От кишнаган оқшом (қисса) 5-қисм

5


Бир сурув қўй сотдим. Пулини белимга ўрадим. Намоз чавандозни олдимга солиб, Обоқлига жўнадим.
Биродарлар, бизнинг Сурхонда мана бундай гап бор: от олсанг, Обоқлидан ол, аёл олсанг, Ирғалидан ол!
Бунинг мағзи шуки, от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от бўлади! Қўлтиқлари чўзилади, кўкраклари энлик бўлади! Учқур келади! Бедов от бўлади!
Обоқли ана шундай дашт!
Ирғали деганида қиз бор! Ирғалининг қизлари зуваласи пишиқ келади. Киймагани еттинчи калиш кияди! Барининг бели бақувват, бўлимли бўлади. Ирғалининг қизларини қучоқласа, қўйин тўлади! Ирғалининг қизлари кўрган фарзанд-да алпомиш-келбат бўлади. Боиси, Алпомиш айни шу Ирғалида ўтган-да!
Ана, билдингизми, элнинг гапи қаёққа бораяпти?
Мен икки кун от сайладим. Обоқли дашти гала-гала от! Дашт чангитиб чопиб юрибди! Бир яшар қулунлар, уч яшар тойлар, тўрт яшар ғўнонлар, беш яшар дўнонлар! Сағрисига уй тикса бўладиган байталлар! Ҳайбатли айғирлар!..
Бировини ушлаб, олд туёқларини жуфтладим. Туёқлари орасидан мушт урдим. Муштим ўтмади.
Борди-ю ўтса, яхши от бўлади. Қўйиб юбордим. Яна бировини кўрдим. Дурустгина-ю, фақат қорни йўқ. Бор бўлса-да, жуда тор. Буниям қўйиб юбордим, бўлмайди!
Биродарлар, от олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол!
Орқа кезанаги боланинг билагидай бўлиб турадиган от яхши келади. Шундайини изладим.
Йўлиқмадим. Қопқоғи энлик от-да яхши бўлади. Бундайинга-да кўзим тушмади.
Галани айланиб юрдим. Бир бўзга кўзим тушди. Шуни ушладим. Тишларини кўрдим. Ёши еттида бўлса-да, ҳали озиқли тиши чиқмабди. Аслида, беш ёшида чиқади. Демак, энди чиқмайди. Озиқ тишсиз от хосиятли от бўлади!
Биродарлар, шу бўзга дил кетди!
Уч мингни нақд санаб бердим. Бўзни миниб келдим.
Омборхона олдидаги устахонага олиб бордим. Бўзга буров солдим: ипга таёқча боғладим, тумшуғидан ўраб бурадим. Буров таёқ бўз тумшуғига ботди. Бўзни қимирлатмай қўйди.
Уста бўз оёқларига нағал қоқди.
Биродарлар, асов отни тақа тўхтатади!
Ҳовли четида охур қилдим. Бўзни шу охурга боғладим.
Онамиз норози бўлди. Бети буришиб-буришиб оғринди. Лабини буриб минғиллади:
— Отим нимам… отдан машина яхши… — деди.
— Машинам нимам? Оти борнинг — қаноти бор, — дедим.
— Отга емиш қани…
— Емиш? Худо ҳар жониворни ўз ризқи рўзи билан яратади. От битди — қанот битди. Емиш топилади.
Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди!
Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади. Боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 9-қисм

Лекин,  бу  ерда  ҳам  омадлари  келмади.  Инларига  яқинлашиб  қолганда  улар  одамларнинг устидан  чиқдилар.  Қадрдон  инларининг  шундоқ  ёнгинасида  каттакон  юк  ...

Абдулла  қодирий  номидаги  ўзбекистон  республикаси давлат мукофоти

АБДУЛЛА  ҚОДИРИЙ  НОМИДАГИ  ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ -ЎзРнинг  бадиий  ижод  соҳасидаги  илк  олий  мукофоти. 1991 йил  6 февралда  таъсис  этилган. Ушбу ...

Юлдузли тунлар-56

5 Тиниқ куз осмонида оқ ипакдан ҳам нафис мезонлар учади. Самарқанд боғларида катта дона анорлар етилган, соҳиби узумлар ва нақш олмаларнинг энг ширинлари қолган пайт. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400