Муаммо кўп, ваъдалар эса фақат «хўп-хўп»

Учқўрғон – Қирғизистон Республикаси билан чегарадош туман. «Қирғизқўрғон» маҳалласини эса чегара билан йўл ажратиб туради, холос. Шу сабаб, 2014 йил мазкур ҳудуддаги 70 дан ортиқ хонадон «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғинининг Боғ массивига кўчирилган ва ўшанда уй-жой қилиб, янги рўзғор тиклаётган аҳолига қоп-қоп ваъдалар берилган. Мана, орадан беш йил ҳам ўтди-кетди. Ишонтирилган инфратузилмадан, айниқса, тоза ичимлик сувидан дарак йўқ. Хонадон эгалари эса антисанитария ҳолатидаги ариқлардан сув ичадилар.

Ариқ сувига ўрганиб қолдик

— Кўчиб келганимга беш йил бўлди ва шунча вақтдан буён тоза ичимлик суви бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, ҳисоб, — дейди маҳалла фуқароси Шокир Ражаббоев. — Аввалги маҳалламизда бундай муаммо йўқ эди. Ишонсангиз, ҳар куни лойқа сув ичавериб, шунга мослашиб ҳам қоляпмиз. Олдинига тез-тез қорин оғриғига учраб турардик, энди қорин ҳам безовта қилмай қолди.

Аслида 2014 йилдаёқ мазкур маҳаллага ер остидан ичимлик суви тармоғи тортилган. Лекин қувурлар бошида озгина ишлаганича, қайтиб сув келмай қўйган. Уни қайта таъмирлаб, битта сув минораси ўрнатилса бас, муаммо ечилади. Бироқ…

— Маблағ етарли эмас, — дейди туман «Қишлоқ ичимлик суви таъминоти» унитар корхонаси раҳбари Манзура Азимова. — Янги сув минораси қуриш учун 150 миллион сўм атрофида пул керак. Ҳозир шу мақсадда кредит оляпмиз. Имкон бўлиши билан муаммо ҳал этилади.

Раис янги, муаммо ўша-ўша

Аҳолининг эътироз билдиришича, ушбу муаммо юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини томонидан етарли иш олиб борилмаяпти. Асосан, аҳолининг ўзи турли идораларга югурмоқда. Йиғин ходимларининг парвойи фалак. Яқинда йиғинга янги раис сайланди. Эндиги умид ундан.

— Норин дарёсидан канал орқали келадиган иккинчи ариқнинг суви истеъмолга яроқли, фақат айрим хонадон эгалари ташиб ичишга эринадилар, — дейди аҳоли ишонч билдирган янги раис Фарҳод Раҳмонов. — Биз масалани ўрганиш учун сув тармоғини очиб кўрдик. Уни қум билан кўмиш ўрнига, шағал босилган, натижада қувурлар тешилган. Қолаверса, яна бир жойда техника аралашуви билан авария ҳолати пайдо бўлган. Ҳозир ҳаракатдамиз, аввал сув чиққан, яна чиқарамиз.

Гап фақат сувдагина эмас…

Маҳалланинг бир гуруҳ вакиллари фикрини тинглаганимизда маълум бўлдики, гап фақат тоза ичимлик суви муаммосида эмас экан. Ички йўллар таъмирталаб, симёғочлар янгиланмаган, энергия таъминотида нуқсонлар мавжуд. Хуллас, инфратузилма ўлда-жўлда. Арз билан бормаган идоралари, учрашмаган раҳбарлари қолмабди. Қулоқ тутиб эшитишаркану амалий ишга келганда қўрғончаликларни буткул унутишаркан.

— Электр тармоғини ички имкониятдан келиб чиқиб, тортиб олганмиз, — дейди меҳнат фахрийси Марҳамат Ражаббоева. — Кўчамиз қишда лой, ёзда чанг бўлгани учун ҳар ким ўз хонадони рўпарасига шағал ётқизишга келишган эдик. Кўпчиликнинг қурби етмади. Ўзим ҳам ўтган ойда нафақа пулим ҳисобидан атиги бир машина шағал тўктира олдим, холос. Маҳалламизда бирон киши бемор бўлиб қолса, «Тез ёрдам» машинаси кўча бошигача келади. Ичкарига кира олмайди. Хуллас, айтаверса муаммо кўп, лекин ечими йўқ.

«Хўп бўлади»ни «экиб бўладими?»

Бизни ҳайрон қолдиргани, шундай шароитда яшаётган аҳолининг мурожаатлари ҳар сафар чуқур ўрганилган, бартараф этишга ваъдалар берилган. Бироқ орадан вақт ўтса-да, ваъда ваъдалигича қолаверган. «Ҳар сафар «хўп бўлади», дейишади, кўнглимизни кўтариш учун вакиллар келади, мутахассислар нималарнидир ўлчайди, ёзади-чизади. Шу кетганича, қайтиб ҳеч ким қорасини кўрсатмайди» дейди исмини ошкор этишни истамаган яна бир фуқаро.

Навбатдаги ваъда бажариладими ёки яна?..

Хўш, «Қўрғонча» маҳалласидаги ҳолатни Учқўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддилари биладими, агар хабардор бўлса, нега ечим топишмаяпти? Ушбу савол билан туман ҳокимининг ўринбосари Козимжон Акбаровга мурожаат қилдик. У кишидан эса барча мутасаддилар учун анъанага айланган одатий жавобни эшитдик:

— Дарҳақиқат, мазкур маҳаллада яшовчиларнинг туман ҳокимлигига қилган мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилган, — дейди К.Акбаров. —  Биз сарф-ҳаражатларни ҳисоблаб, маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда пул ажрата олмаслигимизни билдик. Ҳозирда 2020 йилга мўлжалланган «Обод қишлоқ» дастурига киритганмиз. Келаси йили электр, сув, йўл муаммолари дастур доирасида ҳал этилади. Бундан ташқари, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари ҳам таъмирланади.

Демак, «Қўрғонча»даги янги массивда истиқомат қилаётган аҳоли «яна бир йилгина сабр қилса, «олам гулистон». Унгача ҳар қандай мурожаат бефойда. Агар барча муаммоларни бирданига ҳал этишнинг имкони бўлмаса, маблағ етганича босқичма-босқич ҳал этиб бориш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.

Бу киноями ёки аччиқ ҳақиқат, Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани ҳокимлигида ўтирган мутасаддилар қандай тушунишига ҳавола. Лекин, шуни унутмаслик керакки, ижтимоий адолат ва инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш барча тоифадаги раҳбарлар олдидаги энг катта масъулиятдир. Бугун унга қай даражада ёндашилаётганининг ҳисобини сўрайдиганлар бор, албатта.

Манба:  “Mahalladosh”

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўз қизини пичоқлаган она

Фото:porosenka.net 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи М.М. исмли аёл уйида оилавий жанжал оқибатида “Ўзбекистон” МФЙда яшовчи қизи З.О.нинг қорин қисмига пичоқ билан уриб ...

Оддий, самимий ва чиройли!

Ушбу сўзларнинг ҳар бири орамиздан бевақт кетган журналист Фурхат Юсупов ҳақида эди. У ўзининг инсонийлик фазилатлари билан ажралиб турадиган, имкони қадар одамларга яхшилик ...

Абдимухтор  эргашев молия вазирига ўринбосар бўлди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 17 сентябрдаги 4457-сонли қарори билан Абдимухтор Эргашевич Эргашев молия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. ...