Юлдузли тунлар-54

3

Бобурнинг буйруғи билан Вали хазиначи бисотида бор энг қимматбаҳо дуру гавҳарлардан, Бадахшон лаълиларию олтин безакли кийимлардан, камёб тиғлар ва буюмлардан шоҳга алоҳида, унинг элчисига алоҳида инъомлар ҳозирлади. Сарой бовурчилари, баковул ва ясовуллар икки кечаю икки кундуз югуриб-елиб, Қундузда ҳали мисли кўрилмаган шоҳона зиёфат ва базмга ҳозирлик кўрдилар. Улкан зиёфат учун ҳисорий қўйларнинг ўзидан етмиш- саксонтаси сўйилди. Тоғлардан, ўрмон ва дарёлардан овлаб келинган ғозлар, какликлар, оҳулар сони бундан кўпроқ эди.

Шоҳ Исмоилнинг меҳмондорчиликларини кўп кўрган одамлардан бири — Бобурнинг амакиваччаси Мирзохон эди. У Бобурга бир неча марта:
— Шоҳ элчилари чоғирсиз зиёфатни зиёфат ўрнида кўрмаслар,— деб айтди.
Бобурнинг эшик оғаси Қосимбек эса ичкиликни жуда ёмон кўрарди. Бобурнинг ўзи ҳам ҳали беклари билан бирор марта ичкилик базми ўтказган эмас, фақат Кобулда Моҳимга уйлангандан кейин хушбўй чоғирлардан бир-икки марта татиб кўрган эди.
Ҳозир унинг кўнглида кўпириб турган қувонч билан бирга Шоҳ Исмоилга ва шиалар билан суннийларнинг душман муносабатларига бориб тақаладиган қандайдир ғашлик, чигаллик бор эди. Бу ғашликни бугун фақат май билан тарқатиш мумкинга ўхшарди. Бундан ташқари, меҳмонларнинг кўнгли учун ҳам Бобурнинг ичиши зарур эди.
Унинг амри билан Қундуздан топиш мумкин бўлган энг тоза чоғирлар, энг ўткир майлар топтириб келтирилди.
Гулгун парчадан зар ёқали або кийган ўспирин соқийлар олтин кўзалардан олтин-кумуш суроҳийларга май қуйиб, аввал Бобурга, сўнг унинг ёнида ўтирган шоҳ элчиси Муҳаммаджон эшик оғасига, элчидан нарига чўккалаган Мирзохонга навбатма-навбат узатдилар.
Зиёфатда Бобур томонидан юздан ортиқ аъёнлар, беклар ва мулозимлар қатнашмоқда эдилар.
Аввалги зиёфатларда Бобурдан ва Қосимбекдан яшириб май ичадиган кўпчилик беклар энди чоғир тўла қадаҳларини қўлларида бемалол тутган ҳолда бир-бирлари билан шўх-шўх кўз уриштиришар, қувноқ илжайишар ва подшоҳнинг ишорасини кутишар эди. Пойгаҳда кичик беклар орасида ўтирган Тоҳир ҳам қўлидаги май тўла кумуш қадаҳга жонли бир нарсага қарагандай эҳтиёт билан қараб қўярди.
Мирзохон ёнидаги элчига шивирлаб изоҳ берди;
— Олий меҳмон, сиз ғаройиб бир ҳодисанинг гувоҳидирсиз. Бобур подшоҳ саройида бугун биринчи марта чоғир мажлиси!.. Эътибор беринг: мажлисда фавқулодда бир ҳаяжон ҳукмрон!
Бошига қизил жиғалик катта салла ўраган, соқоли хина билан бўяб қизартирилган бургутбурун элчи Бобурга мароқ билан тикилди.
Бобур қўлидаги қадаҳни учиб кетиши ёки чўқиб олиши мумкин бўлган нотаниш бир қуш каби авайлаб ушлаб турарди. Одамлар унинг сўзини кутаётганларини сезиб, овози товланиб гапира бошлади:
— Олий зотлар даврасида шодиёна кунларда узум сувидан ҳалолу покиза қилиб тайёрланган чоғир ичмоқ ота-боболаримиздан қолган одатдир. Ҳаётимизда шодликдан кўра ғаму ғурбат кўпроқ эди, шунинг учун ҳанузгача чоғир мажлисига майл кўрсатмадик. Ҳиротда Бадиуззамон мирзо билан Музаффар мирзодек тождор хешларимиз биз учун ораста базмлар бериб, чоғир таклиф қилганлари мажлис аҳлига маълум бўлса керак. Ўшанда ҳам биз узрлар айтиб, чоғирдан ўзимизни тортган эдик, чунки у маҳалларда май ичиб хурсандчилик қилғудек шодмон эмас эдик. Тангрим бизни шод-хуррам кунларга мана энди етказди. Биз бу масъуд кунларга Шоҳ Исмоил ҳазратларининг шарофатлари билан етишдик. Бугунги шод-хуррамликни бизга олий меҳмонимиз Муҳаммаджон эшик оғаси жаноблари келтирдилар! Шунинг учун бизнинг биринчи чоғир мажлисимиз Шоҳ Исмоил ҳазратларига чексиз ишонч ва эҳтиромларимиздан кичик бир нишона бўлғай! Биринчи қадаҳимиз эса шоҳнинг мўътабар элчиси Муҳаммаджон эшик оғаси жанобларига юксак ҳурматимизнинг исботи бўлғай!
Бу сўзлардан кўнгли ийиб, чуқур кўзлари оловланиб кетган элчи ўрнидан туриб, Бобурга эгилиб таъзим қилди. Сўнг жойига ўтириб, қўлидаги чоғирни охиригача сипқарди.
Пастда ўтирган созандалар «Сарви наво» куйини чала бошладилар. Дастурхонга кийик ва каклик кабоблари тортилди. Энг мазали таомлар орасида яна икки-уч қайта май ичилди.
Одамлар энди ўзларини боягидан хийла эркин сеза бошладилар. Қаҳқаҳа, ўйин-кулги авжига чиқди. Қувноқ, шўх куйлар кетидан яна алёрлар айтилди. Ниҳоят, сўз навбати шоҳ элчисига келди. Шунда Муҳаммаджон эшик оғаси ёнидаги мулозимга нимадир деб шивирлади. Мулозим бош ирғаб, ён эшикдан чиқиб кетди-ю, навбатдаги қувноқ куй тугаган пайтда устига бир неча қават оқ ипак ёпилган қандайдир совғани олтин баркашга солиб кўтариб кирди.
Муҳаммаджон эшик оғаси Шоҳ Исмоилнинг Бобурга бериб юборган мактубини ва олтин-кумуш инъомларини кундуз топширган эди. «Eнди бу яна нима экан?» деб ҳамма ўтирганлар олтин баркашга тикилиб қолди. Умумий жимликда қизилбош бек баркашдаги совға билан Бобурнинг қаршисига таъзим қилиб келди. Бобурга яқин ўтирган Муҳаммаджон эшик оғаси ўрнидан туриб гап бошлади:
— Султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур баҳодир ҳазратларининг соҳиби замон Шоҳ Исмоил ҳазратлари я чўх юксак, чўх семимий ҳурматлари варлиғина алҳол бизим ишончимиз камил ўлди. Шу себебли Шоҳ Исмоил ҳазратлари юбормиш муқаддас инъомни Бобур подшоҳ ҳазратлария топширмоға ижоза вергайсиз!
Eлчи олтин баркашдаги совғанинг устидан ипак пардани олди. Бобур ёқут ва дур билан безалган нафис оқ ипак саллани кўрди. Салланинг тепасига ўн икки имомнинг қонини эслатувчи қизил жиға суқиб қўйилган эди. Салла анча катта — Бобур ўрамларнинг сони ҳам шаҳид бўлган имомлар каби ўн иккита эканини тахмин қилиб билди. Шиаларнинг эътиқодига биноан, бу ўрамларнинг ҳар бири — бир имомнинг руҳи учун муқаддас макон эди.
Ичган чоғирдан юзи қизариб, кўзлари ялтиллаб турган Бобур ўзининг аъёнлари орасида шивир-шивир бошланганини пайқади-ю, кулимсираб Қосимбек томонга қаради. Аммо Қосимбек ва ундан нарида ўтирган Хўжа Халифа номли шайхулислом олтин баркашдаги дасторга жирканиб ва ҳатто қўрқиб қарамоқда эдилар.
Чунки Бобурнинг ўзи ҳам, Қосимбек ҳам, зиёфатда ўлтирган бошқа сунний аъёнлар, мулозимлар ҳам чорёрларнинг ҳурмати учун бошларига тўрт ўрам қилинган салла ўрар эдилар.
Кичиклигидан оллоҳу таолога, пайғамбар ва чорёрларга чексиз ишонч ва эътиқод руҳида тарбияланган одамлар бошларидаги саллаларининг тўрт ўрамида тўрт чорёрнинг руҳи яшайди, деб ишонар эдилар. Шиалар шу чорёрларнинг учтасини тан олмай ҳақорат қилишар, уларнинг ўн икки ўрамлик саллалари эса Абубакир, Умар ва Усмонларнинг авлодларига қарши курашган шиа имомларини улуғлар эди.
Шиаликни муқаддас чорёрлардан юз ўгириш, диндан чиқиб, рофизий бўлиш, деб ўрганган кекса Қосимбекка олтин баркашдаги салланинг майин йилтирган ипаги — илон терисининг йилтирашидек кўринди. Қосимбекнинг назарида саллага қадалган ёқутларнинг чўғдай ёниши заҳарли илоннинг қизғиш кўзлари қонга тўлиб ёнишига ўхшарди.
Муҳаммаджон эшик оғаси Бобурга яна бир марта таъзим қилди-ю, Шоҳ Исмоил шахсан бериб юборган шу муқаддас дасторни қўлига олиб бошига кийишини ундан илтимос қила бошлади.
Ўнлаб кўзлар Бобурга «Не қиларкин?» деб тикилди. Қосимбек Хўжа Халифага таҳлика билан шивирлаб:
— Макру ҳийла билан ҳазратимни шиа мазҳабига ўтказмоқчиларми? — дегани Бобурнинг қулоғига чалинди.
Бобур агар шу дасторни бошига қўйса шиа мазҳабига ўтгандай кўриниши мумкинлигини энди  пайқади. У ичган чоғиридан дурустгина кайф қилган эди. Ҳозир вазият унга Қосимбек қўрққанчалик ваҳимали туюлмас эди. Чорёрлар, ўн икки имом ҳам Бобур учун бундан тўққиз аср бурун ўтган тарихий шахслар эди. Узоқ ўтмишга айланган қонли душманликни бугун давом эттириш кимга керак?
Қизилбош бек ҳамон Бобурнинг қаршисида тиз чўкиб, олтин баркашдаги саллани унга тутиб турибди. Шоҳ элчиси унга илтимоскорона таъзим қиляпти. Улар орқали Шоҳ Исмоил гўё Бобурга ҳамкорона қўл чўзяпти. Бобур бу қўлни қайтарса, шоҳ билан орани узиши керак бўлади. Кейин шайбонийзодалар шоҳ билан иттифоқ тузишади-ю, Бобурнинг ватанга қайтадиган йўлларини яна бекитишади. Бобур эса ҳозир бутун вужуди билан ватанига қайтишни истайди. Бу истаги йўлида тоғ келса кемириб, сув келса симириб ўтмоқчи бўлади.
Бобур элчига мулойим кўз ташлаб:
— Шоҳ Исмоил ҳазратларининг инъомлари биз учун беҳад азиз, — деди ва баркашдаги саллага қўл чўзмоқчи бўлди.
Шунда Қосимбек оғзини унинг қулоғига яқинлаштириб, хавотир билан шивирлади:
— Ҳазратим, зинҳор бошингизга кийманг! Зинҳор!
Бу сўзлар элчига ҳам эшитилди ва уни ранжитгани авзойи ўзгариб кетганидан сезилди.
Сув қуйгандай жимжитликда Бобур Муҳаммаджон эшик оғасига майин кулимсираб қаради:
— Олий меҳмонимиз имомия* мазҳабиданлар, шундайми?
Элчи тасдиқ маъносида бош ирғади. Бобур яна ўшандай мулойимлик билан сўзида давом этди:
— Имомиялар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларими?
— Алҳамдулилло! — деб элчи дарҳол калима келтирди.
Шундан кейин Бобур Қосимбек томонга ўгирилди.
— Сиз ҳам Муҳаммад умматимисиз, жаноби амирул умаро?
Қосимбек ҳам калима келтирди-ю, охирида:
— Ҳазратим, сизни илоҳо чоҳорёри босафолар қўллаб-қувватласинлар! — деб қўшиб қўйди.
Чорёрлар тилга олиниши билан элчининг ранги ўчиб лаби асабий пирпиради.
— Жаноб Муҳаммаджон эшик оғаси! — деди Бобур тез.
— Қуръони шарифда айтилганки, «қулли муслимина ихватун». Яъни, барча мусулмонлар оға-инилардир. Биз ҳаммамиз бир диндамиз. Демак, ҳаммамиз оға-инилардек яқин бўлмоғимиз керак. Биз сизнинг мусулмонлик эътиқодларингизни ҳурмат қилганимиз каби, сиз ҳам бизнинг, — деб Бобур икки қўлини ёйиб, барча бек ва мулозимларини кўрсатди, — мусулмонлик эътиқодларимизни ҳурмат қилурсиз, деб ишонамиз!
Элчи энди бир оз юмшаб, устма-уст бош ирғади:
— Ушбу муқаддас армуғон ҳам бизни сизлара буюк эҳтиромимиз аломатидир!
Бобур энди Қосимбекка юзланди:
— Ҳазрати Алини сизу биз ҳамиша бошимиз устида олиб юрибмиз, шундоқми?
Қосимбек — салласидаги тўрт ўрамнинг бири — Ҳазрати Алининг руҳига макон эканини ўйлаб, қўлини кўксига қўйди:
— Шундоқ, ҳазратим.
— Муҳаммад алайҳиссаломнинг ягона фарзандлари бўлган Биби Фотима биз учун ҳам муқаддас волидадирлар, шундоқми?
— Шундоқ, ҳазратим.
— Шундоқ бўлса, Ҳазрати Али билан Биби Фотиманинг азиз авлодлари бўлган имомларни биз ҳам эъзозласак мусулмонликка тўғри келурми, йўқми?
Боя Бобурга жон куйдириб ҳалиги гапни унинг қулоғига шивирлаган Қосимбек подшони ниятидан қайтаролмаслигини, шоҳнинг бу махсус совғасини Бобур қабул қилмай иложи йўқлигини энди сезди. У кўпчиликнинг олдида Бобурга тан бергандай бўлиб, аслида уни ёқлагиси келиб бош эгди:
— Подшоҳ ҳазратлари, сиз ҳақсиз, қулингизни гус-тохлигим учун авф этинг!

Бобур Қосимбекка мамнун кўз ташлаб:
— Маъзурсиз, — деди. Сўнг дастор солинган оғир баркашни тутиб туравериб қўллари толиб кетган қизилбош бек томонга ўгирилди. Бобур дасторни дадил бир ҳаракат билан икки қўллаб баркашдан олганда унинг ўнлаб бек ва мулозимлари ваҳима билан: «о!» деб юборишди. Бобур дасторни қўлида тутган ҳолда:
— Шоҳ Исмоил ҳазратлари ўзи муборак иликлари билан юборган бу армуғонни биз кўзга сургаймиз! — деди-ю, дасторни кўзи аралаш пешонасига теккизиб олди.
Муҳаммаджон эшик оғасининг юзи қувончдан балқиб кетди:
— Муташаккирам, подшоҳ ҳазратлари, муташаккирам!
Лекин Бобурнинг бек ва мулозимлари орасида, хусусан, яқинда унга келиб қўшилган мўғул беклари орасида ҳайрат, қўрқув ва койиниш оҳангларига тўла бир шовур-шувур эшитилди.
Бу ғовурдан Қосимбекнинг ранги оқариб кетди. Муҳаммаджон эшик оғаси эса Бобурни шиа мазҳабига ўтказиб, катта ғалабага эришгандай шодланиб гапирди:
— Подшоҳ ҳазратлари, биз умид эдюрмизки, сиз шоҳ ҳазратларининг буюк мададлари ила яна Самарқанд тахтия чиққанингизда азиз бошингизда шу муқаддас дасторни кўришга муяссар ўлурмиз!
— Тангри бизни сиз айтган бахтиёр кунга еткизса, бу дасторни тож ўрнида киюрмиз. Шоҳ Исмоил ҳазратларига шу аҳдимизни бориб айтгайсиз!
Бу гаплардан сўнг мўғул беклари орасидаги асабий шовур-шовур яна кучайди. Шоҳ элчиси эса Бобурнинг дадил одам эканига, Шоҳ Исмоил билан мустаҳкам иттифоқ тузиш учун суннийпараст бекларининг ҳар қандай қаршиликларини енгиб ўтиши мумкинлигига энди ишонди.
Мана шу ишонч Бобурнинг шоҳ элчиси билан эртаси куни олиб борган музокараларини анча енгиллаштирди.
Шоҳ Исмоилнинг Бобур билан иттифоқ тузишдан мақсади — Мовароуннаҳрга у билан бирга қўшин тортиб бориш ва шайбонийзодаларни бирга тор-мор қилиш эди. Бобур шайбонийзодалар устидан ғалаба қилишни нечоқлик истамасин, Мовароуннаҳрга ўз қўшини билан мустақил кириб боришни истарди. Чунки агар у асосий ғалабани ўзи мустақил қўлга киритмаса, ватанига обрў билан қайтолмаслигини, ёвлари уни «Шоҳ Исмоилнинг найзасига миниб кириб келди!» деб маломат қилишларини сезиб турарди.
Бобур Шоҳ Исмоилнинг Марвда эришган ғалабаси етарли эканини, энди улар дам олишлари кераклигини, шайбонийзодаларни Ҳисордан, сўнгра Самарқанддан қувиб чиқаришни энди Бобур зиммасига олиши кераклигини элчига қайта-қайта айтиб кўрди. Лекин Шоҳ Исмоил ҳам Самарқандга интилмоқда эди, агар унинг бу интилиши амалга ошмаса Бобур билан иттифоқ тузишнинг қизиғи қолмас эди. Элчининг гапидан буни сезган Бобур музокарани бошқа йўналишга бурди.
Шоҳ Исмоилнинг аскарлари тоғ йўлларида қийналиб, минглаб чақирим ортиқча йўл юриб, Қундуз ва Ҳисорга келиб юриши не керак? Шоҳ қўшини карвон йўли билан Термиз ва Бойсун орқали Самарқандга қараб отлансин. Бобур эса ҳозир Ҳисорга яқин турибди. Бир ҳамла билан Ҳисорни кўчманчи султонлар қўлидан тортиб олишга кучи етади. Кейин у Самарқандга жануб томонидан йўл очади ва Шоҳ Исмоилнинг қўшини билан Шаҳрисабз — Қарши атрофларида учрашади.
Мантиқан асосли бўлган бу фикрга шоҳ элчиси эътироз қилолмади-ю, Бобурнинг таклифини қабул қилди.
Бобур элчи билан тузган бу битимни Шоҳ Исмоилнинг тасдиғидан ўтказиш учун Мирзохонни Табризга вакил қилиб юборди-ю, ўзи Ҳиндикуш тоғининг шимоли-ғарбий этакларига тўпланган қўшинларини жангга тайёрлай бошлади.
Баҳор охирлаб қолган кунларнинг бирида Бобур Қосимбек билан адир йўлидан мўғул бекларининг қароргоҳларига отлиқ кетмоқда эдилар. Шунда Қосимбек Бобурни йўлдан четроққа бошлаб чиқиб, бир шумхабарни айтди.
Шоҳ Исмоил юборган шиа дасторини Бобур кўзига суриб элчига қуюқ ваъдалар берганидан мўғул беклари қаттиқ ранжиган эмишлар, уни «чорёрлардан воз кечиб, имомия мазҳабига ўтди», деб фитна уюштирган эмишлар. Бундан беш-тўрт йил бурун Кобулда Эгу Салим, Шерқули деган мўғул беклари Бобурга суиқасд қилмоқчи бўлган пайтларида қўлга тушган, Бобур уларни яқин тарафдорлари билан қатл эттирган эди. Шайбонийзодалардан айниб, яқинда Бобурга келиб қўшилган мўғул бекларининг орасида ўша ўлдирилганларнинг уруғдошлари бор бўлиб, улар кек сақлаб юрган эканлар. Энди шу беклар яширинча тил бириктириб, Бобурни Қундузда ўлдирмоқчи ёки Кобулга қувиб юбормоқчи эмишлар. Унинг ўрнига Бобурнинг қўлида ўсган тоғаваччаси, марҳум Олачахоннинг ўн етти яшар ўғли Саидхонни тахтга чиқармоқчи эмишлар.
— Кимлар шундай қилмоқчи? Кимлар?! — деб Бобур ғазабдан титраб сўради.
Қосимбек орқасига ўгирилиб қаради. Мулозим ва хос навкарлар узоқда қолган, овоз уларга эшитилмайди. Шундай бўлса ҳам Қосимбек товушини пасайтириб:
— Қамбарали Саллоҳ, Сайидали Шакма, — деб бир қанча фитначиларнинг номларини айтди.
— Иблислар! Қачонгача булар менинг елкамга тиғ урурлар?! Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам шу тоифадан эди! Бас! Ҳаммасини туттиринг! Пора-пора қилиб, гўштларини қузғунларга ташлатурмиз!
Қосимбек отининг жиловини тортиб, тоғ этакларидаги минглаб ўтовларга хавотир билан кўз югуртириб чиқди.
— Ҳазратим, қаранг, булар жуда кўп. Навкарлари билан йигирма минг!
Кўп асрдан бери Мовароуннаҳрда яшайдиган, туркий тилда сўзлашадиган, мусулмон динини қабул қилиб, унинг хурофотига қаттиқ берилган бу мўғул беклари ва навкарларининг касби ҳарбий иш эди. Қайси подшоҳ улуфани кўпроқ берса, қайси жангдан ўлжа яхшироқ тушадиган бўлса, буларнинг кўпини ўша подшоҳ ва ўша жанг ўзига жалб қилар эди. Хисравшоҳ хизматидан Шайбонийхонга ўтган, унинг мағлубиятидан сўнг Бобурга келиб қўшилган бу ёлланма аскарлар беқарорликка ўрганган эдилар.
Агар Бобур фитначи бекларни туттириб жазолатадиган бўлса, уларнинг уруғ-аймоқлари аразлаб кетиб қолиши, сўнг қасд олишнинг пайига тушиши аниқ эди. Агар ички уруш бошланиб кетса, кейин Бобур шайбонийзодалар қаршисида заифлашиб, енгилиши муқаррар эди.
Бобур шуни ўйлаганда қалбидаги ғазаб ўрнини оғир хавотирлик туйғуси эгаллади.
— Мудом инсофу имонга хилоф хиёнатлар шу мўғул бекларидан содир бўлур! Яна булар дину маз-ҳабни ҳимоя қилмоқчиларми?!
— Бутун жаҳолат ана шундоқ нодонлардан чиқади-да, ҳазратим! Қулингиз ана шу жоҳилларнинг кайфиятини сезиб, дасторни олманг, деган эдим.
— Лекин олмай иложим бормиди?
— Йўқ эди, ҳазратим, сиз мутлақо тўғри қилдингиз! Энди буни ҳаммага яхшилаб уқтириш керак. Мўғулларнинг орасида ҳам яхшилари бор, фитна тайёрланганини менга мўғул авлодидан чиққан тоғаваччангиз Саидхоннинг ўзи келиб айтди. «Ҳазратимдан илтимос қилинг, иложи бўлса мени Андижонга юборсинлар», деди.
— Лекин Саидхон… берган тузимизни оқлабдир… Дуруст!
— Бошқа инсофлик мўғуллар ҳам кўп, ҳазратим. Сиз бир пора ёмон бекларнинг фитнасидан кўп маъюсланманг. Фақир чорасини ўйлаб қўймишмен.
— Хўш, қани?
— Саидхон сизга садоқатини исбот қилди. Уни хон кўтармоқчи бўлган беш-ўнта фитначи бекларга бир-икки минг навкарлари билан рухсат берайлик. «Бор, Андижонни шайбонийзодалардан ҳимоя қилиб ол!» дейлигу ҳаммаларини Қоратегин орқали жўнатиб юборайлик. Шу билан биз ҳам фитначилардан халос бўлурмиз, улар ҳам истаган хонларнинг хизматига ўтиб тинчирлар.

— Қолганлари яна бир кун хиёнат йўлига ўтса-чи?
— Қолганлари билан кейин мен ўзим яккама-якка гаплашиб чиқурмен. «Подшоҳдан гуноҳларингни сўраб олдим, бир марта шафе бўлдим, иккинчи марта бўлмасмен», деб тушунтирурмен. Бу ҳам кифоя қилмаса, шубҳалироқларининг кетига зийрак хуфялардан қўйиб қўйганмен. Агар яна бузуқлик қилсалар, унда тутиб келтирурмен, кейин истаганингизча жазо берурсиз!

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

__________________
* И м о м и я — шиа мазҳабининг расмий номи.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-46

* * * Кобулда уларни бошқа хавф-хатарлар кутмоқда эди. Фитначилар Бобурни «Ҳиротда қатл этилибди» деб овоза тарқатганлари рост экан. Ўратепанинг собиқ ҳокими Муҳаммад Ҳусайн ...

Юлдузли тунлар-29

3 Жавзо ойининг илиқ оқшомларидан бирида Андижон аркидаги ҳарамда икки ойлик келинчак Ойиша бегимнинг хобгоҳида канизлар шоҳона тўшакка гул атри сепдилар. Олтин-кумуш буюмлар ...

Чингиз айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Фото:Темур Мамадаминов, ЎзА Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400