Юлдузли тунлар-51

4

«Наҳотки менинг ҳам паймонам тўлган бўлса?»— деган қўрқинчли ўй Шайбонийхоннинг хаёлига Мур-ғоб дарёсининг бўйида тўсатдан Шоҳ Исмоилнинг қўшинлари қуршовига тушиб қолган пайтда келди.


Аччиқ изғирин эсиб, қор учқунлаб турган бу бад-қовоқ кунда Шайбонийхон Мурғоб бўйига Шоҳ Исмоил Сафавийни таъқиб этиб бориб қолган эди. Бундан бир неча соатгина олдин Шоҳ Исмоил бор қўшини билан Марв қўрғонидан орқага чекинган пайтда Шайбо-нийхон ўзининг яна улкан ғалабага эришишига мутлақо ишонган эди. Чунки Марв қўрғони ичида кўпдан бери куч сақлаб ўтирган Шайбонийхоннинг ўн беш минг қўшини бор эди. Хонга келган аниқ ахборотларга қараганда, Шоҳ Исмоилнинг Марв қўрғонини қамал қилиб, қиш совуғида изғиб юрган қўшини ўн икки мингдан ошмас эди. Совқотиб, орқага бетартиб чекинган лашкарга ичкарида иссиққина жойда куч тўплаб ётган лашкар ҳамла қилса — Шайбонийхоннинг ғолиб чиқиши муқаррардек туюларди.
Сўнгги йилларда Шайбонийхоннинг энг зўр истаги— Шоҳ Исмоил устидан узил-кесил ғалаба қилиш эди. Ўзини «халифаи раҳмон» деб эълон қилган Шайбонийхон мусулмон оламига ягона диний раҳбар бўлиш ниятида эди. Эрон ва Озарбойжонда шиа мазҳабини давлат дини қилиб кўтарган Шоҳ Исмоил Сафавий эса ўзини «соҳиби замон» деб эълон қилган эди. Демак, у ҳам мусулмон оламига раҳбар бўлишга интиларди. «Бир қинга икки қилич сиғмагай, мусулмон оламига ё мен раҳбар бўлишим керак ёки Шоҳ Исмоил!» Шайбонийхон шу эътиқод асосида Шоҳ Исмоил билан бултур астойдил беллашмоқчи бўлди. Ҳиротдан эллик минг қўшин билан Эроннинг Кермон ва Гургон шаҳарларигача бостириб борди. Ўшанда Шоҳ Исмоил ғарбдаги турк султони Боязид ИИ билан жанг қилиб юрган эди. Гургонда ва айниқса Кермонда шиалар ҳаракати жуда авжига чиққан, Шайбонийхон бу шаҳарлардаги шиаларнинг бошлиқларини аёвсиз қатл эттирди, уларнинг масжид ва зиёратгоҳларини буздирди, мол-мулкларини талаттирди. Бу ҳаммаси шиалар пешвоси Шоҳ Исмоилни дарғазаб қилиши ва дарҳол жангга отлантириши керак эди. Ўша пайтда ҳал қилувчи жанг бўлса, Шайбонийхон ғолиб чиқиши муқаррар, чунки Шоҳ Исмоилнинг ярим кучи турк султони билан урушда банд эди. Буни шоҳнинг ўзи ҳам сезган бўлса керак-ки, ҳамма аламини ичига ютиб, Шайбонийхонга яхши
муомала қилди, махсус элчи юбориб, уни Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг олий ҳукмдори, деб тан олди ва орадаги адоватни урушсиз бартараф қилишга истак билдирди.
Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон, жияни Убайдулла Султонлар шоҳ элчисига иложи борича яхши муомала қилишни, унга ширин гаплар айтиб, шоҳга совға-саломлар юбориб, уни Самарқанддаги Султон Али мирзо ва Тошкентдаги Маҳмудхон каби ғафлатда қолдиришни, кейин пайти келганда ўшаларга ўхшатиб йўқ қилиб юборишни истар эдилар. Лекин орада дину мазҳаб низоси аждаҳога ўхшаб оғзини очиб турарди. Шайбонийхон Хуросонда турган ўз қўшинининг шиалар таъсирида шу аждаҳонинг домига тортилиб кетишидан қўрқар, «дину имон йўлида муроса йўқ, кимки шиаларга қўл берса, диндан қайтиб, рофизий бўлғай», деган гапни кўп такрорларди. Энди агар Шайбонийхон ўғли ва жиянининг сўзига кириб, Шоҳ Исмоилни тан олса, унга яхши муомалада бўлса, шу билан беихтиёр шиа мазҳабини тан олган бўлмайдими?
Одамлар: «Хонимизнинг ўзи ҳам рофизийлик йўлига киряпти!» демайдими? Йўқ! Шайбонийхон ўзининг пок эътиқодига доғ туширишни истамайди! Унингча, ғайридиндан ҳам рофизийлик ёмон. Чунки ғайридин — ҳали мусул-мончиликдан бехабар. Рофизийлар эса аввал мусулмон  бўлган, кейин чорёрлар номига хиёнат қилиб, улардан юз ўгирган. Шайбонийхон бундай одамларга шафқатсиз муносабатда бўлиши керак. Шу фикр асосида у шоҳ элчисини беҳурмат қилиб қайтарди. Шоҳнинг мактубига эса осмондан келиб жавоб ёзди. «Сен бир шайхнинг ўғлисан, тожу тахтни сенга ким қўйибди, белингга кашкулингни боғлаб, қаландарлигингни қилсанг-чи!» деган маънода унга кашкул ва ҳасса «совға» қилиб юборди. Бу воқеадан кейин Шоҳ Исмоил турк султони билан сулҳ тузди-ю, Шайбонийхонга қарши жангга тайёрлана бошлади. Хоннинг Кермондаги шиа масжидларини буздиргани устига энди Шоҳ Исмоилнинг элчисини беҳурмат қилиб қайтаргани қўшилгач, Шайбонийхондан қасос олишни истовчиларнинг сони кўпайиб кетди.
Худди шу пайтларда Мовароуннаҳрдан ҳам ташвишли хабарлар кела бошлади — кўчманчи султонлар зулмига чидай олмаган Тошкент, Фарғона, Бухоро аҳолиси уларга қарши исён кўтарадилар. Ғалаёнлар Самарқандда ҳам, Ҳисорда ҳам бўлаётганини эшит-ган Шайбонийхон Ҳиротдаги қўшинларидан ўттиз мингини Мовароуннаҳрдаги султонларга ёрдамга юборди. Бу ғалаёнларнинг сабабини билишига юборилган махсус кишилар Туркистон, Ҳисор ва Бухоро султонларининг ўзбошимчалик йўлига ўтганларини аниқлаб келдилар. Шайбонийхон уч йилдан бери Ҳиротда яшамоқда эди. Унинг узоқдалигидан фойдаланган султонлар ўзларини хон, кўланкалари майдон билиб иш олиб бормоқда эдилар. Хуфиялар уларнинг иғво гапларини ҳам Шайбонийхонга етказиб турар эдилар. Хусусан, Убайдулла Султон, Кўчкинчихон ва Ҳамза Султонлар Шайбонийхоннинг Шоҳ Исмоил билан қалтис сиёсат олиб бораётганидан норози эдилар: «Жангни биз қиламиз, ғалабани биз келтирамиз, хонимиз фақат ёш қизчаларни никоҳига олиб, лаззатланишни билади, ҳеч қайсимизнинг маслаҳатимизни олмайди, шундай бўлгач, биз ҳам бу ерда истаганимизча даврон сурайлик-да». Султонларнинг бу гаплари Шайбонийхоннинг ғазабини авжига чиқарди. У ички низоларни бир зарба билан бартараф қилмоқчи бўлди-ю, Убайдулла Султонни Бухоро ҳокимлигидан, Кўчкинчихонни Туркистон ҳокимлигидан, Ҳамза Султонни Ҳисор ҳокимлигидан олиб ташлади ва уларнинг ўринларига бошқа итоаткор одамларни қўйди. Албатта, бу кескин тадбир хон қўшини орасида катта обрўга эга бўлган Убайдулла Султон ва Ҳамза Султонларнинг тарафдорларини қаттиқ норози қилди.
Мовароуннаҳрдаги ғалаёнлар ва хон саройидаги ички низолардан хабар топган Шоҳ Исмоил бу қулай фурсатдан фойдаланиб қолишга интилди. Одатда, катта ҳарбий юришлар баҳор ва ёз ойларида бошланар, Шайбонийхон ҳам шоҳнинг ҳужумини «бўлса, қиш ўтгандан кейин бўлар», деб ўйлар эди. Унгача Мовароуннаҳрга жўнатилган ўттиз минг қўшин Ҳиротга қайтиб улгуриши мумкин эди. Лекин Шоҳ Исмоил хон кутмаган кеч куз пайтида Ҳирот устига қўшин тортиб келаётгани маълум бўлди. Хуросонда Шайбонийхондан норози одамлар жуда кўп, Шоҳ Исмоил яқинлашса, улар бош кўтариши муқаррар. Хоннинг асосий кучлари эса Амударёдан нарида.

Шайбонийхон шошилинч равишда Мурғоб бўйига — Марв қўрғонига чекинишга мажбур бўлди.
Хоннинг бундай сесканиб чекинишини кўпдан бери кўрмаган аъёнлари қаттиқ саросимага туша бошладилар. Шунда хон уларнинг ўпкасини босадиган битта важ кўрсатди:
«Ўша ғаддор рофизийлар юртидан узоқроқ кетганимиз маъқул. Шоҳ бизга эргашиб Мовароуннаҳрга яқинроқ борсин. Ўзимизнинг пок мазҳабли суннийлар юртидан мадад олурмиз.
Унгача ўттиз минг лашкар етиб келгай. Биз шоҳга Марвда қопқон қўйиб, тумшуғидан илинтиргаймиз!»
Хоннинг бу режасини барча мулозимлари ва аъёнлари дарҳол: «Доно тадбир!» деб мақтадилар. Бироқ улар Марв қалъасида бекиниб ўтирган пайтларида Шоҳ Исмоил қўрғонни қамал қилиб, Шайбонийхон номига кинояли мактублар йўллади. «Хон юборган ҳассага суяниб, кашкулни белимизга боғлаб келдик, қани энди хонда юрак бўлса қўрғондан чиқсин, шайхнинг ўғли билан беллашсин!» деган заҳарханда гаплар Шайбонийхоннинг иззат-нафсига қанчалик қаттиқ тегмасин, у тишини тишига қўйиб, ҳафталар давомида қўрғонда ўтирди. У тажрибали лашкарбоши сифатида шуни яхши билар эдики, йигирма тўрт ёшли Шоҳ Исмоил қанчалик уринмасин, эртами-кечми қиш совуқлари ва изғиринлари уни илиқ жой излашга мажбур қилади. Очиқ ҳавода дийдираб юрган аскарлар қўли қовушга келмай қунишиб чекинишга тушса, ана ўшанда Шайбонийхон иссиқ қўрғонда куч тўплаб ётган ўз аскарларини бошлаб чиқади. Унгача албатта Мовароуннаҳрдаги лашкар ҳам келиб қолади. Икки томондан берилган зарба Шоҳ Исмоилни тамом қилиши аниқ. Ана ундан кейин Эрон ҳам Шайбонийхонники бўлади, нарёғи Бағдодга ва Маккаю Мадинага йўл очилади… Шайбонийхон чиндан ҳам бутун мусулмон оламига халифаи раҳмон ва Искандари соний бўлади!..
Хоннинг бу ширин ўйларини фақат бир нарса тахир қилмоқда эди. Чопар кетидан чопар бориб, Мовароуннаҳрдаги қўшинни тезроқ Марвга етиб келишга ундаётган бўлса ҳам ўттиз минг лашкар ҳамон Амударёдан нарида имиллаб юрар эди. Хон бу имиллашнинг сабабини биларди.
Қўшинда ҳали ҳам Убайдулла Султон ва Ҳамза Султонларнинг таъсири зўр. Улар ҳокимликдан туширилганликлари учун хондан жуда хафа. «Мана энди онҳазратимиз бизсиз жанг қилиб кўрсинлар!» дегандек аразлаб юришибди.
«Лекин мен бўлмасам ҳамманг кучукбаччадай хор бўлиб ўласан-ку!» — ичида султонларини сўкарди Шайбонийхон.
— Ҳозир бутун давлатимиз, бутун сулоламиз хавф остида-я, наҳотки шуни фаҳмламасанглар?
Ҳаёт-мамотинг ҳал бўладиган пайтда, ё шоҳ мени йўқ қиладиган, ёки мен шоҳни нест-нобуд қиладиган аснода шундай аразлаб юришларинг итлик эмасми? Сен итлар ҳали кўрасенлар, шу қамалдан эсон-омон қутулсак, ҳаммангни тавбангга таянтиргаймен!»
Ниҳоят, изғиринли совуқ кунларнинг бирида, Шоҳ Исмоил хонга яна бир мактуб йўллаб, унинг қўрғондан чиқмаганини қўрқоқлик деб атади, баҳорда яна қайтиб келажагини билдирди, сўнг Марвнинг ғарби жанубидаги Маҳмуди деган қишлоқ томонга чекина бошлади.
Шайбонийхон ўн беш минг қўшинни дарҳол отлантирди. Уч юзтача навкарни қалъада қўриқчилик қилиш учун қолдирди-ю, қолганларини қўрғон дарвозаларидан ташқарига бошлаб чиқди. Узоқда шоҳ аскарлари чодир ва ўтовларини араваларга ортиб, бетартиб чекиниб бормоқда.
Шайбонийхон баланд бир жойга чиқиб, Амударё томонга узоқ тикилиб қаради. Қани энди ўша ўттиз минг қўшини ҳозир етиб келса! Лекин ўша ёқдан отини елдириб келган чопар қўшиннинг ҳали ҳам Амударёдан нарида юрганини айтди.
Шоҳ Исмоил аскарлари ҳамон чекиниб бормоқда. Наҳотки Шайбонийхон шундай қулай фурсатни бой бериши керак? Одамлар: «Хон қўрқоқлик қилган, бўлмаса унинг қўшини шоҳникидан кўп, дадил ҳамла қилса енгар эди», дейишмайдими? Нариги султонлар эса: «Ана, бизсиз хон ҳеч вақт жанг қилолмайди!» дейиши ҳам турган гап. Эҳ, агар шу гал хон ғалабани нариги Убайдулла Султон ва Темур Султонларсиз қўлга киритса эди, қолган бутун умри шон-шуҳрат ичида ўтмасмиди?

Хон иккиланиб турганини кўрган мулла Абдураҳим изғиринда лаблари кўкариб, илтимос қилди:
— Ҳазратим, биз сизнинг улуғ жонингизни хавф-хатардан узоқроқ тутмоғимиз даркор.
Мовароуннаҳрдан келадиган қўшинни кутайлик.
Хон қаҳр билан сўради:
— Қани ўша қўшин! Қани?!
— Қиш изғиринида дарёдан ўтмоқ мушкул. Бироқ Убайдулла Султон билан Темур Султонлар ҳадемай келиб қолурлар.
— Шоҳ Исмоил Табризига етганда келурми? Агар бу ит султонлар истаса аллақачон етиб келмасмиди? Бу султонларинг жўрттага мени ёлғиз ташлаб қўйди! «Ҳамма ғалабани биз қўлга киритамиз!» деб мақтанар эмишлар, аблаҳлар! Мен бўлмасам ғалабани тушларида ҳам кўришмас эди!
— Ҳақ гапни айтдингиз, ҳазратим!
— Мен мана бу шунқорларим билан эришганмен бутун ғалабаларга! — Шайбонийхон шундай деди-ю, жангга шай бўлиб турган ўн тўрт мингдан ортиқ қўшиннинг сафлари орасига от чоптириб кирди: — Шунқорларим, ёғийнинг сафи бузилиб чекинганини кўрдиларинг. Улар сон жиҳатдан ҳам биздан оз! Ўзлари совуқда дийдираб ҳолдан кетган. Мен ишонамен, оллоҳу таоло бизга яна бир улкан ғалабани инъом этгусидир! Муҳаммад алайҳиссаломнинг арвоҳлари пок сунний мазҳабидагиларни қўллаб-қувватлагусидир! Чорёри босафолар мададкорингиз бўлсин, шунқорларим. Душман ўз сафларини қайта тузиб улгурмасдан етиб боринглар! Худо омадларингни берсин! Омин оллоҳу акбар!
Минглаб овозларнинг:
— Оллоҳу акбар!
— Оллоҳу акбар! — деган ҳайқириғи барча сафлар бўйлаб таралди.
Кўпакбий ва Қамбарбийлар олдинда, Шайбонийхон қўшиннинг ўртароғида қизилбошлар кетидан от чоптириб кетдилар.
Илгари хонга аниқ ахборотлар бериб турадиган махсус одамлар бу гал Шоҳ Исмоилнинг ёлғондакам чекинаётганини ва ҳарбий найранг ишлатмоқчи эканини билмай қолган эдилар.
Шоҳ Исмоил Марвни қамал қилиш учун аскарларнинг озроқ бир қисмини бошлаб борган эди.
Унинг яна йигирма минг кишилик сараланган аскарлари Марвдан йигирма чақиримча наридаги қумтепалар ортига пистирма қилиб қўйилган эди.
Бундай ҳарбий найрангни Шайбонийхоннинг ўзи ўн икки йил муқаддам Бухоронинг Қоракўл шаҳрида қўзғолон кўтарган исёнчиларга қарши ишлатган эди. У ҳам қўшиннинг асосий қисмини Қоракўлнинг шарқидаги пана жойларга бекитиб қўйиб, озгина аскари билан ҳужумга борган, қалъа ичидаги исёнчилар ёвнинг озлигидан дадилланиб ташқарига чиққан эдилар. Шунда хоннинг қўшини жўрттага тумтарақай бўлиб қочган, исёнчилар эса уларни «Енгдик» деб кетларидан қувган эди. Бироқ қалъадан беш-олти чақирим узоқлашганларидан кейин пистирмадаги хон аскарлари ёпирилиб чиққан ва исёнчиларни қириб ташлаган эди. Кейин Шайбонийхон қалъа ичида қолганларни ҳам қатлиом қилиб, Қоракўлнинг отбозорида одам калласидан улкан минора ясатган эди.
Ҳозир ўз кучига ортиқ даражада ишонадиган Шайбонийхон бу ҳийлани бошқа лашкарбошилар унга нисбатан ҳам ишлатишлари мумкинлигини хаёлига келтирмас эди. Шоҳ Исмоилнинг Марвга кўриниш берган ўн минг чоғлик қўшини Маҳмуди деган жойда Мурғоб дарёси устига қурилган кўприкдан шоша-пиша ўтиб кетди. Шоҳ Исмоил гўё бу кўприкни ҳимоя қилиб туриш учун уч юзтача аскар қолдирган эди. Шайбонийхон кўприкка яқинлашгач, бу уч юз қизилбош хўжакўрсинга тирақайлаб қочди. Дарёдан фақат шу кўприк орқали ўтиш мумкин эди — ҳар икки қирғоқ ҳам баланд жар, кечув йўқ, бунинг устига, қишки дарёнинг суви жуда совуқ, тўнғиб қолиш ҳеч гап эмас эди. Шайбонийхоннинг бутун қўшини кўприкдан ўтиб бўлгунча Шоҳ Исмоилнинг пистирмада ётган кучлари ўзини сездирмади. Шайбонийхон узоқда «қочиб кетаётган» Шоҳ Исмоил қўшинининг изидан тушиб, кўприкдан анча узоқлашгандан кейин пистирмада ётган кучлар бирдан майдонга чиқди. Ўқлаб қўйилган замбараклар хон устига тўсатдан ўқ ёғдирди. Тўрт тарафни қизилбошлар тутиб кетди.
Шайбонийхон ўзининг Қоракўлда ишлатган ҳарбий ҳийласини энди эслади-ю, орқада қолган кўприкка қараб чекинди. Аммо ёғоч кўприк аллақачон бузиб ташланган эди. Чекиниб борган қўшиннинг бир қисми жардан дарёга қулаб тушди. Дарёнинг ўзанини отлар ва одамларнинг ўлиги тутиб кетди. Хоннинг ўзи сараланган хос навкарлари билан моллар қишлайдиган атрофи ёпиқ бир қўрага кирди. Қўрани қизилбошларнинг олов ҳалқаси ўраб олди. Хоннинг хоснавкарлари қизилбошлар қуршовида ўлган-қолганларига қарамай жанг қилдилар. Қўра дарвозасининг олдилари, пахса деворларнинг таглари ҳар икки томондан қирилганларнинг жасадига тўлиб кетди. Хон ҳимояда қаттиқ турганини кўрган Шоҳ Исмоил замбаракларни қўранинг атрофига ўрнаттириб, девор оша ўқ оттира бошлади.
Замбарак гумбурлашидан ҳурккан, ярадор бўлиб қутурган отлар бир-бирларини уриб, йиқитиб ўзларини у ёқдан-бу ёққа ташлай бошладилар. Қўра ичида даҳшатли тиқилинч, урсур бошланди. Шайбонийхон қўлида қиличи билан одамларига ҳайқириб, тўполонни босмоқчи бўлаётганда тўпнинг тош ўқларидан бири хон минган отнинг бошига келиб тегди. От гандираклаб бир ёнига йиқилди-ю, эгасини ҳам ерга отиб урди. Шайбонийхон оёғини узангидан чиқаришга улгурмади— бир оёғи отининг тагида қолди. Шу заҳоти яна бир от суриниб йиқилди-да ўмрови билан хоннинг кўкрагидан босиб тушди. Шайбонийхон қовурғалари синиб, вужуди эзилиб, нафас ололмай қолди-ю, ҳушидан кетди.
Жанг тугагандан кейин хонни танийдиган қизилбош беклардан бири унинг жасадини қалашиб ётган от ва одам ўликлари орасидан аранг қидириб топди. Абдураҳим Туркистоний, Мансур бахши кўтарувчи ва бошқа жуда кўп мулозимлар, навкарлар ҳам хоннинг нари-берисида ўлиб ётар эдилар.
Ғолиблар Шайбонийхоннинг бошини кесиб, найзага санчдилару Шоҳ Исмоил миниб турган отнинг оёғи тагига элтиб ташладилар. Кейин қизилбошлар Шайбонийхон қирган шиалар қасдига унинг кесик бошидан терисини шилиб олиб ичига сомон тиқдилар. Ғарбда шиаларни қувғин қилаётган ва Шоҳ Исмоилга алам ўтказган суннийпарастлардан яна бири — турк султони Боязид ИИ эди. Шоҳ Исмоил Шайбонийхоннинг сомон тиқилган бошини турк султонига: «Мен билан қасдлашган суннийлар қай аҳволга тушишини кўриб қўй!» деган маънода «совға» қилиб юбортирди.
Сунний — шиа душманлиги шу даражага етган эдики, қизилбошлар бунга ҳам қаноат қилмай, Шайбонийхоннинг бош суягига олтин қоплатиб, ундан май ичадиган коса ясайдилар*.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_________________
* Ақл бовар қилиши қийин бўлган бу тафсилотлар Шоҳ Исмоилнинг душманлари томонидан ёзиб қолдирилса муболаға деб ўйлаш мумкин эди. Лекин бу тафсилотлар Шоҳ Исмоилнинг хайрихоҳлари ёзган «Тарихи олам оройи Аббосий»да ва Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияри»да ҳам келтирилган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-64

2 Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг ...

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...

Зимнан адоват

8. ЗИМНАН АДОВАТ Шундан кейин Ўзбек ойим олдинға тушиб, қудаси билан Кумушни уйга бошлади. Уларнинг кетидан бошқа меҳмонлар юрдилар. Ўзбек ойим йўл устидан Ойбо-доққа: — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400