Юлдузли тунлар-43

2

Бугун ўн етти кундирки, Бобур Ҳиротда Алишер Навоий истиқомат қилган муҳташам Унсияда* яшайди. Унсиянинг баланд пештоқлари, нилий гумбази, офтобда жилоланган ранг-баранг кошинлари Бобурга Самарқанддаги Улуғбек мадрасасини эслатади. Лекин Унсия-нинг тўрт томонидаги тўртта минораси Улуғбек мадрасасиникидан баландроқ, бинонинг ҳажми ҳам каттароқ эди. Ўзи бундан ўн беш йилчагина олдин қуриб битирилган, ҳали ҳамма безаклари яп-янги эди.


Унсиянинг ичидаги хоналардан бир қанчасини Навоийнинг шахсий кутубхонаси эгаллаган.
Бобур кутубхонадаги китобларни варақлаганда, уларнинг баъзи жойларида улуғ шоирнинг дастхатини кўрди-ю, Самар-қандда ундан олган мактубни эслади. Навоийни кўришга муяссар бўлолмагани учун юрагини маъюс туйғулар чулғади.
Кутубхона эшиги олдига чиройли бир жавонга ўхшаш катта соат қўйилган. Белгили вақтларда бу соатнинг тепасидаги жажжи ҳайкалча ҳаракатга келади-ю, олтин болғачалар билан оҳангдор қилиб занг чалади. Бундай соат ясаш ғоясини соатсозга Навоийнинг ўзи айтиб, махсус буюртма берган эди. Кейин Ҳиротда «Алишерий» деб аталадиган занг чалувчи соатлар расм бўлиб кетган эди.
Бобур кутубхонадан чиқар экан, устма-уст занг чалаётган соатга қараб туриб, ўзича ўйланди:
«Ажаб! Алишербекнинг ўзлари вафот этган бўлсалар ҳам ихтиролари тирик. Умри соний шулмикин? Бу соат ўз эгасининг иккинчи умрини ўлчаб занг чалмоқдамикин?» Унсиянинг ич-ташида бу бинони қурган ва унда ҳаётининг охирги кунигача яшаган ноёб инсоннинг руҳи кезиб юрганга ўхшарди. Бобур Навоийнинг қўли теккан эшикларни эҳтиёт билан очар, мармар зиналарда унинг кўзга кўринмас изларини босиб ўтаётганини ҳис қилиб, мумкин қадар секин қадам ташлар эди.
Ҳовлида тошҳовуз бўйидаги чинорлар тагида фаррош йигит хазон супурмоқда эди. Бобур икки томонида тўқ яшил шамшод дарахтлари қатор турган чиройли йўлкага бурилди. Бу ерда уни Навоийнинг шогирди Хондамир ва унинг энг яқин надим*ларидан Соҳиб Доро кутиб турар эдилар. Ҳасса таянган кекса Соҳиб Доро Бобур билан кўришаётиб:
— Амирзодам, — деди. — Ҳазрат Мирнинг вафотларидан бери Унсия руҳсиз танадек эди. Сиз келганингиздан сўнг бу танада янги жон, янги руҳ пайдо бўлди!
Ёши ўттизларга борган тийрак кўзли Хондамир Бобурга синовчан назар билан кулимсираб тикилди: «Андижондан келган йигирма тўрт ёшлик шаҳзода бу муболағали гапга яраша камтарона жавоб топармикин?»
Қалби эзгу ва маъюс туйғуларга тўлиб турган Бобур шоирона ўхшатишлар қилиб ўтиргиси келмай жўн жавоб берди:
— Мавлоно, ҳазрат Алишернинг маконлари менинг ўзимда янги бир руҳ пайдо қилди. Бу ерда мен санъату маърифатнинг ҳали умримда кўрмаган камолотини кўрмоқдамен.
Хондамир Бобурнинг жавобидан қаноатлангандек мамнун бош ирғади. Соҳиб Доро ҳам:
— Сиз ҳақсиз, амирзодам, — деди. — Ҳазрати Мир неки яратган бўлсалар, ҳаммасида ўзларининг олий руҳларидан бир нишона қолдирмишлар. Мана бу минораларга бир назар ташланг!
Бобур учи осмондаги оқ булутларга тегай деб турган баланд кошинкор минораларга тикилди. Одатда, юксак минораларнинг одам чиқиб атрофга қарайдиган усти ёпиқ ҳалқаси, яъни шийпончаси энг тепасида бўлади. Унсия минораларида эса тепадаги ҳалқадан ташқари ўрта белида ҳам махсус ҳалқалар бор эди. Соҳиб Доро бунинг сабабини айтди:
— Ҳазрати Мир Ҳирот манзараларига баланд бир жойдан қараб ўлтириб ҳордиқ чиқарар эдилар. Кексайган пайтларида минора тепасидаги ҳалқага чиқишлари мумкин бўлмай қолди.
Шундан сўнг меъморга ўзлари айтиб, пастроққа ҳам ҳалқа қурдирдилар.
— Илож бўлса, шу ҳалқалардан бирига биз ҳам чиқсак, — деди Бобур.
— Бажонидил!

Соҳиб Доро Бобурни Хондамир билан бирга ғарбий минорага томон бошлади. Аммо минора ичидаги тик, айланма зиналардан чиқолмаслигини айтиб, ўзи пастда қолди. Миноранинг ўрта ҳалқасига Бобурни Хондамир бошлаб чиқди.
Улар атрофга кўз югуртиришди. Узоқда қорли Мухтор ва Искалжа тоғлари. Пастда куз кириб, суви жилдираб қолган Инжил анҳори. Унинг чап соҳилида машҳур Гавҳаршодбегим мадрасаси савлат тўкиб турибди. Навоий қурдирган Ихлосия мадрасаси Инжилнинг ўнг қирғоғида — Гавҳаршодбегим мадрасасига юзма-юз тушган эди. Ихлосиядан нарида беморлар даволанадиган, айни вақтда, мударрислар ёшларга тиббиёт илмини ўргатадиган Шифоия номли шифохона— мадраса. Ундан нарида улкан гумбазли Халосия хонақоҳи. Катта бир маҳалланинг ўрнини оладиган жой Алишер Навоий қурдирган нодир обидаларга тўлиб, Ҳиротнинг салобатига салобат қўшган эди.
Шаҳарнинг нариги ёқларида ҳам мовий тоғларга ўхшаб юксалиб турган минора ва гумбазларнинг кўплиги Бобурга бирдан Самарқандни эслатди-ю, юрагини дард аралаш соғинч туйғуси чулғади.
— Мавлоно, — деб Бобур Хондамирга юзланди. — Ҳирот обидаларини қурган меъморлар орасида Мовароуннаҳрдан келганлари ҳам бормиди?
— Амирзода, Сиз Ҳиротда Самарқанд сайқали ҳам борлигини сезиб турганга ўхшайсиз.
— Ҳа, саволимнинг боиси ҳам шу.
— Ҳиротнинг кўп улуғ зотлари Самарқандда таҳсил кўрмишлар. Улар Самарқанд сайқалини қалбларида олиб келмишлар, яна Мовароуннаҳрдаги фаторатлардан безиб қочган талай истеъдодлар Ҳиротга келиб, ҳазрат Алишердан паноҳ топмишлар. У олий зотнинг фазилатлари беҳисоб эди. Лекин фақирга энг улуғ туюлган фазилатлари— ҳазрат Мирнинг истеъдодшуносликлари-ю, заковатпарварликлари эди. Улуғ ишларини улуғ истеъдодларсиз қилиб бўлмаслигини ҳазрат Алишер яхши билур эдилар. Шунинг учун ҳамиша эл-улус орасидан нодир истеъдодлар излаб ўтдилар. Ёнларида юрган надимларига, мусоҳибларига, биз каби шогирдларига айтар эдиларки, бахиллик доим нурсиз, лаёқатсиз, истеъдодсиз одамлардан чиқур. Хусусан, олий жамиятда лаёқатсиз бахиллар доим истеъдодларнинг йўлини тўсурлар, худодод заковатларини юзага чиқармай, хайф қилурлар, бундан бутун халқ зарар кўрур.
Дунёдаги энг машъум бахиллик, истеъдодларнинг йўлини тўсгувчи бахилликдир. Дунёдаги энг олий саховат эса нодир истеъдодларни юзага чиқарувчи саховатдир.
— Айни ҳақиқат! — завқланиб хитоб қилди Бобур.
Хондамир бу хитобдан руҳланиб, овозини хиёл кўтариб давом этди:
— Биз бирон сафардан қайтсак ёки ҳазрат Алишерга бир-икки кун кўринмай юриб, кейин ҳузурларига келсак: «Қани, хўш, яна қандай ажойиб истеъдод учратдингиз?»— деб сўрар эдилар. Биз учратган нодир истеъдодларнинг баъзилари ўн беш-ўн олти ёшлик ўспиринлар бўлар эди. Ҳазрат Алишер: «Бўладиган бола ўн беш ёшида бош бўлур, бўлмайдиган одам қирқ ёшида ҳам ёш бўлур», дер эдилару топилган истеъдод ўспирин бўлса ҳам ҳузурларига чорлар эдилар. «Соҳиб Доро истеъдодли шоир Зайниддин Восифийни ўн беш ёшида ҳазрат Мирнинг ҳузурига келтирган эди. Ҳазратнинг саховатларидан баҳраманд бўлган бу ёш шоир жуда тез улғайиб, бутун Ҳиротга машҳур бўлди. Улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзод ҳам ёшликдан ҳазрат Мирнинг тарбиялари билан улғайдилар. Шоир Ҳилолий, хаттот Султон Али Машҳадий ҳам ҳазрат Алишер кашф этиб, тарбият қилган истеъдодлардандир. Кўз ўнгимизда турган Ҳирот сўнгги ўттиз-қирқ йил мобайнида аввалгидан ўн баробар гўзалроқ, улуғворроқ бўлиб кетганини барча фозил кишилар ай-турлар.
— Сўзингиз чин, мавлоно. Мен кўрган Рубъи маскунда* Ҳиротдек шаҳар йўқдир!
— Амирзодам, бугунги Ҳиротни шунчалик гўзал, шунчалик улуғ қилганлар — эл-улус орасидан чиққан истеъдодлар эмасми?
— Рост! Кўз ўнгимизда турган барча нодир обидалар — улуғ истеъдодлар хазинасидан чиққан гавҳарлардир.

— Лутф қилдингиз, амирзодам. Ҳазрат Алишер — гавҳардай бебаҳо истеъдодлар хазинасини очган энг улуғ кашфиётчи эдилар. Буни султон Соҳибқирон Ҳусайн Бойқаро ҳам тан олган эдилар. Эшитгандирсиз амирзодам, ҳазрат Алишер билан Ҳусайн Бойқаронинг ораларига нифоқ солган бахиллар кўп эди. Маълумингизким, султон Ҳусайн мастликда кўп ёмон ишлар ҳам қилган эдилар… Аммо ичмай юрган таъблари тиниқ кунларда ҳазрат Алишерга шундоқ эҳтиромлар кўрсатар эдиларки, ҳаммамиз ҳайрон қолар эдик.
Бобур Хондамирнинг завқли бир воқеани эслагандек мамнун кулимсираганини кўрди-ю, унинг ҳикоясини кутиб, юзига тикилди.
Хондамир ҳали йигит ёшида бўлса ҳам кўп ўлтириб ишлаш оқибатида бир оз семириб қолган тўла гавдали ўрта бўй киши эди. У гўштдор бармоқлари билан қошининг устини силаб қўйди-ю:
— Ҳазрат Алишер «Хамса»ларини битириб Султон Ҳусайн Бойқарога ўқишга бердилар, — дея ҳикоя қила бошлади. — Султон Ҳусайн таъби назми ўткир зот эдилар. «Хамса»ни ўқиб ҳазрати Алишерни саройларига чақирмишлар, бутун аъёнлари олдида табрик айтмишлар. Султон Ҳусайннинг яхши кўрган бебаҳо бир оқ отлари бор эди. Мирохўрга: «Ўшал отни келтиринг!» — деб буюрмишлар. Мир ҳазратлари ҳайратга тушиб: «Менга от инъом қилмоқчиларми? — деб ўйламишлар. Отни келтиргунларича подшоҳ Мир Алишерга қараб: «Eнди сиз шеъриятда менга устоз пирсиз, мен сизга мурид бўлмоқчимен», деганлар. Мир Алишер изтироб билан эътироз қилганларки: «Ҳазратим, сиз подшоҳдирсиз, сизга мен мурид бўлмоғим керак». Шу аснода оқ отни олтин анжомлари билан келтирурлар. Султон Ҳусайн кулиб туриб сўрабдилар: «Мурид пирнинг амрини бажармоғи керакми?» Мир Али-шер, албатта, тасдиқ жавоб бермишлар. Шунда подшоҳ у олий зотга айтмишларки: «Бўлмаса, мана шул отга мининг!» Шоҳнинг амри вожиб.
Мир Алишер отга яқинлашурлар. Оқ отнинг бир феъли бор экан: Султон Ҳусайндан бошқа одам минмоқчи бўлса, беланглаб қўймас экан. Мир Алишер яқинлашганда от беланглашга тушмиш.
Шунда Султон Ҳусайн отни жиловидан олиб: «Тинч тур!» — деб ўшқирурлар. От тинчлангач, ҳазрат Мир унга минурлар. Сарой аҳли: «Eнди нима бўларкин?» деб нафасларини ичларига олиб сукутга кет-миш. Султон Ҳусайн отнинг жиловини илкларидан қўймай ҳовли бўйлаб юриб кетмишлар. Ҳамма ҳайрон. Шунда подшоҳ от устидаги ҳазрат Алишерга айтурларки: «туркий тилда биринчи бўлиб ёзган улуғ «Хамса»нгиз учун мендек Султон Соҳибқирон сизга жиловдор мурид бўлса арзир!» Сарой аҳли бу сўзни эшитиб, лол бўлиб қолмиш. Ҳазрат Алишернинг ўзлари шу даражада мутаассир бўлмишларки, ҳушларидан кетиб қолмишлар. Кейин мулозимлар чопиб бориб ҳазратни отдан тушириб олмишлар… Ана, амирзодам…
— Фикрингизга тушундим, мавлоно, — деди Бобур ўйчан товуш билан. — Қаердаки истеъдодларга бахиллар завол келтиролмаса-ю, сахийлар йўл оча олса, ўша жой бугунги Ҳирот каби камолот чўққисига кўтарилар экан.
Хондамирнинг кўнглидаги гапни Бобур бунчалик яхши топиб айтгани мавлонога ғалати таъсир кўрсатди. Хондамир Бобурда ўзининг маслакдошини топгандай қувониб:
— Тасанно, амирзодам! — деди. — Ўшал улуғ зотлар даврида Ҳиротнинг камолот қуёши осмоннинг энг баланд нуқтасига чиққани рост! Лекин… афсуски, қуёш энг баланд нуқтадан сўнг пастга оғар экан. Сўнгги йилларнинг мудҳиш воқеаларини кўриб, қалбимни бир ваҳм титратур: «Ҳиротнинг толе қуёши аста-секин оғиб тушмасдан, бирдан зулмат қаърига қулаб кетса… унда не қилғаймиз?
Хондамир Мовароуннаҳрдаги тўполонлар ва қир-ғинлар Шайбонийхоннинг қўшини билан бирга Ҳиротга ҳам яқинлашиб келаётганини сезгани учун шу изтиробли саволни берган эди. Унинг назарида, бу саволга Шайбонийхон билан юзма-юз олишган Бобургина жавоб бериши мумкин эди.
— Изтиробингиз бежиз эмас, мавлоно, — деди Бобур.— Ҳиротдаги бугунги осойишталик даҳшатли тўфон олдидан бўладиган муваққат сокинликни эслатур. Тошкент ҳам мен сўнгги марта борганимда, худди ҳозирги Ҳиротга ўхшар эди. Мен минг балоларни бошдан кечириб, жаҳаннам қаъридан чиқиб борган эдим. Марҳум тоғойим Маҳмудхонга: «Бу балолар сизнинг ҳам бошингизга тушмасин, бирга чора топайлик», деганимда истеҳзо қилиб кулган эди.
Раҳматлик сиз айтган истеъдодсиз, лаёқатсиз тождорлардан эди… Хийла бахиллиги бор эди… Маҳмудхон ахири Шайбонийхоннинг оёғи тагида қандоқ топталганлиги маълумингиздир.
— Наҳотки, ўша ҳодисалар Ҳиротда яна такрорланса, амирзодам?
Бобур Ҳиротнинг шимол-ғарбида ғубор ичида кўринаётган Соқи Солмон чўлининг хира уфқига тикилиб, ўйланиб қолди. У Ҳиротга темурийларнинг бошини қовуштириб, Шайбонийхонга қарши мустаҳкам иттифоқ тузиш учун келгани, бу мавзуда қарийб йигирма кун-дан бери музокара бораётгани Хондамирга маълум эди. Бобур тезда жавоб беравермагач, Хондамир андиша қилиб деди:
— Амирзодам, музокаралар махфий бўлса, фақир давлат сирларини билишга ҳаққим йўқ. Фақат…
— Мавлоно, минора устида биз фақат иккимиз турибмиз. Менинг сиздан яширадиган сирим йўқ. Ҳирот тахтида икки оға-ини бирга подшоҳлик қилишларини билурсиз.
— Ҳа, асли ўзи тахт Бадиуззамон мирзоники эди-ю, лекин Хадича бегимнинг тарафдорлари Музаффар мирзони иккинчи подшоҳ қилиб кўтардилар. Тарихда ҳаргиз мисли кўрилмаган ҳодиса.
Хондамирнинг бу ҳодисадан норози эканлиги сезилиб турарди. Бобур босиқ товуш билан сўзида давом этди:
— Ҳар икки подшоҳларингиз ҳам меҳмондўстликда, суҳбатдорликда, ораста базм ўтказишда беназирлар. Аммо жангу жадалга хоҳишлари йўқми, ҳар қалай, Мурғоб бўйида учрашганимизда ғалати бир ҳодиса бўлди. Хоннинг бир пора қўшини Хуросоннинг Чечекту навоҳисини* босгани тўғрисида хабар келди. Хоннинг ўзи Амударёдан нарида эди. Хондан кўра биз турган жой Чечектуга яқинроқ эди. Мен таклиф қилдимки, Чечектуни беш-олти юз кишилик ёғий босган бўлса, дарҳол отланиб уларнинг ўзларини босмоқ керак. Токи хон қўшини Хуросонга осонликча келолмайдиган бўлсин. Бадиуззамон мирзо инилари Музаффар мирзони Чечектуга юбормоқчи бўлдилар. Маълумингизким, ҳар икковларининг ўз эшик оғалари, ўз мулозимлари, ўз черикларию алоҳида саркардалари бор. Музаффар мирзо жанг кўрмаган йигит. Чечектуга боришга журъат қилмади. «Ҳазрат оғам борсалар, биз бошқа чегаралар ҳимоясида бўлурмиз», деди. Бадиуззамон мирзо: «Мен жангда нобуд бўлсам, бу тахтни ёлғиз ўзи эгаллайдими?» деб ўйлади назаримда, Чечектуга боргиси келмади. Кўп сансалор бўлгандан сўнг мен айтдимким:
«Ижозат бергайсизлар, мен йигитларим билан бориб, Чечектуни ёғийдан озод қилишга уриниб кўрай». Оға-ини бир-бирларига қарадилару эл-улусдан номус қилдилар. «Сиз меҳмонсиз» деб, мени бу ниятимдан қайтардилар. Қўймасдан Ҳиротга бошлаб келдилар. Чечекту ёғий илкида қолди.
Хондамир куюниб «уҳ» тортди:
— Бу ҳаммаси — Хуросондан толе юз ўгираётганининг нишонаси! Амирзодам, бошимиз устида қандай балолар тўпланаётганини бизнинг подшоҳларимиздан кўра сиз яхши билурсиз. Чунки барчасини ўз кўзингиз билан кўрмишсиз. Биз бу ҳақда мавлоно Беҳзод билан ҳам кўп гаплашдик. Ҳиротнинг барча жонкуяр фозил кишилари умид кўзини сизга тикканлар. Хатар қанчалик кучли эканлигига шояд подшоҳларимизни ишонтирсангиз. Барча яхши кучлар бирлашса-ю, шояд фалокатнинг олдини олишга муяссар бўлсалар.
Бобур минорадан пастга тикилиб:
— Билмадим, мавлоно, — деди. — Бугун-ерта подшоҳлар билан яна шу ҳақда гаплашмоқчимен.
— Илоҳим, кушойиши корингизни берсину музокарангиз биз истагандек тугасин, амирзодам!
Бобур ташаккур айтиб, минора зинапоясига томон йўналди. Пастга тушаётиб, Ҳирот қалъасининг ичида— баланд тепалик устида турган улкан аркка нохуш назар ташлади.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Н а д и м — қурдош-суҳбатдош.
* Р у б ъ и м а с к у н — дунёнинг инсон обод қилган қисми.

* У н с и я — «Дўстлик уйи» демакдир.
* Н а в о ҳ и — кичик ўлка, туман.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-21

Ўн тўртинчи боб — Қувишяпти! — қўрқув аралаш қичқирди яқин-лашиб келаётган от дупурини эшитган ўғрилардан бири. Сўнг улар жиловни бўш қўйишиб, аввалига отларни йўрғалатиб, ...

Юлдузли тунлар-13

3 Бобур мирзо отдан тушганда бўйи ўсиб, катта йигитларга тенглашиб қолгани билинди. Қадам олиши ҳам хийла салмоқли. Тахтга ўтирганидан бери ўтган сўнгги уч йил уни жуда тез ...

От кишнаган оқшом (қисса) 71-қисм

71 Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим. Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди. Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Теварагимда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400