Миллатни хор қилган амалдорлар-а!

Бугун Абу Сахий бозорида чеккада бироз ўтириб, ёнимга келиб тўхтаган 45 ёш атрофидаги бир аравакаш акани гапга тутдим.

Ўзлари Қашқадарёлик эканлар. Ўртача бир кунда 100 минг сўм ишлар, иш кам бўлса, 60-70 минг сўм, яхши бўлса 150 минггача бўлиши мумкин экан. Арава сургани учун кунига 25 минг сўм солиқ тўлар экан. Эрталаб 10 минг сўмга нонушта, тушлик яна 10-15 минг сўм бўлади. Яна кунлик ижара уй тўлови бор. Ойда бир уйга бориб келар эканлар. Оила, хотин, бола-чақа дийдори, дегандек.

Ҳафтада уйга 200 минг сўм пул жўнатар эканлар. “Ўртача бир ойда 1 миллион, жуда бўлса 1,5 миллион сўм пул йиғаман”, дедилар. Оилалари деҳқончилик билан шуғулланаркан.

2 йил Россияда ишлагандан сўнг, ватанга қайтиб 9 йилдан бери шу йўсинда пойтахтда меҳнат қилаётган эканлар, бу хокисоргина акамиз.

“Эҳҳ” дедим. Адолатинг шуми, дунё?! Эшитиб, инсоннинг ичи эзилади. Тупроғи ости олтин, кўмир, газ, қазилма рудаларга, бойликларга, очилмаган хазинага тўлиб-тошган юртнинг бир оддий фуқароси 100-150$ учун бир эркак, оила бошлиғи хотини, болаларидан, оиласидан узоқда кун кечиришга мажбур бўлса-я! Наҳот шу – кимлардир бир ўтиришда еб юборадиган 150$ пул болалари вояга етиб келаётган, фарзандлари айни ота тарбиясини олиши керак бўлган бир эркакнинг оиласидан бир умр узоқда яшашига арзиса?!

Асло “Хеҳ” деб кулманг! Арзийди! Шу хокисоргина акамиз учун, ҳаққи халқумидан юлиб олинган шўрлик акамиз учун арзийди. Чунки бошқа чораси йўқ. Ҳаёт мажбур қилса, одам нималар қилмайдики.

Қачон баландпарвоз гаплар бас қилиниб, ҳеч қурса ҳар бир вилоят марказида, аҳоли зич, ишсизлик юқори ҳудудларда биттадан, иккитадан катта завод қурилиб, шу вилоят аҳолиси иш билан таъминланар экан-а?!

Наҳот бир катта мамлакат учун шунча йилдан бери бу иш шу қадар катта муаммо бўлса? Ўн йиллаб оиласидан узоқда ризқ топиш учун юрган бундай юртдошларимиз яна қанча бор? Бир миллион? 5 миллион? 9 миллион? 10 миллионга яқин!

Шонли тарих ёзган буюк миллатим-а! Қай аҳволларга тушдинг?! Қандай ботқоқларга ботдинг-а! Неларга лойиқ эдинг-у, не кунларни кўряпсан?! Юрак бағримни ёқиб кул қилган миллатим-а!!!

Аввал оғзингдан нонингни тортиб олиб, қулликка мажбурлаб, кейин юмшоқ курсиларда ўтириб олиб, “дангасалар” дейиш нақадар осон-а!

Шундай оғриқли ҳолатда ҳам аканинг юзида маҳзун кулгу бор. Эҳ акам-а! Сен бу миллатнинг асл қаҳрамонисан. Сен фидойисан! Сен пасткаш, муттаҳамликдан поксан. Сен сенинг ризқингни, ҳаққингни оғзингдан юлиб, миллиардларингни ўғирлаб талаб кетган раҳбаринг қизидан, у каби ўғри, муттаҳам, порахўр, фирибгар, ҳаромхўр, жиноятчи амалдор, каттаконларингдан ўз ҲАЛОЛ меҳнатинг билан қат-қат устунсан!

Сенга таъзим қилса арзийди раҳбарларинг. Пойинга тиз чўкса арзийди.

Муаллиф:Ҳаёт Бахтиёр Ўғли

Манба:Телеграм

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Робинзон крузо янгимозорда бўлганми?

...Мўмина Ҳайдарова беш яшар боласини уйда ёлғиз қолдириб ишга чиққанди. Мана энди хавотир олиб турибди. Ободончилик ишлари билан машғул аёл ора-сира ортига — бир чеккаси қум ...

Ўзбекистон аҳолисининг «сандиғи»да миллиардлаб доллар бор

Жуда камайтириб ҳисоблаганда, Ўзбекистон аҳолисининг «сандиғи»да бир неча миллиард доллар бор. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров ...

Қўшработ туманида  мактабга ажратилган маблағлар талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Қўшработ туман Халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ...