От кишнаган оқшом (қисса) 9-қисм

9

Тарлонни идора олдига боғладим.
Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим.
— Ассалому алайкум! — дедим.
— Аҳа, келинг ука, келинг.
Гиламдан авайлабгина юрдим. Тўрдаги нимкатда ялпайиб ўтирган одам билан қўшқўллаб кўришдим.
Дарров танидим, бу ўзимизнинг қишлоқлик Рихсиев бўлди.
Мен қаерга ўтиришимни билмай каловландим. Рихсиев бармоғини ниш қилиб жой кўрсатди.
Хуржунимни деразага қўйдим. Омонатгина ўтирдим. Сўрашайин деган мақсадда Рихсиевга қарадим.
— Аҳа, фамилиянгиз нима эди, ука? — сўради Рихсиев.
— Зиёдулла кал! — дедим.
— Аҳа, ҳа-ҳа-ҳа! Йўқ, фамилиянгиз? Қурбонов? Аҳа, яхши, яхши! Соғлиқ қалай, ўртоқ Қурбонов? Отдай бўлиб юрибсизми?
— Шукур мухбир ака, шукур. Отдай бўлмасакда, юрибмиз. Ишқилиб, бирнави. Ўзингиз қандай, бардамгинамисиз? Болалар чопқиллаб юрибдими? Қачон бўлса, сизни мақтайман. Мана, биздан-да ёзадиганлар чиқди дейман.
— Раҳма-а-ат, раҳма-а-ат. Гап бундай, ўртоқ Қурбонов, мен, сиз ҳақингизда радиоочерк ёзаман!
— Эб-ей, у нима деганингиз, мухбир ака?
— А? Ҳа-ҳа-ҳа! Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Шунақа жанр бор! Аҳа, публитсистик жанр! Бунда қаҳрамонлар мадҳ этилади!
— Ҳа-а, хайрият-е. Мен ёмон гапмикин дебман. Энди, мен сизга айтсам, биз унга арзимаймиз-да, мухбир ака.
— Аҳа, йўлини қилиб арзиттирамиз-да, ўртоқ Қурбонов. Ўзимизнинг қўлимизда-ю. Мана қоғоз, ёзинг. Ручка йўқ? э, чатоқ-ку.
— Бизда таёқдан бошқа нимаям бор, мухбир ака.
— Хўп, мана, ручкаям бердим. Қани, бўлинг. Унгача репортёрни тайёрлаб тураман.
— Шу, мухбир ака, хатимиз бундайроқ. Бешинчи синф калламизга яраша. Сиз сўранг, мен айтайин.
— Йўқ, ёзинг. Оғзингизга келганини пала-партиш гапирасиз, уни бориб, монтаж қилишни айтсангизчи! Ёзинг: «Қуёш заррин кокилларини ёйиб, уфқдан бош кўтарди…» Йўқ, ўчиринг.
Бадиий қисмини ўзим ёзаман, сизга оғирлик қилади. Аҳа, бошладик: «Болалигимдан чўпон бўлиш орзум бор эди. Шу орзу мени чўпонликка чорлади. Мактабни битириб, қалб амри билан колхозда қолдим. Мана, ҳозир жавлон уриб меҳнат қилмоқдаман…» Аҳа, энди план, мажбуриятларни ёзинг. Ким билан сотсиалистик мусобақа ўйнагансиз? Ана шуни ёзинг. Кейин, ҳар бир совлиқдан қўшимча қанчадан қўзи олмоқчисиз? Ана буни ёзинг!
— Мухбир ака, мен эл қўйини боқаман, чакана чўпонман.
— Аҳа, шундайми? Оббо-о, раис дўппи олиб кел деса, бошни олиб келадиганлардан экан-да. Хўп, ёзаверинг-чи. Меҳнатларингиз тақдирланганми?
— Эса-чи, мухбир ака, эса-чи. Раисимиз ҳар кўрганда тўхтаб, кўришиб-сўрашади. Раҳмат, ука, раҳмат, дейди. Элнинг хизматини қиляпсан, дейди. Елкамга қоқиб-қоқиб қўяди.
— Ҳа-ҳа-ҳа! Бори шуми? Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Булар абстракт гаплар! Радио-очеркка конкрет фактлар керак! Орденлар! Медаллар! Ёрлиқлар!… Ҳмм, бўпти, ўртоқ Қурбонов, сизга рухсат.
Қаламни Рихсиевга узатдим. Қулоғимнинг кетини қашидим. Магнитофонга қарадим.
— Мухбир ака, хабарингиз борми-йўқми, унча-мунча достон айтиб тураман.
— Аҳа, шундайми?

— Ота-бовамизнинг ҳунарини ерда қолдирмайин дейман-да. Калнинг нимаси бор, темир тароғи бор. Ана, ана, дўмбирам бор.
— Аҳа, ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб тупроққаму кетгумдур охир! Алишер Навоий!
— Ўлманг!
Жўшиб кетдим. Дўмбирамни олиб достонимни бошладим. Достонимда бир ҳовлига келин келди. Ҳовлида гулхан ёқилди, чанқовуз чалинди. Келин отда келди. От оловни бир айланди.
От достон бўлди.

Боли боли болинг бор,
Минг туморли норинг бор,
Жасадингга қарайман
Чопадиган ҳолинг бор.

— Маладес, ўртоқ Қурбонов, маладес. Аҳа, энди, чанқовуз, гулхан… эски гаплар, ўртоқ Қурбонов. Достон, ҳа, достон! Замон, давр нафаси йўқ. Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Кўриб турибсиз, ҳозир атом асри. Мана, космонавтлар яна ойга учди… Хўп
бўлмаса, ўртоқ Қурбонов.
Хайр-маъзурни эшитиб эшитмасликка олдим, билиб билмасликка олдим. Дўмбирамни чулдиратиб, достон айтиб қўявердим.

Отларди боқсанг қашиб боқ,
Олисдан сувини ташиб боқ,
Сира узмагин емини,
Емини емига қўшиб боқ.

Бир қиё боқ, эй, умидли дунё!
— Аҳа, яхши, яхши! А-а-ауф, чёрт, уйқу босаяпти. Нима десак, экан… отлар… отлар патриархал ҳайвон, ўртоқ Қурбонов. «Отни боқсанг қашиб боқ, сувини ташиб боқ!» Хўш, нима бўпти? Маълум гап-ку! Албатта отга сув беради-да, бўлмаса бензин берармиди? Қуп-қуруқ дидактика! Халқ оғзаки ижоди, ҳа, халқ оғзаки ижоди! Примитив, примитив! Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Интеллектуал проблемалар кўтарилиб, ижобий ҳал қилинмаган!
Ижодингизга муваффақият, ўртоқ Қурбонов. Изланинг, кўпроқ классикларни ўқинг. Айтайлик, Бетховен, Чайковский, Ашрафий…
Рихсиев қўзғолди. Кетар бўлди.
Шунда, Рихсиевлар қўйи эсимга келди. Балки, қўйлари юзхотирини қилар, деган умидда қўйларидан гап очдим.
— Мухбир ака, қўйларингиз яхши! — дедим.— Диркиллаб-диркиллаб ўйнаб юрибди!
Рихсиевнинг юзлари ёришди.
— Аҳа, айтгандай, бизнинг қўйлар яхши юрибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
Кўнглимда умид учқун берди. Қўлимни кўксимга қўйиб, бош ирғадим.
— Шукур, мухбир ака, шукур. Яхши юрибди! — дедим. — Ўзлариям… қўймисан қўй-да!
— Аҳа, қўй!..
— Ўлманг!
— Қўй, қў-ў-ўй! Қўй яхши!
— Ўлманг!
— О-о-о, қў-ў-ўй! Қўй яхши нарса!
— Ўлманг! Айниқса сизнинг қўйларингиз! Минг қилса-да, ҳи-ҳи-ҳи, минг қилса-да, мухбирнинг қўйлари-да.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Анави тўнғич акангизнинг қўйлари бўлмайди! Бари ўзидай калтафаҳм! Сизнинг қўйларингиз шундай доно, шундай қимишли… Ҳай-ҳай-ҳай, садағаси кетсанг, мухбирнинг қўйларининг!!
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Бир куни денг, ҳайт-ҳайт, дея қўйларни сойга ҳайдадим. Қўйлар ўзини қирга урди. Фақат сизнинг қўйларингиз сойга қараб юрди. Мен, ҳа, омон бўлгурлар-е, минг қилса-да, мухбирнинг қўйларисан-да, дедим.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат! Қўйларни тарбияланг, ўртоқ Қурбонов, қўйларни тарбияланг!
— Бай-бай-бай, қўйларингиз мухбирнинг қўйлари эканлиги шундайгина билиниб туради-я! Мол эгасига ўхшайди, деганлари шуда…
— Аҳа, раҳ-ма-а-ат, раҳма-а-ат!
Рихсиев ташқарилади.
Хуржуними елкалаб, изидан юрдим. Тарлонни миниб, адирга йўл олдим.
Биродарлар, кўнглим оғрияпти…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-64

2 Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг ...

Юлдузли тунлар-86

2 Отасининг махфий мактуби борганда Ҳумоюн Самбхалда оғир касалга чалиниб тўшакда ётган эди. Мактубни ўқигач одамларига: — Мени тезроқ Аграга етказинглар!— деб буюрди. ...

Юлдузли тунлар-74

АГРА Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ 1 Иброҳим Лодининг онаси малика Байда Панипат жангида ўлдирилган ўғли учун аза тутиб, бошдан-оёқ оқ кийиниб юрар эди. Орага қўйилган одамлар унга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400