Юлдузли тунлар-47

ҲИРОТ, МАРВ
ПАЙМОНАСИ ТЎЛГАНЛАР

1

Ҳирот атрофларида қиш осойишта ўтди-ю, авжи баҳор кунларида Шайбонийхон эллик минг қўшин билан Мурғоб дарёсидан ўтиб, Хуросонга бостириб кирди. Бадиуззамон мирзо билан Музаффар мирзо Ҳиротнинг шимолида Қораработ ва Тарноб деган жойларда икки бўлак қўшин, икки алоҳида саркарда билан ланж бир аҳволда ўтирган эдилар.
Шайбонийхоннинг Убайдулла Султон ва Темур Султон бошлиқ отлиқ аскарлари бу икки қўшиннинг орасига тиғдай ёриб кирди-ю, кучли бир зарба билан икки подшоҳни икки томонга улоқтириб ташлади. Мирзолар кўпчилик бек ва навкарлари билан тумтарақай бўлиб қочдилар.
Фақат Зуннунбек арғун ўзининг Ҳизабрулла бўлишига ва Шайбонийхоннинг қиличини синдиришига ҳали ҳам ишонгани учун бир неча юз навкарини хон қўшини қаршисига бошлаб чиқиб, охирги нафаси қолгунча олишди. Убайдулла Султоннинг отлиқлари ҳаял ўтмай уни эгардан уриб туширдилар, бошини кесиб найзага санчдилару Шайбонийхон минган отнинг оёғи тагига элтиб ташладилар.
Жанг майдонидан ҳаллослаб қочган Бадиуззамон мирзо Ҳиротга ҳаммадан олдин етиб келди, аммо шаҳар ичига кирмади. Боғи Жаҳонорода бир неча соат тўхтаб, отларига дам берди-ю, олтин-кумуш ва жавоҳирларидан кўтарганича олди. Унинг хотин-болалари шаҳар ичида —аркда эди. Орқадан қувиб келаётган ёв таҳликасидан қўрққан Бадиуззамон мирзо шаҳар доруғасини чақириб, қалъа дарвозаларини бекитиб олишни буюрди. «Қамалда қолишдан қўрқманглар, биз Қандаҳор томондан қўшин тўплаб келиб, сизларни халос қилурмиз», деган қуруқ ваъда билан хотинлари ва болаларини қўрғон ичида қолдириб ўзи жанубга қараб шошилди.
Ҳиротга кечаси етиб келган Музаффар мирзо ҳатто енгилиш ва қочишда ҳам акаси билан мусобақалашган каби иш қилди. У ҳам шаҳар ташқарисидаги Боғи Сафидда бир неча соат тўхтаб, нафасини ростлагач, энг керакли нарсаларини олди-ю, ёв етиб келиб қолишидан қўрқиб, аркка кирмади, онаси ва хотинларини қалъа ичида қолдириб, дарвозаларни бекитишни буюрди, у ҳам Қамалда қолсаларинг ўзим келиб қутқарамен!» деганича Астрободга қараб қочди.
Мирзоларни кутганидан ҳам осон енгган Шайбонийхон шаҳардан ўн беш чақиримча шарқдаги Қаҳдистон деган хушҳаво ўтлоққа тушиб, шоҳона чодирларини тикдирди.
Хадича бегим Ҳиротда бор аъёнлар ва қўриқчи аскар саркардаларни тўплаб, қўрғон дарвозаларини бекитишга уриниб кўрди. Аммо икки оға-ини подшодан биронтаси Ҳирот мудофаасига бош бўлмасдан қочиб кетганлиги ҳамманинг руҳига ёмон таъсир қилган, қамал азобини ҳеч ким зиммасига олишни истамас эди. Хоннинг ғазабига қолмаслик учун Ҳиротни унга жангсиз топширишни маъқул кўрувчилар кўп эди. Ахири Ҳирот шайхулисломи Тафтазани бир неча нуфузли кишиларни ёнига олиб, Ҳирот шаҳрининг калитларини қимматбаҳо совға-саломлар билан бирга хонга элтиб топширди.
Қаҳдистоннинг оромбахш баҳор ҳавосида улкан ғалабадан таъби очилиб юрган Шайбонийхон энди жозибали бир аёл билан қовушгиси келар эди. У Ҳиротнинг энг таърифи кетган гўзал жувони — Музаффар мирзонинг йигирма ёшлик суюкли хотини Қоракўз бегим деб эшитган эди.
Тошкентда ва Андижонда Қоракўз бегим деб от чиқарган қиз-жувонлар қанчалик чиройлик бўлганини хон яхши билар эди. Ҳиротлик Қоракўз бегимнинг асл номи бошқа бўлса ҳам қора кўзли гўзаллар орасида энг чиройлиси бўлгани учун эл орасида шу исм билан танилган эди.
Шайбонийхон доимий одатини қилиб, бу жувонга ғойибона ошиқ бўлгани ҳақида қисқа бир ғазал ёзди-ю, шоир Муҳаммад Солиҳни орага қўйиб, шеърини бегимга етказдирди.
Музаффар мирзо номардлик қилиб хотинларини ташлаб кетганидан қаҳри келган Қоракўз бегим хоннинг ғазалини хуш қабул қилди. Хадича бегим бошлиқ бошқа келинлар Ҳиротнинг энг мустаҳкам истеҳкоми бўлган Ихтиёриддин қалъасига кириб бекинганларида Қоракўз бегим улардан ажралиб қолди ва отасининг шаҳар ташқарисидаги чорбоғига кетди. Кейин бегимни ҳаммомда ювинтиришиб, келинлардай ясантиришди-ю, хон юборган шоҳона маҳофага солишиб Қаҳдистонга олиб кетишди.
Кечки пайт Ҳиротнинг шайхулисломи ва қозиси хон қароргоҳига чақирилди.
Бугун одатдагидан ёшроқ кўринаётган Шайбонийхон шариат пешволарини маҳфури* гилам тўшалган боргоҳда қабул қилди. Хоннинг ёнида турган мулло Абдураҳим Қоракўз бегимни бугун имоми замонга никоҳлаш ҳақида гап очди.
— Бугунми? — деб шайхулислом қозига саросима бўлиб кўз ташлади. Қози бу қарашнинг маъносини тушунди.
Қоракўз бегим Музаффар мирзонинг никоҳида эди. Эрининг ташлаб кетганига беш кун ҳам бўлгани йўқ. Ҳолбуки, бир мусулмоннинг никоҳидаги хотиннинг иддаси бўлади, уч ой ўтмагунча бошқа кишига никоҳлаш мумкин эмас. Шариат буни қатъиян ман қилган!
Шайхулислом хоннинг оёғи тагидаги гиламни ўпиб, шу тўғрида гап бошлаган эди, хон унинг сўзини кесди:
— Шариатни бизга ўргатманг! Бегимни ҳезалак эри бундан тўрт ой олдин уч талоқ қўйган. Сиз уч ой дейсиз! Бегим тўрт ой боши очиқ юрган! Наҳотки, сиз, шариат пешволари бундан бехабарсиз?!
Хоннинг қаҳридан қўрқиб кетган шайхулислом оппоқ соқолини маҳфури гиламга суркаб яна ер ўпди.
— Хабардормиз, ҳазратим!
— Хабардормиз! — деди қози ҳам гиламни ўпиб. Улар Музаффар мирзонинг бундан тўрт ой бурун аччиқ устида хотинини уч талоқ қўйганини билар эдилар. Бироқ кейин мирзо хотини билан яна ярашганда шайхулислом билан қози бегимни эрига қайтадан никоҳлаб берган эдилар. Лекин бегимнинг аввалги ёш эри тилга олинганидан рашки келиб, сабр косаси тўлиб турган хонга буни айтиш— ўлимни бўйнига олиш билан баробар эди.
Шариат пешволари энди бу тўғрида «чурқ» этмасдан никоҳ ўқишга ҳозирландилар…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* М а ҳ ф у р и — гулларига шеърий байтлар қўшиб тўқилган нодир ипак гилам.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-раънонинг эгаси

— Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси  Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг — Раъноси.  (Мирзо)  Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин  Не бахт ...

Мeҳробдан чаён-жиловхонада бир жанжал

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 24-қисм

24 Қаҳрим қўзигандан қўзиди. Тарлонни Самад чавандозга бердим. Ўзим Самаднинг чеккагир кўк саманини миндим. Тўда гирдини пойлаб юрдим. Бир бойсунлик улоққа яна чилвир солди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400