Эркин матбуот, эркин фикр яшайдиган жойда давлат амалдорлари у ёқ-бу ёғига қараб ишлайди

Синган кўзгу…

Кимнингдир турткиси билан уйғониш чин маънода уйғоқликми? Ҳақ олинса, кўнгил тўлади! Берилган ҳақ билан мақтаниш ожизликдир! Ўзинг уйғонсайдинг, ўзинг ҳақингни сўрашни билсайдинг, ҳеч бўлмаса, ҳақини сўраганлар ёнида тура олсайдинг! Янаям паст­роқ тушай, ҳақини сўраганларга индамасайдинг!

Президент Ангренга бориб, халқнинг ночор аҳволи ҳақида жуда қаттиқ гапирди. Эртаси куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган бир журналист ёзди: “Биз шундоққина биқинимизда турган муаммони кўрмаган эканмиз, қаранг Президентимизнинг донолигини!” “Хизмат кўрсатган” ҳалиям отда, ҳалиям бировга гап бергиси келмайди! Қани энди бир тил бўлса-ю, “Ҳазрат, сиз ана шу биқинингиздаги муаммони кўрмаганингиз учун раҳбар бўлдингиз, халққа хизмат қилмаганингиз учун “хизмат кўрсатган” олдингиз-да”, деса! Дегандаям нима ўзгаради?! Шу одамдан кўп дакки эшитганман: “Ҳаётга қора кўзойнак билан қарайсан! Президент сиёсатига қаршимисан?!”. Ўн йил олдин бу гапнинг нималигини билармидингиз? Шу атрофда юрган бўлсангиз, албатта билардингиз. Билмай кўринг-чи! Бу шундай таҳдид эдики, эшитган одам беихтиёр “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деворарди. Ҳа, шунақа деб юравердик. Ўтган йили қарасак, биз ҳаммадан кам эканмиз! Таълим тизими издан чиқиб кетган, соғлиқни сақлаш аянчли аҳволда, қишлоқ хўжалиги ночор, ёшлар қаровсиз, диний саводсизлик авжига чиққан!..

Биз нима қилдик, ўзи? Ҳеч нарса қилмадик десак, инсофсизлик бўлади. Жуда кўп ишлар қилинди, лекин аксарияти хато йўлдан кетди. Нима учун шундай бўлди, биласизми? Жамиятдан ЭРКИН ФИКР қувиб чиқарилди! Фикр айтган одам душманга айлантирилди. Оммавий ахборот воситалари “бўлмайди” деган сўзни луғатидан ўчириб ташлади. “Ҳаммаси зўр, ҳаммаси бўлади”га чиқиб кетди! Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фикрлайдиган бўлдик. Шунақа қулинг ўргулсин кадрлар етиштирдикки, бири қўйиб, бир “Ватанни севади”.

Бир одам ҳеч қачон хато қилмаслиги, мутлақ ҳақиқатни гапириши мумкин эмас. Ғойибдан келадиган ваҳийнинг тўхтаганига ўн беш аср бўлган ахир! Йўқ, биз буни тан олмадик, “Сизники маъқул!” дедик. Эркин матбуот, эркин фикр яшайдиган жойда давлат амалдорлари у ёқ-бу ёғига қараб ишлайди. Ҳукуматнинг кўзига матбуот кўзгу тутиб туриши керак. У кўзгуга қарасин, ўзини тузатсин! Бир ҳафта кўзгуга қарамаган одамнинг башарасини кўрганмисиз? Йигирма беш йил қарамаган одамникини-чи?! Биз кўзгуга қарамадик, уни синдириб ташладик. Ҳукумат билан ўртамиз узилиб қолди. Шунақа бир девор пайдо бўлдики, ошиб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ! Пахтани териб, ғаллани йиғиб, газ, нефть, олтинни қазиб олиб, девордан ошириб ташлаймиз. Биз қора ботирларнинг мақсадимиз: омборни тўлдириш! Лекин бу ўлгур ҳеч тўлмайди. Тўлдиролмадик! Натижада, дон излаб ҳар томонга учиб кетдик. Шунда ҳам ҳеч ким “Шунча меҳнат қилдинг, узр, қорнингни тўйғазолмадик”, демади. Ортимиздан: дангасалар, хоинлар, “ватангадолар” деб сўкиб қолди. Биз соддалар билмадикки, омборимизга каламушлар танда қўйган экан! Бу ёғи Лос-Анжелесу бу ёғи Швейцарияда миллион-миллон долларлик саройлар қурибмиз, виллалар сотиб олибмиз, шахсий самолётларимиз бор экан… Лекин биз билмабмиз, билолмасдик ҳам-да! Чунки кўзгу синган эди, синдиришган эди. Энди нима бўлади? Кўзгуни бутлай оламизми? Йўқ, чунки кўзгу синган куни ўқувчининг ишончи ҳам қўшилиб синган. Яқинда бир отахон газета таълим тизимининг ўн бир йилликка қайтиши келажак учун муҳим қадам бўлганини ёзиб, исботлаб берди. Беш-ўн йил илгари “Коллежлар бизнинг келажагимиз”, деб ёзиб, уни ҳам бот-бот исботлаб турарди. Халқ бу гапнинг қайси бирига ишонсин?

Телевидениеда кўрганмисиз, ёши саксондан ошган бир онахонни залнинг ўртасига турғазиб қўйиб, туман прокурори бошчилигида бир зал одам талаяпти:

– Хоиннинг онаси!

– Шунақа бола тарбиялайсанми?!

– Юртнинг юзини ерга қаратди!

– Туманимизга иснод келтирди!

Ҳақоратнинг чек-чегараси йўқ. Бу ҳақоратларга онадан бошқа ҳеч ким чидай олмайди! Она боласи учун чидайди-да! “Бу шўрлик нима қипти?” денг, ўғли Россияга ишлашга кетиб, ўша юртлардан Туркияга ўтиб кетибди. Муаммо шу, шунга она айбдор! Йигирма йил олдин уни Туркияга ўтиб кетмайдиган қилиб туғиши керак эди.

Энди пластинкани алмаштирдик. “Туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла фаоллари билиб-билмай хато йўлга кириб қолган ёшларимизни соғлом ҳаётга қайтариш учун уйларига бориб суҳбатлар ўтказишяпти. Натижада одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи тикланяпти”. Айтинг-чи, залда қон ютиб турган 80 ёшли ўша онахон бу гапларни эшитиб нималарни ўйлаётган экан? Телевидениенинг қайси гапига ишонсин? Эртага яна бош­қачароқ гап ўртага чиқиб қолса-чи! Демак, оммавий ахборот воситалари кўрсатма асосида ишлашни бас қилиши лозим. ОАВ ҳукуматнинг оғзига қарамасин, тишлаб ўтирган мумини туфлаб ташлаб, ўзининг оғзини ҳам ишлатсин! Бугунгача келаётган йўлини ўзгартирсин, ўқувчининг ишончини қозонадиган йўлга ўтсин. Бу йўл – мустақил фикрлаш, ўз СЎЗИ ва ўз ФИКРИни айта олиш йўли бўлсин. Шунда бизнинг жамиятимизда ҳам ШАХСлар пайдо бўлади. Шахслар – миллат локомотивлари! Бутун бошли миллат китобхон, зиёли, буюк бўлиб кетиши мумкин эмас. Миллатнинг буюклигини ана шу локомотивлар кўрсатади. Биз шахсларга йўл бермадик. Болаларимизни шахс қилиб тарбиялашга интилмадик.

Ёшларимиздан бири фахрий ёрлиқ олган экан, қувончдан: “Энди қандай яшайман?!” деб изиллайди. Ҳой, сенинг истеъдодингнинг нархи битта фахрий ёрлиқмиди ҳали?! Биттаси чиқиб, “Мамлакатимизда ёшларга (ҳатто хотин-қизларга деганиниям кўп эшитганмиз телевизорда) берилаётган эътибор дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ”, дейди. Чиноздан нарига ўтмаган қизалоқнинг гапини қаранг! Чунки у нима қилсин, ўзининг гапи йўқ, бу гапни қаердандир эшитиб олган ёки қайсидир зиёлинамо кас бирор тадбирда чиқиб қолсанг айтасан деб атай ёдлатган. Аниқ билади, зарарсиз гап! Хуллас, умумий гап­лардан, шаблон гаплардан, энг муҳими, ёлғон гаплардан воз кечиб, реал ҳаётга қайтиш вақти аллақачон келди.

Алишер НАЗАР

Манба:21asr

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Кобул дусов “адолат” партиясига қабул қилинмади

18 октябрь куни Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Кобул Дусов Фейсбукдаги саҳифасида «Мен миллий тикланишимиз учун «Адолат»ни танладим, чунки адолатсиз ...

Нквд-кгб-снб-сгб…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида фармони чиққанини эшитиб, матни билан ...

Ўза : ғарб аҳлида ҳам умид уйғотган мурожаат

Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Негаки, мазкур ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400