Юлдузли тунлар-38

ТОШКEНТ, ЎРАТEПА, СЎХ КЎЧКИ БОСГАН БУЛОҚ

1

Тошкент… Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Самарқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. Тошкент қўрғонининг ҳар ўн икки дарвозасидан одамлар бемалол кириб-чиқиб турибди. Бўзсув ва Солор ариғининг бўйларидаги мевали дарахтлар куз ёмғирида ювинган. Ўрик, олча барглари ўз бутоқлари билан видолашиш олдидан шафақдай қизил тус олган. Узоқдан кўриниб турган Чотқол тоғларига қор тушган.


Қамал даҳшатларини бошдан кечириб келаётган Бобурга Тошкентнинг тўкин-сочин кузи, бағри кенглиги, тоғдан эсган сарин шабадаси маъсуд ўсмирлик даврини эслатди. У ўн олти яшарлигида келганида Хадрадан пастдаги Ҳазрати Уккоша булоғидан сув ичган. Ўқчи маҳалласида Тошкентнинг жаҳонга машҳур ўқ-ёйларини ясаган усталарга олтин безакли «Камони Шоший» буюртма берган, Шайҳантоҳурга кўмилган бобоси Юнусхоннинг қабрини зиёрат қилган эди.
Ҳозир у элликтача бек ва навкари билан (қолганлари уни Ўратепада кутиб турадиган бўлишди) Беш-оғоч дарвозасидан кириб, Қоратош маҳалласи орқали хон саройи томон борар экан, ёнидаги Қосимбек бирдан безовта бўлди:
— Нечун доруға пешвоз чиқмади?
Бобур Тошкент хонининг жияни эди, ўтган гал келганларида шаҳар доруғаси уларни қўрғондан ташқарида иззат-икром билан кутиб олиб, саройга бошлаб борган эди.
— Бу гал биз хонумондин айрилиб, мағлуб бўлиб келмоқдамиз, жаноб Қосимбек! — деди Бобур маъюс кулимсираб. — Шунинг учун ортиқча эҳтиром кутманг.
Чиндан ҳам Маҳмудхон саройида Бобурни жуда совуқ қарши олишди. Унинг навкарларини ҳатто аркка киргизишмади. Бобур Қосимбекнинг иззат-нафсга бориб асабийлашаётганини кўрди-ю:
— Сиз билан биз Самарқандда нақд ўлимни зиммамизга олган эдик, ҳатто ўлимдан нажот излаган эдик!— деди. — Ўшал даҳшатларнинг олдида бу майда беҳурматликлар ҳеч гап эмас.
Кеча Ўратепада бир байт битдим, айтайми?
— Бажонидил!
— Эшитинг:

Давлат учун кўнгулни зор этма,
Иззат учун ўзингни хор этма!

— Ҳақ гапни битибсиз, амирзодам. Бу бевафо дунё ғам емакка арзимайдир!

Шу билан икковлари бир-бирларига сал тасалли берган бўлдилару, Бобур хоннинг қабулхонасига қараб кетди.
Қўлига олтин дастали ҳасса ушлаган, зарбоф тўн кийган шиғовул Маҳмудхоннинг Шайбонийхон элчиси билан банд эканини айтганда, Бобурнинг қалбида бирдан нохуш туйғулар қўзғалди. У қамалдан чиққандан сўнг икки ойча Ўратепада холасиникида турган, Шайбонийхон Маҳмудхонга элчи юбориб, Мовароуннаҳрни бўлиб олиш ҳақида битим тузишга интилаётганини ўша ерда эшитган эди. Мишмишларга қараганда, Шайбонийхон Фарғона водийсини Тошкент хонига бериб, Ўратепани ўзи ишғол қилмоқчи эмиш. Агар шу гап рост чиқса, Бобурнинг бу атрофда жон сақлайдиган жойи қолмайди, Мовароуннаҳрдан бош олиб чиқиб кетиш керак бўлади.
Унинг бугун Тошкентга келишидан мақсади — тоғасини Шайбонийхоннинг макру ҳийлаларидан огоҳ қилиш ва уни босқинчиларга қарши мудофаага чорлаш…
Бобур қабулхонада анча вақт мунтазир тургандан кейин шиғовул чиқиб, уни хоннинг ҳузурига бошлаб кирди. Тўрда қимматбаҳо тошлар билан безатилган шатранж доналари кўринди.
Шайбонийхоннинг элчиси йўғон гавдали, баҳайбат Жонибек Султон хонга таъзим қилиб турибди. Сарғиш юзли, хушбичим Маҳмудхон тилларанг мўйловини диккайтириб мамнун кулимсираётганига қараганда, ҳозир Жонибек Султонни шатранжда ютган эди. Тўрт йилдан бери жиянини кўрмаган тоғаси шунча узоқдан бошига кулфат тушиб келган Бобурни куттириб қўйиб, ўзи Шайбонийхоннинг элчиси билан шатранж ўйнаб ўтирганида қандайдир яширин маъно бор эди. Маҳмудхон мағлуб бўлган жиянидан кўра ғолиб Шайбонийхонни ортиқроқ ҳурмат қилишини элчига сездириб қўймоқда эди.
Буни пайқаган Бобур Жонибек Султонга атайлаб салом бермади, унга худди деворга қарагандай бепарво бир назар ташлади-да, тоғасига юзланди:
— Хон ҳазратлари, мен сизни ёғийларингизнинг макру ҳийлаларидан огоҳ қилгали келдим!
У Жонибек Султоннинг чиқиб кетишини кутиб бир лаҳза сукут қилди. Орага тушган ноқулайликни тарқатиш учун Маҳмудхон элчига махсус эҳтиром билдириб, уни эшик оғзигача кузатиб қўйди. Сўнг Бобурни зарбоф кўрпача устига таклиф қилиб, ўнг ёнига ўтқазди:
— Хуш келибсиз, Мирзам! Кўп оташин бўлманг. Бу кунлар ҳам ўтар. Сиз ҳали ёшсиз, ўн гулингиздан бири ҳам очилган эмасдур.
— Менинг кўп гулларим очилмай хазон бўлди, ҳазратим. Менинг бир қанотим Аҳмад
Танбалнинг оловида куйди-ю, иккинчи қанотимни Шайбонийхон куйдирди. Илоҳим, энди сиз шу машъум оловларнинг орасида қолманг!
Маҳмудхон бу гапни сал бошқача тушунди:
— Тўғри, Танбал бизга ҳам хиёнат қилди. Шунинг учун биз Танбал элчисини эмас,
Шайбонийхон элчисини қабул қилдик.
— Аммо сиз учун Танбалдан кўра Шайбонийхон юз чандон хатарлироқ, ҳазратим! Чунки Танбалга Фар-ғона водийси етиб ортадир. Аммо Шайбонийхон бутун Мовароуннаҳрни эгалламоқчи. Хуросон билан Эронни ҳам олмоқчи. Эътибор берган бўлсангиз, унинг унво-ни:
«Халифаи раҳмон, Искандари соний!». Шайбонийхон Искандар Зулқарнайндек барча мамлакатларни фатҳ этмоқчи, яна бу билан қаноатланмай, бутун мусулмон оламининг диний раҳбари — халифаи замон бўлмоқчи!
Шайбонийхоннинг нияти унинг унвонидан ҳам кўриниб туришига Маҳмудхон илгари унча эътибор бермаган эди. Ҳозир Бобурнинг сўзлари таъсирида бир лаҳза ўйланиб олди, сўнг бояги хон элчисининг сўзларини эслади:
— Назаримда, Шайбонийхон бизга қарши юриш қилмоқчи эмас. Элчисининг айтишича, улар Ҳисорни, сўнг Хуросон билан Эронни эгаллашмоқчи.
— Хон ҳазратлари, бу ҳаммаси сизни ғафлатда қолдириш учун келтирилган ёлғон далиллардир! Тарихни бир эсланг: қайси фотиҳ аввал Тошкент билан Фарғонани олмай туриб, Хуросону Эронга юриш қилган? Чингизхонми? Йўқ! Амир Темурми? Йўқ! Ахир бутун Мовароуннаҳрни, Самарқанду, Тошкенту, Фарғонани эгалламасдан, уларнинг кучига таянмасдан туриб, Хуросону Эронга юриш қилиш аҳмоқлик бўлур-ку! Буни Шайбонийхон билмагай дейсизми?
Шайбонийхоннинг Тошкентга ҳужум қилиш эҳтимоли Маҳмудхонни анчадан бери таҳликага солиб келарди. Шунинг учун у Иссиқкўлдан нарида ҳукмронлик қилиб юрган укаси Олачахонни ўн беш минг қўшини билан ёрдамга чақирган. Бу қўшин ҳозир йўлда, бирор ой ичида Тошкентга етиб келади. Шайбонийхоннинг одамлари бундан аллақачон хабар топган бўлишлари керакки, Тошкентга элчи юбориб, муроса йўлини излаб қолишди. Маҳмудхон Шайбонийхоннинг саркардалик қобилиятини яхши билади ва у билан урушишни истамайди.
Жияни Бобур эса уруш бўлишини жуда нақд қилиб қўйяпти. Нега? Маҳмудхон жиянининг ниятини аниқроқ билмоқчи бўлди:
— Хўш, Мирзам, Шайбонийхоннинг урушиши аниқ бўлса, биз не қилмоғимиз керак?
— Шайбонийхонга қарши турган барча кучлар тўпланиб иттифоқ тузмоғимиз лозим!
Маҳмудхон қўнғир кўзларини Бобурга синовчан назар билан тикди.
— Сиз билан иттифоқ тузайликми, Мирзам?
— Фақат биз эмас, кичик хон додам Олачахон ҳазратлари борлар-ку.
— Ҳа, Олачахоннинг қўшини билан менинг қўшиним бирлашса ўттиз минг бўлур. Кейин биз сизнинг қўшинингиз билан бирлашурмиз — шунда қанча бўлғай?
Бобурнинг икки юзу элликтагина одами қолган эди. Буни яхши биладиган Маҳмудхон Бобурни кулги қилмоқчи бўлиб, шу саволни бермоқда эди. Чиндан ҳам ўттиз минг қўшини бор хонлар бир даста аскари қолган, хонумонидан айрилган Бобур билан иттифоқ тузиб ўтирармиди?
Бобур Маҳмудхонни ўзига яқин олиб, шу гапни айтганидан изза бўлди.
— Ҳазратим, ўгай тақдир ҳозир мени шу кўйга солди. Аммо биз мағлубият заҳрини ичишдан олдин ғалаба шаробини ҳам татиб кўрган эдик. Шунинг учун сизга кўнглимни очиб гапиришга журъат этдим!
— Очиқ гапирганингиз маъқул, албатта. Қалай, илож бўлса Шайбонийхон билан яна олишмоқчимисиз?
Маҳмудхоннинг саволида: «Йиқилган курашга тўймайди, чамаси-да!» деган кинояли маъно бор эди.
— Олишишга менинг ҳаққим бор, — деди Бобур.— Чунки бирда йиқилган бўлсам, бирда йиқитганмен! Аммо сиз Шайбонийхонга кўп ёрдамлар бергансиз!..
— Бу — рост, рост! — деди Маҳмудхон. Шу топда унинг кўнглидан: «Агар оға-ини икковимизнинг ўттиз минг қўшинимизга Бобурни саркарда қилиб қўйсак, жиянимиз Шайбонийхон билан урушиб, анча тажриба орттирган, ўзи ҳам довюрак йигит, енгиб чиқиши мумкин», деган фикр кечди.
Маҳмудхоннинг ўзида саркардалик истеъдоди йўқ эди. Агар Бобур унинг қўшинига бош бўлиб Шайбонийхонни енгса, кейин одамлар Маҳмудхонни эмас, Бобурни ва унинг истеъдодини улуғлайди. Ундан сўнг, Бобур Тошкентни ҳам тоғасидан тортиб олишга ҳақли бўлади. Чунки азалдан маълум: қўшин кимнинг қўлида бўлса, ҳокимият ўшаники.
Маҳмудхон шуни ўйлади-ю, ўз қўшинига Бобурни саркарда қилиш фикридан дарҳол қайтди.
Гапни бошқа ёққа буриб:
— Шўрлик Хонзода бегим… не кўйларга тушди-а?— деди. — Шайбонийхон маккор тулки-да. Хонзода бегим она томондан бизга авлод, ота томондан темурийларга мансуб. Бегимни олса обрўси ошишини билган. Самарқандда дабдабали тўй бериб уйланганмиш.
Маҳмудхоннинг гап авзойидан, Бобур гўё опасини қурбон қилиб, ўзи қутулиб чиққан эди.
Бобур воқеанинг бошқача бўлганини айта бошлаганда, Маҳмудхон ишонгиси келмай бош чайқади:
— Жуда уят бўлди-да, Мирзам, ҳаммамиз маломатга қолдик!
— Даврон менинг бошимга тож кийдирган эди, — деди Бобур яна оташин бўлиб. — Энди шу тож ўрнида таъна тоши! Ҳаммасидан тўйдим, хон ҳазратлари! Энди борса келмас бўлиб бош олиб кетишдан бошқа иложим қолмади!
— Ундоқ деманг, Мирзам! Минбаъд сиз бизнинг азиз меҳмонимизсиз. Эгачим Қутлуғ Нигор хоним сизга мунтазир эдилар. Заифангиз Ойиша бегим ҳам шу ердалар. Бориб улар билан кўришинг, дам олинг. Эртага Шайбонийхон элчиси шарафига қабул маросими ўтказмоқчимиз. Сиз ҳам иштирок этинг!
Бобур хон ҳузуридан чиқар экан, ҳамма гапи бекор кетганини, Маҳмудхон Шайбонийхондан таҳликага тушиб қолганини ва у билан дадил олишишга журъат этолмай, хушомад йўлига ўтганини энди аниқ сезди. Арк ҳовлисидан ўтиб бораётганда Тошкентдаги осудалик ҳозир унга довул олдидан бўладиган хатарли сукунатдек туюлди. Яқинлашиб келаётган довулдан онаси ва хотинини олиб чиқиб кетиш нияти билан аркнинг тўридаги аёллар турадиган ички ҳовлиларга қараб кетди.

* * *

Ойиша бегим Тошкентга бундан икки ой аввал келганди. Самарқандда илк фарзандининг ўлими устига қамал азоблари қўшилиб, ёш жувон касалманд бўлиб қолган эди. Маҳмудхоннинг суюкли хотини Розия Султон синглисига ўзи турган қасрдан жой бериб, уни энг яхши табибларга қаратган ва яхши парвариш қилиб, оёққа турғизган эди.
Бобур шунинг ҳурматини қилиб, аввал Розия Султон бегим ҳузурига кирди. Ойиша бегимга қилган парваришлари учун қайнегачисига миннатдорчилик билдирди-ю, энди хотинини Ўратепага олиб кетмоқчи эканини айтди. Лақаби «Қоракўз бегим» бўлган ўттиз ёшлардаги бу чиройли жувон шаҳло кўзларидан учқунлар сочиб:
— Амирзодам, Ойиша бегим саргардонликдан тўйган, энди уни чекка жойга юбормагаймиз! — деди.
— Тақдиримизда бори шу бўлса, начора, ҳазрат бегим?
— Мени маъзур тутинг, амирзодам, аммо ҳар кимнинг тақдири ўз пешонасига битилур.
— Бироқ… кемага тушганнинг жони бир бўлмасми?
— «Жонимиз бир» деб бечора синглимга шунча азоб берганларингиз етар. Озиб чўп бўлиб келди. Энди соғайганда яна сарсонлик, яна ломаконлик!
Бобур бугун майда-чуйда беҳурматликларга бардош беришни зиммасига олиб келган бўлса ҳам, лекин хоннинг бояги киноялари устига қайнегачисининг бу беандиша гаплари қўшилиб, жон-жонидан ўтиб кетди.
— Ҳазрат бегим, мақсадингизни очиқ айтинг — энди синглингизни мендан ажратиб олмоқчимисиз?!
— Мен ундоқ деганим йўқ! Сиз ҳам саргардонликни бас қилинг, амирзодам. Энди Тошкентда муқим туринг!
Бобур: «Сизга сиғинди бўлибми?» дегиси келди-ю, лекин яна ўзини босиб:
— Таклифингиз учун ташаккур! — деди ва хайрлашиб чиқиб кетди. Ўша куни оқшом у Ойиша бегим билан ёлғиз қолганда Розия Султон бегимнинг гапларидан норози бўлганини айтди:
— Тўн илиғини эгаси билур, дейдилар. Розия Султон бегим бизни ўзимизчалик билмасалар керак. Кўп аралашмасалар яхши бўлур эди.
— Аммо мен эгачимга ҳамма гапни айтиб берганмен, Мирзам.
— Эр-хотиннинг ҳеч кимга айтмайдиган сирлари бўлмагайми?
Ойиша бегимнинг илгариги уятчанликлари энди қаёққадир йўқолганди. У ҳам опасига ўхшаб, Бобурга тик гапирди:
— Менинг эгачимдан яширадиган сирим йўқ, Мирзам!
Бир вақтлар Бобурни улуғлаб, «ҳазратим» дейдиган Ойиша бегим энди хонга ўхшаб, баландроқдан келиб, «мирзам» дейиши ҳам ғалати эди.

Бобур киноя билан сўради:
— Демак, энди сизга мен керак эмасмен, фақат эгачингиз керак?
— Нечун ундай дейсиз? Мен ҳали ҳам сизнинг никоҳингиздамен!
— Ундай бўлса, мен сизни бу ердан олиб кетурмен. Сафар тайёргарлигини кўринг!
Йўл азобига чидами йўқ Ойиша бегим озорланиб сўради:
— Яна Ўратепагами? Мен ўша йўлларни эсласам, кўнглим беҳузур бўладир. Ҳазратим, менинг жонимни йўл олди! Самарқандга бежон бўлиб бормасам эдим, жигарпорам ўлмас эди. Мана ҳозир бир ёшга кириб тетапоя бўлиб юриб кетур эди!
Ойиша бегим гўдак ўлган қизалоғини эслаб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўшандаги ўлимнинг совуқ нафаси Бобурнинг ҳам юзига тегиб ўтгандай эти увушди.
— Ажалга даво йўқ экан, бегим. Лекин ундан берида бир бошга неча қайта офтоб тегиб, неча марта кулфат тушар экан. Ёш бўлсак ҳам буни кўп кўрдик. Ўлмасак, ҳали яна ёруғ кунларга етишурмиз, фарзандлик ҳам бўлурмиз. Шу мушкул дамларда бир-биримизни тарк этмайлик. Мен билан бирга юринг.
— Бирга юрган пайтларимда сиз менга қарадингизми, Мирзам? Ҳамиша салтанат ташвишию уруш-юришлар… Мен сизни деб шунча саргардон бўлдим. Сиз мени ойлар давомида кўрмасангиз ҳам соғинмас эдингиз… Балки мен сизга муносиб эмасдурмен?.. Суймаган хотинингизнинг сизга не кераги бор?!
Бобур хотинига кўнгилсизроқ бўлиб юрган пайтларини эслади. Ҳозир ҳам Ойиша бегимни бирга олиб кетишга уринаётгани — уни ортиқ даражада суйганидан ёки усиз яшай олмаслигидан эмас, балки Ойиша бегимни яқинлашиб келаётган хавф-хатар гирдобига ташлаб кетишни ўз шаънига муносиб кўрмаганидан эди.
— Хонзода бегимни ёғийга олдирганимиз озми? — деди Бобур. — Шунинг маломати ҳам менга етиб ортадир, бегим! Энди сизни бундай балолардан узоққа олиб кетмоқчимен!
— Ҳозир мен учун Тошкентдан тинч жой йўқ!
— Бу ҳаммаси — муваққат тинчлик, инонинг! Кўп ўтмай Шайбонийхон бу ерга ҳам бостириб келур!
— Мен эгачимнинг қаноти остида ҳеч нарсадан қўрқмаймен! Даргоҳингиздан адои тамом бўлиб келиб, эгачимнинг ёнида яна тирилдим!
— Менинг даргоҳимда қийналганингиз рост. Лекин… яхши кунларимиз ҳам бўлган эди-ку!.. Инсоф билан бир эсланг ахир!..
Ойиша бегимнинг барча аламлари янгиланиб, хотираси лойқаланиб турган шу дақиқаларда бирорта яхши кун эсига тушмади.
— Даргоҳингизда қачон яхши кун кўрибмен, Мирзам! Мудом сафар! Мудом таҳлика! Мудом сарсонлик! Мудом бемеҳрлик!
Бобур Ойиша бегимдан бунчалик адолатсиз гап кутмаган эди. Ахир у Самарқандни биринчи марта олганида Ойиша бегим «нажоткоримизга» деб совға юбормаганмиди? Кейинги ғалабасида «фахрланамен» деб шивирлаган ким эди? Бобур буларни эслаб ўтиришни ўзига эп кўрмади-ю, хотинига ҳайрат билан тикилиб:
— Наҳотки ҳаммасини унутгансиз? — деди.
— Йўқ, кўрган азоб-уқубатимни умрбод унутмасмен!
— Фақат азоб-уқубат?!
— Бу озми? Оз бўлса, хўрланиб йиғлаганларимни ҳам унутмасмен! Энди қолган умримни эгачимнинг дуои жонини қилиб ўтказурмен. Саргардонлик бас! Хўрлик бас! Мен ҳам шоҳ қизимен!
Бобур олтин камарига осилган чарм ҳамёнини титроқ қўллари билан очиб, ниманидир қидирди, аммо тополмади. Сўнг индамай ташқари чиқди-ю, мулозимлари турадиган хонага ўтди.
Дасторпеч эртага бўладиган қабул маросими учун Бобурнинг шоҳона кийимларини сандиқдан олиб, дазмолламоқда эди. Олтинлар, қимматбаҳо гавҳарлар билан безатилган ипак кийимлар Бобур ҳозиргина хотини ва қайнегачисидан эшитган беандиша гаплар аламини янада ошириб кўрсатгандай бўлди. Шунинг устига Қосимбек Бобурга рўпара бўлиб шикоят қилди:
— Хон шиғовули эртанги қабул маросимида Жонибек Султонни сиздан баландроққа ўтқазмоқчи эмиш! Бу не сурбетлик! Ахир сиз шоҳсиз! Наҳотки даштий бир бекни сиздан ортиқроқ эъзозласалар?!
Қосимбек ҳали ҳам ўзини Бобурнинг эшик оғасидек тутар ва унинг обрў-иззатини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб биларди. Хон бугун Бобурни қабулхонасида мунтазир қилиб қўйиб, Шайбонийхоннинг элчиси билан шатранж ўйнаб ўтирганда ҳам даштий султонни жиянидан баланд қўйган эмасмиди? Бир кунда шунча камситиш!.. Эртага бундай майда-чуйда камситишлар янада кўпайиши аниқ. Бунинг ҳаммасига чидаб, сиғинди бўлиб юришга бардоши етмаслигини энди аниқ сезган Бобур:
— Йўқ! — деди. — Ҳаммасидан кечдим! Жаноб Қосимбек, мен энди шоҳ эмасмен! Керак эмас менга хон қабули! Бас! Улоқтиринг ҳаммасини!
Бобур дасторпечнинг қўлидаги олтин безакли тўнни юлқиб олиб, ерга отди. Нарироқда гавҳар ва ёқутлар билан безатилган шоҳона салла турган эди. Бобур саллага қадалган иккита гавҳар донасини — бир вақтлар Ойиша бегим берган совғани ситиб, юлиб олди, сўнг саллани эшикка қараб отди. Салла чувалиб кетиб, бир учи остона устига узала тушди.
Қосимбек саросима билан Бобурнинг елкасига қўлини қўйди:
— Амирзодам, сизга не бўлди? Амирзодам!
Рангида қон қолмаган Бобур ҳансираб хитоб қилди:
— Минбаъд мен бир дарвиш бўлиб кун кўрмоқчимен! Жаноб Қосимбек, онамга айтинг! Мен ҳозир Ўратепага кетурмен! Юз чумчуққа бир кесак! Тожу тахт даъвосидан воз кечдим! Ким шунга кўнса, мен билан юрсин! Қолганларга жавоб!
Бобур салладан юлиб олган иккита гавҳарни сиқимлаганича арк ҳовлисига чиқди. «Суймаган хотинингиз сизга не керак?» деган сўзлар қулоғига қайтадан эшитилиб кетди. Чиндан ҳам юлдузи тўғри келмаган бегимни энди ўз ихтиёрига қўйган маъқул эмасми? Аммо бу бегим энди тил чиқариб, шунча аччиқ гапларни айтиши, эридан биронта ҳам яхшилик кўрмадим, дейиши, Бобурнинг қалб яраларига сепилган туздек вужудини ачиштирмоқда эди. У ўз хонасига кириб қоғоз ва дафтарлари сақланадиган сандиқ тагидан Ойиша бегим бир вақтлар ипак билан тиккан халтачани қидириб топди. Йиллар давомида халтачанинг оқ матоси сарғайиб, хиралашган, аммо қизил ипак билан тикилган «Нажоткоримизга» деган каштасимон ёзув аслидай турган эди. Бобур гавҳарларни халтачага солиб, Ойиша бегимнинг олдига борди.
— Бегим, сиз мени нажоткор билиб, бу гавҳарларни «тахтга чиққанда тожга қадаб чиқсинлар» деб юборган эдингиз. Ҳозир менинг тожу тахтим йўқ… Шоҳлик даъвосидан ҳам бутунлай воз кечдим. Дарвиш бўлиб тоғларга чиқиб кетмоқчимен. Сиз эса шоҳ қизисиз… Олинг гавҳарларингизни!.. Балки яна бошқа бирон… нажоткорингизга совға қилурсиз!
Ойиша бегим халтачани олар экан, аччиқ билан бидиллаб деди:
— Мени яна ташлаб кетадиган бўлсангиз, жавобимни бериб кетинг!
— Шундоқми? Ажрашмоқчимисиз?
— Ҳа. Ажрашамен!
— Бўлмаса… бугундан бошлаб менга хотин эмассиз! Бошингиз очиқ! Шариат бўйича уч талоқсиз!

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шуям эркак бўлдими?

Ўйламай, фикр қилмай, Кулса ҳеч тўхтов билмай, Шуям эркак бўлдими? Куни ўтса туйғусиз, Бутун умри қайғусиз, Шуям эркак бўлдими? Ҳаттоки тилак чоғи, Очилмаса қовоғи, Шуям ...

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

Мeҳробдан чаён-китоб сўзи

Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки  букланиб  таъзим  қилған  ҳолда  узатар  эди.  Ҳазрати  мударрис  хайрлашқан  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400