Миср тарихи

XVI асрда кўпчилик араб мамлакатлари Усмонийлар томонидан босиб олинди. Мамлуклар ҳукмронлиги остида бўлган Миср ҳам биринчилардан бўлиб ўз мустақиллигини йўқотди. 1517 йилнинг бошида Қоҳирани эгаллаган Салим I армияси Миср пойтахтини талади ва вайрон қилди.


Турклар истилоси мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муносабатларга катта ўзгариш киритмади. Фақат мамлукларнинг сиёсий ҳокимияти ағдарилиб, барча феодаллар ўз мулклари ва имтиёзларини сақлаб қолдилар. Миср алоҳида пошоликка ажратилган бўлиб, амалда ярим мустақил давлат эди. Олий ҳукмдор Истамбулдан тайинланадиган пошо ҳисобланарди. У мамлакатни ўз девони ёрдамида бошқарарди. Девон таркибига давлат аппаратининг йирик амалдорлари, мамлук амирлари, олий мансабдаги руҳонийлар, турк гарнизонининг қўмондонлари, шариат судининг раиси кирарди. Девоннинг энг ҳурматли аъзоси мамлук зодагонларининг раҳнамоси бўлган мамлакат шайхи ҳисобланарди.
Маҳаллий бошқарув ҳокимияти тўлиқ мамлук амирларининг қўлида сақланиб қолди. Турклар мамлукларнинг бошқарув маҳорати, маҳаллий шароитни, аҳолининг урф-одатларини яхши билишидан ўз манфаатларида фойдаландилар.
Барча ерларнинг олий мулкдори деб турк султони эълон қилинди. Бу ҳуқуқ барча ҳайдаладиган ерлардан солиқ йиғишда ўз ифодасини топди. Баъзи ерлар хазина фондига киритилди ёки султон мулкига айлантирилиб, махсус вакиллар томонидан бошқараладиган бўлди. Бу ерлардан олинадиган барча даромад султон саройининг харажатлари учун сарфланарди. Хазина фондига киритилган ерлардан олинган даромад муқаддас шаҳарлар – Макка ва Мадинага ва бошқа хайрия мақсадларига ҳам сарфланади.
Мисрда ер эгалиги ва олинадиган солиқлар миқдорини белгилайдиган ҳужжат – «Қонуннома-и Миср» 1525 йили қабул қилиниб, унда деҳқонлар ва йирик ер эгалари бўлган мамлук амирлари, бейлари, мултазимлар ва мулғозимларнинг мақомлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Мултазимлар дастлаб ерни тўрт йил муддатга сотиб олиш ҳуқуқини олган бўлсалар ҳам аслида ерларини ҳақиқий мулкка айлантириб олдилар. Улар хазинага маълум миқдорда пул тўлаб, эвазига деҳқонлардан олинадиган барча йиғимларни ўзлари олишарди.
Айрим тарихчиларнинг ҳисоб-китобига қараганда мултазимлар хазинага тўлайдиган пул улар деҳқонлардан йиғиб оладиган пулнинг 4 фоиздан 40 фоизгачасини ташкил қилган. Солиққа тортиш ва солиқларни йиғиб олиш тизими қишлоқ хўжалигининг ривожланганлик даражасига мослаштирилган эди. Экиш мавсуми, ернинг сифати, суғорилиш ва етиштириладиган экинлар ҳисобга олинар эди.
Асосий қишлоқ хўжалик экинлари буғдой, арпа ва бир қатор дуккакли экинлар ҳисобланарди. Турклар истилосидан сўнг Миср деҳқонларининг (уларни фаллах деб аташган) асосий экини маккажўхори бўлиб қолди. Бу даврда Нил дарёсининг ҳавзасида шоли экиладиган майдонлар ҳам анча кенгайди, шакарқамиш майдонлари эса қисқартирилди. Миср қишлоқ хўжалигида пахтанинг ўрни ҳам катта эди. Деҳқонлар қишлоқ хўжалик экинларидан ташқари мевали дарахтлар, хурмо ва узумлардан ҳам солиқ тўлашарди.
Ҳунарманд ва савдогарлар ҳам солиққа тортилган. Ҳунармандлардан устахона оқсоқоллари солиқ йиғишарди, давлат солиғи умумий маҳсулотнинг 5% ни ташкил қиларди. Савдогарлар савдо корхоналаридан, кемаларидан, карвонлар ва бозорлардан солиқ тўлашарди. Турклар ҳокимияти ва маҳаллий зодагонлар аҳоли фаолиятининг ҳамма жабҳаларини ҳисобга олар ва барчасини солиққа тортишга ҳаракат қиларди. Шоир ва ёзувчилар фаолияти деярли даромад келтирмасада, 1568 йили улар ҳам солиққа тортилади.
Усмонийлар империясининг кучсизланиши аста-секин Мисрда мамлуклар сиёсий ҳокимиятининг тикланишига олиб келди.
XVII асрдан бошлаб Мисрнинг иқтисодий тараққиётида бир қатор янгиликлар кўзга ташланади. Саноатнинг баъзи, айниқса экспортга ишлайдиган, тармоқларида мануфактура ишлаб чиқаришига ўтила бошлади. Айрим шаҳарларда тўқимачилик саноатида мануфактуралар ташкил қилинди. Маҳалла-Кубр шаҳридаги энг йирик мануфактураларда 800 тадан 1000 тагача ёлланма ишчилар ишларди. XVIII аср охирига келиб Қоҳирада 15 минг ёлланма ишчи ва 15 минг ҳунарманд фаолият кўрсатарди. Ёғ ва қанд ишлаб чиқарувчи заводларда ҳам ёлланма меҳнатдан фойдалана бошланди.
Ишлаб чиқариш техникаси ҳали ўта оддий бўлсада, мануфактуралардаги ички меҳнат тақсимоти маҳсулотларнинг кўпайишига олиб келди. Натижада ички ва таши савдо тез ривожланди. Миср Европа ва қўшни Осиё давлатлари билан қизғин савдо муносабатларини олиб борди. XVIII аср охирига келиб фақат Қоҳирада чет эллар билан савдо қиладиган 5 мингта савдогар фаолият юритарди.
1769 йили, рус-турк урушидан кейин вужудга келган муҳитдан фойдаланиб, мамлук ҳукмдори Али-бей Мисрнинг Усмонийлар империясидан мустақиллигини эълон қилди, ҳамда «Миср ва иккала денгизнинг султони» унвонини олди. Дастлаб Али-бейнинг ҳаракатлари муваффақиятли давом этди, аммо мамлук бейлари билан бўлган қуролли тўқнашув Алибейнинг мағлубиятига олиб келди. Натижада турклар ҳокимияти қисман тикланди.
Мамлук зодагонларининг ўзаро урушлари Мисрнинг иқтисодий аҳволига ёмон таъсир кўрсатди. Уларнинг ўзбошимчалиги, деҳқон ва ҳунармандлар устидан қилган золимликлари мамлакатда норозиликни кескин кучайтирди. Айниқса деҳқонларнинг аҳволи оғирлашди. XVIII аср охирида француз тадқиқотчиси Эстев Миср қишлоқларидан бирида 70 дан зиёд солиқ турини санаган. Турк ҳукмронлиги ва мамлукларга қарши мамлакатда бошланган халқ ҳаракатига Қоҳирадаги ал-Азҳар масжидининг таниқли шайхлари бошчилик қилдилар. Уларнинг чақириғига биноан 1795 йил ёзида Қоҳиранинг ҳунармандлари ва савдогарлари ўз дўконларини ёпдилар. Мамлук ҳукмдорлари шайхлар билан музокара бошлашга, зўравонлик ва қонунсизликларга чек қўйилишига ваъда беришга мажбур бўлдилар.
Ал-Азҳар масжиди шу даврда бошланган француз босқинига қарши халқ ҳаракатининг ҳам марказига айланди. 1798 йили Қоҳирани забт этган Наполеон Бонапарт «Оллоҳ, унинг пайғамбари ва Қуръонни ҳурмат қилиши»ни айтиб, Мисрни мамлуклар зулмидан озод этувчи халоскор қилиб ўзини кўрсатишга ҳаракат қилган бўлсада, шаҳар ва қишлоқларга французлар солган солиқ мамлукларникидан анча юқори эди. Шу сабабли 1798 йил 21–23 октябрь кунлари Қоҳирада Ал-Азҳар масжидининг шайхлари бошчилигида французларга қарши қўзғолон кўтарилди. Наполеон жуда қийинчилик билан бўлса-да қўзғолонни бостирди. Мисрда француз армиясининг келажагини тушунган ва мамлакатда сиёсий аҳволнинг тайинсизлигидан Наполеон бу ерни тарк этди. Унинг ўрнига келган генерал Клебер 1800 йили 24 январда Ал-Ариш деган жойда турклар билан сулҳ имзолади. Аммо Англия туркларни бу келишувдан воз кечишга мажбур қилди. Бунга жавобан генерал Клебер бошчилигида француз қўшинлари Гелиополис ёнидаги жангда туркларни тор-мор қилди. Шу пайт Қоҳирада халк қўзғолони кўтарилиб, шаҳардаги турклар ва мамлук бейлари томонидан қўллаб-қувватланди. Бир ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг, Клебер қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлди. Шу даврда Ўрта Ер денгизида ҳаракат олиб бораётган адмирал Ушаков бошчилигидаги рус флотининг фаолияти туфайли Мисрдаги француз армиясининг ҳолати анча сусайди.
Бунинг устига 1800 йил 14 май куни турклар томонидан жўнатилган қотил Клеберни ўлдирди. Унинг ўрнига келган генерал Ману Мисрга туширилган инглиз экспедицияси билан бўлган муваффақиятсиз жанглардан сўнг, 1801 йил баҳорида таслим бўлиш ҳақида актни имзолашга мажбур бўлди. Шу йили сентябрда француз армиясининг қолдиқлари Мисрни тарк этди.

Манба:Жаҳон тарихи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон республикаси мустақилликдан кейинги йилларга берилган номлар

1991 - " Aлишeр Нaвoий " йили. 1992 - " Ҳaмширaлaр " йили. 1993 - " Aҳмaд Яссaвий " йили. 1994 - " Мирзo Улуғбeк " йили. 1995 - " Ибн Синo " йили. 1996 - " Aмир Тeмур " йили. ...

«ўзбекистон республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун (янги таҳрирда) лойиҳаси ишлаб чиқилади

 «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун (янги таҳрирда) лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон ...

Киевнинг айрим туманларига зарбалар урилмоқда

Россия қуролли кучлари Киевнинг Русановка, Вишнево, Куреневка, Боярка ва Жуля ҳудудларига ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда. Бу ҳақда Украина Махсус алоқа ва ахборотни ҳимоя қилиш ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400