Фермерлар, фермерлар, бечора фермерлар!

Фермерларга раҳмим келади. Нега дейсизми? Буни сабаблари кўп.
Энг биринчи сабаб фермерлар бугунги кунда ўз ерининг тўлақонли эгаси эмас. Эртанинг ўзида қандайдир янги қонун, қарор чиқарилиши ортидан фермерларнинг ерлари йириклаштириши ёки кичиклаштирилиши ва буни оқибатида қайсидир фермер ерини бутунлай ёки бир қисмини йўқотиши мумкин. Назаримда ўзини ўзига тегишли ернинг тўлақонли эгаси деб билмаслик, ҳис этмаслик фермерларнинг оёғига тушов солаяпти ва шу учун ҳам улар ўз ихтиёрларидаги ерга меҳр бера олмаяптилар. Тўғрида, ер уларнинг қўлида омонат турган бўлса нега ҳам меҳр берсин?

Мажбурий фермерлик ҳаракати 2005 йилнинг кузидан бошланди ва 2 йил давомида мамлакатдаги барча ерлар фермерларга тақсимлаб берилди. Ўша пайтда ҳокимият ва фермер ўртасида ўзаро тузилган шартнома аксарият жойларда 49 йилга мўлжаллаб тузилди. Ўшанда, эсимда боғдорчиликда ҳатто 1 гектар ери бор одам ҳам фермер бўла олар эди. Орадан 2 йил ўтмасдан “тепадан” фермерларни йириклаштир деган буйруқ келди ва энди янги тартибга кўра боғдорчилик соҳасида фаолият юритадиган фермернинг камида 5 гектар ери бўлиши лозим эди. Ана ўшанда музофотимиздаги кўплаб фермерлар ерини бошқа фермерга топшириб том маънода “синди”. Қўлидаги 49 йилга мўлжалланган шартнома қоғозининг қиймати ҳожатхона қоғозичалик ҳам бўлмади.
Орадан яна 2-3 йил ўтиб “тепадан” яна йириклаштириш ҳақида буйруқ келди ва энди янги тартибга кўра боғдорчилик қиладиган фермернинг ери камида 15 гектар бўлиши керак эди. Яна кўпчиликни ерини тортиб олиб бошқаларига беришди ва уларнинг қўлидаги 49 йилга мўлжалланган шартнома қоғози ўрни келганда фойдаланиш учун ҳожатхонага қўйилди.
Орадан яна 3-4 йил ўтиб энди тескари буйруқ келди. Ерларни сал кичрайтиринглар. Яна ер тақсими бошланди, яна янги фермерлар кўпайди. Охир-оқибат ўтган йил кластер дегани пайдо бўлди ва қўлида 49 йил ерга эгалик қилиш шартномаси бор фермерлар энди ерни кластер очган бой акаларга топшираяптилар. Қўлларидаги шартнома қоғози ҳожатхонага қўйилаяпти.

Энди, шу йиллар орасида фермерларнинг хўжайинларига қаранг:
Ҳоким;
Прокурор;
Ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари;
Фермерлар уюшмасининг туман бўлими;
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлими мутасаддиси;
Туман кимёҳимоя (химзашита);
Агробанк туман бўлими;
Ўзбекпилла туман бўлими
(Яна кимларнидир унутган бўлсам узр.)
Рўйхатни кўриб “Ўзбекпилла фермерга қанақасига хўжайин бўлади?” дейсизми? Билишимча боғдорчиликда пилла режаси йўқ. Сабаби боғдорчиликни ўзи дарахт билан боғлиқ бўлса, тутни қайерга экади? Шу учун пилла режаси фақат ғаллачилик ва пахтачилик билан шуғулланадиган фермерларга қўйилган. Аммо, эшитаяпмиз, кўраяпмиз жойларда боғдорчиликка ихтисослашган фермерларга ҳам пилла режасини “бўйинча” қип қўйишган. Шу тарафдан олиб қаралганда Ўзбекпилла фермерларга жа хўжайинлик қилмаётган бўлса ҳам, боғдорчиликка ихтисослашган аксарият фермерлар учун пилла режаси ғирт бошоғриқ бўлмоқда.

Мажбурий фермерлик бошланганига 13-14 йил бўлди. Аммо мен билган фермерларнинг биронтасини косаси оқармаяпти. На техника сотиб ололади, на ўз ерига хўжайин. Энди кечаги “Фермерларни Фермерлар Кенгаши мажбурий аъзо қилиш ҳақидаги қарор шундоқ ҳам чалажон бўлиб турган фермерларни жонини олади ва уларга хўжайинлик қиладиган ташкилотни яна кўпайтиради холос.

Айнан шу мавзуда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг каналида фикр юритиб:
“Юқоридаги қонун, лойиҳа вақтидаёқ нотўғри эканлиги билинган эди. Бироқ ўтиб кетди, оқибатда биз Фермерлар Кенгашини гибрид ташкилотга айлантириб қўйдик. Савдо саноат палатаси ҳам гибрид қаторида.
Ё давлат бўлиб давлат эмас, ё нодавлат бўлиб нодавлат ташкилот эмас. Билмадим бу менинг фикрим, бошқача ўйловчилар ҳам кўп” , деб ёзибди.

Бу фикрларда жон бор. Фермерлар мажбурий аъзо бўлган ташкилотлар на давлатники, на нодавлат. Бир муаммо
юзасидан борса бири “бу “тепа”нинг қарори деб қайтарса, иккинчиси сен аъзо бўлган ташкилот нодавлат ҳисобланади, шу учун биз аралаша олмаймиз” деб жавоб беради. Ўртада эса сарсон фермерлар.

Муллиф:Ғайрат Йўлдош

Манба: Bugunning gapi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бухорода юк машинаси ва поезд тўқнашди

2019 йил 8 апрель кунидан 9 апрель кунига ўтар кечаси соат 01:15ларда Бухоро вилояти Қоракўл тумани, “Солур” МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” йўналишидаги ...

Тожикистонлик 12 минг ўқувчи шавкат мирзиёевни кутиб олади

Тожикистонлик 12 минг ўқувчи ва талаба Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Тожикистонга келишини олқишлайди. Ўзбекистон раҳбарининг илк давлат ташрифи 9 мартда бўлиб ...

Ўзбекистонда хусусий нотариал идоралар ташкил этилади

2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилади. Бу президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш ...