бундай кейинги тирикчилигига бевосита таъсир кўрсатувчи қарорлардан бўлди. Айнан шу боисдан ҳам   ушбу навбатдаги мақбуллаштириш билан боғлиқ қарор, фермерлар, деҳқонлар ва оддий қишлоқ аҳолиси томонидан  турлича қарши олинмоқда. Кўплаб баҳс мунозарага  сабаб бўлмоқда.  Қаерда бўлмайлик фермерлар  Вазирлар Маҳкамасининг 14-сон қарори   маҳаллий мутасаддилар томонидан  нотўғри талқин қилинаётгани, боз устига  ерларни тақсимлаш билан боғлиқ танловларда адолатсизликка  йўл қўйилаётгани   хусусида  ўз дардларини достон қилишади.

Иллюстратив фото

Яқинда Ҳонқа туманида бўлганимизда  экин майдонларини мақбуллаштириш бўйича туман ишчи гуруҳининг раҳбари,  туман ҳокими О. Жуманазаровдан   мақбуллаштириш натижасида ерсиз қолаётган фермерларнинг норозилигини изоҳлашни сўраганимизда, айбни ВМ нинг қарорига тўнкади. Ҳақиқат юзасидан  айтиш керакки бундай изоҳни республикамиздаги жуда кўплаб туманларнинг  ҳокимидан эшитдик. Савол туғилади: бу  нима  фермерларни давлатга қарши қўйишнинг ўзига хос йўлими? Ёки жойлардаги мутасаддиларнинг Вазирлар Маҳкамасини   қарорини моҳиятини тушунуб етмаганлигидан далолатми?

Ҳукуматнинг қарори  фермер зараригами?

Вазирлар Маҳкамасининг   муқбуллаштиришга оид 14 сонли қарорига диққат билан назар соламиз.  Мазкур қарорнинг 4 иловасида Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга қўйиладиган талаблар  акс эттирилган.     Ушбу илованинг 2 бандида Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш жараёнида  қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиш шартлари аниқ кўрсатилган. Диққат билан ўқиган одам фермер хўжалиги илованинг 3 бандида  фермерларнинг йўналишларидан келиб чиқиб кўрсатилган энг кам ўлчамидан, жумладан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида 100 гектардан кам бўлишининг ўзигина фермер билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилишга  тўғридан тўғри  тўлалигича асос бўлмайди.  Бунга аниқлик ушбу илованинг 4 бандида аниқлик  киритилган.  Бу банднинг тўлиқ матнини келтирамиз:

“Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади.

Бунда, ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил қилинган боғ ва токзорларнинг ер участкаларига мазкур талабларнинг 3-бандида кўзда тутилган миқдорлар қўлланилмайди” Бундан келиб чиқадики агар  муайян пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ажратилган ер майдонидан самарали фойдаланаётган,  давлат буюртмасини  доимий равишда  бажараётган, фаолият турини кенгайтираётган бўлса ва ўзининг моддий-техника базасига эга бўлган тақдирда ишчи гуруҳнинг хулосасидан келиб чиқиб,  муқобиллаштириш жараёнидан холи қолиши мумкин.  Қизиқ буни жойлардаги мутасаддилар инобатга билмайдиларми, ёки билсаларда шахсий ғаразли мақсад йўлида  ушбу қарордан  фойдаланиляпдиларми?  Чунки самарали фаолият кўрсатаётган фермерларни мажбурий равишда тугатилиши, бошқа фермерларнинг ҳам эртанги кунга бўлган ишончини сўндириши,  ишдан қўлини совушига олиб келиши мумкин. Қолаверса  ҳар қандай қарор, фармон ва қонун авваламбор инсон манфаатига хизмат қилиши кераклигини  унутмаслик лозим.   “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” деган нақл бор.   Бугунги куннинг сиёсати ва айнан ушбу мақбуллаштириш хусусидаги ҳукумат қарорининг асосий мақсади сарасини сарага пучугини пучукга ажратиш эмасми?

 

Фермерларнинг   мақбуллаштириш хусусидаги қарорига  муносабати

Биз ушбу қарорнинг моҳиятини  жойларда қандай тушунилаётгани,  унинг ижроси қай тариқада бажарилаётганини  батафсилров ўрганиш  мақсадида    фермерлар ва  қишлоқ хўжалик соҳасига алоқадар мутахасисларнинг 94 нафарига    қуйидаги  саволнома билан бевосита мурожаат қилдик.

Савол:2019 йил 9 январ кунги  Ўзбекистон Республикаси  ВМ 14 -сонли қарорига  мувофиқ фермер хўжаликларининг ер майдонларини йириклаштириш назарда тутилган. Сизнинг ушбу жараёнга муносабатингиз қандай?

А.Жуда яхши, энди фермерчилик янада ривожланади

Б.Ушбу қарор жойларда ҳокимлар томонидан ўзларича талқин қилинаётгани  фермер учун бефойда тадбир

В.Фермерчиликнинг ривожланиши унга ажратилган ер майдонига боғлиқ эмас

Г.ҳадеб мувофиқлаштириш, фермерларни давлатга бўлган ишончини йўқотиши мумкин

Д.Фермер ерларининг кўпайтириш, камайтириш  бозор қонунлари асосида табиий равишда бўлиши керак

Е.мувофиқлаштириш ердан самарали фойдаланаётган фермерларга қўлланилмаслиги керак эди

Ж. ўзгача фикрга эгаман

Ушбу саволга жавоб беришда иштирок этган 94 нафар кишининг  29 таси  яъни  30.8  %  Е жавобни  яъни мувофиқлаштириш ердан самарали фойдаланаётган фермерларга қўлланилмаслиги керак эди танлади.  24 нафари  ёки   25.5 % Г жавобни  яъни  ҳадеб мувофиқлаштириш, фермерларни давлатга бўлган ишончини йўқотиши мумкин  деган жавобда тўхталди. 22 нафари ёки 23.4  %   Б вариантни яъни Ушбу қарор жойларда ҳокимлар томонидан ўзларича талқин қилинаётгани  фермер учун бефойда тадбир дея баҳоласа, 17 нафари  ёки  18.1%  Д жавобини яъни Фермер ерларининг кўпайтириш, камайтириш  бозор қонунлари асосида табиий равишда бўлиши керак дея жавоб берган бўлса бор йўғи 2 нафар киши  ёки  2.2  %  А.Жуда яхши, энди фермерчилик янада ривожланади деган жавобга тўхталди.

Биз бу билан кифояланмасдан ушбу саволномани интернетдаги  ижтимоий тармоқларга жойладик.  Ушбу саволномага жами  267 нафар   турли соҳа вакиллари жавоб берди.  Уларнинг жавоблари  эса қуйидагича тақсимланди.

“Ушбу қарор жойларда ҳокимлар томонидан ўзларича талқин қилинаётгани  фермер учун бефойда тадбир” жавобига   127 киши ёки иштирокчиларнинг 47.5 %,

“Фермерчиликнинг ривожланиши унга ажратилган ер майдонига боғлиқ эмас”  жавобини  46 нафар ёки   17.2%, “мувофиқлаштириш ердан самарали фойдаланаётган фермерларга қўлланилмаслиги керак эди”  жавобини 32  нафари ёки  12.0 %,  “Ҳадеб мувофиқлаштириш, фермерларни давлатга бўлган ишончини йўқотиши мумкин”  жавобини 29   нафари    ёки 11.0 %,  “Фермер ерларининг кўпайтириш, камайтириш  бозор қонунлари асосида табиий равишда бўлиши керак”  жавобини 28  нафари ёки 10.5 %,   “ўзгача фикрга эгаман”  жавобини  5 нафари ёки    1.8 %  тақсимланди.

Хулоса ўрнида ёхуд фермер жабр кўрмасин Ушбу саволнома жавобларини таҳлил келиб  хулоса қилиш мумкинки,  фермерлар ва бошқа соҳа вакилларида жойлардаги ҳокимият вакилларига бўлган ишонч,  уларнинг  ҳукумат қарорларини ижросини таъминлашдаги холислиги ва ҳалоллигига ишонч камаймоқда. Бу   ҳолатни жиддий сигнал сифатида қабул қилиш керак.  Фермер ва  тадбиркорларнинг  маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳимоя қилиниш ўрнига уларнинг  олдига турли тўсиқларни қўйиши  келажакка хиёнат қилишдан бошқа нарса эмас!

Мени энг ҳайратга солаётган нарсалардан бири биронта ҳоким,  ёки Фермерлар кенгашининг биронта маъсул ходими, мана туманимиздаги фалонда фермер хўжалиги  ўзларига ажратилган экин майдонларидан самарали  фойдаланиб келаётган,  иқтисодий бақувват бўлган фалон фермерга  ВМ 14 сонли қарорида белгиланган мақбуллаштириш қўлланилмади дея баёнат бера олмади.  Бутун республикамизда  ердан самарали фойдаланаётган иқтисодий бақувват фермерлар йўқлигига ишонмайман!

Давлатназар РЎЗМЕТОВ, журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дрон аппаратларини ўзбекистонга олиб кирган ёки улардан фойдаланган киши уч йилгача қамалади

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар ...

Дунё шодликлари йиғилса бутун,  дўстлар дийдоридан бўлолмас устун

        “Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари” тадбири юзасидан мулоҳазалар 1998 йилнинг ноябрь ойи кунлари эди. Мен пойтахтдан  Қашқадарёга ота-онамни кўриш учун борган ...

Қирғизистон-қозоғистон муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилашга ҳаракат қилинмоқда

Қирғизистонда таниқли жамоат арбоблари қирғиз-қозоқ муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилаш мақсадида воситачилар гуруҳини тузишди. Бу гуруҳ вакили Тоқтайим ...