Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин

Жой номларини ўзгартириш керак экан, бу ишни топонимистларга, тилшуносларга, этнограф ва тарихчиларга қўйиб беринг. Ҳадеб жой номларининг ўзгартирилиши тарих ва анъананинг йўқ қилинишига олиб келади.

Нимани назарда тутаётганимни тушунгандирсизлар. Андижон вилоятининг Бўз тумани номи ўзгартирилармиш. Бўстон деб.

Жой номларини қарта аралаштиргандай алмаштиравериш — Совет давридан қолган ёмон мерослардан бири. Совет даврида жой номларининг ўзгартирилиши сиёсатнинг муҳим қуролларидан бири бўлган. Биринчидан, бу билан хонликлар даври анъаналаридан узилишга ҳаракат қилинган. Иккинчидан, Совет даври идеологиясини жой номларида акс эттиришга ҳаракат қилишган. Шу боис революция оталарининг номлари жуда кўп шаҳар ва колхозларга берилган. Совет даврининг яна бир ўзига хос жиҳати — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги шаҳар ва қишлоқлар қуриш, янги ерларни ўзлаштириш эди. Шу сиёсатни акс эттириш мақсадида ҳам Ўзбекистон харитаси Бўстон, Гулистон, Баҳористонларга тўлиб кетган. Яъни, биз чўлни гулистонга айлантиряпмиз дейишмоқчи.

Бугунги Ўзбекистонда жой номлари илгаригидек кучли идеологик қурол эмас. Лекин Ўзбекистон совет даври инерцияси бўйича шу сиёсатни юргизишда давом этмоқда. Нурафшон, Баҳористон, Бўстон ва ҳоказо “чиройли” номлар “юртимизда амалга оширилаётган ободончилик ишларини” акс эттириши керак, ғояга кўра. Лекин совет давридаги топонимик сиёсатнинг бугунгисидан фарқи мана шунда — совет даврида реал тарзда янги ерлар ўзлаштирилган, янги шаҳарлар қурилган. Ҳозирги Ўзбекистоннинг вайрона аҳволдаги чекка-чекка туманларига жимжимадор номларнинг берилиши эса одамларнинг руҳини кўтармайди, аксинча, уларни масхара қилишга ўхшайди.

Дарвоқе, совет давридаги идеологик клишеларга ҳозир яна бир стереотип қўшилган: “хунук” жой номларини алмаштириш. Бу ҳам амалдорлар масаланинг моҳиятидан нақадар узоқлигини кўрсатади. Ҳар бир жой номи — бу алоҳида тарих, у шу жойнинг тарихини акс эттирадиган гувоҳликдир. Жой номи “хунук” бўлмайди, шунчаки номнинг асл маъноси унутилган бўлади. Аммо давлат амалдори буни қаердан билсин? У кўзига “хунук” кўринган нарса аслида бошқача мазмунга эга бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрмайди, жой номларининг асл аҳамиятини тушунмайди.

Хуллас, жой номлари — бу тарихий ёдгорлик, халқнинг ўтмишига алоқадор гувоҳликдир. Уларни ўзгартириб юбориш бир-икки кишининг (у ким бўлишидан қатъий назар) хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиши керак эмас. Буни халқнинг ўзи, энг камида профессионал олимлардан ва халқ вакилларидан иборат махсус тузилмалар хал қилиши лозим.

Эльдар Асанов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москвада ушланган тожикларнинг ҳуқуқлари қўпол бузилгани айтилмоқда (видео)

РФ президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш Кенгаши (ИХК) РФ ИИВга мурожаат қилиб, пойтахнинг жанубий шарқидаги “Москва” савдо марказида ...

Карманалик қассоблар эшак ва ўлган мол гўштини сотган вақтда қўлга олинди

Мазкур ҳолат Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Навоий вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жорий йилнинг 18 июль куни аниқланган, ...

Полицияни ҳурмат қила бошладим

Америкага энди келган вақтимда эскироқ машинада юрардим. Ўзбекистондан олган ҳайдовчилик гувоҳномам билан. Уч ойгача юрса бўлади ўз давлатингиз берган гувоҳнома билан. ...