Юлдузли тунлар-48

* * *

Салласига лаъл ва гавҳар билан бирга укпар ҳам қадалган Шайбонийхон кечаси бегимнинг хобгоҳига шаҳдам қадамлар билан кириб кетди. Хобгоҳнинг ташқи бўлмасида хоннинг ҳарамига қарайдиган кекса бека, иккита бичилган ҳабаш қул ва бегимга эргашиб келган иккита каниз навбатчилик қилиб қолишди.
Бир вақт хобгоҳ эшиги шахт билан очилди-ю, елвагай тўн кийган, бошидаги оқ шабпўши* бир ёнга оғиб кетган Шайбонийхон чиқиб келди. Унинг ранг-қути ўчган, лаблари пирпирайди.
— Беҳаё экан! Бузилиб кетган экан! Безбет!
Ҳарам бекаси бегимнинг канизлари билан бирга шоша-пиша ичкарига кирдилар. Тўшак четида юзини қўллари билан бекитиб олган гўзал жувон елкалари силкиниб, пиқ-пиқ йиғлар эди.
Маълум бўлишича, Қоракўз бегим Ҳиротнинг сўнгги подшолари яхши кўрадиган ва олий табақа аёллари «ғалвира» деб от қўйган шўх бир қилиқ қилади. Бу билан у эллик олти ёшлик хонни қойил қилмоқчи, балки унинг илҳомини оширмоқчи бўлади. Бироқ кўп марта уйланган, қанча қиз-жувонлар билан бир ёстиққа бош қўйган хон умрида бундай қилиқларни кўрмаган экан. У аввал саросимага тушади, кейин Қоракўз бегимнинг аввалги ёш эрини эслайди. Бегим бундай қилиқларни аввалги эрига ҳам қилганларини кўз олдига келтиради-ю, ҳафсаласи бирдан пир бўлади ва сўкиниб ўрнидан туриб кетади.
Бегим бу шўхликни хонга ёқиш учунгина қилганини, Ҳирот асилзодалари орасида бу жоиз эканини канизлар ҳарам бекасига тушунтирдилар. Бегимга раҳми келган ҳарам бекаси хоннинг олдига чиқиб, уни жаҳлидан туширишга тиришди:
— Ҳазратим, айб фақат бу бегимда эмас! Айб унга шу қилиқни ўргатганларда! Ҳиротдабеҳаёлар кўп экан.
— Бу шаҳар — диндан қайтган рофизийлар* уяси!— деди хон ҳам энди ғазабини бошқа томонга йўналтириб. — Бу жувоннинг қайнонаси Хадича бегим — безбетларнинг энг каттаси! Энг аввал ўшани тутиб жазосини бериш керак.
Шайбонийхон хобгоҳга қайтиб кирмади. Қоракўз бегимни тавфиқ ва ҳаё йўлига қайтаришни ҳарам бекаси билан ҳабаш қулларга топширди-ю, ўзи боргоҳга жой солдириб ётди. Аммо тонг отгунча ухлай олмади.
Eрталаб азонда боргоҳдан ҳиргоҳга ўтди-ю, лашкарбошилардан Убайдулла Султонни, мулозимлардан Муҳаммад Солиҳни, мавлоно Биноийни ва Мансур бахшини чақиртирди.
Eнг аввал жияни Убайдулла Султонни сўроққа тутди:
— Ихтиёриддин қалъаси олиндими, йўқми?
— Хон ҳазратлари, бугун-ерта олинғусидир!
— Битта бузуқ хотин бекитиб ётган қалъани шунча лашкар билан ҳалигача ололмайсан! Ё ўзим бориб олайми?
Хонга кечаси бир бало бўлганини ҳамма сезди. Йигирма ёшли девқомат Убайдулла Султон улкан гавдасини эгиб, хонга икки букилиб таъзим қилди:
— Ҳазратим, қалъани шу бугун оламиз. Ҳозир мен ўзим бориб ҳамла қиламен!
— Ҳамла қиламен деб, лашкаринг деҳқонларнинг экинини топтаб кетибди. Биз Ҳиротга меҳмон бўлиб келганимиз йўқ. Деҳқоннинг ҳосили ўзимизга керак! Боғларни ҳам от босмасин!
Мевасини ўзинг ейсан! Сен темурийзодаларнинг уруғини қурит! Ўшаларга хизмат қилиб қутурган шиаларни бос!
— Барча айтганларингизни бажо келтирамиз, ҳазратим!
Убайдулла Султон кетишга чоғланди. Шунда Шайбонийхон:
— Агар қалъани бугун оладиган бўлсанг, Мансур бахшини ҳам олиб кет! — деди. — Бу бахши яна бўйдоқ юрибди. Бунга хотин чидамайди. Хадича бегим шунга ўхшаган зўр бир эр тополмай юрган эмиш. Қалъа-ни олсанг, ўша хотинни Мансур бахшига никоҳлаб берасан!
Семириб, аввалгидан баттар йўғонлашиб кетган ўтовдай катта Мансур бахши:
— Айналайин сиздан, хон ҳазратлари! — деди. — Самарқандда никоҳлаб берган Зуҳра бегимингиз ўлгандан бери сўққабошлик жонимга тегиб юрган эди!
— Лекин сен бахши ҳадеб нафсингни ўйлай берма!— деди хон. — Ҳиротнинг энг катта бойликлари Хадича бегимнинг қўлида. Менга ахбороти келган, бу хотин олтиндан гул ясатган эмиш, барглари зумраддан эмиш. Гулга қўниб турган булбулнинг оғзида гавҳари бор эмиш.
— Хон ҳазратлари, бунисини мен сизга топтириб бераман! — деди Мансур бахши. — Хазинаси ҳам сизники! Менга ўзи бўлса бас!
Бу шўх гаплардан кейин Шайбонийхоннинг чеҳраси сал очилди-ю, Убайдулла Султон билан Мансур бахшига кетиш учун рухсат берди. Муҳаммад Солиҳ билан мавлоно Биноий хон қаршисида ҳамон қўл қовуштириб, оёқ устида сукут сақлаб туришарди. Қизил кимхоб кўрпача устида чордана қуриб ўтирган хон Муҳаммад Солиҳга қараб:
— Сен, шоир, нуқул Ҳиротни мақтар эдинг, — деди.— Ҳиротинг ҳаёсини йўқотган бетавфиқларнинг уяси экан-ку!
Муҳаммад Солиҳ хоннинг бошига кечаси қандай ҳангома тушганини аллақачон пайқаган эди.
Шайбонийхон ҳозир кексалик заифлигига чора тополмай алами келаётгани ҳам сезилиб турарди.
Муҳаммад Солиҳ унинг ярасига туз сепмаслик учун гапни бошқа ёққа бурди:
— Ҳазратим! Ҳиротнинг ахлоқини темурийлар бузган. Сиз темурийларни жангда жисмонан енгдингиз, энди уларни маънан енгмоқдасиз! Имоми замонамизнинг ахлоқий покликлари ҳиротликларга ибрат бўлмоғи керак.
— Гапга чечансен! Лекин Ҳиротнинг ахлоқини шоирлар ҳам бузганини нега айтмайсен! Темурийларни мақтаб, беҳаё шеърлар ёзиб, лаган-лаган олтин олган шоирларинг бўлмағанми?
— Бўлган, хон ҳазратлари. Мана мавлоно Биноийни Ҳиротдан ана ўшанақа шоирлар кеткизиб юборган!
Шайбонийхон мавлоно Биноийга юзланди:
— Шундайми?
— Шундоқ, ҳазратим! — деди Биноий таъзим билан.
— Ундай бўлса мавлоно Биноий адолат қиличини белига тақиб, ёмон шоирлардан қасдини олсин! — деди хон. — Бизнинг ғолиб навкарларимиздан эллик-олтмиштасини мавлононинг ихтиёрига беринг. Темурийларнинг олтинидан қутуриб юрган шоирларнинг молу мулки мусодара қилинсин! Барча олтинларини тортиб олиб хазинага топширинг! Кейин бу шоирларнинг кўзи очилиб, тавфиқу ҳаё йўлига қайтиши осон бўлади!
Мавлоно Биноий безовталаниб Муҳаммад Солиҳга қаради. У бир вақтлар ўзига алам ўтказган баъзи Ҳирот шоирларини ҳар қанча ёмон кўрса ҳам, лекин ёнига аскар олиб, бировларнинг уйини тинтишни, молу мулкини мусодара қилишни ўзига муносиб кўрмас эди. Бироқ буни хонга рўйи-рост айтиш ҳам мумкин эмас эди.
— Ҳазратим, шундай улуғ вазифани фақирга ишониб топширмоқ ниятингиздан сарфарозмен!.. Фақат бир андешам бор.
— Хўш?
— Ҳазратим, мен умримда қилич чопмаган кекса одаммен. Ёшим элликдан ошган. Бу фармони олийни жанговар бек шоир Муҳаммад Солиҳ жаноблари фақирдан юз ҳисса яхши бажарурлар!Фақир бу жанобга кучим етганича ёрдам берай!
Муҳаммад Солиҳ бу ишни ўзига йўлатгиси келмади.
— Мавлоно, мен Ҳирот шоирларини сизчалик яхши билмаймен!
Буйруғи сансалор бўлаётганини сезган Шайбонийхон, кўзлари таҳдидли ялтираб, Биноийга тикилди.
— От инъом қилдик — миндингиз. Тўн инъом қилдик— кийдингиз. Улуфа бердик — йўқ демадингиз. Энди иш буюрсак, йўқ дейсизми?!
Бошқа эътирозга ўрин қолмади. Олти йилдан бери хон хизматида юрган Биноий унинг ҳозирги буйруғини бажаришга мажбур эди…

* * *

Шайбонийхоннинг ўнг қўл вазири — олтмиш беш ёшлик мулла Абдураҳим Ҳирот алломаларидан олтин ундиришнинг бошқа бир йўлини ўйлаб топди. Ҳирот атрофларидан ғолибларнинг қўлига тушган ўлжалар орасида сурув-сурув қўйлар ҳам бор эди. Мулла Абдураҳим шу қўйлардан олтмиштасини Ҳиротнинг Қипчоқ дарвозаси ташқарисидаги бозорга ҳайдаб тушишни хизматкорларига буюрди. Сўнг шаҳарга бир тўп навкар юбориб, тему-рийлар даврида машҳур бўлган Хондамирни, Бобурга яқинлиги билан танилган мавлоно Фазлиддинни, Ҳусайн Бойқарога атаб шеърлар ёзган «кўкса» лақаблик шоир Султон Муҳаммадни, яна шуларга ўхшаш беш-олти кишини қўй бозорига мажбуран олиб келтирди. Кейин мулла Абдураҳимнинг ўзи ҳам бир тўп мулозимлари билан бозорга ўйноқи бир арғумоқни миниб кириб келди. Мулозимлардан бири пиёда қўл қовуштириб турган Хондамирга ва унинг ҳамроҳларига шундай деди:
— Судурлар садри Низомиддин Абдураҳим ҳазратлари ўзларининг бу қўйларини фақат сизларга сотмоқчилар!
Хондамир шерикларига: «Шу билан қутулсак кошки!» дегандай қилиб қаради-ю, кейин судурлар садрига таъзим қилди:
— Бажонидил олурмиз. Нархини айтсинлар.
Мулозим овозига тантанали тус бериб деди:
— Бу қўйлар — судурлар садрининг нафаси теккан табаррук қўйлардир. Сизлар темурийлар хизматида ҳаромхўрликка ўрганиб, бузилиб кетган одамсизлар. Бу қўйларни сўйиб еб ҳалқумларингни поклашларинг керак. Шунинг учун қўйлардан ҳар бирининг нархи олти юз динор!
Олти юз динорга битта эмас, етти-саккизта қўй олиш мумкин эди. Бироқ қўйларни судурлар садри айтган нархда олмаслик — унинг ғазабига учраш ва шафқатсиз жазога гирифтор бўлиш демак эди.
Пулдан қийналиброқ юрган мавлоно Фазлиддин безовталаниб сўради:
— Жаноблар, яқинда моли омон ҳам тўлаган эдик-ку?
Шоир Муҳаммад Султон истеҳзоли кулимсиради:
— Мавлоно, бу ноёб қўйларга ҳазратимизнинг муборак назарлари тушган экан. Шунинг учун энди бу моли омон эмас, балки моли имондир!
Мулла Абдураҳим истеҳзони пайқаб қаҳри келди ва навкарларига буюрди:
— Буларнинг ҳар бирига қўйлардан ўнта-ўнта қўшалоқлаб беринглар! Буларни темурийларнинг олтини қутуртирган! Ҳаммасининг димоғи жуда баланд! Буларни осмондан ерга тушириб қўйиш керак. Қўйларни уйларигача ўзлари ҳайдаб кетсин! Ҳеч ким ҳайдашмасин! Уйларигача кузатиб бориб, пулини ундириб келинглар. Қайси бири буйруқни бажармаса, молу мулкини мусодара қилиб, ўзини зиндонга ташланглар!
Навкарлар буйруқни бажаришга киришдилар.
Ҳиротда кўпчилик танийдиган шоир, олим ва меъмор иссиқ кунда ҳалпиллаб, сертупроқ,  серчанг кўчалардан қўй ҳайдаб кетдилар. Кейин бу «табаррук» қўйларнинг пулини қарз ҳавола қилиб бўлса ҳам, тўлаб қутулдилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Ш а б п ў ш — кечаси кийиб ётиладиган дўпписимон енгил бош кийими.
* Р о ф и з и й л а р — исломнинг сунний мазҳабидан шиа мазҳабига ўтганлар ва умуман, мусулмончиликдан чиққанлар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 77-қисм

77 Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди. Биродарлар, элнинг қулоғи элликта! Eл ажабланди, эл ҳадиксиради... Дув-дув гап бўлди... Биродарлар, ёмон гап, ракетадан ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 28-қисм

28 Кўпкари қизигандан-қизиди. Шу вақт, Жўра бобо от йўрттириб келди. — Зиёдулла чавандоз, бизнинг тўриқниям бир кўринг, укам, — деди. Жўра бобо шундай дея, отдан тушди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400