Мичиган университети профессори: “Чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш лозим”

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли Minbar билан суҳбатда ўзбек жамияти, хусусан, адабиёти, маданияти ва илм-фан соҳасига ташхис қўйди, лотин алифбосини ислоҳ этишни урғулади. Суҳбатда жадидлар хусусида қимматли маълумотлар билан бирга ўзбек олимлари бохабар бўлмаган кўпгина фактлар ҳақида сўз боради.

Фото: Minbar

 

– Сиз ўтган йили Тошкентда бўлган халқаро адабиёт анжуманида қатнашган эдингиз. Ўзбекистон ҳақида қандай фикрларингиз бор? Бугунги Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт қандай аҳволда?

– Ўзбекистонга дастлаб қадам ташлаган кишидан унинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари, фикрларини сўрасангиз, албатта бу ернинг қуёшли об-ҳавоси, лаззатли таомларидан, кишиларининг меҳмондўстлигидан сўз бошлайди. Ўзбекистонга биринчи марта 2018 йилда келган эмасман. Шунинг учун бу саволга мен бир сайёҳдек жавоб беролмайман.

Биринчидан, бу менинг Ўзбекистонга биринчи келишим эмас, мен бундан олдин ҳам икки марта келганман. Ўзбекистон совет даврида жудаям қийин бир даврни яшади, ундан кейинги мустақиллик даврининг Каримов пайти ҳам мураккаб давр бўлди, энди сўнгги икки йилдан буён янги президент Шавкат Мирзиёев даврида мени ҳам жуда хурсанд қилган демократия ва фаровонлик сари яхши қадамлар ташланаяпти. Бундай эзгу қадамларни эъзозлайман, уни ҳимоя қилиб чиқаман, албатта.

Ўзбекистоннинг адабиёт ва илм-фан соҳаларига келсак, ўша оғир совет даврида Чўлпон, Фитрат, Элбек, Боту, Ойбек, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Одил Ёқубов, Мамадали Маҳмуд сингари жудаям сабрли ёзувчи-шоирлар қийин аҳволларда асарлаб битиб, ўзбек халқининг руҳини, маънавиятини, миллий онг-сезимини юқори тутишга ҳаракат қилдилар, унда Фитрат, Чўлпон каби зиёлилар Сталин даврида отиб ўлдирилди, асарлари қатағон қилинди.

Мен ўша асарлар ҳақида 1977 –1994-йилларда “Озодлик” радиосида ўқиган мақолаларимда Ўзбекистондаги зиёлиларга маълумот бериб турган эдим. Шу боис Горбачёвнинг ошкоралик ва қайта қуриш ислоҳотлари юзасидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси мени 1990 йилда ўзим ишлаб турган “Озодлик” радиосидан “Бобурнома” асари ёзилишининг 350 йиллигига бағишланган анжуманда қатнашишим учун Ўзбекистонга даъват қилишди. Мен ўша 1990 йил 20 октябрь билан 10 ноябрь орасида Ўзбекистонда бўлиб, Тошкент, Самарқанд, Андижонда ўтказилган конференция ва маросимларда иштирок қилдим.

Ўша пайтда ўзбекистонлик кўп ижодкорлар билан танишдим. Шукрулло, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Рауф Парфи, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Мамадали Маҳмудов, Омон Матжон ва бошқа кўплаб ёзувчи-шоирлар, кейин академиклар даврасида бўлдим. Тошкентдаги Навоий театрида ўтказилган маросимда айтганим “Мен ватанда эмасман, ватан менинг қалбимда” деган гапим Ўзбекистонда кенг тарқалиб кетган эди. Ўша йиллар менинг ўзбек тилида ёзган шеърларим ҳам Ўзбекистондаги адабий журнал-газеталарда нашр этилган. Ўзбекистоннинг илмий тадқиқот ишлари ҳам совет даврида оғир аҳволда ўтди, унда ҳамма олимлар фақат маркс-ленинча коммунистик ва совет ғоясига мос ёзишга мажбур эдилар. Тарих фани ҳам шунга бўйин сунди, Амир Темур ва Туркистоннинг ўтмиш маданияти қораланди. Ҳозирги янги даврда эса Ўзбекистоннинг адабиёти, санъати, илмий соҳалари, айниқса тарих фанида ҳам олимларга кенг миқёсда эркинлик берилади деб умид қилаяпман.

– Мақолаларингизда ўзбекларнинг буюк адиблари Чўлпон, Фитрат, Элбек ижодига Ғарбда қизиқиш катта экани ҳақида айтгансиз. Шу гапингизни батафсил очиқласангиз.

– Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ, Туркия, Япония ва Ҳиндистонда Марказий Осиё тарихи, маданияти, тил-адабиётига нисбатан қизиқиш анча кучли. Бу фақатгина ҳозирги даврда эмас, совет ҳукмронлиги пайтида ҳам қизиқиш катта бўлган. Айниқса, Туркистондаги жадидчилик ҳаракати вакилларига катта аҳамият берилар эди.

Шеърий соҳада ҳам Чўлпон, Фитрат, Элбек ва Ойбекнинг ижодига ҳурмат катта эди, чунки улар сиёсий даврга қараб пропаганда шеърлар ёзмаганлар, улар кишининг эркинлиги, туйғулари ҳақида гўзал шеърлар ёзиб қолдирганлар. Миллатни ҳурликка чорлашни улар ички бир бурч деб билишар эди. Уларнинг шеърлари лириканинг энг яхши намуналари деб баҳоланади.

Чўлпон, Ойбекнинг шеърияти борасида 1970-йилларда АҚШ университетларида диссертациялар ёзилган, китоблар чоп этилган, мақолалар ёзилган. Ўша пайтларда бу ҳақда Ўзбекистонда сўз айтиш имкони йўқ эди. Мен ҳам ўша йилларда нашр этилган мақолаларимда Чўлпон, Фитрат, Элбек, Ойбекнинг лирикасини таҳлил қилиб чиққанман. Чўлпоннинг 20 та шеърини ҳам турк тилига, ҳам инглиз тилига таржима қилдим.

– “Германияда ўзбек адабиёти” деган китоб устида ишлаётган экансиз, Германияга Туркистондан борган талабалар қўлёзмалари сизда мавжуд экан.

– Ҳа, тўғри, лекин Германиядаги фақат ўзбек эмас, бошқа туркий тиллар: қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида нашр этилган адабиёт, яъни “Германиядаги Туркистон адабиёти” номли бир китоб устида ишлаяпман. 1920 – 1922-йилларда ҳали Ўзбекистон қурилмасдан олдин мавжуд бўлган Бухоро жумҳурияти (бу совет республикаси эмас эди, ўзи эркин давлат эди) Москва, Истанбул ва Германияга олий таълим-тарбия олишлари учун ўзбек талабаларини юборганлар.

Германияда ўқиган ўзбек талабалари

1940 – 1943-йиллари, Иккинчи жаҳон уруши пайтида совет армиясидаги кўп сонли ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, тожик ва қирғизлар немис қўшинларига асир тушиб Германиядаги лагерларга юборилган.

Кейин 1921 йилда Фитрат томонидан Германияга юборилган ўзбек талабаси Вали Қаюмхон деган киши ўша асирлар лагерларидаги туркистонликларни озод қилиб нацистлар армиясига боғлиқ бир Туркистан легионига аскар қилиб қўшиб олган. Кейин ўша Туркистон легиони совет армиясига қарши урушган. Ўша Туркистон легионидаги аскарлар орасида шоир ва ёзувчилар ҳам бўлган. Туркистон легиони олдидаги адабиёт тўгараги ойлик “Адабиёт” номли журнал билан “Янги Туркистон” номли газета нашр қилган. Мана ўша газета-журналда нашр этилган шеърлар, ҳикоялар, қиссалар, адабий мақолалар, романлар, драмалардан баъзилари китоб бўлиб ҳам нашр этилган. Шу адабиётнинг барчаси менинг қўлимда бор. Мен ўша адабий материаллармни йиғиб “Германияда Туркистон адабиёти: 1941-1945” номли бир антология тайёрлаяпман.

– Эргаш Учқун, “Ўлсам жанозамни Туркистонда қайта ўқинг” деган шоир Хушнуд ҳақида айтгансиз. Яна биз билмаган қайси ўзбек шоирлар ҳақида маълумот бор сизда?

– Албатта, ўша пайтда яшаб ижод қилган кўп сонли шоир ва ёзувчилар бор – ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида ижод қилган. Улар ҳақида китобимда батафсил маълумот берилади. Ҳозирча улар ҳақида маълумот бермайман.

– Конференцияда “Мен учун 20-асрнинг энг буюк ёзувчи ва шоири Чўлпондир. Унинг озодликка ундовчи пропогандик шеърларини инглиз тилига таржима қилганман” деган эдингиз. Чўлпон қай жиҳатлари билан буюк?

– Шоир Чўлпоннинг ёзганлари қуруқ шеър эмас, улар жаҳон адабиётининг энг гўзал лирикалари ҳисобланади. Унинг шеърларида кишининг ички ҳис-туйғулари ўқилади. Бундай улуғ шоирлар жудаям кам.

Чўлпоннинг қатлдан олдин олинган сурати

Шуни очиқ-ойдин айтсам бўлади: албатта, Чўлпондан кейин ҳам ўзбек адабиётида кўп сонли яхши шоирлар бўлган, лекин уларнинг ҳеч бирининг шеърлари Чўлпоннинг лирикаси савиясида эмас.

Бизнинг қадимий адабиётда, Чиғатой деб аталган даврда, кўп яхши шоирлар бор, лекин уларнинг шоирлик даражаси Навоийдек эмас. Менинг фикримча, бизнинг эски адабиётимиздаги чўққи Навоий бўлса, янги замонавий адабиётимиздаги чўққи Чўлпондир. Чўлпон жудаям ёш, 45 ёшида отиб ўлдирилди, у яна 20 йил яшаганда эди, янада баландроқ шеърлар ёзган бўларди.

– Ўзбек халқи ўз илдизларидан узилиб қолмаганми? АҚШ, Туркия ва ўзбек зиёлиларини таққослаб бероласизми? Бугун Ўзбекистонда Чўлпон, Фитрат каби буюк зиёлиларга муносиб издошлар кўринмаётгандек. Улар илгари сурган ғоялар ўтган аср бошидан аср охиригача етиб бормади назаримда.

– Бу саволингиз жудаям тўғри ва мазмунли. Агар бизнинг минглаб зиёлимиз 1937 – 1940-йиллар орасидаги Сталин қатағонларида, кейин Иккинчи жаҳон урушида, яна совет лагерларида ҳалок бўлиб кетмаганда, Ўзбекистоннинг маданият, тил, адабиёт соҳасидаги тараққиёти жудаям зўр ва юксак бўларди.

Буни биз Туркия ва Европанинг бошқа илғор мамлакатлари, АҚШдаги вазият билан солиштирганимизда яққол кўринади.

Айниқса, совет даврида тил ва адабиёт соҳаларидаги босим ва цензура жудаям даҳшатли эди.

Туркиянинг 1920 йилдан бугунгача бўлган адабиёти шеърият, ҳикоя , роман жанрларида жудаям юқори ўринда туради, туркиялик романчи Ўрхон Помуқ 2006 йилда жаҳоннинг энг йирик мукофоти Нобелни олди. Туркиядаги шоирларнинг шеърлари бир-биридан мустақил, турли йўналишларда, уларда теранлик ва сўзни бошқача айтиш жудаям кучли.

Афсус, совет давридаги босим-сиқимлар туфайли ўзбек шоирларида бир-бирига ўхшаш ёзиш кучайган, ўзига хос бошқа бир услубда шеър ёзадиган шоир сони жудаям оз. Бу шоирларнинг айби эмас, 60 йил давомида адабиётни босим-сиқимда тутган совет ҳокимиятининг бир айби бу. Бироқ ҳозирги мустақиллик даврида турли шоирлар орасида ўзига хос бошқача йўл – услуб қидирганлар сони ортаётганидан хурсандман. Бунда мен ёш авлодга суянаман, улар орасидан янги чўлпонлар чиқади деган умиддаман.

– Жадидлар чет элларга ёшларни ўқитиб келиш тарафдори бўлган эди. Бугун шу орзулар ушалган. Ўзбек ёшлари чет элларда ўқишаяпти, лекин ҳаммаси ҳам ватанга қайтмаяпти.

– Албатта, чет элга юборилганлар орасида баъзилари чет элларда қолади, бироқ кўпчилиги ўз ватанига қайтиб келиб ишлайди.

Ўша 1921 – 1923-йиллар орасида юборилганлардан деярли кўпчилиги Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида қолиб кетган. Бунга асосий сабаб эса совет ҳокимияти эди. Сталин ўша қайтиб келганлардан баъзиларини қамаб қўйди ёки Сибирдаги лагерларга юборди, улар чет элда буржуача фикрларни ўрганган деган туҳмат билан.

Агар юртдаги сиёсий-иқтисодий шароитлар яхши бўлса чет элларга юборилганлар қайтиб келади, ким ўз ота-онасидан узоқда яшашни истайди?

Туркиядан ҳам 1930-йиллардан бугунгача Европа мамлакатлари ва АҚШга ўн минглаб турк талабаси юборилди, уларнинг бир қисми у ерларда қолишди, бироқ кўпчилиги қайтиб келиб, ўз юртида хизмат қилди.

Каримов ва АҚШда ўқиган “умидчилар”. Кейинчалик “Умид” фонди ёпилиб кетди.

Юборган талабаларимиз чет элларда қолиб кетади деган гумон билан талабаларни чет элларга юбормасак, унда юртимизнинг тараққиётига янги кадрларни тайёрлай олмаймиз. Бундан қўрқмаслик керак.

Мана 1920 йилда Туркистондаги жадидлар қўрқмасдан Истанбулга, Москвага, Европага талаба юборишди. Бу бир тажриба эди – юз йиллардан кейин ҳам ўлмайдиган тажриба. Мана мисол, бугун Хитой ҳам биргина АҚШга йилига юз минглаб талаба ёшларини юбораяпти.

– Туркий халқлар бугун бир-бирининг на ёзувини ўқий билади, на тилини англай билади. Ҳозирги ўзбек алифбосини мукаммаллаштириш бўйича сизда қандай таклифлар бор?

– Мана энг долзаб масалалардан бири, балки биринчиси бу: 1926 – 1938-йиллар орасида Совет иттифоқидаги барча туркий халқлар битта лотин алифбосида ёзганлар, 12 йил давомида. Ўша лотин ёзуви барча туркий тиллар учун ягона муштарак алифбо эди. Лекин Туркия ҳам 1928 йилда лотин алифбосига ўтганда, совет ҳукумати чўчиб қолди, советдаги туркий халқлар билан Туркиядаги турклар ўша лотин ёзувида бир-бировининг ёзганларини ўқиб, Туркиядаги буржуа фикрларига берилиб, коммунизмдан қочиб кетади деб қўрқишди ва советдаги туркий халқларнинг лотин алифбосини 1938 – 1940-йилларда кирилл алифбосига ўзгартирди.

Бу гал совет ҳукумати шу ишни қилди: 18 туркий тил учун 18 та бир-бирига ўхшамас 18 та кирилл алифбосини ишлаб чиқиб берди.

Мана энди қайтадан лотин алифбосига ўтаётган туркий халқлар нима қилаяпти? Ўша совет сиёсатини давом қилдирмоқдалар: ўзбеклар ўзига хос алоҳида лотин алифбоси тузди, қозоқлар ҳам ҳозир ўзбек лотин алифбосига ўхшамаган бошқача бир алифбо тузиб чиқмоқдалар. Фақат Озарбайжон 34 ҳарфли муштарак лотин алифбосини қабул қилди. Нима учун ўша 34 ҳарфли алифбони ўзбеклар ва қозоқлар олишни истамаяпти? Мен буни тушунмайман.

Ахир ўша 1926 – 1938-йилларда муштарак лотин алифбосини барча туркий халқлар ишлатган, нима учун бугун “менинг лотин алифбом бошқаларникига ўхшамасин!” деган фикр билдирилмоқда?

Менимча, туркий халқлар шу “мен-манчилик”ни ташлаб ягона битта лотин алифбосини қабул қилса, унда қардош халқлар бир-бирининг ёзганларини осонлик билан ўқиб чиқиш имкониятига эга бўладилар. Бу алифбодан ташқари ўзбек тилида 1934 йилда тилдан олиб ташланган ö, ü, ı каби учта унли товуш муаммоси бор. 1934 йилгача ўзбек лотин алифбосида ингичка айтилган “ö” (ölim), “ü” (üzum) билан йўғон айтилган “ı” (qız) ҳарфлари бор эди, лекин бу учта унли товушга яраша учта ҳарф ўзбек алифбосидан олиб ташланди, бугун “o’zbek” деб ёзилмоқда, аслида бу сўзнинг тўғриси “özbek” шаклида ёзилиши керак. Масалан, “bo’lmoq” (бор бўлиш) билан “bölmak” (иккига айириш) бошқача товушлар. Гарчи жудаям қийин бўлса-да, бу муаммо ўзбек тилшунослари томонидан ечилиб, ўша тилдан олиб ташланган учта унли товушнинг ҳарфлари янгидан ўзбек алифбосига киритилиши зарур.

– Бугун чет элда қайси ўзбек шоири ёки ёзувчисини кўпроқ билишади? Ҳамид Исмоилни танийсизми? Чет эл сайтлари кўпроқ шу ёзувчи чет элда кўп ўқилишини айтишади.

– Бу саволингизга ҳозирча жавоб қайтармайман, кечирасиз!

– Ўзбек маданияти, тил ва адабиёти олдида турган асосий муаммолар ҳақида гапирсангиз.

– Менинг фикримча Ўзбекистон ва ўзбеклар учун энг долзарб масала, биринчидан, ҳозирги бузуқ лотин алифбоси ислоҳ қилиниб, 34 ҳарфли муштарак туркий лотин алифбосини ишлатиш лозим. Иккинчидан, ўзбек тилининг бузилган фонетикаси тузатилиши зарур, Чўлпон ҳозирги бузилган ўзбек фонетикасида эмас, ўша ичида учта: ö, ü, ı унли товушлари бўлган ўзбек ёзувида ёзган.

Мен нима демоқчиман, Чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш зарур.

Олим ҳақида маълумот:

Темур Хўжаўғли большевиклардан қочиб Туркияга бориб қолган ўзбекларнинг авлодидир. У Истанбул шаҳрида туғилган, АҚШда таҳсил олган. Мичиган университети профессори, Ўзбекистон тарихини 60 йилдан бери ўрганади.

 

Манба:Минбар.уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чақимчилиқ  

12. ЧАҚИМЧИЛИҚ — Бу кун етти кун... Отабек қутидорнинг қизиға уйланди. Ул бу хабарни Қўқондан қайтишда эшиткан эди. Ўзининг қиёфасига яраша қўрқунч йўллар излар экан, ...

Мeҳробдан чаён-хоним ойимлар

Гулшан  эгнида  мунсаги  билан  даҳлизга  чиқиб,  ундаги  канизлар  томонидан "илтифотга лойиқ  кўрилгани"  учун  табрик  қилинди.  Кафшандозда  кийинар  экан,  кўзи  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400