Юлдузли тунлар-42

ТАҚДИР ТАҚОЗОСИ
Иккинчи қисм

ҲИРОТ ДОВУЛДАН ОЛДИНГИ ОСУДАЛИК

1

Хазонрезлик пайти. Ҳирот боғларига сув берадиган Ҳирийруд дарёси ва Инжил анҳорининг қирғоқларига заъфарон япроқлар тўкилган. Қалъа ташқарисидаги машҳур Боғи Жаҳоноро, Боғи Мухтор, Боғи Зубайда, Боғи Чаманлардаги узумзор ва анорзорлар ёз бўйи кўтариб турган меваларидан айрилиб, яккам-дуккам қовжироқ барглар билан сўппайиб қолганлар.
Бироқ бу жанубий шаҳарда кузнинг хазонрезлик одатига бўйсунмайдиган дарахтлар ҳам кўп.
Ҳиротга Қандаҳор томонидан келишда йўл бўйидаги хиёбон ва сайргоҳларда ўсган мингларча сарвлар, санобар* дарахтлари кузда ҳам баҳордагидек яшнаб турибди. «Ҳусайн Бойқаро ҳовузи» деб аталган улкан тошҳовуз бўйида кумушранг жажжи япроқлари қуш тилини эслатадиган баланд ва гўзал лисониттайр дарахтлари бор — булар ҳам хазон нималигини билмайди.
Лисониттайрнинг барглари яра-чақага дорилигини эшитган Тоҳир ҳовуздан берироқда отдан тушди-ю, жиловини ёшгина навкарига тутқизди. Сўнг ўзи ҳовузнинг хилватроқ томонига ўта бошлади. У доривор барглардан юлиб олиб кетмоқчи бўлиб тепадаги шохларга тикилиб бораётганда қаршидан кимдир:
— Менга қаранг, бек йигит! — деб қолди.
Тоҳир дарахтнинг йўғон танаси ортидан чиқиб келаётган мулланамо кишини кўрди. Нимасидир Фазлиддин тоғасини эслатиб, юрагини ҳаприқтирди. Аммо соқолининг узунлиги-ю, юзининг кексанамо кўриниши Тоҳирни шубҳага солди. У одоб билан:
— Лаббай, — деб салом берди.
Тоҳирнинг юзидаги ханжар изига тикилиб турган ҳалиги киши энди унинг овозини ҳам таниди-ю:
— Тоҳир! Жияним! — деб қичқириб юборди.
Тоҳир ҳам энди тоғойисини таниб, қучоқ очганича унга қараб отилди. Ҳовузнинг шишадай тиниқ сувида уларнинг акслари бир-бирига қўшилиб кетди.
— Ватанимнинг ҳидини олиб келган жияним! Худога шукр, эсон-омон экансен!
Мавлоно Фазлиддин жиянини қучоғидан қўйди-ю, кўзидан юзига оқиб тушган қувонч ёшларини артиб, Тоҳирнинг кумуш камарига, беклар тақадиган қимматбаҳо ханжарига ва сақорлот чакмонига энди разм солиб қаради. Тоҳирнинг бошидаги дубулғанинг тепасида ҳам бекларга хос кичкина байроқча бор эди.
— Жияним, мартабанг ошибдими?
— Ҳа, тоға, қўрчибегимен.
— Муборак бўлсин. Илоҳим сенга ёмон бекларнинг таъсири урмасин!
— Бобур мирзо ҳам ёмон бекларидан безгандан кейин биттасининг ўрнига мени қўйди… Хўш, ўзингиз қалайсиз, мулла тоға? Келганимдан бери қидирамен. Сўроқлаб-суриштирай десам, таниш-билиш йўқ.
Ёши қирққа кирар-кирмас юзига ажин тушган мавлоно Фазлиддин маъюс товуш билан деди:
— Юрибмиз… Тупроқдан ташқарида. Худо бизни омадсиз яратган экан-да, жияним. Бу ерга келиб, энди Навоий ҳазратларининг марҳаматларидан баҳраманд бўлай деганимда, у зоти олий вафот этдилар. Катта қурилишлар Ҳусайн Бойқаро замонида ҳам унча-мунча бўлиб турган эди.
Мана шу йил Ҳусайн Бойқаро ҳам оламдан ўтди. Қурилишлар тақа-тақ тўхтаган. Бизга ўхшаганларга яна иш йўқ!
— Ундай бўлса, Бобур мирзога бир учранг.
— Бобур мирзо ҳам бу ерда меҳмон… Мени қабул қиладими, йўқми? Орада нозик гаплар ўтган.
Тоҳир мавлоно Фазлиддин билан Хонзода бегим орасида бўлган мураккаб воқеаларнинг чет-ёқасини эшитган эди.
— Бўлмаса, аввал мен у кишини холи топиб, сиз тўғрингизда гап очиб кўрайми, мулла тоға?
— Майли, буни кейин яна маслаҳатлашурмиз. Оббо жияним-ей! Мен Бобур мирзонинг Ҳиротга келганларини эшитганимдан бери «сен ҳам бормикинсен, йўқмикинсен», деб ҳар бир навкарга кўз тикиб юрган эдим… Қани энди, юр, уйга борайлик! Агар сенга мана бу доривор япроқлар керак бўлса, уйдан топиб бераман. Бизнинг боғчада ҳам шу дарахтдан бор.
— Боғчада… бир ўзингизмисиз ёки уйландингизми, мулла тоға?

— Уйланганмиз, жиян. Навоий ҳазратлари маслаҳат бердилар. У кишида боғбон бўлган дуруст бир одамнинг қизи бор экан…
— Муборак бўлсин! Фарзандлар ҳам борми?
— Ҳа, бир ўғил, бир қиз.
— Э, ажойиб-ку! Ундай бўлса, мен уйингизга тўёналар билан борурмен!
— Ўзингни кўрганим минг тўёнадан афзал, жиян! Қани, юр!
Тоҳир бир неча қадам юрди-ю, кейин ниманидир эслаб, осмонга қаради. Офтоб оғиб борар эди.
— Мулла тоға, уйингиз яқинми?
— Йўқ, узоқроқ. Шаҳар четидаги Назаргоҳ маҳаллотида. Нима эди?
— Мен ҳозир бир соатдан сўнг хизматда бўлмоғим керак эди. Подшоҳ буюрган эди.
— Оббо!.. Ундоқ бўлса… Шу ерда бирпас ўтирайлик. Мен сал дийдорингга тўяй! Ўзинг қалайсен, жияним, уйланганмисен?
Тоға-жиян ҳовуздан четроқдаги тош курсига бориб ўтирдилар. Тоҳир Робияни қандай топганини айтиб берди-ю:
— Кобулга келиб битта ўғилча кўрдик! — деди. — Отини Сафарбек қўйдик.
— Э, хайрият! Мен бир вақтлар ҳамма нарсадан умидимни узган эдим. Сени ҳам қайта кўролмасмен, деб ўйлаган эдим. Бош омон бўлса, ҳаммаси ўтар экан… Сен билан биз-ку, қутулиб келдик-а! Андижондагиларнинг аҳволи не бўлди?
— Буни сўраманг, мулла тоға! Шайбонийхоннинг қирғини кечалари тушимга кирса, босинқираб чиқамен!.. У ёқда роса абгор бўлиб, икки юз қирқтагина одам билан Хуросонга қараб жўнадик.
Ҳисор тоғларининг орасида роса қийналдик. От-уловлар ўлиб-сўйилиб тамом бўлган. Бобур мирзо ҳам отини онасига бериб, ўзи пиёда юради. Оёқларимизда чориқ. Қўлларимизда таёқ.
Турадиган жойнинг тайини йўқ. Биров бери кел, демайди. Арзимаган амалдорлар Бобур мирзодай одамга беҳурматлик қилиб «йўлларингдан қолманглар, Ҳисордан тезроқ ўтинглар», дейди. Бизнинг ғазабимиз келиб, қўпол гапирган амалдорларни чопиб ташласак, деймиз.
Лекин Бобур мирзо: «Бардош қилинглар, тезроқ Амударёдан ўтиб олайлик», деб шоширади.
— Лекин шоширганича бор экан-да, жиян. Сизлардан сал кейин Шайбонийхон Ҳисорни ҳам босибди-ку.
— Ҳа, кейин билсак, Бобур мирзо узоқни ўйлаб шундай қилган эканлар. Ҳисор подшоси Хисравшоҳ умрида бир мушук билан ҳам урушиб кўрмаган қўрқоқ одам экан. Бекларнинг кўпчилиги ундан норози экан. Бобур мирзога махфий одамлар юбориб: «Келинг, Ҳисорни сизга берайлик!» дер эканлар. Лекин Бобур мирзо фитнага аралашмади. «Келинг», деган ҳалиги бекларга: «Хоқон бўлсаларинг ўзларинг келинглар», деб яхши гаплар айтиб одам юбордилар.
Биз Амударёдан бу ёққа ўтганда, Шайбонийхон Ҳисорга бостириб кирибди. Қўрқоқ Хисравшоҳ хон билан жанг қилишга юраги бетламай, пойтахтни ташлаб қочибди. Унинг ўттиз минг қўшини тарқаб кетибди. Ўзингиз биласиз, мулла тоға, бундай пайтда беклар номи улуғроқ бир подшоҳ излаб қолишади. Бобур мирзо Шайбонийхон билан дадил жанг қилгани, бирда енгилган бўлса, бирда уни енггани эсларига тушади. Илгариги эшик оға Қосимбек ўша пайтда Ҳисор қўшинининг орасида эди. Унинг Бобур мирзога ихлосмандлигини биласиз. Хуллас, ини бузилган арига ўхшаб тарқалган Ҳисор қўшини Амударё бўйида бизга келиб қўшилаверди. Энг аввал Боқибек Чағониёний дегани тўрт юз аскари билан келди. Бобур мирзо унга кутганидан зиёда ҳурмат кўрсатди. Боқибекни энг баланд мартабали эшик оға қилиб қўйди. Кейин Хисравшоҳнинг бошқа беклари-ю, навкарлари кетма-кет келиб бизга қўшилаберди-да. Ўзимиз дарёдан икки юз қирқтагина одам ўтган эдик. Бир ой ичида тўрт мингга етдик…
Мавлоно Фазлиддин жиянининг сўнгги йилларда бир қадар ўзгариб қолганини энди аниқроқ сезди. Тоҳир илгари бунчалик сўзлай олмас эди. У гапдон асилзодалар орасида кўп юриб, мулозимларга хос мураккаб иборалар ишлатишга ўрганган эди.
— Биз Кобулга келсак, арғин деган уруғдан Муқимбек ҳоким бўлиб ўтирган экан. Тахт даъво қилишга ҳаққи ҳам йўқ, биз билан олишадиган кучи ҳам йўқ. Кобулни бизга жангсиз берди.
Кейин Ҳусайн Бойқародан Бобур мирзога хат берди. «Черик билан келинг, Шайбонийхонга қарши иттифоқ бўлиб чиқайлик», дебди. Отда қирқ кун юриб шунча жойдан келсак, Ҳусайн Бойқаро оламдан ўтибди.
— Бир жиҳатдан Кобулни пойтахт қилиб, бу ерга обрў билан келганларинг яхши бўлибдир, жияним. Акс ҳолда, Ҳусайн Бойқаронинг калондимоғ ўғиллари Бобур мирзони писанд қилмаган бўлур эди.
— Лекин ҳозир ҳурматимиз жуда жойида. Шаҳар ҳокимини бизга қўшиб қўйганлар. Ҳиротни айлантириб роса томоша қилдирди. Катта даргоҳларда ҳар кун зиёфат. Бугун кеч Бобур мирзо яна саройга боришлари керак эди…
Тоҳир осмонга кўз ташлаб, офтобнинг анча пасайиб қолганини кўрди-ю, безовталаниб ўрнидан қўзғалди:
— Мулла тоға, мен кеч қолсам бўлмас. Сизнинг уйингизга эртага борсам майлими? Қандай топиб борамен? Шуни айтинг.
Улар Тоҳирнинг отини жиловидан тутиб турган навкарнинг олдига боргунларича мавлоно Фазлиддин уйининг қаердалигини Тоҳирга батафсил тушунтирди. Тоҳир отининг жиловини навкарининг қўлидан олар экан:
— Мулла тоға, отингиз қани? — деди.
— Жияним, мен пиёда юрамен.
— Уйингиз узоқ бўлса ҳам-а?
— Ўрганиб кетганмен.
Тоҳир тоғасининг камбағаллашиб қолганини энди сезди-ю, отининг кумуш безакли юганини мавлоно Фазлиддинга тутқазди:
— Бўлмаса мана шу от сизники.
— Ўзинг-чи, жияним?
— Отхонада менинг яна иккита отим турибди. Мининг!
Тоҳир тоғасини қўймасдан отга миндирди-ю, белига қистирилган қимматбаҳо қамчини ҳам тоғасига берди.
— Сиз Ўшда менга миндириб юборган отнинг қулуни бу, мулла тоға. Ўшанда мени бошдан-оёқ кийинтирган эдингиз-а, эсингиздами?
— Э, бош омон бўлса дўппи топилади, жиян! Буни эслатиб ўтирма.
«Аммо эртага келин аямга ҳам, болаларига ҳам бош-оёқ кийимлик олиб бориб, тоғамни яна бир суюнтиришим керак!» деди Тоҳир ўзича.
Иккинчи от устида ўтирган ёшгина навкар нима бўлаётганига унчалик тушунмаса ҳам тоға-жиянга анграйиб қараб турарди.
Мавлоно Фазлиддин хўшлашиб кета бошлади. Тоҳир навкарига қараб шипшиди:
— Фаросатинг борми?
Бекни пиёда қолдириб, навкарнинг отлиқ туриши чиндан ҳам одобга тўғри келмас эди. Ёш навкар буни эртароқ сезмаганидан изза бўлиб отдан сакраб тушди ва жиловини Тоҳирга тутди:
— Афв этинг, бек жаноблари.
Мавлоно Фазлиддин ўгирилиб қаради-ю, Тоҳир нав-карнинг отида бекларча савлат тўкиб бораётганини, навкар эса унинг ёнида йўрғалаб пиёда кетаётганини кўрди. Навкардан чиққан баъзи беклар обрўталаб бўлиши мавлононинг эсига тушди. «Ишқилиб, Тоҳир ўшаларга ўхшамасин-да!» деб қўйди ичида.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_________________
* С а н о б а р — нина барги оч ҳаворанг тусдаги гўзал қарағайсимон дарахт. Бизда масалан, Сайробда учрайди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

“меҳробдан чаён” романи инглиз тилига таржима қилинди

Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов адиб таваллудининг 125 йиллигига “Меҳробдан чаён” романини ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилди. Асар ...

Юлдузли тунлар-78

3 Панипатда оғир ярадор бўлган Тоҳир уч ойгача ўрнидан туролмай ётди. Саройдан юборилган табиб унинг этидаги яраларни дуруст муолажа қилди-ю, лекин қовурға ва қўл ...