Яширилаётган ҳақиқатлар

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 29-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир” дейилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида Ахборот олиш кафолатлари “Ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб кафолатланган.

Демак мен Ўзбекистон фуқароси сифатида бош қомус ва бошқа қонунларда белгиланганидек ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб ахборот олишим мумкин. Демак мен ҲАР КИМман.

Қўлимга Фарғона вилояти Бувайда туманидан М.Тиллаева исмли фуқародан билдирги келиб тушди. Унда айтилишича, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси туман бўлими 2018 йил 10 октябрда сиёсий хатога йўл қўйган. Яъни хотин-қизлар қўмитаси конференцияси туманда ўтказилмаган. Қонун-қоидага биноан номзодлар кўрсатилмаган ва айни амалда бўлган О.Асқарова яна қайтадан Бувайда тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида сайланган.

Хўш нима бўлибди? Айни пахта пайти, ҳокимият вакилларини бош қашлашга қўли тегмайдиган пайтда конференция ўтказиб нима қилишади?  104 нафар аёл-қиз конференцияда уч-тўрт соат вақтини кетказиб ўтиргунча, ҳар бир шу вақт давомида беш-олти килодан пахта тергани яхши эмасми?

М.Тиллаева ўша пайтда тумандаги “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари бўлган. Ва табиийки у ҳам конференцияда қатнашиши шарт ва зарур одам бўлган. Муаммо нимада? Нега конференция ўтказилмаганлиги ҳақидаги бу иддао орадан 8 ой ўтиб кўтариляпти? Нима учун бирдан М.Тиллаеваконференция ўтмаганлигини эслаб қолди?

-2019 йилнинг январ ойининг охири, февраль ойининг бошларида қабулимга М.Пўлатова исмли аёл кириб келди, – дейди М.Тиллаева ўз билдиргисида, – у менга ёлғиз аёллигини, уйга муҳтожлигини, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Асқаровадан норозилигини айтди. Мен уни тинчлантириб, туман ҳокими Б.Ибрагимов ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Қосимоваларга учраб, бу масалада улардан ёрдам олиши кераклигини тушунтирдим, – дейди М.Тиллаева. Мана шундан кейин масала янада чигаллашиб кетади. М.Тиллаева бу орада мактаб директори бўлиб ишга ўтади, аризачи уй-жойга муҳтож М.Пўлатова қайта-қайта юқори ташкилотларга, хусусан Вазирлар Маҳкамасига ҳам шикоят -аризаси йўллайди. Аризага жавоб берувчилар яна ўша эски кассетани айлантираверишади. Бир аризачининг аризасига қониқарли жавоб берилмаганлиги, бир инсон тақдирига беписандлик билан қаралганлиги оқибатида калаванинг учи йўқолиб бораверади.  Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Қосимова туманда авж олаётган ёки болалаётган миш-мишларга нуқта қўйиш учун туманга келади. Аммо аризачи М.Пўлатова иштирокисиз мажлис ўтказиб, маҳаллаларнинг хотин-қизлар бўйича мутахассислари олдида  “Оила”  илмий амалий марказининг собиқ раҳбари М.Тиллаевани сазойи қилиб кетади.

Мен мустақил журналист сифатида яъни ҲАР КИМ сифатида Бувайда тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Асқарова билан учрашиб, аризада келтирилган бир масала – туманда хотин-қизлар конференцияси ҳақиқатдан ўтказилганми ёки йўқ, деган саволга жавоб олмоқчи бўлдим. “Ҳа, албатта ўтказилган” деган жавобни ва бир даста ҳужжатларни олдим. Ҳақиқатдан ҳам 2018 йилнинг 10 октябрь куни туманда хотин-қизлар конференцияси ўтказилган. У ерда 104 нафар хотин-қиз иш тирок этган. Конференцияда бўлиши керак бўлган расм-русумлар адо этилган. Аммо… Ҳа. Туманнинг фаол аёлларидан бир гуруҳи (уларнинг илтимосига биноан исми-шарифлари ошкор этилмаётир. “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига асосан) нинг айтишича, Конференция ўтказилмаган. Маҳаллаларнинг хотин-қизлар бўйича мутахассисларидан беш нафари ҳам телефон орқали мулоқотда буни тасдиқлаган. Сабаби 2018 йил 10 октябрь пахта терими мавсумига тўғри келган. шунинг учун конференция фақат қоғозда ҳужжатлаштирилган.

Бу ҳақда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Шавкатовна Қосимовадан ҳам изоҳ олишга ҳаракат қилдик.

– Сизга нотўғри маълумот етказишибди, – деди телефон орқали мулоқотда Д.Қосимова, –  менга ҳам туманда конференция ўтказилмади, деган хат тушди. У қуруқ туҳмат экан. Мен барча мутасаддилар ва баъзи конференция иштирокчилари билан суҳбатлашдим. Улар кноференция ўтказилганлигини тасдиқлашди, – дея жавоб берди.

Чўкаётган одам хасга ёпишади, дейишади. Аризачи М.Пўлатова яъни уй-жойга муҳтож бўлган, ёлғиз она аризаси қаноатлантирилмаганлиги, ҳокимият эшигидан бир неча марта ноумид қайтганлиги сабабли туманда хотин-қизлар масалаларига қай даражада эътибор қаратилаётганлиги, туман масъулларининг нечоғли сиёсий саводхон эканлигини очиқлаш мақсадида конференция ўтказилмаганлигини ўз суриштирувлари орқали исботлаган бўлса-да, раҳбарлар, хусусан, вилоятнинг хотин-қизларига бош-бош Д.Қосимова ҳам конференция ўтканлигини айтмоқда.

Энди нима деймиз? Андижонда раҳбарлар Президентни алдагандан кейин, фарғоналиклар Танзила Камоловнани кўзига чўп тиқса нима бўпти? Ахир ҳамма жойда “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин” мақолига амал қилиняптику!

Хулоса: РАҲБАРЛАР ДОИМГИДЕК ҲАҚИҚАТНИ ЯШИРМОҚДА, ОДДИЙ ХАЛҚ ЭСА БУ ҲАҚИҚАТНИ РАҲБАРЛАР ОҒЗИДАН ЭШИТМОҚЧИ!

Шарифа Мадраҳимова,  журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мен чаласавод эдим, балки ҳозир ҳам..

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бир асрдан буён ўз ечимини топа олмаётган ўзбек алифбосидаги хатолар ҳақида ўз фикрини билдирди: Мактабда ўқишни ...

Ўзбекистон аэропортларида декларация тўлдирмай ўтиш имкони пайдо бўлди

Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида яшил ва қизил йўлаклар ишга тушди. Энди йўловчилар 2000 долларгача маблағи ва декларация қилиниши шарт бўлмаган товарлари бўлса ...

Ортиқхўжаев абдурасул вахобовнинг оиласига: «интернетда бўлаётган бўҳтон гапларга ва салбий изоҳларга эътибор қилманг!»

«Kun.uz» мухбирларига ташланган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов лавозимидан озод этилгани кеча маълум бўлди. Шу билан бирга «Togri.uz» нашрида Тошкент шаҳар ҳокими ...