ЖУРНАЛИСТ ДАВЛАТ СИРИНИ БИЛАДИМИ?

«Ҳозирги замонда ҳақиқатни фақат ман қилинган китобларда топиш мумкин, қолган китоблар – алдовларлан иборат»

Гелвеций, «Инсон тўғрисида», 1679 йил. 
(«Гелвеций. Сочинения. Т. 2» китобидан, Москва, «Мысль», 1974 й.)

Сирлар тўғрисида шундай латифани тўқишибди. Фуқаронинг уйига келиб, суриштиришади: «Кечирасиз, тақсир, сиз шу ерда яшайсизми?» «Эҳ-ҳа, бу – давлат сири, биродар!» Яна сўрашади: «Билсак бўладими, нима ҳисобидан кун кўраяпсиз?» «Бу – тижорат сири!» «Яшаяпсизми ўзи?» – қизиқишибди одамлар. Фуқаро жавоб берибди: «Ҳа-я, ҳукуматимизнинг қўл остида яшаяпманми?! Тирикманми ўзи ҳануз?! Биласизми, бу – шифокорлик сири…» Бу сирларнинг бари ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳар бир шахснинг ҳар қандай ахборотни эркин излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини давлат сири ва бошқа сирларни асраш нуқтаи назаридангина чеклайди. Худди шу меьёрдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонуннинг 6-моддаси 1-қисмида оммавий ахборот воситасидан давлат сири ва бошқа сирларни ошкор қилишда фойдаланиш мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни давлат сирларини асраш масалаларини тартибга солади. Мазкур Қонунда давлат сирлари тушунчаси очиб берилади. Қонуннинг биринчи моддасида айтилишича: «Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маьлумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади».

Қонуннинг 3-моддасига кўра, давлат сирлари давлат сири, ҳарбий сир ва хизмат сири сингари тоифаларга бўлинади. Ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таьсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маьлумотлар давлат сирини ташкил этади. Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маьлумотлар ҳарбий сирни ташкил этади. Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маьлумотлар хизмат сирини ташкил этади.

Қонуннинг 5-моддасида айтилишича: «Ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маьлумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маьлумотлар Рўйхатига мувофиқ амалга оширилади».

Ҳаммага маьлумки, қонун фақат ошкор этилганидан сўнг кучга киради, деган муқаррар бир қоида мавжуд. Фуқаро ҳаракатининг ноқонунийлигини била туриб (билиш имконига эга бўла туриб) содир этсагина, жазога тортилади. Шунинг учун ҳар қандай қонун ҳужжати чоп этилганидан сўнг кучга киради ва унинг ошкор этилганидан олдин содир этилган хатти-ҳаракатларга нисбатан қўлланилмайди. Ҳозиргача маьлумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маьлумотлар Рўйхати сир сақланмоқда, яьни улар эьлон қилинган эмас, шунинг учун ҳеч ким давлат сирини ошкор этганликда айблангани ҳам йўқ ҳамда, табиийки, айбланиши ҳам мумкин эмас.

Мамлакатда ҳуқуқий давлатнинг мўьтадил фаолият юритиши учун мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ошкор этилиши лозим ва барча фуқароларга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларининг муҳаррирлари ҳамда журналистларига маьлум бўлмоғи керак. Шундагина улар мазкур қонунчилик ҳужжатларини биладидар ва уларга риоя қиладилар ҳамда, қонунбузарликка йўл қўйсалар, жазоланадилар. Билмаган нарсага риоя қилиб бўлмайди-да, ахир.
Мазкур Низом ва Рўйхатнинг ошкор этилиши ҳукуматни давлат сирларини сақлаш баҳонасида оммавий ахборот воситаларининг барча материалларини аввалдан цензура қилиш юкидан холос этади, чунки: «Ўзбекистон Республикасида цензурага йўл қўйилмайди. Журналистдан хабарлар ва материалларни олдиндан келишиб олишини, шунингдек, материал ёхуд хабарнинг матнини ўзгартиришни ёхуд уларни бутунлай нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ» (Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонунининг 4-моддаси). Бу – цензурадир, Конституцияга (67-модда), Қонунларга («Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонуннинг 4-моддаси, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонуннинг 4-моддаси, «Ноширлик фаолияти тўғрисида» Қонуннинг 3-моддаси) ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдида қабул қилган халқаро мажбуриятларига зиддир, шунинг учун ноқонуний жиноий фаолият ҳисобланади.

Давлат сирларини сақлаш билан шуғулланувчи идоралар ўзларининг назорат функцияларини оммавий ахборот воситаси маҳсулоти чоп этилганидан, эфирга берилганидан сўнг ҳам амалга ошираверишлари ва айбдорларни жазолашлари мумкин.

Олдиндан келишиб олиниши ҳолатида журналистлар, ёзувчилар, олимлар – барча ижодкорлар жиноят қилмасдан туриб, жазоланмоқдалар, яьни қаламларини қимирлатганлари заҳоти назоратдан ўтказилган бўладилар.

Энди – давлат сирларини ошкор этганлик ёки ўзгага берганлик учун жазолаш борасида фикрлашсак.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида давлат сирларини ошкор қилиш ёки ўзгага бериш, яьни давлат сири, ҳарбий сир ёки хизмат сири ҳисобланган маьлумотларнинг бу сирлар ишониб топширилган ёки хизмат ёхуд касб фаолияти юзасидан улардан хабардор бўлган шахс томонидан ошкор қилиниши учун жавобгарлик кўзда тутилган (162-модда).

Мазкур модда матнидан кўриниб турибдики, давлат сирини ошкор этиш ёки ўзгага бериш учун жавобгарликка мазкур сирлар билан хизмат ёки касб фаолияти билан боғлиқ ҳолда белгиланган тартибда таништирилган, ишониб топширилган шахслар тортилиши мумкин, яьни улар сирлардан хабардор бўлишдан олдин мазкур маьлумотлар сир эканлиги, уларни маьлум муддатга (беш йил, ўн йил ва ҳоказо) сир сақлаш зарурлиги, бу мажбурият улар мазкур лавозимдан, хизматдан бўшаб кетгандан сўнг ҳам сақланиши, уларнинг чет давлатларга чиқиши чекланиши тўғрисида огоҳлантириладилар ва ёзма тилхат берадилар. Ўзбекистон Респбликаси Жиноят кодексининг шарҳларида бунга аниқ тушунтириш берилган: «…шарҳланаётган жиноятнинг субьекти ўзларининг хизмат ёки касбий фаолият – соҳасига кўра давлат сирлари ишониб топширилган ёки хабардор шахслар бўлиши мумкин» ( «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига шарҳлар», Тошкент, «Адолат», 1997 йил, 201-бет). Журналистика – эркин фаолият туридир, давлат сирлари билан ишлайдиган соҳа эмас, оммавий ахборот воситаси – давлат идораси эмас, журналист ўзига чойхонадаги суҳбатдан ёки бозордаги гап-гаштакдан маьлум бўлган «сир»ни ошкор қилгани учун жавобгарликка тортилмайди. Давлат ўз сирларини ишониб топширган, аммо уларни сақлай олмаган, журналистгача етиб келишига сабабчи бўлган шахс жавобгарликка тортилиши мумкин. Биламизки, Россияда хавфсизлик хизматлари икки журналистга (Г.Пасько ва А.Никитин) қарши жиноий иш очдилар (ва ютқаздилар). Бу журналистлар – журналистикага келишдан олдин Россия Ҳарбий денгиз флотининг офицерлари бўлганлар, демак, муайян ҳарбий сирлар уларга ишониб топширилган бўлиши мумкин, худди шу ҳолатгина уларга қарши иш қўзғаш имконини туғдирган.

Шундай қилиб, мазкур ҳолатда «давлат сирлари сақлаш» оммавий ахборот воситаларин материалларини аввалдан цензура қилиш учун бир баҳонадир, зеро журналистика давлат сирларини сақлаш мажбуриятини олган соҳа эмас, оммавий ахборот воситаларигача етган «сирлар»ни сақлаш имконсиздир. Цензура ҳақиқий давлат сирларини сақламайди, ахборотларни «тозалаш» билан шуғулланади. Агар цензура олиб ташлаган материалларга шунчаки кўз югуртирсак ҳам бунга ишонч ҳосил қиламиз. Коррупция, порахўрлик, экологик вазиятнинг оғирлашуви, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовутнинг ошиб бораётгани, ишсизлик ва ҳоказолар – бу маьлумотлар «давлат сири» эмас. Агар бу маьлумотлар давлат учун сир бўлса, аҳоли учун асло сир эмасдир.

Карим Бахриев

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда 2019 йилда 1 млн 490 минг 660 тонна картошка етиштирилади

2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (2019 йил 29 март, ...

Cotton campaign ўзбек пахтаси бойкотини бекор қилмади

Пахта саноатида мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича халқаро кампания - Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан музокаралар олиб боргач, ўзбек пахтасининг ...

Ўнлаб имом-хатиб вазифасидан бўшатилди

Тожикистонда ўнлаб жомеъ масжидларининг имом-хатиблари мамлакат Дин қўмитаси ҳамда Уламолар кенгаши вакиллари томонидан олинган имтиҳонлардан ўта олмагани учун вазифасидан ...