Юлдузли тунлар-45

ҲИНДИКУШ, КОБУЛ
ЎЛИМ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Хиротдан узоқлашганлари сари гўзаллик ва нафосат нурига йўғрилган илиқ туйғулар ўрнини Ҳиндикуш тоғининг баҳайбат қоятошлари ва унинг совуқ музларига ўхшайдиган хавотирликлар эгаллай бошлади. Бобурнинг Кобулдан чиқиб келганига уч ойдан ошяпти, лекин у ердаги ишончли одамлардан хабар келмаяпти. Ора узоқ — отда бир ой-қирқ кунлик йўл. Карвон билан Кобулдан келган савдогарлар нохуш овозалар эшитибди. Гўё Бобур мирзо Ҳирот тождорлари билан ёвлашиб қолганмиш, уни Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўйганмишлар.


Ҳисорда Хисравшоҳдан ажралиб келиб, Бобур хизматига кирган йигирма минг мўғул сипоҳилари бу хабарга асосланиб, Кобулда ўз ҳокимиятларини ўрнатиш ҳаракатига тушганмиш. Мўғулларнинг дуғлат қавмидан бўлган Муҳаммад Ҳусайн (аввалги Ўратепа ҳокими) фитначиларга бош бўлмоқда эмиш. Аммо Кобул доруғаси Мулла Бобо Бобурга садоқат сақлаб, қўрғон дарвозаларини беркитиб олганмиш. Агар шу гаплар рост бўлса, қўрғон қамалда қолади.
Аммо ташқаридан йигирма минг қўшин ҳужум қилса, қўрғонни эгаллаши ҳеч гап эмас. Унда Бобур Самарқанд туфайли Андижондан айрилгани каби, Ҳирот сабабли Кобулдан ҳам ажралиб, яна ора йўлда муаллақ қолиши мумкин.
Бу хатарнинг олдини олиш учун Бобур Кобулга тезроқ етиб бориш ҳаракатига тушди.
Аксига олиб, қиш эрта бошланди. Қавс ойидаёқ тоғ этакларига ёққан қалин қор отларнинг тиззасига етиб борди. Чахчарон деган жойда Бобур бекларни машваратга тўплади.
— Довонлар бекилгандир, — деди Хўжа Калонбек.— Қандаҳор орқали борсак, йўл текис.
Ҳиндикушни айланиб ўтгаймиз.
— Айланиб ўтганингизгача қирқ-еллик кун вақт кетгай! — эътироз қилди Қосимбек. — Унгача мўғуллар Кобул қўрғонини эгаллаб олса, кейин не қилгаймиз?
— Худо кўрсатмасин! — деди Бобур. — Илоҳим бу мишмиш ёлғон чиқсин!
— Аммо шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламагай, амирзодам! Кобулга тезроқ етиб бормоғимиз шарт! Тўғридаги Кўтали Зарриндан ошсак Қандаҳор йўлига нисбатан масофа икки баробар қисқаргай. Бир ой вақт ютгаймиз!
— Ундай бўлса, майли, жаноб Қосимбекнинг таклифини қабул қилайлик. Фақат довон йўлини яхши биладиган йўлбошчи топиш керак.

— Буниси менга тан! — деди Қосимбек.
Эртаси куни яна қор ёға бошлади. Бобур қўриқчи йигитлари билан отланиб чиқаётганда Қосимбек аф-ғонларнинг пашойи қабиласи яшайдиган қишлоқдан Султон деган бир йўл кўрсатувчини топиб келди.
Олачипор салла ўраган, баланд бўйли, бурни узун, жингалак соқолига оқ оралаган бу одамнинг юзи Бобурга алланечук тунд кўринди. Бобур у билан от устида туриб дарий тилида сўзлашди:
— Қишда Кўтали Зарриндан ўтиш мумкинми йўқми?
— Ўтганлар бор, — деди Султон. — Аммо бу йил қор жуда кўп. Кўчки босиб қолишидан қўрқмасангиз…
— Сиз қўрқмасангиз биз нечун қўрқайлик?..
— Мен қишда ўтсам, бир ўлимни зиммамга олиб ўтаман. Кетишда уйдагилардан рози-ризолик сўраб йўлга чиқаман. Қайтиб келмаслигим мумкин.
Бобур Қосимбек томонга ўгирилиб туркий тилда сўради:
— Нафаси мунча совуқ? Бошқаси йўқмиди?
— Бошқалари унамади. «Довон бекилган, жон керак!» дейишди.
— Бизга жон керак эмасми?
— Э, булар шунақа ваҳима қилиб, қадрини оширгай! Мана шу Султон қишда ҳам Кўтали Зарриндан ўтган экан. Кадхудоси айтди!
Султон пашойи соқолига инган қор зарраларини кафти билан сидириб ташлар экан, истеҳзоли кулимсираб қўйди. Бобур унинг туркийчани тушунишини сезди, аммо ис-теҳзосини ёқтирмади.
Султоннинг дилида ортиқча ғурурми, кудуратми, совуқ бир нарса бордек туюлди.
— Жаноб Қосимбек, одамларимизни ортиқча хатарларга гирифтор қилмайлик. Ҳали ҳам бўлса Қандаҳор йўлига қайтайлик!
— Аммо вақтни бой берсак, Кобул иликдан кетгай, амирзодам! Сиз билан биз қанча хатарли довонлардан ошганмиз! Ҳисор тоғларидан қор бўронлари тагида даҳшатли учмалар, секиртмалардан ўтиб, Искандаркўл-га тушганимиз ёдингиздами? Худо асраймен деса, ҳеч гап эмас!
— Хайр, бу гал ҳам худо ўзи асрасин! — деб Бобур Султоннинг йўл кўрсатувчи бўлишига розилик берди.
Султон уйига бориб, чиндан ҳам онасидан, хотини ва бўй етган фарзандларидан рози-ризолик сўраб чиқди. Унинг ўзига тўқ, бадавлат оиласи бор, сайисхонасидаги саккизта отига махсус отбоқар қарайди. Бу гал қишда йўл кўрсатувчи бўлишдан мақсади фақат пул ишлаш эмас.
Ёшликдан унга тинчлик бермай келаётган алам ва интиқом туйғуси унинг шу ишга бош қўшишига сабаб бўлди.
У Қосимбекка розилик беришдан олдин, довондан ўтмоқчи бўлаётганларнинг кимлигини суриштириб билди. Бобур — темурийлардан экани, Абусаид мирзо унинг бобоси бўлгани Султоннинг ўн ёшарлик пайтида бошдан кечирган фожеаларни эсига солди.
Султоннинг ота-боболари Шоҳруҳ мирзо билан яхши ҳамкорлик қилган бадавлат одамлар эди.
Шоҳруҳнинг ўлимидан кейин бошланган алғов-далғовларда Турондан Абусаид мирзо ўғли Маҳмуд мирзо билан Хуросонга бостириб келдилар. Султоннинг отаси Шоҳруҳ мирзодан кўп яхшилик кўргани учун унинг невараларига ён босди.
Лекин Абусаид мирзо ғолиб келиб, Шоҳруҳнинг кўпчилик невараларини қиличдан ўтказдирди.
Султоннинг отаси ва акасини ҳам шоҳруҳийлар томонида тургани учун бошларини кесдирди.
Ҳовлиларида бор мол-ҳолларини, онасининг бўқчаларидаги нарсаларигача талаб кетишди. Бу ҳам озлик қилгандай, Султоннинг ўн беш ёшлик чиройли опасини асира қилиб олиб кетдилар.
Кейин эшитсалар, уни Абусаид мирзо ҳарамига бир неча кунлик жория қилиб берибдилар…
Устма-уст келган бу бахтсизликлардан Султоннинг онаси касал бўлиб ётиб қолди. Лекин уларнинг бадавлат қариндошлари бор эди. Оғир пайтда улар ёрдам қўлини чўздилар. Султон йигит ёшига етгунча замонлар ҳам бир қадар тинчиди, карвонлар кўп қатнайдиган бўлди. Султон карвонларга йўл  ўрсатувчилик қилди, савдо-сотиқдан ҳам яхши даромадлар олиб, рўзғорини бутлаб олди.
Ҳозир қаҳратон қиш кунида уйида оиласи билан тинчгина ўлтириши мумкин. Лекин Бобур ҳам бу ерларга бобоси Абусаид мирзонинг изидан келганлиги Султоннинг дилидаги қасоскор туйғуларни уйғотиб юборди. Ноҳақ ўлдирилган отаси ва акаси, номуси топталган опаси учун мана бу темурийзодадан хун талаб қилиб қасд олишга ҳаққи йўқми? Бу ҳам ўша келгинди фотиҳларнинг бирику. Турондан келиб бу ерларда хўжайин бўлиб юрибди. Қани, Ҳиндикуш  тоғига ҳам хўжайин бўлиб кўрсин-чи?! Султон ўз хундор душманини энг машаққатли йўллардан бошлаб боради, унинг азоб тортганларини кўриб бир аламдан чиқади. Иложини топса, довон йўлларида қор бўронларига кўмиб қайтади. Шу билан отаси ва акасининг руҳлари олдидаги қиёматлик бурчини бажарган бўлмайдими?
Султон шу ўй билан сайисхонага кирди. Тоғларда яхши юрадиган энг баққувват қора қашқа отини эгарлади. Жун хуржунга икки ҳафтага етадиган қилиб қовурдоқ гўшт, ёғлиқ патир ва бошқа егуликлар солдирди. Ўзи қалин пўстин кийиб, яна иккита жун чакмон, иссиқ қулоқчин, «жўраб» деб аталадиган қалин пайпоқлар олди. Отларга ем-хашакни ҳам унутмади. Пўстин тагидан белига ханжар тақиб олди. Ҳамма юкларини қизғиш рангли миқти отга орттирди-да, уни етовга олди.
Бобур ва Қосимбек бошлиқ беку навкарлар уч юз кишидан ортиқ. Кўпчилигининг етовда оти бор. Туяларга турли юклар, чодир ва йиғма ўтовлар ортилган. Қиш куни буларнинг ҳаммасини озиқ-овқат ва ем-хашак билан таъминлаш осон эмас.
Аввалги ҳокимларнинг одатини яхши биладиган Султон: «Булар ҳам аҳолининг мол-ҳолини зўравонлик билан тортиб олиб захира йиғса керак», деб ўйлади.
Аммо Бобур хазиначига буюриб, ҳамма захиралар учун олтин-кумуш танга тўлатди. Ҳатто ем-хашакни ва қор курайдиган ёғоч куракларни ҳам тангага сотиб олишди.
Кўз илғаган ҳамма жой оппоқ қорга бурканган. Султон қора қашқа отда олдинда йўл бошлаб боради. Бобур ва Қосимбеклар унинг кетидан отлиқ келишмоқда. Орқада юзлаб беку навкарлар етовдаги отлар ва юк ортилган туялари билан турнақатор бўлиб тизилиб йўл юради.
Бир ҳафтадан бери ҳар куни қор ёғади. Гоҳо қалин булутлар йиртиғидан офтоб хирагина бўлиб кўринади-да, кўп ўтмай йўқ бўлиб кетади.
Оппоқ тоза қор кўзни олади. Сўнг яна майдалаб қор ёғишга тушади.
Йўллар қор тагида кўринмай кетган. Султон болаликдан яхши биладиган тепаликлар, жилғалар ва қоятошларга қараб тусмол билан йўл бошлаб боради. Тоғ этакларида уларга биронта қўй суруви, биронта қорамол учрамайди— чорва ейдиган ўт-ўланлар қор тагида қолиб кетган.
Ҳатто какликлар ҳам бу қорда дон тополмай пастликларга тушиб келган. Улар қалин қорда дуруст учолмай қоларкан, қанотларини ёзиб, қорга тиқилиб қолган какликлардан беш-ўнтасини йигитлар йўл бўйидан тутиб олдилар:
— Кечқурун тунашга тўхтаганда кабоб қилгаймиз!— дейишиб, хуржунларига жойладилар.
Тоғ оралиқларига кирганларида қор отнинг тиззасидан баландга чиқди. Қиш чилласи қаҳрли, совуқнинг қаттиқлигидан оёқ тагларида ғарчиллаган қорнинг товуши тоғ ёнларидан акс-садо бўлиб қайтади. Юқорига кўтарилганлари сари юриш қийинлашади, от-уловлар бурунларидан ҳовур чиқариб оғир-оғир нафас олишади, ҳорғин пишқиришади. Беку навкарларнинг оғизларидан чиққан ҳовур ёғаётган қорга қўшилиб, соқол-мўйловларга оппоқ қиров бўлиб ёпишади ва ҳаммани мўйсафидга ўхшатиб кўрсатади.
Қиш куни қисқа, довонга етиб боролмадилар. Кеч кирганда нина баргли болут дарахтлари ўсиб ётган ўрмонда тўхтадилар. Текисроқ жойлар топиб, қорини кураб ташладиларда, ўрмондан ўтин кесиб келиб, гулханлар ёқдилар. Гулхан атрофларини эриган қорлардан тозалаб, Бобур, Қосимбек ва бошқа эътиборли аъёнлар учун чодирлар тикдилар. Йигит-яланглар қори куралган ерларга қалин кигизлар тўшаб ўлтирдилар. Юклар орасида қозон-товоқлар ҳам бор экан.
Кундуз куни тутилган какликлардан қилинган кабобнинг олди Бобур ва Қосимбекка сузилди. Гулхан оловида қовурдоқлар ҳам тайёрланди.
Султон майхўрлик ҳам бўлишини кутган эди. Лекин у ҳамроҳ бўлиб бораётган беку навкарларнинг ўзаро гап-сўзларидан шуни билдики, йигирма беш ёшлик Бобур ҳали умрида май ичмаган намозхон йигит. Унинг шундай қор совуқларида ҳам таҳорат олиб намоз ўқиганини сафар пайтида бир неча марта кўрган Султон ўзича таажжубланиб қўйди.
Eртаси куни яна довон томонга кўтарилиб бораётганларида қорнинг қалинлиги отнинг ўмровигача чиқди. Отлар сал илгарилаганларидан сўнг оёқлари ерга тегмай, қорга ботиб тўхтаб қолишди.
Қосимбек йигитларга курак билан йўл очишни буюрди. Беш-олти киши курак олиб олдинга ўтди. Аммо қалинлиги одамнинг кўкрагига чиқадиган қорни курак билан уддалаб бўлмас, икки-уч қадам йўл очгунча бир дунё вақт кетарди.
— Э, бу бўлмас экан, — деди Бобур. — Бир кунда икки чақирим йўл боссак қачон етгаймиз?
Султон олдинга ўтди-да, қорни тепа-тепа шиббалаб, бирпасда тўрт-беш қадам йўл қилди.
— Буни биз тажрибада кўрганмиз, — деди Султон Бобурга. — Йигитларингизга буюринг, мана шундай қор тепиб йўл очсинлар. Бошқа илож йўқ!
Қосимбек «Қандаҳор орқали текис йўл билан борайлик!» деган таклифга кўнмагани ва довон йўлидан юришга сабабчи бўлгани учун Бобурдан хижолат чекмоқда эди. Шу сабабли ўғиллари Тангиберди ва Қамбаралини икки ёнига олиб, ҳаммадан олдин ўзи қор тепишга киришди.
Орқадан яна Тоҳир бошлиқ тўрт-беш йигит олдинга ўтиб, қорни ғарчиллатиб шиббалашга тушдилар.
Бирпасда юз қадамча сўқмоқ йўл ҳосил бўлди. Ундан отларни етаклаб ўтишга тўғри келарди.
Қор тепаётган Қосимбек ҳансираб деди:
— Отни зўр жонивор дердик, бундай қорга одам отдан ҳам зўр бўларкан!
Орқада йўл очилишини кутиб отлиқ турган беку навкарлар кўпчилик эди. Бу қаттиқ совуқда уларнинг отдан тушгилари келмасди, чунки отнинг баданидан озгина бўлса ҳам иссиқлик чиқиб, суворийга илиқ тапти уриб турар, пастдаги одам бўйи қор эса кафандай совуқ туюларди. Жуда секинлик билан илгарилаб боришар, бу кетишда бир кунлик йўл бир ҳафтага чўзилиши муқаррар эди. Ишбоши бўлиб турган Султон ҳар замонда Бобур томонга кўз ташлаб қўярди. «Қор қамалида қолаётган бу темурийзода энди не қиларкин?» деб уни зимдан кузатарди.
Султон Бобурнинг совқотиб асабийлашишини, йўл жуда секинлаб қолганидан тажанг бўлишини, одамларига бақириб-сўкиниб иш буюришини, айтганини қилмаганлар бўлса қамчи билан савалашини кутмоқда эди. Отаси ва акасини ўлимга буюрган ҳукмдорлар қиёфасида Султон ана шунақа золимларни кўрган, бугун эса улардан бирининг талвасага тушишига гувоҳ бўлиб, бир аламдан чиққиси келар эди.
Бироқ Бобур жим. У олдинда қор тепаётган кекса Қосимбекнинг ҳансираб, ҳолдан кетиб қолаётганини кўрдида, индамай отидан тушди. Олдинга ўтиб, Қосимбекнинг ёнига борди:
— Бас, сиз энди нафасни росланг! — деди, сўнг унинг ўрнига қор тепиб йўл оча бошлади.
Орқада йўл очилишини кутиб, отдан тушмай ўлтирган беку навкарлар энди бунга лоқайд қараб туролмадилар. Бобурнинг индамай кўп қатори ишга тушиб кетгани орқадагиларга зуғум қилиб буйруқ бергандан кўра кучлироқ таъсир қилди. Йигитлардан йигирма-ўттизтаси апил-тапил отларидан тушиб, Бобур томонга шошилдилар.
Баландга кўтарилганлари сари ҳаво сийраклашиб, нафас олиш қийинлашар, қирчиллама совуқ бунинг устига қўшилар, энг бақувват йигитлар ҳам йигирма-ўттиз қадам йўл очгунча чарчаб, ҳансираб четга чиқарди. Икки-уч марта бу ишни қилиб чиққан одам-ларнинг кўпи тўртинчи-бешинчи дафъа қор тепишга ярамай қоларди.
Аммо Бобур энг паҳлавон йигитлар қатори қайта-қайта олдинга ўтиб, бир ҳафта давомида одамларига йўл очиб боргани Султонни лол қолдирди. Беку навкарлар ўзаро гаплашганда:
— Амирзодамга кўз тегмасин, алплардай паҳлавонлиги бор! — деб қўйишарди.

— Саркарданг бўлса шундай бўлсин!
Султон ҳам ичида: «Худо бу йигитга куч-қувватни ҳам, ҳимматни ҳам аямай берганга ўхшайди», деб қўйди. Кеч кирганда баланд бир ялангликка кўтарилдилар. Бундан нарида довон бошланиши керак эди. Лекин бу баландликда қор бўрони бошланди. Қаттиқ шамол қор учқунларини юз-кўзга келтириб ура бошлади. Совуқнинг шиддати бир неча баробар ошиб кетди.
Ҳаволи Кутий деб аталадиган бу баланд жойда шамол-пана тоғ камарлари борлигини Султон биларди. У кичикроқ бир камарга Қосимбекни бошлаб кирди.
Аммо бу камарга тўрт-бешта одам зўрға сиғарди. Қосимбек Бобурни ҳам ичкарига таклиф қилди.
Юзлаб одам ташқарида қор бўрони остида дийдираб турибди. Суяк-суякларгача етиб бораётган аччиқ совуқнинг заҳрига даҳшатли қор бўронининг зарби қўшиляпти.
Агар одамлар шу очиқ жойда тунашга мажбур бўлса, уларнинг кўпи музлаб қолиши муқаррар.
Ўлим хавфини сезган навкарлардан бири:
— Э-воҳ, жасадимиз қор тагида қолса, бизни ким топиб дафн этгай? — деди.
— Қордан кафан кийгаймизми-а? — деди иккинчи навкар.
— Ҳиндикуш деб бежиз айтмас эканлар! Бу тоғ одамкуш тоққа ўхшайдир!
Бобур бу навкарларни овозидан таниб, уларнинг олдига келди.
— Мирзоқули, ниятни яхши қилинглар! Худо хоҳласа, бу қор қамалидан эсон-омон чиқиб кетгаймиз. Маматбек, куракларинг борми?
— Бор! — деб Тоҳирнинг самарқандлик дўсти Мамат отининг эгарига танғиб боғланган куракни Бобурга олиб берди.
Бобур энига ва бўйига уч-тўрт қадам келадиган жойнинг қорини курай бошлади. Мамат подшоҳга қор куратиб, ўзи қараб туришга уялди, куракни Бобурнинг қўлидан олди:
— Бу ерда не қилмоқчисиз, амирзодам?
— Қордан иҳота ясамоқчимен. Ертўла қазийдилар-ку. Биз қортўла қазисак бўлмасмикан?
— Қани, кўрайлик… Э, йўқ, қор ҳали жуда юмшоқ экан, увалиб тушди…
— Ерга етгунча қазийлик-чи! — деди Бобур.
Қорни кўкраклари баробар қазисалар ҳам, курак ерга тегмади:
— Об-бо, қор бўрони бу ерга қорни уйиб ташлаган бўлса керак! — деди Мамат умидсизланиб.
— Майли, бас, — деди Бобур ва Тоҳир қўрчибегини чақирди: — Битта кигиз билан жойнамоз келтиринг!
Кўкрак бўйи келадиган қор девори шамолнинг шиддатини бир оз пасайтиргандай бўлди. Аммо тепада яна қор қуюн бўлиб ёғилмоқда эди. Тоҳир келтирган кигизни оёқ остига тўшадилар.
Ёшликдан совуқ сувларда ювиниб чиниққан, ҳатто музни тешиб ғусл қилишга ўрганган Бобур ҳозир қор билан рамзий таҳорат олган бўлди-да:
— Таяммум! — деб қўйди.
Тоҳир эса Мирзоқули ва бошқа йигитларга мурожаат қилди:
— Беҳаракат тураверсак, совуқда тўнғиб тамом бўлурмиз! Ундан кўра амирзодамга ўхшаб қорни қазиб, шамолпана жойлар ясайлик. Ҳаракатланиб турсак, совуқ урмагай!
Бу гапларга зимдан қулоқ солиб турган Султон: «Кўрайлик-чи, қани бу темурийзоданинг чидами қанчага етаркин?» деди ўзича. Бобур эса соҳибқирон бобокалонидан олган сабоқларига биноан ҳаёт-мамоти ҳал бўладиган пайтларда икки ракат намоз ўқиб, худодан нажот тиларди.
Ҳозир кигиз устига жойнамоз тўшаб намоз ўқир экан, эгнидаги пўстинининг елкалари, гардишли қундуз телпаги бўралаб ёғаётган қордан оппоқ бўлиб қолди. Султон буни кўрди-ю, Бобур паналаб ўтирган жойни бўрон туни билан қорга кўмиб ташлашини ўзича тасаввур этди.
Дилида тугун бўлиб турган интиқом туйғуси: «Қўйиб бер, — деди, — шаҳид бўлган отам билан акамнинг олдига бу темурийзода ҳам борсин! Қор тепиб чарчаган одам совуқдан карахт бўлиб, уйқуси элтса, кейин қайтиб уйғонмай эрталабгача нариги дунёга кетади!..»
Лекин Бобурнинг шундай мушкул аҳволда ҳам ўзини йўқотмай, одамларга далда бераётгани, кекса Қосимбекни камарга жойлаб, ўзи кўпчилик навкарлар қатори очиқ ялангликда қор бўрони тагида ўлтиргани Султоннинг инсоф ва диёнат туйғусини уйғота бошлади. Айниқса, Бобурнинг намоз ўқиётганини кўрганда ва саждага бош қўйиб парвардигордан нажот сўраганини эшитганда ички бир овоз «Худодан қўрқмайсанми, Султон? — деб сўрагандай бўлди. — Ахир худо олдида ҳар бир одам ўз гуноҳи учун ўзи жавоб беради-ку. Ёмон темурийзодалар қилган гуноҳлар учун нечун Бобур жавоб бериши керак? Ахир бунинг ўзи сенга ёмонлик қилгани йўқ-ку. Бир ҳафта қор тепиб сенга ҳам йўл очиб келмади-ми? Яхшиликка жавобан ёмонлик қилсанг, кейин қасоси ўзингга қайтмайдими?»
Бобур намозини тугатгандан сўнг Султон унинг олдига келди:
— Ҳазрат шоҳ, туни билан қор бўрони ичида музлаб қолишдан қўрқмайсизми?
— Начора? Сиз бизни огоҳлантирган эдингиз. Довон йўли чиндан хатарли экан…
— Қосимбек ўлтирган камарга сиз нечун кирмайсиз? Ахир шоҳлар доим тўрда ўлтириши керак-ку!
— Ҳаёт-мамот олдида шоҳу гадо баробар, жаноб Султон. Қосимбек кекса одам, менга отадек азиз. Мен ташқарида қолган бу йигитларим билан ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга татиб келмоқдамен. Қанча хавфу хатарларни бирга бошдан кечирганмиз. Бугун ҳам биз ўлим билан юзма-юз турибмиз. Шундай пайтда мен энг қадрдон одамларимни ташқаридаги хатар ичига ташлаб, ўзим қайси юз билан ичкарида жон сақлагаймен?
— Ҳазрат, мен сизни фақат подшоҳ деб ўйлаган эдим. Лекин сизда дарвишлик ҳам бор экан. Бу сўзимни кўнглингизга олмайсизми?
— Нечун кўнгилга олай? Шоҳлардан кўра дарвишларда адолат кўпроқ… Ахир сиз ҳам мусулмонсиз-ку.
— Алҳамдулиллоҳ муслимман. Барча муслимлар бир-бирларига биродардирлар. Юринг, мен сизга ҳамма одамларингиз сиғадиган улкан ҳовални кўрсатай!
Бобур қувониб, тез ўрнидан турди-да, Тоҳир билан Маматни чақирди.
— Қани, жаноб Султон билан боринглар-чи, бошқа камарлар бор эмиш!
Чиндан ҳам орқаси улкан ғорга туташиб кетган иккита камар бор экан. Уларга ташқарида қолган ҳамма одамлар кириб, туни билан шамолпана, қуруқ жойда гулханлар ёқиб исинишди.
Эртаси куни қор бўрони тўхтаб, ҳаво очилиб кетди. Кечаги кучли шамол қорларни учириб,ҳамма ўнгир ва жарларни қорга тўлдирган ва текислаб кетган эди. Бўрон ва совуқнингшиддатидан бу қорлар шиббаланиб, қалин қатқалоқ ҳосил бўлган эди. Ана шу қатқалоқдан ваўйдим-чуқурларни тўлдириб текислаган қорнинг қалинлигидан Султон усталик билан  фойдаланди, Бобурни барча одамлари билан тоғнинг нариги томонига бошлаб кетди. Яна куни бўйи йўл юриб, керак бўлганда қор тепиб, кечки пайт Яккаўланг* деган қишлоққа етиб бордилар.
Бу туркийзабон қишлоқ одамлари:
— Осмондан тушдиларингизми? — деб ҳайрон қолишди: — Умримиз бино бўлиб қиш чилласида бу довондан тирик ўтиб келган шунча кўп одамни кўрмаган эдик!
Яккаўлангликлар Бобур ва Қосимбекнинг оёғи тагига қўйлар сўйиб, катта зиёфатлар беришди.
Бир кеча дам олганларидан сўнг Султон қайтиб кетишга рухсат сўради.
— Бир ўзингиз тоғдан қандай ўтасиз? — деди Бобур.
— Келган йўлимиз ҳали бекилмагандир. Отларим бор-ку.
— Балки биз билан қолурсиз? Мамлакатнинг тўрт томони тоғ. Бизга сиздек йўл кўрсатувчидоим керак.
— Таклифингиз учун ташаккур, ҳазрат шоҳ. Мен сиздек мард подшоҳни умримда биринчикўришим. Уйга қайтиб, барча пашойиларга сизнинг тўғрингизда сўзлаб бермоқчиман.
Хизматингизга келсам ҳам, юз-икки юзта йигитларни бошлаб келамен. Худо ҳофиз! Бобур хазиначига буюриб, Султонга кутганидан ҳам ортиқ мукофотлар бериб жўнатди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Ў л а н г — яйлов дегани.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 35-қисм

35 Бадбўй ҳужрада ётдим. Ҳужрада кун-да бир бўлди, тун-да бир бўлди. Бир маҳал темир дарвоза шарақлаб очилиб, шарақлаб ёпилди. Биров ичкарилади. — Кал, қаердасан? — деди. ...

Усмон қўчқоров-ваҳима

ВАҲИМА Ҳар гал Бухорони кезганда чандон Ваҳмга тушаман тошларга боқиб. Манови — минора, манови — зиндон... Ва кимдир ортимдан қилади таъқиб. Қайроқи майдондан кираман Аркка — ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? эрк ёви

(давоми) Туроннинг Самарқанд каби энг эски кентларидан бири-Жиззахдир. Жуда узун замонларда Бахмал (Сангзор) уни иккига бўлиб оққан. Ҳар ёнга оқ учқунлар сачратороқ бўлиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400