Юлдузли тунлар-53

2

Шафтоли гулли ипак қабоси ингичка белига, назокатли қадди-қоматига жуда ярашган бир жувон шаҳзодаларча ясантирилган уч яшар болани қўлидан етаклаб, эшикдан оҳиста кириб келди. Болачанинг юз-кўзи Бобурга ўхшашини Хонзода бегим бир қарашдаёқ сезди-ю, тез ўрнидан турди. Моҳим бегим келинлик назокати билан эгилиб таъзим қилди. Хонзода бегим унга пешвоз чиқиб, аввал елкасига қўлларини қўйиб кўришди. Сўнг жувоннинг юзидаги нафис оқ пардани секин кўтариб қаради-да, унинг ажиб бир латофатини юракдан ҳис қилиб завқи келди. Келинини пешонасидан, кўзларидан қувониб ўпди, сўнг шодликдан балқиган юзини Бобурга ўгирди.


— Муборак бўлсин! Бир-бирларингизга бениҳоя муносибсизлар! Бахтли бўлинглар!
Кичкина Ҳумоюн бир қўлчаси билан онасининг этагидан тутиб пастдан юқорига мароқ билан қараб турарди. Хонзода бегим уни қўлига кўтариб олди. Бола аммасини биринчи марта кўраётган бўлса ҳам, бу истараси иссиқ аёлни кўпдан бери биладигандек бегонаси-рамас эди.
Хонзода бегим боланинг лўппи юзига юзини қўйиб эркалатганда Ҳумоюн буни ёқтириб кулимсиради.
Хонзода бегим уни ўзининг ўғилчаси олдига кўтариб олиб борди-да, ерга қўйди:
— Қани, кичкина тоғача «катта» жиянча билан танишсинлар-чи!
Уч яшар бобурийзода билан тўққиз яшар шайбонийзода аввал бир-бирларига жим тикилиб турдилар. Кейин Ҳумоюн Хуррамшоҳнинг белидаги кичкина безакдор ханжарчасига қизиқиб қўл чўзди. Хуррамшоҳ унинг қўлини олиб кўришди-ю, аммо ханжарини бергиси келмай орқага чекинди. Буни кўрган катталар кулиб юбордилар.
Хонзода бегимнинг бошидан кечган барча даҳшатлар, Қундуз йўлида унинг юрагини титратган номаълум хавфу хатарлар шу бир қувноқ кулги билан гўё узоқ ўтмишга айланди. Хонзода бегим ийманиб табассум қилаётган келинини бир ёнига ўтқазди. Иккинчи ёнида хушчақчақ кулимсираб болаларга қараётган Бобурни кўрди. Яқингинада ўзлари ҳам мана шу тоғача-жиян каби ёш бола бўлган пайтлари эсига тушди. Оғир айрилиқ йилларида опа-ука икковлари ҳам фарзандлик бўлганлари, душман хонадонларидан чиққан бу болалар энди гўдакларча бир маъсумлик билан танишаётганлари қаҳратон қиш кетидан келган баҳордек беҳад ёқимли эди.
Хонзода бегим келинига яна бир қараб олди-да, кейин Бобурга шўх назар ташлади:
— Толе сизга энди кулиб боқибди, амирзодам! Ўзингизга бунчалик муносиб маликани қандай учратдингиз! Моҳим бегим, қаерликсиз?
— Хуросонлик, ҳазрат бегим.
Моҳим бегим Бобурга: «Боғкўча деворидан гул ташлаганимни айтиб мени уялтириб қўйманг яна!» дегандек илтимоскорона қараб олди. Бобур унинг бу қарашидаги маънони сезиб, завқли жилмайди. Сўнг Моҳим бегимнинг Ҳусайн Бойқарога қариндошлиги борлигини, оталари бундан тўрт йил бурун Бадиуззамон мирзо билан чиқишолмай Ғазнага келиб қолишганини опасига айтиб берди. Бобур Моҳимнинг ота ва оғаларини Ғазнадан Кобулга таклиф қилган, кейин бу ерда Моҳим билан яна кўришиб унга уйланган эди.
— Ҳирот билан Мурғоб оралиғида Ҳазрати Жом деган шаҳар бор, кўрганмисиз? — сўради Бобур опасидан.
— Кўрганмен! Улуғ шоир Аҳмад Жомийнинг номларига қўйилган.
— Бегимнинг она авлодлари ана ўшал Ҳазрат Жомийга хеш эканлар. Устод Абдураҳмон Жомийга ҳамшаҳар эканлар.
Бобур ҳазиломуз кулиб қўшиб қўйди:
— Бегимнинг ўзлари ҳам шундай шоирпарвару шеършуносларки, Жомий билан Навоийнинг барча ғазалларини ёд билурлар. Аммо биз шеър ёзсак, мунаққидлик* қилиб, нуқсини кўрсатурлар.
Моҳим эрининг ҳазилига ҳазил билан жавоб берди:
— Мунаққид бўлмай иложим йўқ, чунки ҳазратим менинг таърифимда кўп муболаға қилурлар!
Хонзода бегим эр-хотиннинг ҳазилкашлигидан завқланиб кулди:
— Лекин таърифингизда қанча муболаға қилсалар ҳам оз!
— Миннатдормен, ҳазрат бегим! — Моҳим энди ҳаяжонли товуш билан гапирди: — Мен сизнинг жасоратингизни, фидойилигингизни ҳазратимдан эшитиб, ўзингизни кўриш орзусида эдим.
Тангримга шукр, бугун шу орзуйим рўёбга чиқди. Ҳазрат бегим, мен сизни аф-сонавий бир малика деб ўйлар эдим. Бироқ ўзингизни кўрдиму сиздаги меҳригиё афсонавий маликаларда ҳам бўлмас, деб ўйладим! Энди уйимизнинг пешгоҳи ҳам, кўнглимизнинг тўри ҳам сизники!
Моҳим бегим бу гапларни самимий бир ихлос билан айтганини сезган Хонзода бегим:
— Бизга сиздек келин берган тангримга шукр! — деб қўйди.
Хонзода бегим бирдан Ойиша бегимни эслади ва уни Моҳим бегимга таққослаб кўрди. «Бир ҳисобда, Бобуржон аввалги хотини билан ажрашиб кетгани ҳам яхши бўлган экан», деб қўйди ўзича. Сўнг хон ҳарамида ўзининг тортган азобларини эслаб кетди.
Бобур ўттиз тўрт ёшли Хонзода бегимнинг сочларига битта-яримта оқ оралаб қолганини энди кўрди. Шу туришда опаси Бобурга онасининг энди бева қолган ўттиз етти-ўттиз саккиз яшарли пайтларини эслатди. Хонзода бегим ҳам энди бева эди. Бобур шуни ўйлади-ю:
— Сиз мени деб кўп азоб тортгансиз! — деди. — Сизни эсон-омон даргоҳимизга етказдирган Шоҳ Исмоилнинг яхшилигини ҳеч вақт унутмасмен!
Шоҳ Исмоил тилга олиниши билан Хонзода бегимнинг чеҳраси яна очилди.
— Шоҳнинг Тожли хоним деган ёшгина, кўҳликкина хотини бор экан, — деб ҳикоя қила бошлади. — Шу жувон мени шоҳнинг ҳузурига бошлаб кирди. «Шоҳ Исмоил сунний мазҳабидагиларни ўлдириб, терисига сомон тиқдирармиш» деган ваҳимали гапларни кўп эшитган эдим. «Баҳайбат бир одам бўлса керак», деб титраб-қалтираб бордим. Қарасам, йигирма тўрт-йигирма беш ёшли хушсурат бир йигит тахтда ўлтирибди. Соқол қўйган эмас, фақат узун, ингичка мўйлови бор. Бургут бурун. Кўзлари катта-катта. Озарий тилда гапирди, сўзларининг ҳаммасига тушундим. Шиаларнинг имомлари Биби Фотиманинг авлодлари бўлган эмасми, шунинг учун улар аёл зотини жуда ҳурмат қилар эканлар. Мен буни йўлда ҳам кўп сездим.
— Лекин ўзимизда ҳам илгари аёлларга эҳтиром кучли бўлган, — деди Бобур.— Самарқандда Биби Хоним номли мадраса қурилган, Туман оқа мақбараси бор. Ҳиротда Гавҳаршод бегим мадрасаси машҳур.
— Билмадим, у замонларда улуғ аёллар кўп бўлганми ёки уларнинг илму санъатга иштироклари катта бўлганми? — деди Моҳим бегим эрига қараб. — Ҳозир нечукдир ундоқ эмас-да, ҳазратим?
— Фалакнинг гардиши ажиб! — деди Бобур. — Аёлларга муносабат ҳамиша илму санъ-атга муносабат билан рост келур. Илму санъат барқ урган даврларда аёлларнинг ҳурмати ҳам баланд. Чунки илму санъат аёлларнинг иштироки билангина астойдил юксалган. Маънавий инқироз даврларида олимлару санъаткорлар нечоғлик хор бўлса аёллар ҳам шунчалик камситилмишдир.
— Сиз айтган шу инқироз ҳозир Мовароуннаҳрни чирмаб олган, ҳазратим! — деди Хонзода бегим. — Кўчманчи хону султонлар мамлакатнинг қуруқ гавдасини эгаллаб олмишлар. Унинг руҳи билан ишлари йўқ. Ўлган одамнинг арвоҳини ранжитиш адолатдан эмас. Шайбонийхон пароканда бўлиб ётган ўлкаларни бирлаштирди. Самарқандда ўз номига мадраса қурдирди.
Кўҳак* дарёсининг устига кўприк қурдирди. Савоб ишлари шу бўлди. Лекин олимлару санъаткорларга муомаласи қандоқ дурушт бўлса, аёлларга ҳам шундоқ эди. Те-мурийлар аёлларнинг номига мадрасаю мақбаралар қурдирганини айтсангиз, ғазаби келур эди. Унингча, Улуғбек илму санъатга берилиб, дину имонни унутган эмиш, аёлларни талтайтириб, халқнинг ахлоқини бузган эмиш. Хон ёздирган «Шайбонийнома», «Нусратнома» деган китобларнинг биронтасида бирорта аёлнинг номи тилга олинган эмас. Шаҳзодаю султонларнинг оналари ёки хотинлари ҳақида сўзлаш зарур бўлиб қолса, «фалончининг қизи», «фалончининг хотини» деб, фақат отаси ёки эрининг номини ёзурлар. Чунки аёлларнинг номини номаҳрамлар тилга олсалар гуноҳ бўлур эмиш! Ҳали бу— мадраса кўрган илмлик хоннинг даврида бўлган ишлар.
Ҳозир тирик қолганларида шу илм ҳам йўқ. Фақат дағал бир кучу бидъату хурофот. Илму санъат аҳли султонлар зулмидан қочиб, бири Хуросонга, бири Истамбулга кетди, бири Кобулга келди. Энди бутун умидимиз сиздан, Бобуржон! Сиз Мовароуннаҳрнинг улуғ руҳини тикларсиз, илму маърифат қуёшини юртимизга қайтариб олиб борурсиз деб, йўлингизга кўз тикканлар кўп!
Бобур опасининг айтганлари қуруқ гап эмаслигини биларди. Шайбонийхон ўлгандан кейин Самарқанддан, Бухородан, Тошкентдан Бобурга махфий хатлар ва чопарлар келган эди.
Кўчманчи султонлар зулмидан безган одамлар Бобурни тезроқ юртига қайтишга чор-лар эдилар.
— Ўтган ҳафта Андижондан хушхабар келди, — деди Бобур опасига мамнун кўз ташлаб.— Фарғона водийсидаги барча хайрихоҳларимиз кўчманчи султонларни қувиб юборибдир. Менга китобот келдики, «Қоратегин орқали Андижонга тезроқ етиб келинг, ота юртингиз сизга мунтазир!»
Хонзода бегим қувонч билан:
— Тангримга минг қатла шукр! — деди.
— Ҳазратим бизни Кобулдан Қундузга олиб келганларининг бойиси ҳам шуки, — деди Моҳим бегим овозини пасайтириб, — тезроқ ватанларига қайтмоқчилар!
— Андижонгами? — шивирлади Хонзода бегим инисига.
Бобур ўйчан кулимсираб бош чайқади — у Андижонга ишончли бир кишисини юбормоқчи, ўзи эса Ҳисор орқали Самарқандга юриш қилмоқчи эди. Лекин Бобур ўзининг бу ниятини тарих саҳнасида пайдо бўлган янги бир куч — Шоҳ Исмоил билан келишмасдан амалга оширолмаслигини сезиб турарди. Чунки Шоҳ Исмоил кўчманчи султонларга қарши курашни давом эттириш ва уларни Мовароуннаҳрдан қувиб чиқариш учун Бобур билан иттифоқ тузмоқчи эди. Бугун Хонзода бегим билан келган элчининг қандай нияти борлигини Бобур тахминан билар эди.
Башарти, у Шоҳ Исмоил таклиф қилаётган иттифоқни рад этиб, Андижонга ёки Самарқандга ўзича юриш қилса, шоҳ ундан айниб, шайбонийзодалар билан иттифоқ тузиши мумкин эди.
Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон шоҳга элчилар ва совғалар юбориб, музокара олиб борганидан Бобур хабардор эди. Бу икки зўр кучга Бобур ёлғиз бас келолмаслиги эса ўз-ўзидан аён эди…
У аёлларга бу мураккаб муаммоларни айтиб ўлтирмадию, Шоҳ Исмоилнинг шоирлигидан гап очди.
— Мирзохон менга шоҳнинг шеърларидан келтириб кўрсатди, — деди опасига. — Таъби назми баланд, озарбойжон туркийсида жуда чиройли ғазаллар битибдир. Яна камтарлик билан «Хатоий» деган тахаллус танлабдир.
— Катта шоирлиги рост, — деди Хонзода бегим. — Ғазалларини одамлар қўшиқ қилиб айтганларини эшитдим. Шоҳ мени қабул қилганда «Бобур подшоҳнинг шоҳлигини ҳам, шоирлигини ҳам эҳтиром эдюрмиз» деди. Кейин ҳазратимнинг Ҳиротда куйга солинган ғазалларидан бир байтини ёд айтиб, «Чўх яхши!» деб қўйди.
Бобур шоҳнинг бу мақтовидан кўнгли ийиб, уялин-қираб:
— Қайси ғазал экан? — деди.
Хонзода бегим бармоқларини лабларига қўйиб ғазални сўзма-сўз эслашга тиришар экан, Моҳим бегим унга кўмаклаша бошлади:
— «Менинг кўнглимки, гулнинг ғунчасидек таҳбатаҳ қондир» деб бошланурми?
— Ҳа, ҳа, худди шу! — деб Хонзода бегим иккинчи сатрини ўзи айтди: — «Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи но имкондир».
— Шоҳга бу матлаънинг ёққани бежиз бўлмаса керак, — деди Бобур. — У ҳам бизга ўхшаб, отасидан ёш қолиб, қувғинларга учраб, кўп кулфат чеккан экан. Менга унинг тарихини Мирзохон айтиб берди. Энди Шоҳ Исмоил дунёда адолат ўрнатмоқчи эмиш.
— Шоҳ менга ҳам шуни айтди, — деди Хонзода бегим. — «Адолатни суннийлар ўн икки имом билан бирга ўлдирмишлар», деди. Лекин ўн иккинчи имом— Ҳазрати Мадҳи ўлган эмас эмишлар, ҳозир осмондан ерга тушиб, суннийларнинг жазосини берар эмишлар. Шунинг учун шиалар шоҳни «соҳиби замон» деб улуғлар эмишлар.
Бобур бу ясама эътиқодлардан ғаши келиб, бош чайқади-ю:
— Таажжуб! — деб қўйди. — Марҳум Шайбонийхон ўзини «Халифаи раҳмон, имоми замон» деб юриб, охири нима бўлди? Динни сиёсатга айлантириш не ҳожат?
— Лекин шиалар билан суннийларнинг адовати аслида ҳокимият талашишдан келиб чиққан эмасми, ҳазратим?— деди Моҳим.
Ислом тарихини яхши биладиган Бобур суннийлар билан шиаларнинг қонли курашларини хаёлидан ўтказа бошлади.
Бу кураш Бобур яшаган даврдан салкам тўққиз юз йил аввал — Муҳаммад пайғамбарнинг  ўлими билан бошланган эди. Муҳаммад пайғамбар тузган давлатни ким бошқариши керак? Ким унинг давомчиси — халифи бўлиши керак?
Eнг яқин қариндошни ворис қилиш тарафдори бўлганлар Алини биринчи халиф қилиб кўтармоқчи эдилар. Чунки Али пайғамбарнинг амакиваччаси эди ва унинг ягона фарзанди Биби Фотимага уйланган эди. Аммо Али чорёрлар орасида энг ёши эди. Қабила удуми, яъни суннага биноан энг ёши улуғ ва обрўси баланд ўтағаси мусулмон оламига бош бўлиши керак эди. Шу сабабли кекса Абубакирни биринчи халиф қилиб кўтардилар. Шу билан бирга Али ҳам пайғамбарнинг тўртта энг яқин салафларидан — чорёрларидан бири деб тан олинди, фақат ёшига қараб уни Абубакир, Умар ва Усмондан кейинги тўртинчи ўринга қўйдилар.
Душманлари аввал Умарни, кейин Усмонни суиқасд билан ўлдирадилар. Ниҳоят Али халиф бўлади. Аммо орадан беш йил ўтар-ўтмас душман тараф қасдма-қасдига Алини ҳам ўлдирди.
Али тарафдорлари унинг ўрнига ўғиллари — Биби Фотимадан туғилган Ҳасан ва Ҳусанни мусулмон оламининг бошлиғи деб эълон қилдилар. Аммо Имом Ҳасан касалланиб ўлди. Имом Ҳусан Карбало даштида суннийлар билан қилинган жангда ҳалок бўлди. Шундан кейин халифалик яна суннийлар қўлига ўтди-ю, Алининг авлодига мансуб бўлган барча имомлар бирин-кетин ўлдирилаверди. Фақат ўн иккинчи Имом Муҳаммад ёшлигида сирли бир тарзда йўқолди, унинг ўлик-тириги топилмади. Мухолифлари уни ўғирлаб кетиб ўлдирганлари тахмин қилинса ҳам, унинг тарафдорлари халқ орасида «Имом Муҳаммад осмонга чиқиб кетган, бир кун Имом Мадҳи номи билан қайтиб тушиб, дунёда адолат ўрнатади» деган бир диний эътиқодни тарқатдилар. Адолатсизликдан азоб тортиб юрган жуда кўп содда одамлар бу гапга ишонадилар. Шиалар мусулмон оламидаги барча бахтсизликларга Алидан олдинги уч халифани ва уларнинг кейинги авлодларини сабабчи қилиб кўрсатдилар. Суннийлар узоқ вақт давлат тепасида турган ва мусулмон динини жуда кўп мамлакатларга тарқатган ҳоким куч бўлганликлари учун уларнинг зулмларидан норози бўлган кўпгина олимлар, санъаткорлар, деҳқонлар, косиблар ва бошқа турли табақа вакиллари ҳам шиалар томонига ўтдилар.
Қадимий маданият маркази бўлган Эрон ва Озарбойжонда шиаларнинг суннийларга қарши кураши тобора ўсиб борди. Шоҳ Исмоил шиаларнинг мана шу курашидан фойдаланиб, давлат тепасига келди, тарихда биринчи марта шиа мазҳабини катта бир давлатнинг динига айлантирди ва суннийларга қарши ғазавот эълон қилди.
— Рост, шиа-сунний адовати қандай хунрезликларга сабаб бўлганини мен Ҳиротда кўриб даҳшатга келдим!— деди Хонзода бегим ва бир воқеани ҳикоя қилиб берди.
Марвдан кейин Ҳирот қизилбошлар қўлига ўтгач, бу ерда Шайбонийхон даврида қатағон қилинган шиалар қасоскорона бош кўтардилар. Улар Ҳиротда Шайбонийхоннинг барча ишларига фатво берган саксон ёшли шайхулислом Тафтазанини шиаларга тутиб бердилар.
Шиалар чолни кўчага — халойиқ орасига судраб олиб чиқдилар ва дарҳол сунний мазҳабидан шиа мазҳабига ўтишни буюрдилар. Тафтазани бунга кўнмади. Шундан кейин шиалар уни кўчадаги бир дарахтга осиб ўлдирдилар ва жасадини дарахт билан бирга ёқиб юбордилар.
Буни кўрган холис одамлар шиа-сунний душманлигидан безор бўлиб, Абдураҳмон Жомий тириклигида ёзиб кетган ўткир рубоийни бир-бирларига шивирлаб айтадилар:

Eй муғбачаи даҳр, бидеҳ жоми маям,
Ки омад зи низойи сунни-ю, шиа қаям.
Гўяндки, Жомиё, чи мазҳаб дори?
Сад шукрки, саги сунни-ю, хари шианаям!*

Бу рубоийнинг сўзлари оғиздан-оғизга ўтиб, шиаларнинг қулоғига ҳам етиб боради. Айниқса «шианинг эшаги» деган ибора уларнинг жонини чиқаради. Қизилбошлар бидъатга берилган ҳиротлик шиалар ва ёш безорилар тўдасини Абдураҳмон Жомийнинг мақбарасига бошлаб борадилар. Қабр устига қўйилган мармар тошни кўчириб ташлайдилар. Тошга ўйилган «Жомий» сўзидаги арабча « »нинг нуқтасини ўчириб « » тарзида ҳарфнинг юқорисига қўядилар. Натижада улуғ шоирнинг номи «Хомий» деб ўқиладиган бўлади. Жоҳиллар бу билан ҳам қаноат қилмайдилар. Жомий мақбарасига Навоий ўрнаттирган заррин ўймакорлик гўзал эшикни синдириб, мақбара билан бирга ёндириб юборадилар.
Бу воқеани опасидан эшитган Бобур ғазаб аралаш ҳайрат билан сўради:
— Наҳотки Шоҳ Исмоил шундай жаҳолатга йўл берган бўлса?
— Менинг билишимча, бу ишдан шоҳ бехабар қолган. Ҳиротдаги мудҳиш ишларга шоҳнинг Хуросон бўйича ноиби Нажми соний бошчилик қилган.
— Не бўлганда ҳам ҳазрати Жомий минг марта ҳақлар: шиа-сунний низолари кўнгилни оздирадиган даражада хунук!.. Ҳайҳот, дунёнинг ишлари ҳамиша чигал! Туғишганлардан-ку, дўст-ёр тополмадим. Энди тақдир менга Шоҳ Исмоилдек бир мард, танти, фозил дўст берди, деб суюнсам, бунинг ҳам ишкал ишлари бор экан.
Моҳим бегим Бобурнинг кўнглига чўккан ғуборни тарқатгиси келиб, кулимсираб гапирди:
— Гул тикансиз бўлмас экан-да, ҳазратим!
Бобур хотинининг жилмайган юзига тикилиб қаради-ю, ўзининг ҳам чеҳраси очила бошлади.
Шунча айрилиқлардан кейин севимли опаси билан яна учрашгани, бу қувончга Шоҳ Исмоил туфайли муяссар бўлгани такрор эсига тушди. Қундузда шайбонийзодалардан ихлоси қайтган йигирма минг кишилик қўшин мўғул беклари бошчилигида Бобур ҳузурига келгани ва унинг хизматига ўтгани яна ёдига тушди-ю, кўнглини яйратиб ўтди.
Бобур кўзини Моҳим бегимдан олиб опасига қаради:
— Энди ҳеч бир гулнинг тиканидан қўрқмасмиз! Мақол борки, гули учун тикани ҳам ноилож суғорилур… Шоҳ Исмоил шунчалик одамгарчилик қилибди! Майли!
Бобур ўрнидан турди. У шоҳдан келган элчи билан учрашиши керак эди. Моҳим уни эшик олдигача кузатиб борди. Бобур эшикдан чиқаётиб, Хонзода бегимни қаерга жойлаштириш ва қандай эъзозлаш ҳақида хотинига кўп гапириб ўтирмади-ю:
— Эгачимни онам ўрнида кўргайсиз! — деди. Шу бир оғиз гапдан ҳамма нарсани англаган Моҳим ҳам:
— Жоним билан! — деб қўлини кўксига қўйди. — Сиздан ҳам бир илтимос, ҳазратим.
— Хўш!
— Биз тикан деб ўйлаган нарсалар оғули тиғлар бўлиб чиқмасин. Эҳтиёт бўлинг!
Бобур хотинининг ҳамма нарсага фаҳми етадиган зийрак бир дўст эканини ҳозир яна бир марта сезди-ю, унга меҳри тобланиб:
— Хотиржам бўлинг! — деди.
Сўнг қалби учрашув қувончига, меҳрибон аёллар нафосатига ва маъсум болалар завқига тўлиб, қўрғон ҳовлисига чиқди.
Девонхонага яқинлашганда элчилар билан бўладиган муомалани кўз олдига келтирди-ю:
«Молу дунёни аямаслик керак» деган ниятни кўнглига тугди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* М у н а қ қ и д л и к — танқидчилик.
* К ў ҳ а к — ҳозирги Зарафшон.

* Таржимаси: Эй дунёнинг ёш оташпарасти, менга майим жомини бергилки, сунний ва шиа низоларидан қусгим келмоқда. Десалар: Жомий, сен қайси мазҳабдансен? Юз шукрки, суннийнинг ити-ю, шианинг эшаги эмасман!

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 24-қисм

— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё ...

Туш… яъни шавкат мирзиёев қабулида (бир сахнали,бир кўринишли пеьса)

Президент қароргоҳига мени кузатиб боришар экан, ажиб ҳаяжон, алланечук лим-лим завқ, ноаниқ ҳавотирга тўла ҳайратимни сунъий визминлик билан яшираман.   Қабулхонага ...

Бўтакўз (учинчи боб)

Абубакир билан биринчи кунданоқ тўқнаша бошладик. — Уйқу элитиб прицеп остида қолсанг, мен жавобгар эмасман! — Абубакирнинг иш олдидан айтган бирдан-бир сўзи шу бўлди. Бироқ ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400