Хаосдаги одам

Қишлоқда туғилиб ўсиб, шаҳарда ўқиган, ишлаб қолган одамнинг ўз дарди бор.

У барча нарсага ўз кучи билан эришади, ўқишга киради, иш топади, қийналади, тўрвасини судраб, ижарама-ижара юради. Яна камига уйланиб, икки-учта («ундан кўпини замон кўтармайди» деб ўйлайди) фарзанд орттиради. Тинимсиз ишлайди. Бир нимали бўларман деб, тиришаверади.

Қишлоққа борса уёқдагилар «Ўша ёқларда қол. Кўряпсанку, бу ердаги аҳволни!» дейишади. Қишлоқдан аждарҳо чиқмаган ҳар ҳолда. Ҳамма жой обод, маъракалар бисёр. Иморатларга термулиб, дўппинг ерга тушади. Тўйхоналар бўй чўзган, қозон-қозон ошлар дамланган, тўйларда ичкилик дарё бўлиб оқади. Ёзда қишлоқ ҳувиллаб қолади, қишда гавжумлашади. Аммо сен қишлоққа борганингда, шаҳарда ишлаётганингни олқишлаб, қишлоққа қайтмасликка ундайверишади.

Қишлоқликларга шаҳарнинг ҳаёти ширин туюлади, дея ўйлайди одамлар.

Унинг кўнгли шаҳарда баъзан тўлиб-тўлиб кетади. Ўз юртида бўла туриб, шаҳардан уй, машина, кредит ололмайди, домий рўйхатда туролмайди. Бир варақ қоғоз билан юраверади. Қишлоқда унга ҳавас қиладиганлар ҳам кўп. У эса ўшаларни ўзидан бахтлироқ деб билади.

Унга қишлоқда шаҳарликдек, шаҳарда эса қишлоқликдек муомала қилишади. Аслида у ким, қайси тоифада ўзи?

У ҳеч кимдан ёрдам-шафқат кутмайди. Икки энлик қоғоз кўтариб ҳокимиятга югурмайди, ўзини бечораҳол кўрсатиб қабулларда давлатдан текин уй сўрамайди. Фақат ўз ҳуқуқини сўрайди, оддий яшаши учун йўл очилишини истайди. Ҳаммасига ўз кучи, ҳалол топган пули, маоши билан эришишни истайди, ҳаммасини қонун билан ҳал қилишни хоҳлайди…

Кўчада юрганида ўзига ўхшаган «қишлоқи»ни сўроқ қилаётган ходимни кўрганда эзилади.

Мажлисда туриб, шаҳарда тартибни кучайтириш, ҳаммани текширишга ундаган, ўзи эса аввалроқ шаҳарлик мақомини қўлга киритган вилоятдошини кўрганда энсаси қотади. Ишим битди — эшагим сувдан ўтди эканда…

Шаҳарликнинг номига уй олиб, ўзининг қўналғасида туриш учун шартнома тузаётганларни кўрганда эса… кўнглидан яна нималардир ўтади.

Ўттизни қоралаган, олган машина, уй-жойларини ўз номида расмийлаштириш учун уйланишга шаҳарлик қиз қидираётган бозорчи оғайнисини кўрганда эса… томоғига нимадир тиқилади.

Шартта қишлоққа кетворгиси келади. Кетворади ҳам. Икки кундан ортиқ тура олмайди, ичи қизийди.

Қишлоқ остонасидан чиқаверишда ҳам қишлоқдошлари жўр бўлиб бир гапни қайтаради:

«Ўша ёқларда қол. Кўряпсанку, бу ердаги аҳволни!»

Улуғбек Орипов

Манба:Хабар.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўқувчилар нега дарсликлар билан тўлиқ  таъминланмади?

Янги ўқув йили яқинлашаверса, ёш боладай ҳаяжонга тушаман. Хотирамда ўқувчилик пайтларим уйғониб кетади. Болалик, ёшлик беғубор давр экан-да! Қўмсайверасан. Кечаям болаликка ...

Наргиза раҳимова динни ҳақорат қилмади. шошилиб хулоса қилиш керак эмас.

Бу жанжалдан мендан яхшироқ хабардор бўлсанглар керак. Жанжалли мавзуларда ягона ҳақ тараф бўлмайди, шунга ўзимни бу мавзулардан четда тутадиган бўлганман. Аммо Наргиза опани ...

Шаҳватпарастликка бир диний ниқоб: кўпхотинлик

  Қуръонда кўпхотинликка буюрилмаган, тавсия ҳам этилмаган, ва хатто рухсат ҳам берилмаган. Қуръон нозил бўлган “қавм”да кўпхотинлик бор экани, ва Қуръон бу мавзуга ҳам ...