Юлдузли тунлар-50

3

Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, нақб солиб* бузиб кирдилар. Қалъани мудофаа қилиб турган эллик-олтмиш йигит битта қолмай қириб ташланди. Қўлга тушган қиз-жувонлар ғолиб қўшиннинг бек ва навкарларига улашилди.
Хадича бегимнинг ўзи ҳарамнинг ичма-ич эшикларини орқасидан тамбалатиб, энг тўрдаги бир хонага кирди-ю, ёнида қолган канизларга буюрди:

— Тантанали маросимларда киядиган кийимларимни келтиринг!
Убайдулла Султоннинг навкарлари ҳарамнинг ичида тамбаланган эшикларини бузиб киргунларича Хадича бегим катта гавҳар қадалган бинафшаранг тоқисини бошига кийиб, ясаниб, охирги эшикдан ўзи чиқиб келди. Олтин аралаш ипакдан тўқилган қабоси кўзни қамаштирар эди. Қаддини тик тутиб келаётган барваста аёл маликаларга хос улуғворлик билан шошилмай эшикдан чиқар экан, қилич яланғочлаган, ҳансираган навкарларни унинг салобати босди. Хадича бегим бошини мағрур тутиб яқин келганда навкарлар беихтиёр ўзларини четга олиб, унга йўл бердилар. Бегим уларнинг саркардасини сўради.
Навкарлар уни ҳовлида отлиқ турган Убайдулла Султоннинг олдига бошлаб чиқдилар. Ҳамон канизлар қуршовида келаётган бегим енгил бир таъзим билан шошилмай гап бошлади:
— Султон жаноблари, тақдир экан, биз таслим бўлдик. Энди мен Шайбонийхон ҳазратларининг ҳузурига йўллашингизни илтимос қиламен!

Убайдулла Султон бекларининг орасида турган Мансур бахши билан маъноли кўз уриштириб олди-ю, масхараомуз кулимсиради:
— Хон ҳазратлари бегимга айтадиган гапларини бизга тайинлаб юбордилар.
— Ундай бўлса қулоғимиз сизда, султон жаноблари!
Убайдулла Султоннинг беклари орасида оқ саллалик бир эшон ҳам бор эди. Убайдулла Султоннинг ишораси билан Мансур бахши ва эшон отдан тушдилар. Мансур бахши зар ёқалик тўн, қизил этик кийиб, куёвлардай ясаниб келган эди. Йигитлардан етти-саккизтаси унинг атрофини куёвнавкарлар каби ўраб олдилар. Шундан кейин Убайдулла Султон Хадича бегимга  юзланди:
— Имоми замоннинг фармони билан сиз бугун Мансурбекнинг никоҳига ўтурсиз!
— Бегимнинг ўзлари ҳам билгандай ясаниб чиқибдилар! — деб кулди мулозимлардан бири.
Хадича бегим қоп-қора йўғон Мансур бахшининг чўтир юзига қаради-ю, даҳшатга келди:
— Мен… мен хон ҳазратлари билан ўзим сўзлашамен!
— Хоннинг сиз билан сўзлашишга вақтлари йўқ!
— Ахир мен ҳам подшоҳ оиласиданмен! Бу қандай хўрлик?!
— Сиз рофизийлар оиласидансиз! Рофизийларни жазолаш — савоб!
— Султон жаноблари, сизнинг ҳам мендек кекса онангиз бордирлар. Ҳеч бўлмаса оналигимни ҳурмат қилинг!..
— Менинг онам сиз қилган разилликларни қилган эмас! Қайси она ўз неварасини ўзи ўлдиртирибди?! Сиз неварангиз Мўмин мирзонинг ўлимига сабаб бўлган хунхўрлардансиз!
Хадича бегимнинг бояги улуғвор ва мағрур қиёфаси энди бирдан аянчли тусга кирди, қадди букчайиб, қўллари осилиб қолди.
Убайдулла Султон навкарларига буюрди:
— Ичкарига олиб киринглар. Энди бунинг кўзини Мансур бахши очсин!
Хадича бегимнинг бўшашиб, гўё тўкилиб кетаётган гавдасини икки каниз икки томонидан суяб ичкарига олиб кириб кетдилар.
Никоҳ ўқилгач, Мансур бахши канизларни ҳарамдан чиқариб юборди-ю, Хадича бегим билан яккама-якка қолди.
Тун сукунатида қандайдир мислсиз қийноқлардан чинқирган бегимнинг фарёди ҳарам атрофидаги уйларга ҳам эшитилиб турарди.
Ярим кечада Мансур бахши оёқда зўрға турган Хадича бегимни олдига солиб, ҳарамдан чиқди. Иккови ойдин қалъанинг бир четига қараб кетишди.
— Олтин гул, — деб шивирлади Мансур бахши. — Олтин булбули бор. Оғзида гавҳари бор. Ана шуни топиб бермасанг, ҳозиргидан бешбаттар қиламен. Топ тезроқ!
Ҳозир жонидан бошқа нарса кўзига кўринмаётган Хадича бегим Мансур бахшини қўрғон четидаги яширин хазинага бошлаб келди. Ер остидаги бу хазинага салқин сув сақланадиган сардобанинг четидаги махфий йўлдан кирилар эди. Мансур бахши қўлида ёқмасдан олиб келаётган машъалани ер тагига тушганда ёқди.
Ер остида беш-олтита темир сандиқ қатор турибди. Хадича бегим мадорсиз қўллар билан уларга бир-бир калит солиб, очиб кўрди. Иккитасида кумуш тангалар, биттасида олтин тангалар. Биттасида қилич ва ханжарларнинг олтин дасталари. Яна бир сандиқда аёлларнинг қимматбаҳо тақинчоқлари. Мансур бахши кўзлари ёниб, бу бойликларга бир-бир қўл уриб кўрди-ю:
— Олтин гул қани? — деди. — Барглари зумрад гул қаерда?
Ер остини ағдар-тўнтар қилиб қидирсалар ҳам бу гул топилмади. Хадича бегим:
— Воҳ! — деди мусибатли товуш билан. — Энг ишонган одамларим ҳам менга хиёнат қилмишлар. Гулни ўғирлаб кетмишлар! Сўнгги нажотимни ҳам ўғирлатибмен! Оҳ!
— Сен оҳ-воҳ деб, Ҳусайн Бойқарони алдаб ўргангансен. Лекин мени алдай олмайсен. Топ гулни! Қани, қаерга яширгансен?

— Мана шу четки сандиқда эди…
— Ёлғон! Сен уни бошқа жойга яширгансен! Кўрсат ўша жойни!
Мансур бахши Хадича бегимни зинапоядан юқорига сардоба бўйига олиб чиқди.
— Мени алдай олмайсен! Кўрсат!
— Мен сизни алдаганим йўқ? Ўзим алдандим! Менинг паймонам тўлгани рост экан. Мени ўғлим алдаб кетди! Музаффар мирзони деб мен нималар қилмаган эдим! Оқибати шу бўлди! Мени бу қийноқларга ўғлим ташлаб кетди! Ўғлим!!!
— Лекин сен олтин гулни ўғлингга ҳам бермагансен! Уни ўзинг яширгансен! Хон ҳазратлари менга айтдилар. «Гавҳар донасини тишлаб турган булбули бор», дедилар. Мен бу гулни олтин булбули билан хонга пешкаш қиламен деб сўз берганмен. Топ ҳозир!
— Ўғирлатган бўлсам қандай топай?!
— Топмайсенми ҳали? Топмайсенми?! Мана топмасанг! Девдай зўр Мансур бахшининг бир зарби билан Хадича бегим суви муздай сардобага шалоплаб қулаб тушди. Мансур бахши уни сочидан тортиб чиқариб олди-ю, ҳарамга томон судраб кетди.
Бу қийноқлар уч кун давом этди, аммо олтин гул топилмади. Хадича бегимнинг жони қаттиқ экан, тирик қолди. Мансур бахшини эса келажакда бўладиган жанглардан бирида ажал кутмоқда эди…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_________________
* Н а қ б с о л и ш — таги кавланган деворни олов ва борут (порох) билан портлатиб қулатиш.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 35-қисм

Мўйинқумнинг интиҳосиз чўлида тун бўйи тўлин ой саксовулга осиб кетилган, энди совуб, қотиб қолган одам танасига кўзни қамаштирадиган ярқироқ шуълаларини тўкиб чиқди. ...

Юлдузли тунлар-56

5 Тиниқ куз осмонида оқ ипакдан ҳам нафис мезонлар учади. Самарқанд боғларида катта дона анорлар етилган, соҳиби узумлар ва нақш олмаларнинг энг ширинлари қолган пайт. ...

Тошканд устида қонлиқ булутлар

6. ТОШКАНД УСТИДА ҚОНЛИҚ БУЛУТЛАР Бу кунларда Марғилонда шундай хабар чиқиб қолди. «Тошканд ҳокими бўлған Азизбек Қўқонға қарши бош кўтарган. Хон томонидан хирож (закот, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400