Юлдузли тунлар-44

3

Куз илиқ келгани учунми, Ҳирот тождорлари ҳали ҳам қалъа ташқарисидаги боғларда яшамоқда эдилар. Шаҳарнинг шимол-шарқидаги Қипчоқ дарвозасидан нарида Шоҳруҳ мирзо даврида машҳур бўлган Боғи Сафидда Музаффар мирзо Бобур шарафига катта зиёфат берди. Ҳиротнинг энг зўр пазандалари тайёрлаган ғизол* кабоблари, иштаҳа очувчи нордон очарлар*, моҳича номи билан машҳур бўлган ўта нозик хуштаъм суюқ ошлар Музаффар мирзо ўз меҳмони билан ўтирган тиллакори кўшкнинг юқориги қаватига кетма-кет олиб чиқилмоқда эди. Созандалар пойгаҳроқда ўтириб, қонун ва удда, ғижжак ва найда этни жимирлатувчи куйлар чалишарди. Ҳиротнинг машҳур ҳофизлари овозларини унча баланд кўтармасдан, юракнинг қат-қатига сингадиган сокин майин товуш билан ашула айтишар, бу ҳаммаси Бобурга жуда улуғвор бир санъатнинг намунаси бўлиб туюларди.


Базм авжига чиққанда соқий Бобур қаршисига келиб, бир тиззасини гиламга тираб чўккалади, сўнг йигирма йилдан бери хумда куч йиғиб ётган ва бугунги зиёфат учун очилган тиниқ хушбўй майи нобдан суроҳийга қуйди-да, Бобурга узатди. Бобур ҳали май ичмаган эди. Аммо ҳозир эшитган куй ва ашулаларининг таъсирида бирдан унинг май ичгиси келди-ю, ўнг ёнидаги Қосимбекка қаради.
Оббурдонда Бобурдан ажралиб Ҳисорга кетган Қосимбек Қавчин бултур Кобулда барча навкари билан бирга Бобур хизматига қайтиб келган ва яна унинг энг яқин маслаҳатгўйига айланган эди. Қосимбекнинг ўзи умрида май ичмаган худотарс киши бўлгани учун Бобурни ҳам ичкиликка йўлатгиси келмас эди.
— Амирзодам, — шивирлади Қосимбек. — Бадиуззамон мирзонинг чоғир мажлисида май таклиф қилганларида ичмаган эдингиз. Бу ерда ичсангиз, нариги мирзо эшитиб кўнглига олмасмикин?
Бу сўзлар Бобурни сергаклантирди. У битмай ётган мураккаб ва чигал ишларини эслади-ю, Музаффар мирзога қараб:
— Фақирни маъзур тутинг, мирзо ҳазратлари, — деди. — Мен умримда май ичмаганмен!
Музаффар мирзо Бобурнинг май ичишдан қўрқаётганини сезиб, қаҳ-қаҳ уриб кулди. Унинг анчагина кайф қилгани шу беандишароқ кулгисидан билинди:
— Амирзодам, наҳотки бутун Андижону Самарқанд май завқидан бехабар бўлса?
— Мирзо ҳазратлари, май завқи Самарқанду Андижонда ҳам керагидан ортиқ. Аммо фақир бошқа завқлардан ортмас эдим. Узримни ҳазрат оғангиз Бадиуззамон мирзо қабул қилган эдилар… Фақир андеша қилмоқдамен…
Бадиуззамон мирзо тилга олингач, Музаффар мирзо ҳам жиддийлашди. Бобурнинг андишаси унга асосли туюлди-ю, соқийга: «Бас, қистама!» ишорасини қилди. Базмда Бадиуззамон мирзонинг эшик оғаси Зуннунбек арғун ҳам бор эди. Соқий подшосининг ишораси билан Бобурга қўйилган майни ўша Зуннунбекка берди.
Одамларнинг кайфи ошган сари базм қизиб борар, баъзи беклар ҳам ўртага чиқиб рақс қилишар, Мир Сарбараҳна, Бурхон гунг деган машҳур қизиқчиларнинг аскияларидан кўтарилган қаҳқаҳалар шифтдаги нақшларни ҳам титратаётгандай бўлар эди.
Ҳусайн Бойқаронинг ўлимига ҳали кўп вақт бўлмаган. Ҳирот хавф остида турган оғир бир вазиятда шунчалик хушчақчақ базм ўтказилаётгани Бобурдан ҳам кўра Қосимбекнинг ғашини келтирмоқда эди. Қосимбек кулги, шовқин орасида Бобурга шивирлади:
— Бу ширакайф шоҳ билан энди музокара қилиб бўлмас. Бунинг ихтиёри онаси Хадича бегимда эмиш. Ҳозир бегимнинг ҳузурига чиқайлик, амирзодам.
— Зиёфат тугамасдан чиқиб кетсак, беҳурматлик бўлмасми?

— Қулингиз келишиб қўйганмен. Бегим ўз қасрларида бизга мунтазирлар.
Аскиячилар мусобақаси тугаб, кулгилар босилгач, Бобур Музаффар мирзодан ҳазрат бегимнинг ҳузурларига бориш учун ижозат олди.

* * *

Оқ мармардан қурилган уч қаватли улкан қасрда ўнлаб олтин қандиллар ёнмоқда эди. Бобур, Қосимбек, Зуннунбек ва уларни бошлаб бораётган Бурундуқбек зиналарга тўшалган майин гулдор пояндозлардан товушсиз қадам ташлаб, учинчи қаватга кўтарилдилар. Қасрнинг деворларига Шоҳруҳ мирзо ўзининг санъаткор ўғли Бойсунқур мирзо учун ишлатган гўзал расмлар ҳали оҳори тўкилмай яп-янги турар эди.
Хадича бегим Бобурни қасрнинг муҳташам қабулхонасида кутиб олди ва олти оёғи ҳам қуйма олтиндан ишланган, устига яхлит садаф қопланган миз ёнига ўтқазди.
Салобатли, хушқомат бегимнинг орқароғида — қабулхонанинг энг кўзга кўринарли жойида бир туп атиргул ярқираб турибди: поялари олтиндан, барглари зумраддан, тўқ қизил гуллари ёқутдан. Гул шохига қўниб турган кичкина олтин булбулнинг тумшуқчасида — дон ўрнида соф гавҳар жилоланиб турибди. Қабулхонанинг эшик ва деразаларига осилган шоҳи дарпардаларга ҳам дурлар, лаъллар ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган эди.
Фақат Хадича бегимнинг ўзи қорамтир кумушранг парчадан безаксиз кабо кийган, унинг бошидаги кўкиш тоқида кўзга унча ташланмайдиган сийрак марварид доналари кўринар эди. Ақлни шоширадиган бундай жавоҳирот орасида гўзал қиз-жувонлар қуршовида ўтирган эллик ёшли улуғсифат малика Бобурни ҳам, Қосимбекни ҳам анча довдиратиб қўйди.
Бобур кўнглига тугиб келган мураккаб гапларини бегимнинг мусоҳабалари ва келинлари олдида қандай айтишни билмай безовталанди. Хадича бегим буни сезиб осойишта кулимсиради:
— Амирзодам, сиз бизга қариндошсиз. Шунинг учун менинг келинларим, мусоҳабаларим сизни ҳам ўз мирзоларидек эъзозлаб суҳбатингизга иштирок этмоқчилар. Тортинмай эркин ўлтиринг.
— Муташаккирмен!
Юзларида юпқа оқ пардалари бор қиз-жувонларнинг юз-кўзлари шам ёруғида унча аниқ кўринмас эди. Аммо хина қўйилган нафис қўллар, ипак кийимлар оғушидаги ингичка беллар ва баланд кўкраклар кўпчилик аёлларнинг ёш жувонлар эканидан далолат берарди. Музаффар мирзонинг энг кўҳлик хотинларидан Қоракўзбегим дегани қайнонасининг қулоғига лабини яқинлаштириб, енгил бир кулги билан алланарса деди. Хадича бегим ҳам шўх кулиб бош ирғади-ю, Бобурга юзланди:
— Амирзодам, Ҳиротнинг асилзода қизлари сизга мароқ билан кўз тикар эмишлар. Шундай баҳодир шоҳ, шундай кўҳлик йигит, шундай истеъдодли шоир ҳарамсиз бўйдоқ яшар эмишсиз. Ростми?
Бобур қип-қизариб ерга қаради-ю, бу тўғрида гап очилганидан озорланиб:
— Ҳазрат бегим, рост, — деди. — Тақдиру насибим шундоқ бўлди.
— Тақдирингиз энди тағайюр топсин, амирзодам. Ҳиротда қолиб, Музаффар мирзога ини бўлинг. Сиз ҳам темурийзодалардансиз. Ҳиротдан сизга муносиб гўзалу оқила қизлар топайлик, тўй-томоша билан уйланинг.
Музаффар мирзога ини бўлиш — унинг тарафдорига айланиш деган сўз эди. Бир вақтлар невараси Мўмин мирзонинг ўлдирилишига сабаб бўлган Хадича бегим, эҳтимол, келажакда Бадиуззамон мирзони ҳам йўқ қилиш ва ўғлини якка подшоҳга айлантириш мақсадидадир. Бобур унинг ўғлига ини бўлса, албатта, бегимнинг бу мақсадини амалга оширишга иштирок этиши керак.
— Ғамхўрлигингиздан миннатдормен, ҳазрат бегим, — деди Бобур.— Фақат менинг бир андешам бор.
— Қандай андеша, амирзодам?
— Фақирни маъзур тутинг.
Бобур сукут қилиб, ерга қаради. У гапини фақат Хадича бегимнинг ўзига айтмоқчи эканини сезган аёллар таъзим қила-қила чиқиб кетдилар. Шундан кейин Бобур Шайбонийхоннинг Ҳирот устига бостириб келиши муқаррарлиги ҳақида, ҳозир тўй-томошага эмас, ҳаёт-мамот жангларига тайёрланиш кераклиги тўғрисида гапира бошлади.
— Шайбонийхон Андижондан Хоразмгача, Марвдан Туркистонгача барча жойни олиб, беҳисоб қўшин тўпламишдир. Мен унинг ҳар бир жангга қанчалик астойдил шайланишини билурмен. Бало-қазодай бостириб келса анча-мунча черик тит-пит бўлиб кетишини кўрганмен!
Бобур Шайбонийхоннинг ҳарбий қудратини ва шаф-қатсизлигини исботлайдиган далиллар келтира бошлади. Хадича бегим сабрсизланиб:
— Бу балонинг балогардони недур? Шуни айтинг, амирзодам! — деди.
— Бунинг балогардони барча темурийзодаларнинг бирлашувидир. Ҳамма вилоятларга тавочилар юбориб, эллик-олтмиш минг қўшин тўпламоқ керак. Қиш бўйи бу қўшинни машқ қилдириб, ягона бир саркарда бошчилигида жангга тайёрламоқ керак.
— Ягона саркарда ким бўлиши мумкин? — деди Хадича бегим сергакланиб.
Қосимбек «ялт» этиб Бобурга қаради. Ҳозир тирик қолган темурийлар орасида Бобурдан бошқа одам бу ишни эплолмаслиги унинг кўнглидан ўтди. Аммо қўшин кимники бўлса, ҳокимият ҳам ўшаники экани азалдан маълум. Хадича бегим ўғлининг ҳокимиятига ҳеч кимни йўлатмаслиги ҳам аниқ.
Бобур унинг кўнгли учун: «Ягона саркарда — Музаффар мирзо бўлсинлар!» демоқчи бўлди-ю, орқароқда Зуннунбек ўтиргани эсига тушди. Зуннунбек бу гапни Бадиуззамон мирзога етказса, икки орага нифоқ тушади.
— Бош саркарда ким бўлишини ҳазрат оға-инилар ўзлари ҳал қилмоқлари керак, — деди. — Базмларни тўхтатиб, бутун эътиборни мудофаага қаратмоқ керак. Ҳар бир кун ғанимат, ҳазрат бегим!
Хадича бегим Зуннунбек билан Бурундуқбекка мурожаат қилди:
— Жаноб амирлар, сизларнинг фикрларингиз қалай?
Зуннунбек ўсиқ қошларини диккайтириб, кўзларини Бобурга қатъият билан тикди:
— Амирзодам Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрдаги ғалабаларию хунхўрликларидан бизни огоҳ қилганлари яхши. Аммо Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрда синмаган қиличи Хуросонга келиб, албатта синур! Мен бунга аминмен, ҳазрат бегим! Шунинг учун ортиқча ташвишу таҳликага ўрин йўқ, деб ҳисоблаймен.
Зуннунбек ишонч ва эътиқод билан айтган бу сўзлардан Хадича бегим дарҳол енгил тортди.
Бобур эса Зуннунбекка таажжуб билан тикилиб деди:
— Кароматингиз илоҳо тўғри келсин, жаноб амир! Аммо бу кароматга қандай асослар бор?
— Бу кароматни мен эмас, Ҳиротнинг энг обрўли валийлари қилмишлар.
Зуннунбек шундай деб Хадича бегимга ийманиброқ қараб қўйди. Бу қарашнинг маъносини тушунган Хадича бегим Бобурга кулимсираб изоҳ берди:
— Ҳиротнинг Қутб номли машҳур валийси бор. Шу вақтгача Қутб нимани каромат қилган бўлса, ҳаммаси тўғри чиқмиш. Қутбга тушида аён бўлурки, Шайбонийхоннинг қиличини амир Зуннунбек синдирурлар. Мўътабар мунажжимлар юлдузларга қараб, бу кароматни тасдиқ қилдилар. Шундан сўнг валийлар Зуннунбекнинг елкаларига муқаддас фўта солиб, номларига Ҳизабрулла унвонини қўшиб айтадиган бўлдилар.
«Ҳизабрулла» — арабча «оллоҳнинг арслони», яъни «енгилмас ботир» дегани эди. Арабчани яхши биладиган Бобур бу унвоннинг маъносини тушуниб, истеҳзоли кулимсиради:

— Жаноб Зуннунбекда арслоннинг юраги борлигига шак-шубҳа йўқ. Аммо ҳазрат бегим валийлару мунажжимларни тилга олганларида фақир Сарипулда Шайбонийхон билан масоф урушга чиққан кунларимни эсладим. Мана, жаноб Қосимбек ҳам бор эдилар. Шаҳобиддин номлик мунажжим кечаси осмонга қараб: «Саккиз юлдуз елкангизда рост турур, эртага урушга кирсангиз, зафар, албатта, сизники бўлғай!» — деб валийлик қилди. Биз шунга ишониб, Шаҳрисабздан келадиган кўмакни ҳам кутмасдан, майдонга чиқдик… Мана, ҳалигача ўшал хатомизнинг азобини тортиб юрибмиз.
Бобурнинг гапларидан Хадича бегимнинг юзлари тундлашиб, лаблари атрофида бурушиқлар пайдо бўлди. Зуннунбек эса ўтирган жойида асабий тўлғаниб:
— Амирзодам, ниятни яхши қилмоқ керак! — деди. Ҳиротнинг валийлари Самарқанд мунажжимларидек нодон эмаслар! Сарипулдаги хатони Ҳиротдай улуғ шаҳарда ҳеч ким такрор этмагай!
Зуннунбек кўзлари ёниб, телбаланиб гапирганини кўрган Бурундуқбек уни босишга тиришди:
— Жаноб Зуннунбек, олий меҳмон бизга яхшилик истаб Кобулдай жойдан келмишлар. Вазият хатарли эканлиги рост. Шошилинч чоралар ўйламоқ керак!
Хадича бегим баҳслашувчиларни мулойимлик билан яраштириб қўйишга ҳаракат қилди:
— Жаноб Зуннунбек, вазият чиндан ҳам жиддий, бепарво бўлмаслик керак. Аммо жаноб Бурундуқбек ҳам бир нарсани унутмасинлар: мағлубиятни кўп кўрган одамга хатар гоҳо аслидан каттароқ кўринур. Амирзодам сиз кўп ташвиш чекманг. Шайбонийхон бизга тажовуз қилса, ўз тажовузидан ҳалок бўлур!
* * *

— Хадича бегимдек кўпни кўрган малика шайхларнинг хушомад гапига ишониб юрганларидан мен ҳайрон, — деди Бобур эртаси куни Боғи Жаҳонорода Бадиуззамон мирзо билан гаплашиб ўтирганда.
Гавдасининг шертахлитлиги ва кўзининг қисиқлиги отаси Ҳусайн Бойқарога ўхшаб кетадиган Бадиуззамон мирзо истеҳзо билан кулимсиради:
— Ҳайрон бўлманг, амирзодам. Не қилса ҳам аёл кишида, қисқа ўйлаб ўрганган.
— Аммо бу калтабинликнинг касофати ҳаммага уриши мумкин-ку, ҳазратим?
— Начора? Суюкли фарзандимиз Мўмин мирзо ҳам шу бегимнинг касофатидан ҳалок бўлиб кетди!
— Ҳазратим, раҳматлик отангиз кайф устида қилган фожиавий хатони энди унутинг!
— Унутолмаймен, чунки айб марҳум отамда эмас эди! Султон Соҳибқирон Мўмин мирзони беҳад яхши кўрар эдилар, шеърларини ёд билар эдилар. Авваллари отамнинг менга ҳам меҳрлари яхши эди. Ахир мен— тахт вориси эдим! Хадича бегим мен билан отамни душман қилишнинг йўлини излар эди. Мўмин мирзо асир тушгач, бу йўл топилди — уни ширакайф подшоҳнинг фармони билан ўлдирдилару мен билан отамни хундор душманга айлантирдилар. Шундан кейин бегимнинг ўғли Музаффар мирзо менинг ўрнимга валиаҳд бўлди. Бугунги шерики подшоҳлик ҳам ана шу бегимнинг ихтироси! Мен аниқ биламен: бегим мени муваққат тождор деб билурлар. Мени йўқ қилиб, Музаффар мирзони ягона подшоҳга айлантиришнинг қулай пайтини пойламоқдалар!
Бобур Бадиуззамон мирзога Шайбонийхонни эслатди:
— Ҳазратим, Шайбонийхон ҳақида не янги хабарлар бор?
— Хон Хоразмни олиб, Самарқандга қайтган эмиш…
— Ундоқ бўлса, хон энди Хуросон юришига чиқмоқчидур? — сўради Бобур.
— Дарҳол-а? Хоразм юришидан сўнг бирор йил дам олмасмикин?
Бадиуззамон мирзонинг тусмол гаплари — унинг душман орасидан аниқ хабар юбориб турадиган махфийси йўқлиғидан далолат берарди. Ўз инисининг барча майда-чуйда сирларини билиб туриш учун беҳисоб махфийлар юбориб қўйган подшоҳ бу ишни ашаддий душмани Шайбонийхонга нисбатан қилмаётгани Бобурни танг қолдирди.
— Ҳазратим, Шайбонихоннинг реву рангини* фақир озроқ кўрганмен. Хоннинг махфийлари ҳозир Ҳиротда дарвиш, ё савдогар, ёки навкар қиёфасида юриб, барча зарур хабарларни Самарқандга етказиб турган бўлсалар керак.
Бобурнинг койиниб гапирганини сезган Бадиуззамон мирзо киноямуз кулди:
— Амирзодам, сиз ҳам шоҳсиз, эҳтимол, сизнинг махфийларингиз Самарқанддан янги хабар юборгандирлар?
— Мен сизни отамдек эъзозлаймен, ҳазратим. Гап махфийларда эмас. Фақир тажрибадан шуни биламенки, Шайбонийхон чарчаган аскарларини босиб олган вилоятда дам олиш учун қолдириб, аввалдан дам олиб ётган қўшини билан дарҳол янги юришга отланур. Унинг бутун кучи шундаки, барча оға-ини, қариндош-уруғлари билан бир тан-бир жон бўлиб, майдонга чиқур. Биз бу хатарли ёғий қаршисида ички низоларни унутмоғимиз керак. Биз ҳам бир тан-бир жон бўлиб, ягона саркарда бошчилигида жангга астойдил тайёрланиб кирмасак, оқибати ёмон бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
— Ягона саркарда, дедингизми? Ким бизга саркарда бўлмоқчи, амирзодам?
Биринчиликни талашаётган бу икки оға-ини «Менга бўлмаса, унга ҳам бўлмасин!» дейишга тайёр эканлиги Бобурга ҳозир аниқроқ сезилди. Рақиб оға-ини талашаётган мамлакат улардан фақат бирига ёки амакиваччалари Бобурга текканидан кўра етти ёт бегонага теккани афзалроқ. Чунки бегоналар уларнинг бунчалик бахиллигини келтирмас эди.
— Наҳотки жангга ҳам алоҳида-алоҳида чиқмоқчисизлар? — деди Бобур.
— Начора? Ҳар кимнинг ўз чериги, ўз саркардаси бор. Мен Музаффар мирзога ишонмаймен. Аммо сиз билан ҳар қандай жангга бирга киришга тайёрмен. Чунки сизга ишонамен. Амирзодам, сиз Ҳиротда қолинг! Неки даркор бўлса айтинг! Муҳайё қилурмиз.
Бобур оға-инининг фақат шу нуқтада якдил эканини сезди. Жанг кўрган Бобур бутун бек ва навкарлари билан Ҳиротда қолса-ю, вақти келиб, жангга бирга чиқса уларнинг мушкуллари осонроқ бўладиганга ўхшарди.
Аммо оға-инининг қўш ҳокимияти Бобурга таги чириб тешилган кемага ўхшаб кўринарди. У бу кемада қолса паймонаси тўлган оға-инига қўшилиб ғарқ бўлиши муқаррарлигини тобора аниқ ҳис қилмоқда эди.
Eртаси куни пешин намозидан кейин Унсияга Бобурни кўриш учун келган мавлоно Фазлиддин навкару савдарларнинг кўч йиғиштираётган ва сафарга ҳозирланаётганларини сезди. Йўлакда тоғасига дуч келиб қолган Тоҳир:
— Э, хайрият, ўзингиз келдингиз, мулла тоға! — деди.
— Ҳа, не гап жияним?
— Эртага тонгда Ҳиротдан жўнаб кетурмиз.
— Кобулгами?
— Ҳа, — деб шивирлади Тоҳир. — Лекин подшоҳлар буни билмасинлар. Рухсати олий шаҳар ташқарисида қишламоқ учун берилди. Ҳаммага «Хуросонда қишлагаймиз» деб эълон қилинди. Сиз ҳам билдирманг.
Мавлоно Фазлиддиннинг руҳи тушиб:
— Оббо, — деди. — Бизни сағирдек мунғайтириб кетар экансизлар-да?
— Қиш чиқса, сиз ҳам Кобулга кўчиб боринг. Ўтган гал учрашганингизда Бобур мирзо ўзлари таклиф қилдилар-ку.
— Кўчиб бориш осонми, жияним? Бир ой-қирқ кунлик йўл… Аёлманд одаммиз…
Мавлоно Фазлиддин хомуш бўлиб Бобурнинг қабулхонасига қараб кетди. Бир вақтлар Алишер Навоийнинг қабулхонаси бўлган кўркам танобийнинг заррин ўймакор эшиги олдида ясовул йигит турган эди. У ичкарига кириб, тез қайтиб чиқди-ю, эшикни очиб, мавлонога йўл берди.
Уй тўрида Бобур билан суҳбатлашиб ўлтирган кишиларни мавлоно бир қарашда таниди. Навоийнинг надимларидан бўлган қирқ беш ёшлардаги кўса одам— шоир Султон Муҳаммад эди. Ундан берига машҳур хаттот Султон Али Машҳадий чўккалаган. Бобурнинг ўнг томонида Камолиддин Беҳзод ва Хондамир ўтиришибди.
Бобур мавлоно Фазлиддин билан ўрнидан туриб кўришар экан, бошқалар ҳам оёққа турдилар. Мавлоно Фазлиддин пойгаҳга ўлтирмоқчи эди, ёши ундан кичикроқ бўлган Хондамир:
— Сиз олий меҳмонимизнинг ватандошисиз, — деб уни ўзидан юқорига ўтказди.
Маъюсланиб ўлтирган Хондамир суҳбатни тўхтатган жойидан давом эттириб:
— Ажаб кажрафтор фалак бу! — деди. — Амирзодам, сиз Ҳиротнинг юксак санъатию ажойиб истеъдодларига ҳавасингиз келиб сўзладингиз. Биз эса бугунги Ҳиротга худо сиздек маърифатли, сиздек истеъдодли подшоҳ бермаганидан доғдамиз!
Бобур ўзини шунча иззат-икром билан меҳмон қилган подшоҳларнинг шаънига тегадиган гап айтишни истамас эди.
— Мавлоно, подшоҳларингиз ҳам маърифатли зотлар,— деди.
Калта жингалак соқоли ўзига ярашган нафис юзли озғин Беҳзод киноя билан деди:
— Амирзодам, подшоҳларимизнинг бири офтоб бўлса, бири моҳтоб. Халқ орасида ҳозир бир шеър тарқалмиш. Мазмуни шуки, Ҳусайн Бойқаро ҳақиқий подшоҳ эди. Унинг икки ўғли икки тахт устида ўлтириб, бири «оймен» деса, бири «кунмен» дерлар, эртаю кеч бир-бири билан рақобат қилурлар. Буларнинг ўзаро курашлари худди шатранж тахтаси устидаги шоҳларнинг курашларига ўхшайдир. Чунки бу иккови оталаридек ҳақиқий шоҳлар эмас, балки шатранж тахтаси устидаги ясама шоҳлардир.
Бу ўхшатиш Бобурнинг икки подшоҳдан олган таассуротларига шу даражада мос келар эдики, у беихтиёр кулиб юборди.
— Лекин оға-инининг рақобати — шатранж ўйинига ўхшашлиги рост!
— Фалокат шундаки, — деди Хондамир, — бу ўйинда улар Хуросонни бой бермоқдалар! Буни уларга сўз билан уқтириш эса имкондан холи!
Шоир Султон Муҳаммаднинг кўзлари исёнкорона чақнади.
— Уларга буни сўз билан эмас, фақат шамшир билан уқтириш мумкин!
Хондамир эшик томонга хавотирли кўз ташлаб қўйди. Бир вақтлар Алишер Навоийдек одамга махфийларини юбориб қўйган подшоҳлар Бобурнинг кетига ҳам одам қўйган бўлишлари мумкин эди.
Султон Али Машҳадий суҳбатни хатарли мавзулардан нарироқ олиб кетиш учун ёнида турган чарм жуздонни очди-да, бир даста зарварақ олди.
— Фақир олий меҳмонимизнинг ғазалларидан бир нечасини кўчириб келган эдим.
Варақлар қўлдан-қўл ўта бошлади. Хаттотнинг ажойиб санъати туфайли ҳар бир ҳарф нафис ва тирик тасвирга айланган эди. Хондамир сатрларга кўз югуртириб:
— О! — деди ҳайрат билан. Кўп шоирлар «ёр»ни илоҳийлаштириб, бутун нажотни «ёр» дан излаб ўрганмишлар. Амирзодам бу одатий алданишларга қарши исён қилган каби ёзмишлар:

Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим…
Бобур, ўзингни ўргата кўр ёрсизки, мен —
Истаб жаҳонни, мунча қилиб ёр топмадим!

— Мардона сўзлар! — деди Беҳзод Бобурга қараб.— Сиз минг марта ҳақсиз! Одам ўзига ҳам ишонмоғи керак!
— Миннатдормен, мавлоно.
Шоир Султон Муҳаммадга иккинчи шеърнинг матлаи ёққан эди.
— Эшитинг, жаноблар:

Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

Мавлоно Фазлиддин оғир тин олди:
— Ҳозиргина сўзлашган дардимизни айтмишлар!
Бобур мақтовлардан хиёл ўнғайсизланиб:
— Жаноблар, — деди, — мен сизлардек санъаткорлар билан учрашиб, суҳбатлашганим учун тангрига шукр қиламен. Фақирнинг қоғозни қоралаб ёзган сатрларим мавлоно Машҳадийнинг тенгсиз санъатлари туфайли сизларга шунчалик манзур бўлди. Жоиз бўлса, ғазаллардан хотира учун мавлоноларга бир нусхадан бермоқчимен.
— Айни муддао! — деди Хондамир қувониб.
Бобур ғазалларидан атайлаб уч-тўрт нусхадан кўчиртирган эди. Хондамирга, Беҳзодга, Султон Муҳаммадга ўзлари ёқтирган ғазаллардан бир нусхадан берди. Улар шоир ва хаттотнинг ҳурматлари учун ғазал битилган зарварақларни олиб, нон каби кўзларига суртиб қабул қилдилар. Бобур сўнгги ғазалдан бир нусхасини мавлоно Фазлиддинга узатиб:
— Мавлоно, биз сиз билан фақат ватандош эмасмиз, ҳамдарду ҳасратдошмиз, — деди.
Мавлоно Фазлиддин ғазални олиб кўзига суртди-ю:
— Мен аминмен, Ҳиротда битилган ушбу ғазал тез кунда Самарқанду Андижонга ҳам етиб борур, — деди.— Худо амирзодам билан бизни ҳам ватанга соғ-саломат қайтгулик қилсин!
— Айтганингиз келсин, мавлоно!
Бобур Қосимбекни чақиртирди ва Султон Али Маш-ҳадийга ғазалларни санъаткорона кўчирганлиги учун олтин тугмалик кимхоб тўн кийдирди.
Сўнг у мавлоноларни ҳовлига кузатиб чиқди. Ҳаммалари хайрлашаётганларида меъморга қараб:
— Балки келгуси йилда Кобулга борурсиз, мавлоно? — деди. — Рост, катта меъморлик обидалари қуришга ҳали имконимиз йўқ. Кобул ҳозир Ҳиротга нисбатан чекка бир вилоят. Улуғ санъаткорларга макон бўларлик саройимиз йўқ. Лекин худодан умидимиз борки, келгусида толе бизга ҳам кулиб боққай, биз ҳам улуғ санъаткорларга макон берадиган кунларга етгаймиз!
— Таклифингизни бажонидил қабул қилурмен! — деди мавлоно Фазлиддин.
— Амирзодам, — деди Хондамир. — Алишер Навоийнинг даргоҳларида қилган покиза ниятингиз илоҳим рўёбга чиқсин! Илоҳим ҳазрат Алишернинг руҳлари ҳамиша сизга мададкор
бўлсин!
Бу тилакка ҳаммалари сидқидилдан қўшилиб, юзларига фотиҳа тортдилар.

* * *

Эрталаб кун чиқаётганда Бобур хос навкарлари ва беклари билан Ҳиротнинг ташқарисидаги кенг боғ-кўчадан кетиб борар эди. Кўчанинг икки томонида Ҳирот аъёнларининг ғиштин деворли, кошинкор гумбазли кўшк ва чорбоғлари бор эди. Салобатли бир боғ ҳовлининг баланд девори ёнидан ўтаётганларида, девор тепасидан кимдир уч-тўртта атиргул ташлади. Тўқ қизил рангли гуллардан бири Бобур минган саман отнинг ўсиқ ёлига келиб тушди. Гулнинг тиканлари от ёлига илиниб қолганини кўрган Бобур девор тепасига қаради-ю, ёш бир қизнинг қийғоч қошларини ва қош устига бостириб кийган гулдор тоқисини кўрди. Кейин у от ёлига илиниб қолган гулни қўлига олиб, лабига яқинлаштирди.
Узоқда ястаниб турган Занжиргоҳ тоғларининг баланд чўққиларига қор тушган эди. Ҳиротнинг кеч кузида нима ҳам бўлиб очилган бу гулнинг ажиб ҳиди бор эди. Бобур гулнинг хуш бўйи димоғига урилган заҳоти жиловни беихтиёр тортиб, отини тўхтатди. Узангига оёқларини тираб, эгардан бўй чўзди-да, девор тепасидаги қизга тикилиб қаради. Энди унга қизнинг олов чақнатиб турган қоп-қора кўзлари, бу кўзларга ниҳоятда ярашган гулранг ёноқлари аниқ кўринди. Бобур бу кўчадан аввал ҳам ўтган эди. Қиз аввалари ҳам уни кўриб, таниб қолган эканми, кўзлари мўлтираб ва уялиб бош эгди. Бу унинг салом берганимиди ёки хайрлашганимиди? Ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги бу қизнинг жозибасию мўлтираб бош эгиши Бобурга шундай таъсир қилдики, у бир лаҳза нима қилишини билмай эсанкираб турди.
Бу орада бошқа мулозимлар ҳам қизни кўриб отларини тўхтатган эдилар. Бобурни Музаффар мирзонинг Ҳирот бўйича доруғаси Юсуф Алибек кузатиб бормоқда эди. Қирқ ёшлардан ошган кўнгилчан бу бек девор тепасидаги қизни таниб кулди-ю:
— Ие, Моҳиммисиз! — деди. — Оббо, Моҳчучук-ей, катта қиз бўлиб қолибсиз-а!
Қиз гўё энди ўзига келди, «лип» этиб, бошини девор ортига олди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
Юзи қандайдир ички оловнинг тафтидан қизарган, кўзлари ғалати чақнаган Бобур Юсуф Алибекдан шошиб сўради:
— Ким? Ким дедингиз?
— Амирзодам, бу ҳовли Султон Соҳибқироннинг узоқ қариндошларидан бирига қарашли.
Қизнинг отаси Ҳусайн Бойқаронинг нуфузли девонбошиларидан эдилар. Борди-келдимиз бор эди.
— Ҳозир бормилар?
— Борлару, лекин… давлат ишидан четланмишлар.
— Нечун?
— Билмадим, ҳозирги подшоҳларимиз билан оралари яхши бўлмаса керак. Қандаҳоргами, Ғазнагами кўчиб кетиш тараддусида эмишлар, деб эшитдим.
Отлар юриб бормоқда эди. Бобур Моҳим деб аталган қизнинг тобора узоқда қолаётганини ўйлаб, кўнглида кучли бир армон сезди. Йигирма кун Ҳиротда юриб, бу қизни нега фақат энди, жўнаб кетаётган пайтда кўрди?
Бобур ҳали ҳам қўлида ушлаб бораётган гулга қаради. Бояги гўзал қиз Ҳиротнинг бутун нафосатини ўз жозибаси билан бирга мана шу гулга муаттар ҳид каби жойлаб берганга ўхшар эди.
Бобур гулни яна бир ҳидлади-да, бошидаги салласининг қатига кўзга унча ташланмайдиган қилиб қистириб қўйди.
Лекин ундаги нафис бир ҳаяжонни Қосимбек зимдан кузатиб бормоқда эди. Бобурга отадек ғамхўр бўлган бу одам шундай кўҳлик йигитга муносиб бир қиз учрашини кўпдан бери кутиб юрарди. Бобур эса кўз очиб кўрган ёстиқдоши Ойиша бегимнинг бевафолиги-дан қаттиқ озор чеккани учун аёл зотидан тортинар, анча-мунча қизларга мойиллик билдирмас эди. Ҳирот маликаси Хадича бегим уни асилзода хонадонларга куёв қилишга уриниб кўрди. Бобур рўйхушлик бермади.
Марҳум Султон Аҳмад мирзонинг кичик қизи Маъсума бегим онаси билан Самарқанддан Ҳиротга келиб қолган экан. Кайвони аёллар орага тушиб, бир меҳмондорчилик пайтида Бобурни Маъсума бегим билан учраштирдилар. Қиз жуда назокатли ва гўзал эди. Аммо Қосимбек уни кўрганда Тошкентда қолган Ойиша бегимни эслади.
Чиндан ҳам Маъсума бегим — Ойиша бегимнинг синглиси эди. Бобур орада турган ҳиротлик амма-холаларнинг кўнглига қараб, қизга мойиллик билдирган бўлди, лекин тўйни пайсалга солди. Қосимбек орқали шундай жавоб айттирди:
— Маъсума бегим оналари билан Кобулга борсалар…
Қизнинг онаси:
— Хўп, Кобулга боргаймиз, — деб ваъда берди.
Лекин Қосимбек бу нозиккина қизнинг Ҳиндикуш тоғлари оша Кобулга етиб боришига унча ишонмасди. Етиб борганда ҳам Бобурнинг боши устида чарх уриб юрган интиҳосиз мушкулотларига бардош беролмаса керак, деб ўйларди.
Аммо боғ кўча деворидан гул ташлаган Моҳим исмлик олов қизнинг юз-кўзларида нафис гўзалликка йўғрилган қудратли бир оҳанрабо бор эди. Ана шу оҳанрабо Бобурни ҳамон ўзига тортиб турар эди.
Боғ кўчадан кенг далага чиққанларида Бобур салласи қатидаги пушти ранг атиргулни секин қўлига олиб, яна бир ҳидлаб кўрди. Шунда девордан мўралаган қиз унинг кўз олди-да қайтадан гавдаланди-ю, бутун борлиғини нафис ва ширин туйғуларга тўлдирди. «Шунча қилиб, истаб жаҳонни ёр топмадим!» деган Бобурга балки шу қиз ёр бўлар? Нега ундан бу қадар тез айрилди? Наҳотки бу қизни қайта кўриш насиб қилмаса?
Қосимбек отини Бобурнинг отига яқин келтириб, паст товуш билан сўради:
— Амирзодам, бу атиргул қайси гулзорда ўсганини суруштириб кўрайми?..
— Ихтиёрингиз, — деди Бобур уялинқираб.
— Қизнинг оталари Ҳусайн Бойқарога хеш бўлсалар, мен бу хонадон билан албатта алоқа боғлагаймен.
Бобур бу режани маъқуллаган маънода бош ирғади.
— Амирзодам, агар юлдузи юлдузингизга тўғри келса, мен Моҳим бонуни Ҳиротданми, Қандаҳор ёки Ғазнаданми, қаердан бўлса ҳам, албатта излаб топгаймен!

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

________________
* Ғ и з о л — кийикнинг Хуросонда кўп учрайдиган бир тури.
* О ч а р — зира ва сирка қўшиб тайёрланган гўштли таом.

* Р э в у р а н г — шумлик, ўз ишига пухталик.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ўпка ва ҳазил

Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ...

Мeҳробдан чаён-бир ўрдалиқ

Махдумнинг  ҳавлиси  уч  қабат  эди.  Кўчадан  биринчи  қабатда  меҳмонхона,  мактабхона  ва машқхона  эди.  Иккинчи  қабатда  мураббаъ,  ярим  таноб  чамаси  боқча,  бунда  ...

Саида зуннунова ёки раҳбарнинг қаҳрига учраганимиз ҳақида

Ёзувчилар уюшмасида Ш. Рашидовнинг "Қудратли тўлқин" романи муҳокама бўлди. Муҳокамада алоҳида рўйхатга киритилган кишиларгина қатнашишди. К. Яшин мени ҳам рўйхатда бор деб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400