«Тақиқ-тақиқ ўйини»

Вояга етмаган фарзанди бор ота-оналарнинг хорижда ишлашини чеклаш керакми?

23-26 март кунлари умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммитида иштирокчилар вояга етмаган фарзандлари бўлган ота-оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш ҳақида қонун қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди.

Ушбу мурожаат таниқли блогерларнинг эътиборини тортди ва улар бунга кескин муносабат билдиришди.

Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос ва блогер:

– Тепадаги таклифни ўқиб, на кулишни, на йиғлашни билмайсан.

Ўқувчи-қизлар номидан Олий Мажлисга мурожаат… Зўр-а? Эшитилиши ажойиб, шундай эмасми?

Лекин бунақа мурожаат ташкиллаштирилганини халқ сезмайди, деб ўйлашадими?

Аввал бир туман кенгаши депутатининг тилидан бу таклифни айттириб кўришди. Энди эса ўқувчи-қизлар номидан мурожаат кўринишида айттиришди. Эртага балки ўша чет элда юрган ота-оналарнинг ўзини номидан мурожаат ташкил қилишса керак, «Илтимос, бизни Ўзбекистонга қайтаринг ва биз учун четга чиқишни тақиқланг» дея.

Одамлар четга нима учун чиқиб кетишяпти? Нима учун шириндан-шакар фарзандларини ташлаб, узоқ юртларга, оғир ишларга кетишмоқда? Нима учун айни фарзандларини эркалатиб, ўйнатадиган, ўзини ҳақиқий бахтиёр инсон сифатида ҳис қиладиган пайти ўз ўлан тўшагини ташлаб, қийинчиликлар сари отланишмоқда? Нимага? Нимага? Нимага?

Ўзгалар тилидан мурожаатномаларни ўйлаб топгандан кўра, шу саволларга жавоб топиш керак эмасми? «Ҳар қандай муаммога ечим – тақиқлаш» дея ўйлашдан қачон қутиламиз-а?

Муҳрим Аъзамхўжаев, журналист ва блогер:

– Менимча, бу ўқувчи-қизларнинг хоҳиши эмас. Ўқувчи-қизларнинг ўзига қолганида эди, улар ота-оналарининг ишлаш учун Россияга кетишини тақиқловчи қонунни эмас, балки Ўзбекистоннинг ўзида ота-оналари учун маоши камида 400—500 доллар эквивалентидаги кафолатланган доимий иш ўринларини сўраган бўларди.

…Ақтўбеда 52 ўзбекистонлик ёниб кетганидан сўнг, «Муҳожирлар ҳаёти» деган бир лойиҳача қилгандик. Ўшанда бир наманганлик йигит электр муаммоси сабаб 10 йиллик тадбиркорлик фаолиятини йиғиштириб, ишлагани Россияга кетгани ҳақида гапирганди.Яна бир шаҳрихонлик йигит эса: «Уйингизда оддий шароит — газ, электр етарли бўлса, четда юрармидингиз?», қабилида фикр билдирганди. «Маош аввалгидан камроқ, лекин шароит зўр — газ, электр ўчмайди, уйим қишда ҳам иссиқ», деганлари кўп эди.

Водийнинг чегара ҳудудидан бўлган яна бир ҳамкасбимиз қизиқ бир ҳолат ҳақида гапириб берганди. Айтишича, унинг қишлоғи аҳолиси асосан ўз даласи, экинзорида етиштирган маҳсулотини қўшни Тожикистонга олиб чиқиб сотиш билан кун кечирган. Одамлар ўзига яраша тўқ, яхши яшаган. Тожикистон билан муносабатлар совуқлашиб, чегара тўлиқ ёпилгач, қишлоқда эркак зоти қолмаган — ҳамма ёппасига ишлагани Россияга кетган. Бир тадбиркорлик қилай деса, на электр ва на газ бор, помидор-бодрингни «экспорт» қилай деса, чегара ёпиқ.

«Тақиқ-тақиқ ўйини»дан фойда кам, келадиган бирор нафи ҳам аслида зарарли. Одамларга ҳадеб тақиқлайвериш эмас, яшашга, ишлашга шароит ҳам бериш керак. Фақат камида уч йил иш стажига эга олий маълумотлилар учун мўлжалланган 150—200 минг сўм маошли иш ўринларидан иборат кўзбўямачи меҳнат ярмаркаларининг кераги йўқ, аҳолини тадбиркор қиламиз деб имтиёзли кредитлар тарқатишга ҳам зарурат йўқ — электр, газ, сув (шароит) бер, одамлар ҳеч қандай кредитсиз ҳам тадбиркор бўлади, бутун маҳалласини иш билан таъминлайди.

Электр, газ, сув (шароит) бергин, одамлар Россия тугул, Тошкентга ҳам интилмайди (қай бир корчалонларнинг прописка деган расвои радди балони ҳимоя қилиб ўтиришига ҳам ҳожат қолмайди) — ўзи яшаб турган шаҳарча, туман, қишлоқни гуллатиб ташлайди одамлар. Вояга етмаган фарзандларининг ёнидан кетмай гуллатади.

Ҳозир эса вояга етмаган фарзанди бор ота-оналарнинг чет элда ишлашини тақиқламоқчи бўляпти кимлардир (бунақа тақиқни ўйлаб топганлар эртага Тошкентга бориб ишлашни ҳам тақиқлайди, бунга шубҳа йўқ). Ўша ота-оналар ҳам фарзандларини яхши едиргиси, яхши кийинтиргиси, яхши боғчаларга бергиси, яхши мактабларда ўқитгиси келади, тўйлар қилгиси, фарзандларини уй-жой билан таъминлагиси келади. Бу орзу-истаклар, орзу-ҳавасларнинг рўёби учун пул керак, пул топиш учун эса ота-она ишлаши керак. Муносиб иш ҳақи олиб, ишлаши керак. Ўша муносиб иш ҳақи Мўйноқда бўлса, одамлар Мўйноқда ишлайди, Новосибирскда бўлса — Новосибирскда ишлайди.

Муносиб иш ҳақи қачон, қаерда пайдо бўлишини иқтисодиётчилар яхши билади — шароит бор жойда, рақобат бор жойда. Шароит (масалан, электр) бўлса, катта-кичик корхоналар қурилади, мунтазам ишлайди. Соғлом рақобат бўлса, иш ҳақлари ҳам ошади — масалан, бозорда бир-бирига рақобатчи 10 та телевизор заводи бўлса, улар нафақат харидор, балки ходимлар учун ҳам рақобатлашади. Бирининг яхши ходимини оғдириш учун бошқаси каттароқ маош таклиф қилади (агар бутун бозорни битта завод эгаллаб олган бўлса, унда Худо урибди — мамлакатнинг энг зўр телевизор устаси ҳам ўзи учун номуносиб маошга ишлашга маҳкум ёки… Россиядаги заводга менежер бўлиб кетади).

Расул Кушербаев, Қонунчилик палатаси депутати:

— Юқоридаги таклиф йилнинг энг ғалати, мантиқсиз, бурама, ясама ва яна минг алламбало таклифи бўлса керак. Ишқилиб бу таклиф овозга қўйилгунча етиб бормаса эди. Тағин билмадим, агар ота-оналар қўймай қаттиқ ёқамиздан олишмаса бўлди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати изоҳи:

«Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммити доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига ўзларини қизиқтирган ва ташвишга солган масалалари билан мурожаат этишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган саммитда иштирокчилар томонидан турли мавзуларга оид таклифлар берилди.

Тадбирда иштирокчилари вояга етмаган фарзандлари бўлган оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш мақсадида қонун қабул қилиш бўйича таклиф берган.

Бу таклиф қизларнинг атрофдаги воқеаларни ўрганишлари асосида берилган. Яъни, ота-оналари хорижга ишга кетган айрим ёшлар турли ножўя ишларга, жумладан жиноятчиликка ҳам аралашиб қолмоқда.

Мазкур таклиф ҳеч ким томонидан атайлаб уюштирилмаган. Таклиф берган қизларнинг вояга етмаганлигини ҳисобга олиб, саммит давомида мутахассислар томонидан қонун биринчи навбатда инсон манфаатларига зид бўлмаслиги ва бу мазмундаги норматив ҳужжатлар фуқароларнинг эркинлигини чеклашига олиб келиши ҳақида батафсил тушунча берилди.

Манба:Хабар.уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сирдарёлик ўлган йигитни милиция ходимлари калтаклаганини яқинлари иддао қилмоқда

Сирдарё вилоят, Боёвут туманининг “Бунёдкор” ҚФЙда яшаган 33 яшар Элмурод Мустафоевнинг яқинлари у милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганидан сўнг вафот этганини ...

“биринчи ечим, аввал шу муаммонинг борлигини тан олиш”

Рамазоннинг биринчи куни "Саодат" масжидидаги воқеалар ҳақида пост қолдирган эдим. Болалар қай тариқа киритилмагани ва биз қай тариқа ҳаракат қилиб олиб кирганимизни ...

Ҳоким қонунни ҳурмат қилмайдими?

Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов — замонамиз қаҳрамони. Унинг юртимиз олдидаги «хизмати» беқиёски, ҳатто тўрт дона маккажўхорини ҳам бюджетга тушишига ғамхўрлик қилади, ...