Россиянинг Новосибирск шаҳрида Абдувоҳид Мирзабоев устидан олиб борилган суд ўз ишини якунлади — Ўзбекистон фуқароси терроризмга кўмаклашишда айбланаётган эди.

Тергов маълумотларига кўра, Мирзабоев ИШИДнинг кўп сонли бўлинмаларидан бири — «Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод» жангари тўдаси аъзоларига молиявий ёрдам кўрсатган. Ўзбекистон фуқароси тўданинг уч нафар аъзоси билан мунтазам ёзишма олиб борган, деб ёзади телеграмдаги “Дарё Лайф” канали.
Терговнинг аниқлашича, айбланувчи уларга «Киви-кошелёк» тўлов тизими орқали 133 рубль 84 копейка (икки доллар) пул ўтказган. Терговчилар бу синов тариқасидаги ўтказма бўлган, деган фикрда. Шунингдек, Мирзабоев атрофидагиларга Сурияга бориб, жанговар ҳаракатларда иштирок этишни ҳам таклиф қилган.
Гумонланувчи 2018 йил май ойида Россия Федерал хавфсизлик хизмати Новосибирск бошқармаси ходимлари томонидан ушланган. Ўзбекистон фуқароси Мирзабоев 14 март куни Новосибирск суди томонидан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.