Тўрткўлда  500 дан зиёд тадбиркор фаолиятини нега тўхтатмоқчи?

Тўрткўл деҳқон бозорига боришни аҳоли унчалик ҳам хуш кўрмайди. Нега деганда, бозор атрофидаги тартибсизликлар ҳар қандай кишининг таъбини хира қилади. Ушбу муаммо кўпдан буён Тўрткул тумани аҳолисининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. 

Фото:ЎзА

Тўрткўл тумани «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини Кўклам кўчаси 1-уйда яшовчи Фаҳриддин Бекчановнинг ушбу муаммони ҳал қилиш юзасидан мурожаат қилмаган ташкилоти, олдига бормаган мутасадди раҳбарлар қолмади. Ҳокимият эшигини тўздирди, юқори турувчи ижроия ҳокимликларини ҳам безовта қилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам қайта-қайта мурожаат қилди. Лекин, масала ҳамон ҳал бўлмади. Охир-оқибат журналистларга умид боғлаб, ЎзАга мурожаат қилди. Қуйида мурожаат эгаси таъкидлаётган муаммони атрофлича ёритишга ҳаракат қиламиз.

Фото:ЎзА

Фаҳриддин ўзи савдогар. Тўрткўл деҳқон бозорида янги қурилган ўртача дўконда озиқ-овқат ва ноозиқ маҳсулотлар сотади. Ҳозир неча ойдирки, дўконида савдо йўқ. Ойига патент ва пенсия жамғармасига 500 минг сўмдан кўпроқ пул тўлаяпти. Ундан ташқари, коммунал тўловлари ҳам бор. Банкдан 30 миллион сўм кредит олиб қўйган. Унинг фоизини ҳам ойма-ой сўндириб бориши керак. Энди буёғига буларнинг ҳаммасига пул тўлаш имконияти йўқ.

 

Муаммога дуч келган фақат унинг битта ўзи эмас, 500 дан ортиқ тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳам ана шундай, ҳатто бундан ҳам қийин вазиятга тушиб қолган. Уларнинг аксарияти банкдан кредит олиб иш бошлаган. Битта ҳокимиятнинг ҳаракати (балки ҳаракатсизлиги) туфайли шунча тадбиркорлар ишларини ташлаб кетиш арафасида турибди.

 

Муаммо аслида нимадан келиб чиққан?

Фото:ЎзА

2018 йил 4 август куни Тўрткўл тумани ҳокимининг туманда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва кўчалардаги автотранспорт воситаларининг тирбандликларини бартараф этиш тўғрисидаги фармойиши қабул қилинади. Мақсад юқорида таъкидланганидек, асосан Тўрткўл бозори олдидаги тирбандликни бартараф қилишга қаратилган. Шундай қилиб, “Тўрткўл савдо мажмуаси» МЧЖ (бозор)нинг шимол (орқа) ва жануб (олд) томонида автотранспортлар учун пуллик тўхташ жойи ташкил қилинади. Автомобиль тўхташ жойида савдо бўлиши табиий. Юқорида айтган 500 дан ортиқ тадбиркорлар шунга умид қилиб, янги қурилган дўконларга кўчиб ўтади. Автобуслар ва маршрутли таксилар янги тўхташ жойига қатнай бошлайди. Бозор олдидаги тирбандлик ҳам бартараф этилгандай бўлди. Лекин, бу кўпга чўзилмади. Бозордаги янги қурилган тўхташ жойига автотранспортлар келмай, аввалги, яъни Тўрткўл бозорининг шарқ томонидаги аввалги жойига қайта кўчиб кетди ва яна тирбандлик, тартибсизлик бошланди.

Автотранспортларнинг янги қурилган тўхташ жойидан кетиб қолишига ҳеч қандай асосли сабаб кўрсатилмаяпти.

Фото:ЎзА

– Тўрткўл бозори олдида ҳар куни эрталабки вақтда жуда тартибсиз тирбандлик ҳосил бўлади. Якшанба кунлари вазият анча оғирлашади. Кўп автоҳалокатлар содир бўлмоқда. Ҳокимиятга бориб айтябмиз, лекин натижа бўлмаяпти, – дейди Ф.Бекчанов. – Иккинчи масала, нима учун тадбиркорлар шунчалик абгор аҳволга солиб қўйилмоқда? Биз битта ёки иккита эмасмиз. 500 дан ортиқ тадбиркор. Санаб кўринг, ишонмасангиз: 530 дўкон ҳаракатсиз, бўм-бўш турибти. Агар автомобиль тўхташ жойи янги ўрнига кўчиб ўтса, шуларнинг ҳаммаси ишга тушади. Дўконларнинг ҳаммаси давлат хазинасига ойига тахминан 600 минг сўм пул солиб турса, 300 миллион сўмдан ортиқ пул бўлади-ку. Кўпчилигимиз келгуси ойдан кредитимизни қандай ёпишимизни билмаяпмиз. Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаяпти, лекин, биз тадбиркорлик фаолитимиз қасодга учраётгани учун бошқа иш қидирмоқдамиз.

Мурожаат бўйича Тўрткўл шаҳрига борганимизда айтилган ҳодисаларнинг ҳаммаси тўғри эканлигига гувоҳ бўлдик. Ҳақиқатдан ҳам бозорнинг олдида юриб бўлмайди. Автомобиллар ҳаракати бетартиб. Биронта ЙҲХ ходимларини учратмадик. Автомашиналар таъқиқланган жойларда бемалол турибти (расмларда кўриш мумкин). 

Бизни бир гуруҳ жабрдийда тадбиркорлар кутиб олди. Янги қурилган дўконларни электр энергияси билан таъминлаш учун тадбиркорлар 28 миллион сўм ҳомийлик пули эвазига трансформатор қурдирган, 3-4 миллион ўз пулларига дўконларни таъмирлатган ва ҳоказо.

Тадбиркорларнинг истаги шу: йўналишли автотранспорт воситаларини янги қурилган авто тўхташ жойига олиб келиш.

Масала юзасидан туман ҳокимлигига мурожаат қилдик.

–Ҳозиргина ушбу масала бўйича йиғилиш ўтказдик. Тўрткўл бозори олдидаги тирбандлик муаммосини атрофлича муҳокама қилдик, – дейди Тўрткўл тумани ҳокими Я.Бабаджанов. – 2018 йил 4 август куни Тўрткўл тумани ҳокимининг фармойиши ижросини таъминлаш бўйича назорат кучайтирилди. Хусусан, кўчирилган транспорт корхоналарининг автомашиналари тартиб бўйича жойлашишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари У.Матназаровга топширилди. Бозор олдидаги кўча (Беруний кўчаси)да тирбандликни бартараф қилиш мақсадида йўл четига қўшимча махсус белгилар, пиёдалар ўтиш йўлаклари ҳамда йўл тўсиқлари, шунингдек, замонавий кузатув камералари ва махсус светофорлар ўрнатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Р.Ибадуллаев билан суҳбатимиз чоғида муаммони яқин орада бартараф қилишга шошилмаётгандек туюлди. Чунки, биринчидан Беруний кўчасининг йўллари кенгайтирилиши керак ва автотранспортларнинг янги тўхташ жойига бориш йўли жуда тор. Уни кенгайтириш учун ҳам жуда катта куч ва маблағ керак бўлади, назаримизда.

Нима қилганда ҳам маҳаллий ҳокимият зудлик билан ушбу муаммонинг ечимини топиши зарур. Йўқса, 500 дан ортиқ тадбиркорлар тўлиқ зарар билан ўз фаолиятини тўхтатади.


Манба: ЎзА

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Муваффақиятнинг 5 омили

  Нима сабабдан айрим мамлакатлар ривожланиб боряпти, айримлари эса турғунлик давридан чиқиб кетолмаяпти? Нега айрим компаниялар бизнесда муваффақиятга эришяптию, ...

Мусулмон миллиардерлари риёдан қўрқиб хайр-эҳсонлар қилишмайдими?

Яқинда рус тилидаги Ислом молияси телеграм каналида “Списки Форбс или тайные щедрости” (“Форбс рўйхатлари ёхуд махфий саҳоват”) номли кичик бир мақола саҳифа аъзолари ...

“нима учун бизда ишламоқчисиз?” саволига қандай жавоб бериш керак?

"Нима учун бизнинг компаниямизда ишламоқчисиз?". Бу савол эртами-кечми ишга жойлашаётган ҳар бир инсонга берилади ва унга жавоб беришнинг бир неча кенг тарқалган турлари ...