Муштумзўр методист. Андижон ХТБ тизимида бўлаётган хунук воқеа

Беш ойдирки, боши ғавғодан чиқмай қолган Нилуфар Маматқулованинг бор-йўқ айби ўқувчисига бўлган меҳри, ундаги руҳий ўзгаришлардан хавотир олганлиги эди, холос. Унинг ўрнида бўлган ҳар қандай рисоладаги педагог шундай йўл тутади аслида.

…2018 йилнинг октябрь ойида Андижон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 10-синфига янги ўқувчи қиз қабул қилинди. Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Нилуфар Маматқулова ёш бўлганлиги учунми, устоз-шогирд ўртасида самимий, айтиш мумкинки бир қадар дўстона муносабат шаклланади. Ўқувчи бот-бот «Сизга ҳавас қиламан, мен ҳам сиздек ўқитувчи бўлсам қанийди!» дейишни канда қилмайдиган бўлди. Қиш кунларининг бирида ўзаро суҳбат чоғида у ўқитувчига оиласидаги муаммолардан безганини, ота-онаси уни кўпам тушунавермаслигини, уйдан қочиб кетмоқчи эканлигини айтади. Табиийки, бу ҳол Нилуфарни сергак торттиради. Бу ҳақда ўз вақтида синф раҳбарига хабар беради.

Ўқувчиси синглисидек бўлиб қолган эмасми, Нилуфар бошқа бир ҳамкасби билан қизнинг уйига боради. Ота-онаси билан фарзандининг тақдири ҳақида суҳбатлашиб, вазиятдан огоҳлантиради. Ўқитувчининг бир бола тақдирига муносабати шунчалик бўлар, тўғрими? Бунинг учун ота-она раҳмат айтиши керак, аслида.

Бизнинг ҳолатда-чи?

Ўша воқеанинг эртасигаёқ қизнинг отаси мактаб етиб келиб, бир кун аввал уйига борган икки ўқитувчининг дарс соатларини суриштира бошлади. Боз устига, йиғилиш чақиртириб, ҳамкасблари олдида уларни кечаги ҳолат такрорланмаслиги хусусида жиддий огоҳлантиради. Нилуфар қизнинг отасидан узр сўрайди! Маълум бўлишича, ота бўлмиш Андижон шаҳри халқ таълими бўлимида жисмоний тарбия методисти бўлиб ишлар экан. Фарзандининг тақдири учун куйинган икки ўқитувчини кўпчилик олдида кечирим сўратишининг қуввати ҳам шунда: у ХТБда ишайди-я….

Айни кўнгилсизлик шу билан тинчиб кетса, қани! Йўқ, аксинча, ҳақиқий ғавғо кейин бошланди. Шу йил февраль кунларининг бирида юқорида тилга олганимиз – шаҳар халқ таълими бўлими жисмоний тарбия методисти мактабга келиб, директор Муфаззал Қодировадан ўқитувчи Нилуфар Маматқулованинг хулқи яхши эмаслигини(!), шу сабаб ишдан бўшатишни талаб қилади. Дастлаб директор бунга кўнмайди. Бироқ босимлар давом этавергач, февраль ойининг охирларида директор Нилуфарни ҳузурига чақиртириб, вақтинча ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришини илтимос қилади. Ўқитувчи таклифни рад этади.

Орадан кўп ўтмай эрталаб ишга келган Нилуфар мактаб ҳовлисига кираверишда айни можароли ҳолат қаҳрамонлари – ўқувчи қизнинг ота-онаси, бошқа яна уч нафар нотаниш одамларга рўбарў келади. Улар «Сен қизимизнинг миясини айнитяпсан, унга бемаъни СМСлар ёзиб, хулқига салбий таъсир кўрсатяпсан», деб, ҳе йўқ-бе йўқ, Н.Маматқуловага қўл кўтаришгача боради! Ўқитувчи ва мактаб қоровуллари Нилуфарни муштумзўрларнинг чангалидан қутқариб қолишади. Боз устига, методист акамиз: «Агар ўз хоҳишинг билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзмасанг, сени шарманда қиламан», дея шарт қўяди ҳамда Нилуфарнинг қўл телефонини зўрлик билан тортиб олади.

Ожизага қўл кўтаришга жазм қилган жаноб бу билан ҳам кифояланмай, мактаб директори ва ўринбосарига яна тазйиқ ўтказиб, ўқитувчини ишдан бўшатишга эришади.

Қиз бола боши билан туҳматларга гирифтор бўлган Нилуфар қандай вазиятга тушганлигини тасаввур қиляпсизми?

Ортиқча ғалваю можаролар, қаттиқ стресс, андиша туйғуси устун келиб, мактаб директори номига ишдан бўшаш тўғрисида ариза беришга мажбур бўлади.

Айни паллада шаҳар халқ таълими бўлими методисти ҳам Нилуфарнинг устидан ички ишлар бўлимига шикоят қиладики, бу энди «қўрқоқ олдин мушт кўтарар» дегандек гап.

Хўп, методист йигитнинг аризасида келтирилган иддаолар тасдиқландими? Йўқ-да. Буни ички ишлар бўлими томонидан Н.Маматқуловага берилган икки энли хат тасдиқлаб турибди: «Фуқаро … томонидан сизнинг ҳаракатларингиздан норози бўлиб ёзган аризаси бўйича Андижон шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ЖҚБ томонидан бир қатор терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилганлигини ва текширув якунига кўра, Сизнинг ҳаракатларингизда жиноят аломатлари мавжуд эмаслигини хабар қиламиз».

Шу ўринда Нилуфар ҳақида икки оғиз сўз.

Эндигина 25 ёшни қаршилаган ўқитувчи ҳақида мактаб психологи шундай хулоса беряпти: «Нозик табиатли, тафаккури теран, билим салоҳияти юқори, аёл кишига хос бўлган барча гўзал хислатлар мужассам. Психолог сифатида умумий ҳолда айтишим мумкинки, қўйилаётган айбловлар бу қизнинг характерига мос эмас». Айни можаролар сабаб шу йил 23 март куни Нилуфар Маматқулова фаолият кўрсатаётган 3-мактабда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилади, баённомада 80 нафарга яқин ҳамкасбларининг барчаси у ҳақдаги ижобий фикрларни бирдек тасдиқлашади.

Хўш, Нилуфар-чи? Бошига солинган шунча кўргуликлар учун ҳалиям жим ўтирибдими? Бекордан-бекорга лой чаплашса ҳам индамай тураверадими? Боз устига, туппа-тузук ишидан айрилган. Йўқ, у ҳам энди андишани бир четга суриб, айни масала юзасидан Андижон шаҳри прокуратурасига мурожаат қилди. Албатта, орган ходимлари бу борада қонуний, адолатли сўзни айтадилар.

Ҳозир ҳам Андижон шаҳри халқ таълими бўлимида жисмоний тарбия методисти бўлиб ишлаётган жанобнинг фарзанди айни мактабда таҳсил оладиган паллада дарсларни сабабсиз қолдириб, салкам уч ой аввал бошқа яқинлари билан хорижга кетиб қолганлигини қандай тушуниш мумкин? Шаҳардаги таълим муассасаларига бош бўлган идора мутасаддиси бу борада бошқа ота-оналарга ўрнак бўлиши керак эмасми? Умуман, ўз хатти-ҳаракатларини бошқара олмаган, аёл зотига тазйиқ ўтказишдан тап тортмаган инсоннинг халқ таълими бўлимида ишлашга маънавий ҳақи борми? Халқ таълими бўлими бошлиғининг бу гап-сўзлардан, ўз қўл остидаги ходимнинг «шоввозликларидан» бохабарми?

Биз мақоладаги асосий қаҳрамоннинг иш жойини кўрсатдигу, исми-шарифини очиқламадик.

Гап эгасини топади.

Нурбек Зафар

Манба:Хабар.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Самарқандлик қотилларнинг ота-онаси ким?

Самарқанднинг Иштихон туманида бўлган воқеа кўпчиликни ларзага солди. Бир оила йўқ бўлиб кетди. Ҳар бир жамиятда оиланинг оила бўлиб шаклланиши, ўз ўрнини топиши нечоғлик ...

Жинсий зўравонлик қурбони бўлган деб тахмин қилинаётган қизлар сўроқ қилинмоқда

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида таълим олувчи қизларнинг жинсий зўравонлик қурбони бўлган деб тахмин қилинаётган беш нафари ҳуқуқни ...

Боғча очиш йўлида сарсон бўлган аёлнинг сўнгги сўзи: “барибир фойдаси йўқ!”

Дилдора Мадаминова Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим беради. Болаларга меҳри ўзгача. Нодавлат таълим муассасалари қуриш, фойдаланиш ...