Юлдузли тунлар-52

ҚУНДУЗ. САМАРҚАНД
ИККИ ҚИЛИЧ ОРАСИДА

1

Заррин попуклар билан безатилган оқ туянинг устида маликалар ўтирадиган бахмал соябонли кажавада Хонзода бегим тўққиз яшар ўғилчаси Хуррамшоҳ билан Балхдан тоғ ошиб, сув кечиб Қундузга бормоқда эди. Бегимни беш-олтита канизлари, хизматкорлари ва юзга яқин шоҳ навкарлари кузатиб келмоқда эдилар.
Шайбонийхондан шунчалик шафқатсиз ўч олган Шоҳ Исмоил хоннинг Марвда асир тушган хотинларидан бири — Бобур мирзонинг эгачиси эканлигини эшитиб, унга алоҳида илтифот кўрсатгани тасодифий эмас эди.

Марвдаги воқеаларни Қундузда туриб эшитган Бобур Шоҳ Исмоилга махсус мактуб йўллаб, уни Шайбонийхон устидан эришган катта ғалабаси билан табриклаган, сўнг хон ҳарамидаги эгачиси Хонзода бегимни бешикаст Қундузга жўнатиб юборишни илтимос қилган эди.
Бобурни Шайбонийхон билан дадил олишганлиги учун ҳурмат қиладиган Исмоил Сафавий энди уни ўзига иттифоқдош қилгиси келди-ю, Хонзода бегимга қўшиб, энг ишонган кишиларидан бири — Муҳаммаджон эшик оғасини Бобур ҳузурига элчи қилиб жўнатди.
Хонзода бегим шоҳнинг яширин ниятларини билмаса ҳам яна аллақандай хатарлар уни ёш ўғилчаси билан бирга ўз гирдобига тортмоқчи эканини элас-елас сезар ва номаълум бир таҳликадан юраги дам-бадам увушар эди.
Шоҳнинг элчиси ва навкарлари бутун йўл давомида Хонзода бегимни ҳам, унинг ўғли ва канизларини ҳам ўз одамлари каби астойдил авайлаб ва қўриқлаб келмоқда эдилар. Уларнинг аёллар билан муомаладаги одобларини, олижаноб эҳтиромларини бегим кўп марта сезди. Шоҳ Исмоилдан бошқа подшоҳ бўлса, Шайбонийхондай ашаддий душманнинг норасида ўғлини йўқ қилиб юбориши, хоннинг хотинини ўз ҳарамининг асирасига ай-лантириши ёки бирорта бекига никоҳлаб бериши мумкин эди. Шоҳ Исмоил шундай қилмагани, аксинча, Хонзода бегимни маликалардай иззат-икром қилиб, ёнига мўътабар элчилару ўнлаб навкарларини қўшиб, Бобурнинг ҳузурига юборгани, бу жабрдийда жувоннинг қалбида умрбод унутилмайдиган бир миннатдорчилик туйғуси уйғотган эди.
Хонзода бегимни бутун йўл бўйи сергаклантириб бораётган номаълум хавф гўё баҳайбат тоғлар ва ўрмонларда яшириниб турганга ўхшарди. Қиш энди чиққан, тоғларда ҳали қор кўп.
Баланд довонлардан, тор-тангилардан ўтаётганларида Хонзода бегимнинг назарида, тоғдан кўчки тушиб, ҳаммаларини босиб қоладигандай бўларди. Момақалдироқли ёмғирлар ёққанда дараларнинг селлари бегимнинг ёнидаги ўғилчасини оқизиб кетадигандай ваҳмини келтирарди. Бир кеча Амударёнинг чап қирғоғидаги ўрмоннинг четида— Сурбайтал деган жойда тунадилар. Хонзода бегим ўрмонда кийик овлаб юрган йўлбарсларнинг ҳайбатли бўкиришларини эшитиб, туни билан ухлай олмай чиқди.
Илгари Шайбонийхоннинг укаси — жуда кўп хатарли жангларда ўлмаган Маҳмуд Султон мана шу Қундузга келганда аллақандай ёмон безгакка учраб, бир неча кун ичида ўлиб қолган, кейин уни Қаршига элтиб кўмишган эди.
Қундузга яқинлашганларида Ғўри дарёси Қундуз дарёси билан қўшилиб, Амударёга қараб кетган сер-қамиш ботқоқлик жойда нафас олиш оғирлашиб, бирдан ҳавонинг рутубати кучайиб кетди. Хонзода бегим энди ўша ёмон безгакни эслаб, ўғилчасига яна хавотир-ланиб қараб қўйди.
У илгари «ўлгинг келса Қундузга бор» деган аф-ғонча мақол эшитган ва буни ҳазил гап деб  кулган эди. Энди бу мақол унга чиндек туюла бошлади. У ўзидан ҳам кўра мурғак боласидан — хон ҳарамида ўн йил асоратда яшаб орттирган мана шу ягона жигарпорасидан хавотирланарди. «Борди-ю, Бобур мирзо Қундузда бўлмасалар, тоғ ошиб Андижонга ўтган бўлсалар ёки Кобулга қайтган бўлсалар, унда не қилурмиз?» дерди Хонзода бегим ўзича. Шу ўй таъсирида Помир ва Ҳиндикуш тоғлари билан қуршалган, Амударё ва унинг асов ирмоқлари бўйига жойлашган Қундуз воҳаси Хонзода бегимнинг кўзига жуда бадваҳима кўринарди.
Кечки пайт йўл дарёдан узоқлашиб баландликка кўтарилиб бораётганда қаршиларидан бир тўп қуролли кишилар чиқиб, уларни тўхтатишди. Сўраб-суриштиришлардан сўнг булар — Бобур томонидан йўлларга қўйилган қоровуллар экани маълум бўлди-ю, Хонзода бегим бирдан енгил тортди. Қоровулларнинг бошлиғи меҳмонларнинг олдига тушиб, уларни Қундузнинг баланд бир жойидаги қалъага бошлаб борар экан, энди атроф Хонзода бегим-га алланечук бошқача кўриниб кетди. Мовий тоғлардан эсаётган шабада юзини ёқимли силаб ўтди. Амударё бўйидаги ўрмонлар узоқдан нечоғлик хушманзара кўринишини у энди пайқади.
Қундузнинг илгариги хонлари баҳаво бир жойга қурдирган мустаҳкам қалъа ва унинг ичидаги қаср ҳам Хонзода бегимга узоқдан хийла файзли кўринди. Бу қаср ичида ҳозир у ўзининг суюкли иниси билан учрашишини ўйлаганда шодлиги кўксига сиғмай энтикди.
Уларни кутиб олган мулозимлар Хонзода бегимни ўғли ва канизлари билан бирга меҳмонхонанинг яхши безатилган алоҳида бир хонасига киритиб қўйдилару Бобурга хабар бериш учун қўрғоннинг тўрига қараб кетдилар.
Анчадан кейин Хонзода бегим ўтирган хонанинг эшигидан чиройли соқол-мўйлов қўйган ўттиз ёшлардаги йигит шошилиб кириб келди. Бегим уни Бобурнинг мулозимларидан деб ўйлади, секин ўрнидан туриб, саломига алик олди. Йигит унга томон юриб келар экан, овози титраб:
— Бегим, қадамингиз қутлуғ бўлсин! — деди.
Бу — Бобур эди. Лекин Хонзода бегим укасини соқол-мўйлов қўймаган ўн тўққиз ёшли силлиққина йигит қиёфасида эслаб қолган эди. Ҳозир унинг қаршисида турган кенг елкали, соқол-мўйлови текис тарашланган йигитнинг кийимлари ҳам шоҳона эмас эди: бошида безаксиз оддий симоби салла, эгнида зира беқасам тўн. Бегим яна уни Бобурнинг бекларидан бири деб ўйлади-ю, ҳаяжонланиб айтган сўзларига босиқ жавоб қилди:
— Қуллуқ!
Девони хосда ёзув-чизув ишларини қилиб ўтирган Бобур опасининг хабарини эшитиб хонаки кийимда чопиб келган эди. Хонзода бегим эса ҳали ҳам подшоҳ укасининг киришини кутиб, эшикка олазарак бўлиб қарар эди. Бобур опасига ағрайиб қараб қолди. Эшикдан Муҳаммад Кўкалдош деган мулозим кирганда бегим ундан:
— Амирзодам қанилар? — деб сўради.
Муҳаммад Кўкалдош ҳайрон бўлиб Бобурга қаради. Бобур гап нимадалигини энди тушунди-ю, томоғига бир нарса тиқилиб, овози бўғилди:
— Мени танимадингизми?
— Сиз… Сиз…
— Мен Бобурмен!
— Наҳот?!
— Мен сизнинг инингизмен! Гуноҳкор инингиз Бобур!
Хонзода бегим Бобурнинг кўзларини, бобурона овозни энди таниди-ю, ўзини инисининг бағрига отди. Қўлларини юзи билан бирга Бобурнинг кўкрагига босди. Бобур опасининг елкаларидан қучди, унинг соғинч ва қувонч билан айтган сўзларини қулоғи билан эмас, гўё кўкси билан эшитди:
— Бобуржон! Сиз… Сиз ўшанда мендан ранжигансиз!.. Биламен… Бошингизга таъна тошлари ёғилган… Мен… айтолмаган эдим. Ўзим учун эмас, сиз учун…
— Мен ҳам буни кейин билдим. Сиз мени қутқариш учун ўзингизни хонга тутиб бермишсиз. Мен сиздан умрбод қарздормен!
— Ўшал қарзингизни мана энди уздингиз, Бобуржон. Бу дафъа мени сиз қутқардингиз! Агар Шоҳ Исмоилга ёзган номангиз бормаса, мени ҳам, хон ҳарами билан асир тушган аёллар қатори, бирон бек ёки мулозимга тутқун қилиб берур эдилар. Шоҳ Исмоил сиз туфайли мени шунчалар иззат-икром билан озод қилиб, кузатиб қўйди. Сиздек иним борлиги учун худога минг шукрлар қилдим!
Хонзода бегим юзини Бобурнинг кўксидан олди-ю:
— Ҳазрат онамлар қайдалар? — деди. — Бултур бир шумхабар эшитдим, ростми?
— Беш йил бурун… Хасба*дан жон бердилар. Кобулнинг Боғи Наврўзийсиға қўйдик.
— Э воҳ, элликка ҳам тўлмай кетибдилар-а!..
— Менга ҳам шуниси беҳад алам қилди! Саксонга, тўқсонга кирганлар озми?
— Онамни ғаму ғурбат адо қилган, амирзодам! Бизни деб озмунча кулфат чекдиларми!
Муҳаммад Кўкалдош гапни бошқа ёққа бурди:
— Тақдирга чора йўқ, бегим. Мана бугун сиз подшоҳ ҳазратлари билан яна топишганингиздан ҳазрат онангизнинг арвоҳлари шод бўлур! Қани, ўтирсинлар. Фотиҳа ўқийлик.
Зарбоф кўрпачалар устига ўтиб ўтирдилар. Бу орада ташқаридан бегимни кўриш учун кирган Қосимбек қавчин Қутлуғ Нигор хонимнинг руҳига бағишлаб тиловат қилди.
Кейин Хонзода бегим канизлари орасида ҳаммани жимгина кузатиб ўтирган ўғилчаси Хуррамшоҳни имлаб чақирди.
Боланинг оқ-сарғиш юзи, кўзининг кўкимтирлиги, қисқа бўйни ва сийрак қошлари худди Шайбонийхонникига ўхшар эди. Бобур Шайбонийхонни кўрмаган бўлса ҳам Хонзода бегим ўғлини унга таништираётганда боланинг қиёфасида хон отасидан мерос қолган аломатларни аниқ кўргандай бўлди.
Хуррамшоҳ етти ёшга кирар-кирмас отаси уни Балх вилоятига ҳоким қилиб қўйган эди.
Ҳокимликни болага атка қилиб белгиланган Мадҳи Султон қилса ҳам Хуррамшоҳ ўз қаршисида катта-катта одамларнинг бош эгиб таъзим қилишларига анчагина ўрганган эди. Хонзода бегим ўғлига Бобурни кўрсатиб:
— Тоғойингиз мана шу кишилар! — деганда Хуррамшоҳ Бобурнинг хаёлидан ўтган нарсани сезиб ётсирадими ёки унинг кийимлари жўнлигини кўриб, назарига илмадими, истар-истамас бош ирғаб салом берди. Аммо тоғасига яқин бормади. Шунда Хонзода бегим уни елкасидан секин итариб қулоғига шивирлади:
— Эсингизни йиғинг, подшоҳ Бобур мирзо ҳузуридасиз! Шоҳ Исмоил шу ҳазрат туфайли сизни озод қилди!
«Подшоҳ» ва «ҳазрат» деган сўзлардан боланинг кўзлари гўё чарақлаб очилиб кетди. Шу пайт Бобур жиянининг кўзлари ойисиникидай йирик-йирик эканини сезди.
Тождорлар билан муомала қилишнинг машқини яхши олган бола энди тиззачасини гиламга тираб, Бобур қаршисида юкунди, сўнг икки қўлини кўксига қўйиб, эгилиб таъзим қилар экан, чучук тил билан:
— Ҳазратим, мен сизга… сизга хизматқа келдим!— деди.
Бобур унинг бурни ҳам Хонзода бегимники каби қиррали эканини энди кўрди ва бу болага нисбатан қалбида тутун аралашган оловдай мураккаб бир илиқлик сезди.
— Хизматга келган бўлсангиз хуш кўрдик, шаҳзода, — деди-ю, болани қўлидан олиб, ўнг ёнига ўтқазди.
Шу пайт ташқаридан эллик ёшлардаги семиз ҳарам бекаси таъзим қилиб кирди:
— Подшоҳ ҳазратлари, Моҳим бегим олинасаб эгачингиз ҳузурига келишга ижозат сўрадилар!
Бобур Хонзода бегимга қараб сирли бир тарзда жилмайди. Сўнг бекасига буюрди:
— Айтинг, келсинлар! Мирзо Ҳумоюнни ҳам ола келсинлар.
Бобурнинг ёш хотини Моҳим бегим кекса Қосимбек ўтирган хонага киришдан ийманиб келолмаётганини ҳамма сезди. Қосимбек ва Муҳаммад Кўкалдош Бобурдан рухсат олиб, секин эшикдан чиқдилар.
Меҳмонхона олдида одам кўп. Марғилонлик Хўжа Калонбек, унинг укаси Кичик Хўжа, қувалик Тоҳир кўрчи, тошкентлик Саидхон, самарқандлик Мажид барлос, Юсуф Андижоний деган бир навкар — ҳаммалари ватанларининг дарагини олиб келган Хонзода бегимни кўрмоқчи бўлишар, аммо ичкарига киришдан истиҳола қилиб туришар эди. Қосимбек уларга:
— Аввал ҳарам аҳли билан кўришсинлар, кейин сизларга ҳам рухсат сўрармиз, — деб уларни тарқатиб юборди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


* Х а с б а — ичтерлама, тиф.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 20-қисм

Ниҳоят, кутилган вақт етди. Юк поездини тўхтатиш олдидан чопарлар икки-уч киши бўлиб, темир йўл бўйлаб буталар ва баланд ўсган қуюқ ўтлар орасига яширинишди. Ҳуштак чалиб ...

Шавкат раҳмон-нигор

Катталарга қарардинг сирли, катталарга тутдинг гулингни, катта бўлдим мен бола шўрлик, кечалари пойлаб йўлингни. Энди сени кутмасман ортиқ, деразангга боқмасман маҳтал. ...

Мeҳробдан чаён-анварнинг андишаси

Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди. Ҳар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400