ФИФА 2018 йилда Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатидан 5,3 млрд доллар ишлаб олди. Бу ҳақда ФИФАнинг молиявий ҳисоботида маълум қилинган, деб ёзади “Трибуна.уз” сайти.
Ҳисоботнинг тузилишида 2015 йилдан 2018 йилгача бўлган давр ҳисобга олинган, унга бу вақт ичида барча тоифалар – телевизион ҳуқуқлар, маркетинг ҳуқуқи, лицензиялаш, чипталар сотишдан олинган даромадлар кирган ва жаҳон чемпионати билан бевосита боғлиқ бўлмаган тоифалар ҳам эътиборга олинган. ФИФА 3 йиллик цикл давомида 6,4 млрд доллар ишлаб топган, бу қийматдан 83 фоизини Россиядаги жаҳон чемпионати келтирган.
Жаҳон чемпионатига инвестициялар ҳажми 1,8 млрд долларни ташкил қилган. Шу тариқа ФИФАнинг соф даромади 3,5 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган. Россиядаги жаҳон чемпионати, шунингдек, ФИФА тарихидаги энг сердаромади бўлди.
ЖЧ-2018 ўйинларига ташриф буюрган томошабинлар умумий сони 3 млндан кўпроқни ташкил қилган.