Лицензияли «енгилтак»ни оппоғой дейликми?! Оғриқли қонун-қоидалар «хит-паради»

Охирги вақтларда ғалати тенденцияга гувоҳ бўляпмиз: «соққасини тўлаб, прописка ол», «пулини тўлагинда, қоидабузарликдан соқит бўл», «пулинг бўлса, ўқишга кир» ва ҳоказо. Буёқда ҳали янгидан-янгилари чиқиб келяпти. Хуллас, пул, пул, пул…

Жамоатчилик баҳс-мунозараларига сабаб бўлаётган шундай оғриқли қонун-қоидалар «хит-паради»ни тузиб чиқдик.

  1. Тонировкага пул тўлаганнинг бемалол юриши ва пул бермаганнинг жарима тўлаши.

Бунда йўл-ҳаракати хавфсизлиги қоидаси бузилганми-йўқми, фарқи йўқ. Умуман, бу масалада мантиқий жавоб ҳам йўқ. Пули тўланганми, рухсат ва мумкин. Пули тўланмаганми, рухсат йўқ ва ноқонуний, камига «жамият учун хавфли бўлишинг» мумкин. Ғалатия?

Хорижда қорайтирилган ойна (ёки парда) — жазирамадан ҳимояланиш учун, бизда эса — «понт» ва гўёки «хавфсизлик» учун (машинани ичи ялтиллаб кўриниб турса, жиноятчи яширина олмаса керакда. Кошки эди, шундан жиноятчилик камайиб, қуриб кетса).

«Ойнаси ноқонуний қорайтирилган ҳайдовчилар машина ичида нима қилаётганини биз қаердан биламиз» дегувчи амалдорлар эса пулини тўлагинда, кейин нима қилсанг-қилавер, деган маънони уқтиргандай бўлаверади. Бу мантиқан — йўл-ҳаракати хафсизлиги ходимларини бойларни ҳимоя қилувчи қўриқчига айлантириб қўйяптими шунда?

  1. Суперконтракт.

0,1 балл ёки қандайдир 1-2 балл талабани бир неча баробар кўп пул тўлашган мажбур қилади. Яна бир баробар эмас, ярим баробар эмас, нақд 10 баробар нарх белгилаш камида бозор иқтисодиёти шароитида фуқароларни калака қилишга тенг.

Балки бордир-куя, бироқ ҳали бирорта ректор ўз фарзанди учун суперконтракт пулини тўлаганини эшитмадик. Агар бунинг изтиробини юрагидан ўтказишса эди, барчага бир кўз билан қараган бўлишармиди…

Марҳамат, контрактми – ҳамма учун бир хил бўлсин. Ичида қўшимча хизматлари учун балки турлича баҳони белгилаш мумкиндир, лекин фақат инсоннинг оддий хатоси учун жазолаш бунчалик бўлмаслиги керак.

Бу шуниси билан хатарлики, илм, адолат ва фойдали меҳнат, қонунийлик фойдасизлигини, асосий қонун пул эканлигини аҳолига, айниқса, ҳали ғўр ёшларнинг миясига сингдириб қўяди ва улар қандай қилиб бўлмасин пулнинг кетидан қувишга ўрганади, шунга интилади.

Ҳали «зачёт», имтиҳон олишдаги коррупцияни йўқотиш учун деб, йиқилган талабаларни «жамғарма»га пул тўлаш орқали ўқишни давом эттиришига рухсат бериб қўйишмасайди (тфу, тфу, ғоя ўрнида ўтиб қолмасин бу).

  1. Қўшиқчилик санъатини лицензиялаш.

Қўшиқ куйлаш майдони ва кўлами, чиқиш аудиторияси ва хуллас ҳоказо-ҳоказо сабабларга кўра, лицензия олиш нархи бир неча миллион сўмга айланади. Аслида қўшиқчилик бу тадбиркорлик эмас, балки ижодий фаолият тури ҳамдир. Ундан даромад олинаётган бўлса, марҳамат даромадига қараб солиқ тўлаб қўйишсин. Лекин чинакам ижод қилувчи, ватан, муҳаббат ҳақида мазмунли қўшиқлар ёзган санъакорларнинг азбаройи лицензия пулини тўлаб, уни ололмагани учун на эфирга ва на саҳнага қўйилмаслиги камида сўз ва ижод эркинлигининг бўғилишидир. Балки шу чекловдир, бизни ҳақиқий санъатдан маҳрум қилаётган? Балки шунинг учун мумтоз асарлар, мазмунли ва таъсирли қўшиқларга қирғин келиб, тўйбоп «лик-лик, шик-шик»лар болалаб кетаётгандир? Лицензия пулини ишлаш, уни оволиб фақат тўйбоп, енгилтак ашула айтиб юриш тенденцияси шундан шаклланиб қолмадими?

Агар биз шунақа енгилтак қўшиқларга қарши курашяпмиз, лицензиясини олиб қўйиб, уларнинг йўлини тўсаяпмиз дейишса, бундаям хато қилишади. Бундай қўшиқлар интернетда осонгина тарқалиб кетяпти барибир. Чеклашнинг имкони бўлгани йўқ.

Ҳеч ким казо-казоларнинг илтимоси ёки топшириғи билан текинга хизмат қилиб бермаган қўшиқчининг лицензиядан маҳрум этилиб, «сазойи» қилинганини тан олгиси келмайди. Бу чеклов кўпроқ айнан шу «доира» манфаати учундир балки.

Давлат томонидан хизмат кўрсатган ёки халқ артисти унвони берилган санъаткорларнинг лицензияси бўлмагани учун қандайдир тўсиққа учраши ҳам мантиқсизлик. Яна қайтарамиз, агар у даромад топаётган бўлса, шунга кўра солиқ тўласин. Лекин фақат даромад илинжида эмас, чин санъат учун хизмат қилаётганларичи?

Бу кетишда келажакда шеър ёзаётган шоирдан ҳам, роман ёзадиган ёзувчидан ҳам палон пул тўлаб лицензия олмаса, «илҳом парилари»нинг эркин ҳаракати чеклаб қўйилмаслигига кафолат йўқда. Чунки биринчи аҳмоқона амалиёт кейингисига йўл очиши шубҳасиз…

  1. Микроҳудуддан ташқарида яшовчи болаларни мактабга қабул қилишда пулли тизим жорий этилиши.

Давлат ҳамма мактабларда ўқитувчига бир хилда ойлик тўлаб бераётган экан, уларда ўқитиш ва савия масаласи турлича эканлиги айнан шу тизим ва вазирликнинг муаммоси. Ахир ким ҳам фарзандини таълим сифати яхшироқ бўлган мактабга қўйишни истамайди? Савия-мундарижада мувозанатнинг йўқолишини ота-онанинг гарданига юклаш эса адолатсизликдир. Айниқса, бу ташаббусни зўр бериб ҳимоя қилаётган амалдорларнинг ўзлари ҳам фарзандларини сифати саёз мактабга бермаган бўлса керак. Албатта, яхшироқ мактабга бергани учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробарини тўлашлари ҳам даргумон. Юз фоиз ишонаверингки, микроҳудуд у ёқда турсин, макроҳудуддан ташқарида бўлмайдими, на ҳоким, на прокурор ва на бошқа обрўли амалдор бу пулни тўлаши қийин. Яна калтак оддий одамларнинг бошида синади.

Икки хил ёндашув ва стандартга асло тоқат қилиб бўлмайди. Бўлса, ҳаммага бир хил бўлсин. Ахир биз инсонлар тенг ҳуқуқли ва тенг шароитлар яратиладиган жамиятда яшамаяпмизми? Қолаверса, болаларимиз катта ҳаётга биринчи қадам ташлашиданоқ бундай тенгсизликни кўрмасин, ҳис қилмасин.

  1. Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатдан ўтишда алоҳида тўлов тизими.

Собиқ Иттифоқдан қолган зўравонлик тизимининг энг катта «мероси», минг афсуски, 1999 йилдан кейинги даврда янада қаттиқроқ кучайди. Хўш, уни олиб ташлаш учун асосий тўсиқ нима бўлаяпти? Ҳеч ким лўнда қилиб тушунтириб бера олмайди. Лекин ҳаёт давом этаяпти ва пули бор, ҳаракат қилаётган одам барибир Тошкентда яшаяпти. Янаям бойроқлари Москвада, ундан ҳам давлатмандроқлари ана Дубай, Лондон ва Нью-Йоркда.

Паспорт-виза режимини бузган 586 минг одам, вақтинча рўйхатда турмай яшаётганлардан 120 минг киши маъмурий жавобгарликка тортилибди. Улар Марсдан ёки чет элдан келишмагандур. Ўзимизникилар. Аниқки, профилактика инспекторлари яна қанча-қанчасига «раҳм-шафқат» айлаб, «гуноҳи»дан кечган.

Жиноят қилмаяптими, тинч қўяйлик ватандошларимизни. Уйимизга онамиз ёки опамиз, акамиз ёки укамиш ё бўлмаса бошқа қариндошлар келса, 5 кундан кейин участковойга юринг, уйга вақтинча рўйхатдан ўтказайлик деб қайси юз билан айтамиз?!

Ахир, улар асосан қишда қишлоқнинг совуғидан сақланиш, бемор бўлса, малакалироқ шифокорларга кўриниш учун келишади. Йўқса, диққанафас домда бир соат туришга ҳам тоқатлари йўқ.

Хўп, бундай тартиблар қайсидир «ақлли бош»лар томонидан яратилган экан, энди улардан воз кечиш вақти етмадими? Бу халқни кўп қийнамайлик. Қурбақаки ваққиллаб юборади, лекин биз миллатмиз-ку! Бундай «эзғиланган» авлод эртага пул учун ҳамма нарсасини сотишга тайёр бўлмайди, деган кафолат борми? Бундай амалиёт эртага яна қандай оғир қилмишларга бошлашини тасаввур қилаяпсизларми? Эҳтимол, «енгилтак»лик учун лицензия жорий қилиб, бу «бизнес»ни авж олдирганни оппоғой, лекин паттасиз қўлга тушганни аҳлоқсиз, жирканч дермиз?

Бу мамлакатда конституциявий суд деган орган ҳам борми? Улар ҳам 25 йил мум тишлагани каммиди? Қонун ва тартиблар конституцияга зид қабул қилинмаслиги ҳақида нега бонг уришмайди? Бунинг ҳам ҳар бирини президент Шавкат Мирзиёев айтиб, кўрсатиб бериши керакми?!


Муаллиф:Л.Турсун

Манба:Хабар.уз

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркманистонда гўзаллик салонлари ёпилмоқда

Туркманистонда гўзаллик салонлари ёпилаётгани хабар қилинмоқда. Косметик хизматлар ва турли хил гўзаллик процедуралари тақиқланган. Ҳозирда фақат сартарошлар ишламоқда. Бу ...

Бемаврид ажал қалбимизни тиғлади

Яна бир фожеа рўй берди. Яна бир ҳалокат ўзбекистонликларнинг руҳиятини сўндирди, кайфиятини талатум, кўнглини хонавайрон қилди. Яна бир даҳшатли хабар узоқ-узоқларда рўзғор ...

“хушхабарлар кўпаяверсин!” деймиз …

Кеча  Аъзам ака Турғунов  қўнғироқ қилди. Кунда бир неча марта телефон орқали бўлса-да, ҳол-аҳвол сўраб туради бу Инсон. (more…)