Юлдузли тунлар-40

3

Бобур ўзига азоб берадиган оғир туйғуларни тоғлардан кўринадиган кенгликларга сочиб юбора олса ёки гўзал шеърий сатрларга жойлай олса бир қадар енгил тортади.


Не ерда сокин ўлай? Не қилай? Қаён кетайин?

Не дайрдин эшигим очилур, не масжиддин.
Неча эшикдин эшикка гадо каби етайин?
Куйиб-ёниб ёзган бу сатрлари қалбининг тафтини олар, дунёда унинг учун ҳамма эшиклар бекилганда ҳам бир муқаддас қопқа — шеърият қопқаси доим очиқ эканини ич-ичидан сезиб кўнгли кўтариларди. У ўз қалбида ҳали сарф этилмаган қудратли кучлар борлигини, опаси Хонзода бегим Бобур билан видолашган пайтида: «Сизнинг нодир истеъдодингиз бор, бу буюк неъматни ҳайф қилманг!» деган сўзлари кўп эсига тушади. Кеча мана шу Оқсув бўйидаги бир қишлоқда тўй бўлган, шунда ёш бир хонанда сеҳрли товуш билан Бобурнинг «Кўнглимдан ўзга ёри вафодор топмадим» деб бошланадиган ғазалини ашула қилиб айтганини у ўзи кўчадан ўтаётиб эшитган эди. Ўша дақиқаларда унинг қалбидаги энг зўр куч жунбушга келиб, юзага чиқиш учун йўл ахтарган эди. Бу ички куч унга Даҳкатнинг кунчиқиш томонидан уч минг газ баландликдаги Осмон Яйлов тоғининг учидан отилиб чиқиб турган мўъжизавий булоқни эслатди. Жилғалар бўйидан, тоғ ён-бағриларининг тагидан кўз очган булоқлар кўп. Лекин шундай юксак тоғнинг энг баланд бир нуқтасидан ёриб чиққан бундай ғалати чашмани Бобур биринчи марта шу ерда учрат-ди.
Жанубда мангу қорга бурканган улуғвор Пирях чўққиси ялтираб турибди. Аммо у чўққи билан Осмон Яйлов тоғнинг орасида беҳад чуқур жилғалар, катта-катта баландликлар бор. Бу булоқнинг суви ўша чўққидан тушиб, яна Осмон Яйловга чиқиб келгунча икки орадаги чуқурликлардан ҳам теранроқ жойга тушиб, сўнг яна юксак тоққа кўтарилган бўлиши керак.
Булоқ бунча кучни қаердан олганикин? Уни шунчалик баланд жойга чиқишга, шундай тошлар орасидан кўз очишга нима мажбур қилган экан? Эҳтимол, илгари унинг кўзи пастдаги тоғ камарларида бўлгандир? Балки булоқнинг устига тоғ кўчиб тушиб, аввалги кўзини бекитиб қўйгандир?
Бобурга бирдан ўз ҳаёти ҳам кўчки босган булоққа ўхшаб кўринди. Ахсида қулаган жар ҳам шу булоқнинг кўзига тушган. Кўчманчи султонларнинг Самарқанддаги ғалабаси ҳам… Ички бир куч билан қайнаб чиқаётган булоқ кўчкининг тупроқларини ювиб, тошлар орасидан йўл топиб ўта бошлаганда Мовароуннаҳрдаги ижтимоий зилзилалар зарбидан янги-янги жарлар қулайди, қоялар кўчади-да, яна шу булоқнинг кўзига тушади.
Булоқ ҳамон туғилган заминининг бошқа жойларига бош уриб, ёруғ дунёга олиб чиқадиган янги йўллар излайди.
Агар Осмон Яйлов булоғи тошлар орасидан йўл топиб, мана шундай баланд қояни ёриб чиққан бўлса, Бобур умидсизланмаслиги керак. Эҳтимол, унинг толеи ҳам мана шу булоққа ўхшаб, баланд бир нуқтадан қайта кўз очар. Балки бу баланд нуқта шеъриятдадир?
Бир куни пешин кечроқ Бобур Осмон Яйлов булоғи бўйида мана шу хаёлларга ғарқ бўлиб ёлғиз ўтирганда, катта-катта иккита бўрибосар итни эргаштириб бир чўпон йигит келиб қолди.
Оёғида чориқ, бошида қизил хошияли оқ қалпоқ, белига катта пичоқ осиб олган, қўлида қизил ирғай таёқ. У тош устида ўтирган Бобурга салом берди-ю, итларни орқароқда қолдириб, ўзи булоқдан кафтида сув олиб ичди. Кейин ҳўл қўлларини қалами яктагининг қўлтиқларига арта туриб, Бобурга гап қотди:
— Ҳа, жўра, пошшонг зиқналик қилдими, тоққа яланг оёқ чиқибсен?
Чўпоннинг «сен-сен»лаб гапиргани Бобурнинг қулоғини тирнаб ўтгандай бўлди. Аммо ўзини босиқ тутиб:
— Қайси подшоҳим? — деб сўради.
— Бобур деган бир подшо Даҳкатда юрган эмиш. Сен ўшанинг одамлариданмисен?
Бобур эски кийимларини кийиб чиққан, ўзи тоғ офтобида куйиб қорайган, аммо унинг юзида, қўлларида асилзодаларга хос бир назокат борлиги билиниб турарди. Чўпон уни подшоҳнинг мулозимларидан деб ўйламоқда эди. Бобур ўзини танитгиси келмай:
— Ҳа, — деди.
Чўпон ирғай таёғига кенг кўкрагини тираб, Бобурга синовчан назар билан тикилди:

— Подшонгга жуда содиқмисен?
Бобур мийиғида кулиб:
— Мен ўзимга содиқ бўлсам бас, — деди.
— Подшонг ҳам сени ёмон кўрса керак-да, хор қилиб қўйибди.
Eнди Бобур чўпоннинг юзига тикилиб қаради. Бетига ҳали устара тегмаган йигирма ёшлардаги йигит. Лекин чуқур кўзлари қирқ-еллик ёшга кирган ва кўп ғам чеккан одамникидай сўлғин, кексанамо.
— Подшоҳимни мунча кўп сўроқладинг, бирон арзинг борми? — деди Бобур кулимсираб.
Чўпон қовоқларини уйиб:
— Мен уни мана шу тоғда яккама-якка учратмоқчимен, — деди.
— Агар учратсанг… Не гапинг бор?
Чўпон йигитнинг кўзлари ғазаб билан қисилди:
— Отам билан акамнинг бошини не қилган, шуни сўраб билмоқчимен.
— Бошини? Бобур-а?! Сен… сен кимсан ўзинг?
— Чагракларданмен!
Бобур Андижон тоғларида яшайдиган чорвадор туркий қабила — чагракларни эслаб ҳайрат билан сўради:
— Бу ерда ҳам чаграклар борми?
— Биз бу ерга Ўш томонлардан қочиб келганмиз. Мен ўшанда ўн тўрт яшар бола эдим. Бобур
келиб отам билан акамнинг қўйларини, йилқиларини тортиб олмоқчи бўлган. Чўпонлар:
«Бермаймиз!» деб ғалаён қилган. Кейин Бобур ҳаммасини ўлдириб, бошларини кесиб кетган.
Онам билан борсак, ўн беш-йигирмата ўлик ётибди. Бошлари йўқ. Танасидан таниб олиш қийин бўларкан. Онам дам у танани қучоқлаб йиғлайди, дам бу танани…
Бобур Ўшнинг жанубида бундан олти йил аввал Аҳмад Танбалнинг қонли хуржунидан лолақизғалдоқлар устига юмалаб тушган каллаларни яна кўз олдига келтирди. Ўшанда уни сескантириб юборган ёшгина йигитнинг калласи ва устара тегмаган юзи кўз олдида қайтадан гавдаланди. Мана бу турган чўпоннинг юзи Бобурга бирдан ўша юзни эслатди-ю, кесик бўйиннинг қон аралаш гўштлари хаёлида такрор пайдо бўлиб, борлиғини даҳшатга келтирди. У чўпонга саросима кўзлар билан қараб:
— Аҳмад Танбал ўлдирган! — деди. — Султон Аҳмад Танбал!
Чўпон таёғини кўкрагидан олиб, Бобурга яқинроқ келди:
— Сен ўша бошларни кўрганмидинг?
— Ҳа, яйловда… Ўшнинг яйловида Аҳмад Танбал ўша бошларни келтириб кўрсатган. Бунга олти йил бўлди… Чўпонлар ғулу кўтариб, навкарлардан уч-тўрттасини ўлдирмишлар. Танбал ўшанинг қасдига бош кесиб келган эди!
— Танбал эмас! Менга кўрган одамлар айтган! Отамнинг бошини Бобур кесиб кетган!
— Одамлар ёлғон айтмишлар! Мен… аниқ биламен. Бобур норасида ўсмир эди. Тоққа Султон Аҳмад Танбал борган!
Бобур ўзини оёқлаётган одамга ўхшаб шошилиб гапираётгани учун чўпон йигит энди ундан гумонсиради. Зуғум қилиб:
— Сен ўзинг кимсен? — деди. — Бобур сенинг киминг?
Бу савол Бобурнинг этини жунжиктирди. Гўё чўпон ҳозир ундан отасининг хунини талаб қиладигандек туюлди.
Eгасининг овозидаги ғазаб ва таҳдидни пайқаган итлар бирдан ириллаб, Бобурга ташланишга тайёрланишди. Бобур ўрнидан сапчиб турди. Қўли беихтиёр белидаги ханжарнинг сопига борди.
Лекин унинг оёқлари яланг эди. Итлар энг аввал унинг оёғидан оладигандай кўринди. Шу пайт у ўзининг яланг оёқ юрганидан қаттиқ пушаймон бўлди.
— Нега индамайсен? — деди чўпон яна таҳдид билан.

Бобур ўзини иложи борича вазмин тутиб:
— Не дейин? Гапимга ишонмасанг! — деди.
Чўпон итларига ўгирилиб:
— Тўрткўз, Бўйноқ, ётинглар! — деди. Сўнг яна Бобурга юзланди: — Хўш, гапинг чин бўлса, менинг отамни Бобурнинг ўзи эмас, Танбал деган беки ўлдирган. Шундайми?
— Шундоқ.
— Ўша бекка ким фармон берган? Бобурми?
— Бобур бундай бўлишини билмаган… Ёшлик қилган!
— Яна пошшойингнинг тарафини оласан-а! Агар мен ҳозир мана бу итларимга «ол»! — десам, сени тилка-пора қилиб ташлагай. Шунда фақат итлар айбдор бўлгайми? Буларни олқишлаганим учун мен гуноҳкор бўлмасменми?
Бобур чўпоннинг бу гапига эътироз қилиб бўлмаслигини сезди-ю, бошини қуйи солди:
— Балки сен ҳақлидирсен…
— Кимсен ўзинг? Айт ростини!
Чўпоннинг овозидаги таҳдидни сезишиб, итлар яна ириллашди. Бобур қўрққанини сезса, итлар унга ташланадиганга ўхшарди. У бор кучини гўё кўзларига йиғиб, чўпонга тик қаради-ю, дадил туриб:
— Мен Бобурмен! — деди.
Чўпон қулоқларига ишонмай, унинг яланг оёқларига яна бир қаради:
— Наҳотки подшоҳ Бобур сен бўлсанг?!
— Ҳа, мен подшоҳ эдим!
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир… тожу тахт даъвосидан воз кечдим. Энди фақат шоирона ҳаёт кечирмоқчимен.
— Шошма, шошма!
Оқсув бўйида бўлган кечаги тўйда чўпон ҳам бор эди. У хушовоз ёш ҳофизнинг Бобур ғазали билан айтган ашуласини тинглаб ғалати бўлиб кетган эди. Ашула охирида:

Бобур, ўзунгни ўргата кўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни, мунча қилиб ёр топмадим! —

деган сатрлар унинг эсида қолган эди.
Ҳозир Бобур бир ўзи тоғу тошда ёлғиз юргани ҳам унинг ўша байтини тасдиқлаган кўринди-ю, чўпон итларига қараб:
— Ёт! Бўйноқ, ёт! — деб буюрди. Итлар тинчлангач, яна Бобурга кўз тикиб сўради: — Шоирлигинг рост бўлса, шу ерда ёзган шеърларингдан бирини айт-чи?
Бобур ерга қараб ўйланиб олди-да, бошини кўтарди.
— Эшит:

Не хеш мени хушлару не бегона,
Не ғайр ризо мендину не жонона.
Ҳар нечаки яхшиликда қилсам афсун,
Халқ ичра ёмонлик билан мен афсона.

Ички туғён билан ўртаниб айтилган бу сатрларнинг тафти чўпоннинг бирдан ялтираб кетган кўзларида акс этди.
— Сен ҳам куйганлардан экансен, шоирлигинга тан бердим! Агар шу шоирлигинг бўлмаса, сени раҳматлик отамнинг қасдига итларимга талатиб юборар эдим! Хайр, шоир, омон бўл!
Чўпон итларини эргаштирганича чағатда ёйилиб юрган қўйларига қараб кетди.
Бобур шу куни Осмон Яйловдан Даҳкатга қандай тушиб келганини билмайди. У машъум ўтмишидан осонликча қочиб қутулолмаслигини, ёмон беклар Бобурнинг номидан қилган золимликларни одамлар ундан кўришини ўйлаб, вужудини янги бир безовталик чулғаб олди.
Ёшликда бекларнинг раъйига қараб қилган хатолари бояги иккита ваҳимали итнинг қиёфасига кириб, ҳали ҳам кетидан қувиб келаётганга ўхшарди.
Даҳкатда эса уни яна бир таҳликали хабар кутиб турарди. Шайбонийхон қўшинлари Ўратепага етиб келган, шаҳарга бозор қилиш учун борган даҳкатлик кадхудони хон кишилари тутиб олиб калтаклашган.
— Бобур яшириниб юрган жойини кўрсатасан! — деб талаб қилишган эди. Юзлари қамчи изидан қонталаш бўлиб шишиб кетган эллик ёшлардаги кадхудо тожикчалаб:
— Мен меҳмонимни тутиб берадиган аблаҳ эмас!— деди Бобурга — Ёвларингизни Оқтанги деган дарага бошлаб бориб, адаштириб, ўзим тоғма-тоғ қочиб келдим!
Оқтанги Даҳкатдан ўттиз чақиримча ғарбда эди. Хоннинг искабтопарлари бугун бўлмаса, эртага бу ерларга етиб келиши муқаррар. Шайбонийхон Бобурнинг бошини кесиб келганларга катта олтин ваъда қилган.
Ички ҳовлидан Қутлуғ Нигор хоним чиқди:
— Бобуржон, ҳаммамиз нажотни сиздан кутмоқдамиз! Дарвишона юришларни энди бас қилинг.
Ҳамма сизни қувғиндаги шоҳ деб билур, бошқа гапга ҳеч ким ишонмагай. Хон кишилари ҳам сизни тахтга даъво қилиши мумкин бўлган бир шаҳзода деб излаб юрурлар. Даҳкатликлар ҳам шунча вақт бизга нону туз бердилар. Энди бу қишлоқни хавф-хатардан қутқариш ҳам сизнинг бурчингиздир, жоним!
Бобур агар ёв билан бу ерда тўқнашса, қишлоқ оёқости бўлишини ўйлади. Бу ерда у билан бирга юрган онасини, бек ва навкарларини ёвдан омон сақлаш учун ҳам, ўзи бояги чўпонга ўхшаш қасоскорларнинг тасодифий қурбони бўлиб кетмаслиги учун, даҳкатлик кадхудонинг тузини оқлаш учун ҳам Бобур яна қайтадан қурол-яроғ тақишга ва одамларига бошчилик қилишга мажбур эканини, ҳозир шундан бошқа иложи йўқлигини ҳис қилди-ю, оғир «уҳ» тортди:
— Шоҳлик тақдиримдан яланг оёқ қочиб қутулолмас эканмен! Жаноб Шеримбек! Сиз энди Қосимбекнинг ўрнида амирал умаросиз!
Бобурни ўн икки ёшида Олатоғ томонларга олиб қочиб кетиб қутқармоқчи бўлган кекса Шеримбек тоғойи қувониб таъзим қилди:
— Иноятингиздан сарафрозмен, амирзодам! — деди.— Буюринг!
— Одамларимизнинг барчасига амримизни етказинг. Кўч-кўронни йиғиштирсинлар! Шу бугун кечаси Даҳкатдан жўнаб кетгаймиз!
— Муборак буйруғингиз алҳол адо этилур, амирзодам!
Яна зирҳли кийимлар кийган, қурол-яроғ таққан Бобур ўша кеча тоғдан-тоққа ошиб кун чиқиш томонга — Исфарадан наридаги Сўхга қараб кетди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-16

6 Оқиш сувли жўшқин Бурасой Ўш қалъасининг тош ётқизилган пойдеворига бош уриб, кўпириб ўтади. Сойнинг ўнг бетидаги сердарахт маҳаллада мавлоно Фазлиддин бултурдан бери ...

Рауф парфи:ассалому алайкум дорнинг оғочи

«Кунтуғмиш»дан Акиф БАҒИРга   КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН, Ёлғиз бошим узра узилар шамол, Кўзларимни ғажир аллақандай тун, Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? – ...

Озодлик қўшиғи

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир, сўзлари куйдирар томоқни, ўлимни назарга илмайсан, сезмайсан сургуну қамоқни. Шалдироқ кишанлар ҳукмига ачинмай берарсан ёшлигинг. Юзларинг ...