БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ

Н. га

Майли-да, кимгадир
Ёқса,
Ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…

Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени,
Ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат,
Йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг —
Онанг сени
Чиройли туққан!..

Менга
Бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг
Соҳилларидан.
Ўзинг айт,
Сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун —
Кокилларидан?..

Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил,
Яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.

Мен эса
Ошиғинг сенинг —
Энг ғариб.
Тундан сўз
Қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.

Иста,
Тиз чўкаман
Ҳозир олдингда,
Севдим,
Севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..

Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!


Муҳаммад Юсуф

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Кундаш — кундашдир

12. КУНДАШ — КУНДАШДИР Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. ...

Мeҳробдан чаён-чаённинг намойиши

Бу кеч масжид ҳужраси яна обод, катта шамъни тоқчаға қўндириб, очиқ танчага писта кўмир солиб,  маъ-юс,  бир-бирига  ёнма-ён  ўлтурғучи  икки  муфти  қўлларини  оловға  ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-7

Уйда, ярим кечаси ётишга ҳозирланаётганларида Султонмурот колхоз раиси мактабга келганини онасига гапириб берди. Онасига жимгина пешанасини силаб, ҳорғингина қулоқ солди. У ...