Қачон одам бўласан, ЎзМТРК?

Айтишларича, ЎзМТРК Россиянинг ВГТРКси («Россия-1», «Россия-К», «Россия-24» каби телеканаллар эгаси)га ҳамкор бўлибди. Бунақа хабарни эшитиб, қувониш қийин. CNN бўлса бошқа гап эди, «Би-Би-Си» ё euronews бўлса, «О, мана янгилик!» деса бўларди. Матбуот эркинлиги бўйича рейтингда тартибсизликлар ичида қолган Венесуэла ёки давлатнинг давлатлигидан асар ҳам қолмаган Марказий Африка Республикасидан ҳам пастроқда турган мамлакатнинг бош пропагандачи телерадиокомпанияси билан ҳамкорлик Ўзбекистонга, ўзбекистонликларга нима ҳам бериши мумкин?

Нима, одамларни янада зомбилаштиришни ўргатадими улар? Ёки ёлғон, сохта ахборот тарқатишнинг «инновацион» йўлларини кўрсатадими? Тан олиш керак, бу борада Россия давлат телеканалларининг маҳоратига тан бермай илож йўқ, айтади-ку: профессион де фуа! Мана, ёрқин мисол — минсклик бир йигитни «украиналик» деб кўрсатиб, Украинадаги ўзгаришларга лой чаплашга уриниш ҳолати (ҳали ҳам йигитнинг инсофи бор экан — «Озодлик»нинг русчасига интервью бериб, пропагандачилар билан ош-қатиқ бўлиб, Россия телетомошабинларни алдаганини тан олган кейин).

Андижондаги кўзбўямачилик видеоси  Телеграмда яшин тезлигида айланиб юрибди. Президент ташрифи арафасида бир гуруҳ аёлларга, хусусан, Хуршида Тиллаевага янги қурилган, барча шароитлари муҳайё коттежларга кўчиб ўтишлари айтилган. Оғир ижтимоий аҳволдаги Хуршидахон, табиийки, бундан хурсанд бўлган — нақадар хурсандлигини «Ўзбекистон 24» ҳам кўрсатди: йиғлагудек бўлиб, Президентни отам деди (чин кўнгилдан). Аёлларнинг қувончини кўриб, Юртбоши ҳам хуш кайфиятда Тошкентга қайтган. Сўнг Хуршидахон ва яна беш аёлга чиқиш эшиклари кўрсатилган.

Аввало, қўрқмасдан Президентни алдаган маҳаллий ҳокимлик масъулларини жазолаш керак — уларни ёлғончилиги, кўзбўямачилиги учун очиқ-ошкора ишдан ҳайдаб, бошқаларга сабоқ қилмаса, ким билсин, бу калтафаҳмлар яна қачонгача Давлат раҳбарини алдаб юради. Лекин «Ўзбекистон 24» телеканали мухбирларининг масъулияти қаерда қолди? Холислик принципи, берилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги қани? Халқ манфаати йўлида ҳаракат қилиши лозим бўлган телевидение қачонгача ёлғонларга шерик бўлади? ЎзМТРК қачон танқидлардан хулоса чиқаради?

Кўринишидан, ҳеч қачон. Телевидение раҳбариятида ўзгаришлар бўлиб, «Ўзбекистон 24» ишга тушган вақтларда умид чиндан-да катта эди. Тан олайлик, бошида ҳамма кўраётганда бу канални, «Президент ҳақида биринчи ва ҳаққоний ахборот берилади» деб янгиликлар дастурларини кутаётганди одамлар. Лекин кейин ўзгаришлар бекор қилиниб, эски раҳбарият қайтгач, бутун тоат-ибодат ҳавога учди. Авваллари «далада байрам» режимидаги кўнгилни оздирар маддоҳлик ва ёлғонга тўла «Ахборот» 30—45 дақиқа эфирга чиққан бўлса, энди ҳар куни 24 соат шу аҳвол. Кимга керак, нимаси қизиқ?

ЎзМТРКни ё тўлиқ ислоҳ қилиш керак, ёки… тинчгина ёпиб қутилиш керак. Йўқса, Андижондаги каби кўзбўямачиликлар давом этаверади, бутун дунёга шарманда бўлишда давом этаверамиз.

Манба:Қўшни маҳалла

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тўй умрда бир бўлажак сийрак тантана

         "Шарқ зиёси" газетасининг 12-сонида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг 1979 йилда маҳаллий нашрлардан бирида чоп этилган "Бизнинг одатлар" ...

Қоғозда бошқа, ҳаётда бошқа нарх-наво

Мамлакатимизда товуқ боқиш кенг кӯламда тарғибот қилинган 2017 йилда товуқ тухуми ва товуқ гӯшти барқарор нархда бӯла олмади. (more…)

Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалар исёнларни бостириш учун машқ қилишмоқда

1-3 август кунлари Республика миқёсида биринчи маротаба Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи раҳбарлигида Кучишлатар тузилмаларнинг ...