Юлдузли тунлар-46

* * *

Кобулда уларни бошқа хавф-хатарлар кутмоқда эди. Фитначилар Бобурни «Ҳиротда қатл этилибди» деб овоза тарқатганлари рост экан. Ўратепанинг собиқ ҳокими Муҳаммад Ҳусайн дуғлат фитначиларга бош бўлиб, Бобурнинг ўрнига унинг амакиваччаси — марҳум Маҳмуд мирзонинг йигирма ёшлик ўғли Мирзохонни Кобул подшоси, деб эълон қилибди. Бунинг хабарини Кобулда қолган содиқ навкарлардан Муҳаммад Андижоний Лангари Темур деган жойда Бобурга етказиб келди. Маълум бўлишича, Кобул қалъасини Бобур учун беркитиб турган Мулло Бобо ва Аҳмад Юсуфларнинг аҳволи жуда оғир. Қўрғонни қамал қилаётган Мирзохон бошлиқ мўғулларнинг йигирма минг одами бор, деворларга нақб солиб борут билан портлатиб ўтишга ҳаракат қилишяпти. Қўрғон ҳимоясида икки юзтагина одам турибди. Уларнинг ҳам  захиралари тугаб боряпти. Шу кетишда фитначилар кетма-кет ҳужум қилаверса қўрғонни бир ҳафта-ўн кунда олиб қўйишлари эҳтимолга яқин.
— Биз Лангари Темурдан Кобулга тўрт кунда етиб боргаймизми, а, жаноб Қосимбек? — сўради Бобур.
— Илдам юрсак, уч кунда ҳам етгаймиз. Аммо Қандаҳор йўли билан келганимизда Кобулга яна бир ойда зўрға етган бўлардик.
Муҳаммад Андижоний бу гапни маъқуллаб қўшимча қилди:
— Фитначилар сизларнинг қиш чилласида Ҳиндикушдан ошиб келишларингизни мутлақо билмайди, амирзодам! Ахир бу — ақл бовар қилмайдиган иш! Шунинг учун фитначилар асосий кучларини Қандарҳордан келадиган йўл бўйларига жойлаштирганлар. Қоровуллари ҳам Қандаҳор томонда пойлоқчилик қилмоқда эмиш. Менга буни Мулло Бобо тайинлаб айтиб юборди. «Ғазна томондан келмасинлар, Манор тоғи томондан келсинлар» деб илтимос қилди.
— Аммо жаноб Қосимбек, сиз узоқни кўзлаб довон йўлини танлаган экансиз. Мен сизнинг ҳақлигингизга энди астойдил тан бердим.
— Ташаккур, амирзодам. Энди ҳамма гап Кобулга ёғийлар кутмаган томондан билинтирмай боришимизга боғлиқ. Уларни ғафлатда босмоқ керак!
Бобур, Қосимбек, Хўжа Калон ва бошқа ишончли амирлар маслаҳатни бир жойга қўйишди.
Кобул қўрғонидаги Мулло Бобо бошлиқ содиқ кишиларига Бобур ўз қўли билан махфий мактуб ёзди.
«Мардона бўлинг, нажот яқин, худо хоҳласа, сешанба куни тунда биз Манор тоғида улкан ўт ёндирғумиздир. Сизлар ҳам аркда, эски кўшкнинг устидаким, ҳозир хазинадур, улуғ ўт ёндирингиз, токи билғаймизки, биздан хабардор бўлибсиз…»
Муҳаммад Андижоний Бобурнинг мактубини Кобул қўрғонидагиларга вақтида етказиб борган экан. Сешанба куни кечаси Бобур одамлари билан Манор тоғига етиб, Кобул қўрғони кўринадиган жойда улкан олов ёндирдилар. Кўп ўтмай Кобул аркида хазинанинг томи устида ҳам каттакон олов ялтиллаб кўринди.
Шундан кейин Бобур одамлари билан Кобулнинг шимол томонидаги Ғурбанд Тангисидан саҳар палла чиқиб, энг аввал фитначиларнинг бошлиқлари ухлаб ётган қасрларга яқинлашдилар.
Тун жуда совуқ, изғирин шамол эсади, кўпчилик қоровуллар ҳам шамолпана илиқ жойларга кириб кетишган. Муҳаммад Ҳусайн билан Мирзохон ғафлат уйқусига ётган пайтда қўрғон ичкарисидан Мулло Бобо ва Аҳмад Юсуф ўз одамлари билан Оҳанин дарвозасидан қуролланиб чиқдилар. Қўрғонни қамал қилиб ётган мўғулларнинг ҳалқаси шимол томонда сийрак эди, чунки улар Бобурнинг жануб-ғарб томондан келишини кутмоқда эдилар.

Бобур шимолдаги Ғурбанд томондан, қўрғондагилар қалъа томондан бирваракай зарба беришиб, мўғуллар ҳалқасини синдириб ўтдилар.
Кобул подшоси деб эълон қилинган Мирзохон қўрғон ташқарисидаги ҳашаматли бир қасрда ухлаб ётган пайтда Бобурнинг Хўжа Калонбек бошлиқ йигитлари қаср ҳовлисига тиғ яланғочлаб кирдилар. Мирзохоннинг қўриқчи йигитлари ҳам қиличларини қиндан суғурдилар.
Қиличбозлик жангидан бир неча навкар яраланиб йиқилди. Чўчиб уйғонган Мирзохон:
— Бобур бостириб келди! — деган хабарни эшитиб ўзини йўқотиб қўйди. «Ўлдига» чиқарилган одамнинг бирдан тирилиб келиши Мирзохонни шунчалик ваҳимага солдики, у тарафдорларини тўплаб жанг қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Қантариб қўйилган эгарлоғлиқ бир отга сапчиб минди-да, кунчиқиш томондаги тоғларга қараб қочди. Буни эшитган Бобур Юсуфбек бошлиқ бир тўда йигитларни Мирзохоннинг кетидан қувғинчи қилиб юборди. Ўзи Боғи Биҳишт деб аталадиган боғнинг икки қаватлик қасрига томон от суриб кетди.
Фитначиларнинг бошлиғи Муҳаммад Ҳусайн дуғлат шу қасрда эди. Дарвозанинг томи устида ўлтирган қўриқчилар Бобурга ёйдан ўқ ёғдирдилар. Ўқлардан бири унинг пўлот дубулғасига, яна бири кўкрагидаги зирҳли «чор ойнага» ўралиб қапчиб кетди. Сўнг Бобур камондан отган ўқлар том устидаги соқчилардан бирини ерга қулатди.
Дарвозани қўриқлаб турган отлиқ мўғул беклари қилич яланғочлаб, Бобурга ҳамла қилишди.
Улардан бири яқин келиб қилич урганда Бобур ўзини қалқони билан тўсди. Сўнг фитначининг бўйнига шундай қилич урдики, эгардан ерга учириб, юмалатиб юборди. Яна иккинчи, учинчи… бешинчисини отидан қулатди…
Қилич яланғочлаб келаётган ҳар бир душман унга юзма-юз келган ўлим тимсоли бўлиб кўринарди. Ёвни қилич билан уриб йиқитганда ўзига чанг солаётган ўлимни бартараф қилгандай енгил тортарди.
Бобурнинг ўзи тиғ билан ёвларини уриб, йиқитиб келаётганини эшитган Муҳаммад Ҳусайн дуғлат ҳовлига чиқишга ҳам журъат этолмади. Хотинларнинг кўрпа-тўшак йиғиб қўйиладиган хонасига кириб, бўғжаманинг ичига яширинди.
Меҳр Нигор хоним — Бобурнинг холаси эди. Бултур Қутлуғ Нигор хоним оламдан ўтгандан бери Бобур бу холасини она ўрнида ҳурмат қилиб юрарди. Бобурнинг одамлари ичкариларни ахтариб, Муҳаммад Ҳусайнни топиб чиққанларича Бобур шу холаси олдида фарзанддек таъзим қилиб кўришди.
Тошкентда хон бўлган марҳум Маҳмудхоннинг онаси Шоҳбегим ҳам шу қасрда экан. Бобурга ўгай бўлса ҳам, ҳар қалай момо ҳисобланган Шоҳбегим тўсатдан пайдо бўлиб қолган Бобур олдида саросима бўлиб, дудуқланиб бирон сўз айта олмади. Бобур унинг ҳам ҳурматини жойига қўйиб, таъзиму тавозе билан сўрашди.
Ичкаридан икки йигит қўлтиғидан маҳкам ушлаб олиб чиққан Муҳаммад Ҳусайн эса:
— Менда не айб?! — деб пешгирлик қилди.
— Сизда айб бўлмаса нечун мендан қочиб тўшакхонага бекиндингиз? — сўради Бобур.
— Қилич ялонғочлаб кирганлардан қўрқдим, рост!
— Аммо менинг ўрнимга Мирзохонни подшоҳ кўтарганда худодан қўрқмадингизми? Бир подшоҳга қарши фитна уюштириб, бошқа подшоҳни тахтга чиқариш — давлат тўнтариши эканини билмасмисиз? Бундай хиёнатлар учун энг оғир жазолар берилиши, танаси пора-пора қилиниб, минг қийноқлар ичида қатл этилиши сизга маълум эмасмиди?!
— Мени… мўғул беклари йўлдан урдилар!.. Кечиринг, амирзодам, кечиринг — деб Муҳаммад Ҳусайн ҳўнграб йиғлай бошлади ва Бобурнинг оёғи остига ўзини ташлади.
Соқолига оқ тушган бу одамнинг Ўратепадаги уйида Бобур кўп марта меҳмон бўлган, унинг ўғиллари билан бирга ўсган эди. Айниқса, Муҳаммад Ҳусайннинг кичик ўғли Ҳайдар Мирзо Бобурга жуда меҳрибон, зеҳни ўткир, етти-саккиз ёшдаёқ китоб ўқиб, шеър айтадиган заковатли бола эди*.
Меҳр Нигор хоним ҳам, Шоҳбегим ҳам Муҳаммад Ҳусайннинг шу болаларини ўртага солиб, Бобурдан шафоат сўрадилар. Бобур Муҳаммад Ҳусайнга нафрат билан кўз ташлаб деди:
— Мана шу оналару бегуноҳ болалар ҳурмати… Мен сизнинг қонингиздан кечдим… Аммо энди сиз билан орамиз узилди… Кўчингизни олиб, менинг қаламровимдан чиқиб кетинг! Тамом!
Бобур бу ердан отланиб чиққанда фитначи қўшинлар Кобул қўрғонининг атрофларини тарк этиб, тоғларга қараб чекинмоқда эди. Қамал пайтида қўрғонни аждаҳодай ўраб ётган минглаб мўғул аскарлари энди ўз сардорларидан ажралиб, боши кесилган илондек талваса ичида гўё думалаб кетмоқда эди.
Мирзохоннинг кетидан юборилган қувғинчилар уни Қарға Булоқ деган жойдан тутиб олиб, аркда девонхонада ўлтирган Бобурнинг олдига олиб кирдилар. Енгил кийинган Мирзохон совуқда дийдираб кўкариб кетган. Бобурга эгилиб таъзим қилаётганда ерга гурсиллаб йиқилиб тушди. Йигитлар уни ўрнидан турғиздилар. Йиғлаб илтижо қилди:
— Мени афу этинг, ҳазратим! Сиз менинг ягона подшоҳимсиз!
— Аммо ўзингизни ҳам подшоҳ деб эълон қилибдилар-ку!
— Мени алдадилар! «Темурийлардан Кобулда фақат Сиз қолгансиз, — дедилар. — Бобур мирзо қайтиб келгунча элга бош бўлиб туринг» деб кўндирдилар! Мана, худога шукр, эсон-омон қайтиб келибсиз!
— Бизга пешвоз чиқиб кутиб олиш ўрнига, нечун тоққа қараб қочдингиз?
— Хом сут эмган банда, ваҳимага берилибмен! Аммо мен мўғул беку навкарларидан ҳимоя истаб қочганим йўқ. Сизнинг ҳузурингизга жанг тугагандан сўнг қайтмоқчи эдим.
Бобур учун ҳам Мирзохоннинг мўғул беклари томонга қочиб кетмагани яхшилик аломати эди.
Агар Мирзохон улар томонга ўтиб кетганда, икки орадаги уруш узоқ давом этиши, яна кўп беҳуда қонлар тўкилиши мумкин эди.
— Мен сизнинг қаҳрамонлигингизга тан бериб тиз чўкурмен, ҳазратим! — деб Мирзохон яна юкунди.— Сизда Соҳибқирон бобокалонимизнинг қиличи борлигини билурмен! Бу қиличга «Куч—адолатдадир» деган муқаддас ёзув битилганини ўзингиз менга айтган эдингиз. Бугун сиз ана шу қилич билан баҳодирона жанг қилиб ғалабага эришдингиз. Чиндан ҳам, куч—адолатда эканига мен энди астойдил имон келтирдим! Буюринг, токи умрим борича сизга хизмат қилай!
Бобур Мирзохонга ўнг томонидан жой кўрсатди.
— Шарбат келтирилсин! — деб буюрди.
Савдарбоши олтин косада келтирган шарбатдан Бобур аввал ўзи ичди-ю, кейин Мирзохонга берди.
— Ҳозир Кобулда темурийлардан фақат иккимиз қолдик, — деди Бобур. — Бу мўғуллар азалдан темурийлар билан олишиб келурлар. Қундузда Шайбонийхоннинг қўшини турибдир. Ора яқин.
Кобулда хоннинг жосуслари ёлғон овозалар тарқатиб, мени атайлаб «ўлдига» чиқарган бўлсалар керак.
— Бу рост! Қундуз ҳокими Қамбарбий Кобулдаги мўғул беклари билан тил бириктирганини мен  ҳам сездим.
— Кимлар ўша тил бириктирган беклар?
Мирзохон бир неча мўғул бекларининг номларини айтди.
— Ана шуларни сиз бизга тутиб беришингиз керак! — деди Бобур. — Бўлмаса булар яна пайтини топиб, сиз билан мени Шайбонийхонга сотгайлар!
— Кемага тушганнинг жони бир, ҳазратим! Мен то ўлгунимча темурийлар кемасида собит тургаймен! Агар ўлимга буюрсангиз ҳам сўз қайтармай борурмен!
Мирзохон девқомат ёвқур йигит эди, унинг томирида она томондан бобокалони Искандар Зулқарнайн қони ҳам борлигига Бобурнинг ишонгиси келарди.
— Сизни ўлимга буюрмоқчи эмасмен. Мирзохон, балки ҳамкорликка чорламоқчимен!..
— Жону таним, бутун борлиғим билан ҳамкорингиз бўлурмен, ҳазратим!
Мирзохон шу сўзининг устидан чиқиб, Бобур буюрган барча ишларни сидқидил билан адо Муҳаммад Ҳусайн дуғлат эса кўч-кўронини туя ва отларга ортиб жўнаб кетди ва Мурғоб
бўйларида Шайбонийхонга бориб қўшилди. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас,
деганларидек, ўша ерда ҳам фисқу фасод ишларга бош қўшгани учун Шайбонийхон томонидан ўлдирилди.
Ўша қиш Бобур кўрсатган мардлик ва довюракликнинг мукофоти шу бўлдики, Қосимбек Ҳирот чорбоғида учраган гўзал қизни излаб топди. Бобур Кобулда катта тўй қилиб, Моҳим бону исмли бу олов қизга уйланди ва орадан бир йил ўтар-ўтмас ундан ажойиб ўғил кўрди. Бахтли истиқбол орзуси билан бу тўнғич ўғилни Ҳумоюн деб атадилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* Келажакда Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Бобур тарбиясини олиб улкан адиб бўлиб етишади ва машҳур «Тарихи рашиди» китобини яратади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хўрсиниқ

Тоғ хўрсиниб юборди оғир — водийларга югурди шамол, юзларини яширди ҳилол. Тоғ хўрсиниб юборди оғир, теран хобдан уйғонди юрак, тоғлар каби хўрсинмоқ керак. Шавкат Раҳмон

Мeҳробдан чаён-мирзо анварнинг кейинги ҳаёти тўғрисида

Мен мирзо Анвар ҳикоясини отам марҳумдан эшиткан эднм. Мирзо Анвар Қўқондан қочиб келиб, уч-тўрт йил чамаси Тошканднинг машҳур Эскижўва маҳалласида гурган. Ул вақтларда ...

Юлдузли тунлар-85

АГРА ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ 1 Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400