Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ўқилишини кўпчилик самарқандликлар ўз қулоқлари билан эшитгилари келади. Чунки: «Бобур подшоҳ шиалар томонига ўтганмиш, чорёрлардан юз ўгириб, ўн икки имомни тан олганмиш!» деган миш-мишлар кўпайган, Бобурни қувониб қарши олган сунний мазҳабидаги одамлар, бу овозага ишонгилари келмас, бироқ унинг мухолифлари аҳолининг асабига тегадиган миш-мишларни тобора кўп тарқатишар эди. Бугун жоме масжидида ўқиладиган хутба бу овозаларнинг қанчалик рост, қанчалик ёлғонлигини аниқлаб бериши керак эди — қоидага биноан, хутбага ёки чорёрларнинг номи, ёки ўн икки имомнинг номи, албатта, қўшиб ўқилар эди. Буни биладиган одамлар жоме масжидининг ич-ташини тўлдириб юборган эдилар. Хутба ўқилишига бир соат қолганда масжид саҳнида бўш жой қолмади. Шундан кейин эшик ва дарвозалар олдида турган қуролли соқчилар ичкарига ҳеч кимни киргизмай қўйдилар.


Бир вақт масжиднинг орқа эшигидан садрлар судури Хўжа Халифа, Бобур, Қосимбек ва уч-тўртта қизилбош беклар кириб келишди. Бобур масжиднинг ич-ташига одам бениҳоя кўп тўпланганини кўриб, юраги изтироб билан «шиғ» этди. Бу одамлар унинг ҳозир қилмоқчи бўлган қалтис иши муваққат бир чора эканини тушунишармикан?
Мана шу вазиятда энг тўғри йўл — шоҳ қўшинини «отанг яхши, онанг яхши», деб силаб-сийпаб, ватанига жўнатиб юбориш эди. Аввалдан келишилган шартларга биноан, Бобур Шоҳ Исмоилни олий ҳоким деб эълон қилиши, хутбага унинг ва ўн икки имомнинг номини қўшиб ўқитиши, кейин шоҳнинг номидан пул зарб қилиши керак эди. Шу шартлар бажарилса, Шоҳ Исмоилнинг беклари ўз қўшинларини Мовароуннаҳрдан олиб чиқиб кетишга кўнар эдилар. Юқоридаги шартларни хўжа-кўрсинга бўлса ҳам бажариб, бегона қўшиндан тезроқ халос бўлиш тўғрироқ эканини Қосимбек ҳам, бошқа сирдош аъёнлар ҳам тушунган эди. Хўжа Халифа
ҳам бугунги хутбани Бобур истаган тарзда ўқишга рози бўлган эди. Режага биноан, Хўжа Халифа самарқандлик сунний намозхонларнинг ғазабига қолмаслик учун чорёрларни умумий бир тарзда номларини тилга олмай айтиб ўтиши, ўн икки имомни эса қизилбош бекларни қониқтирадиган оҳангда номма-ном тилга олиши керак эди.
Узун мош-гуруч соқоли киндигига тушадиган Хўжа Халифа барча қавмларнинг олдида туриб, жума намозини ўқиди-ю, кейин қўлига ҳассасини олиб, масжид тўридаги мармар зинапояли минбарга кўтарила бошлади.
Йигирма минг намозхон ҳаммаси жим. Масжид саҳнини тўлдирган одамларнинг ҳаммаси гўё ўзларининг сунний мазҳабларини намойиш қилмоқчи бўлгандек бошларига тўрт ўрамлик саллалар ўраган эдилар. Сунний саллаларнинг саноқсиз кўплигидан ғаши келган элчи Хўжа Халифанинг бошидаги дасторга қаради. Ўрамлари тўрттадан кўп, аммо ўн иккита ҳам эмас. Санаб бўлмайди. Муҳаммаджон эшик оғаси Бобур ва Қосимбекнинг бошларидаги саллаларга қаради. Буларнинг ўрамлари ҳам тўрттадан кўп, аммо ўн иккитадан оз. Бу саллалар шундай ўралганки, ўрамини санаш мумкин эмас. Муҳаммаджон эшик оғаси бунда қандайдир маъно борлигини сезиб, сергакланди. Наҳотки Бобур Қундузда берган ваъдасини бажаришдан бош тортмоқчи бўлса?
Муҳаммаджон эшик оғаси Хўжа Халифанинг ҳаракатларини сергак туриб кузата бошлади. Масжид саҳнидаги одамлар ҳам нафасларини ичларига ютиб, хутбанинг бошланишини кутмоқда эдилар. Умумий жимликда Хўжа Халифанинг йўғон товуши алланечук титраб, изтиробга тўлиб эшитилди:
— Бисмилла-аҳу раҳмо-онур раҳим!
Минбарда турган Хўжа Халифа йигирма минг сунний намозхоннинг ўзига сергакланиб тикилаётганини кўрди-ю, тиззаси ҳам қалтирай бошлади. Мана, у оллоҳ шаънига, пайғамбар шаънига битилган сурани ўқиб тугатяпти. Энди чорёрлар тилга олиниши керак. Наҳотки, Хўжа Халифа — ёшликдан сунний мазҳабида чорёрларга зўр эътиқод билан тарбияланган одам энди шунча намозхоннинг умидини пучга чиқарса? Унинг қаршисида йигирма минг салла турибди. Бу саллалардан ҳар бирининг қатларида чорёрларнинг руҳи яшашига Хўжа Халифа болаликдан ишонади. Ҳозир намозхонларнинг бошлари сабрсизлик билан қимирлаганда Хўжа Халифага салла ўрамларидаги арвоҳлар қимирлагандай туюлди. Агар у чорёрларга ҳурматсизлик қилса, арвоҳ уриб кетадигандай бўлди.
Йўқ, Хўжа Халифа чорёрларнинг арвоҳидан қўрқади. Шунинг учун:
— Чорёри босафолар Ҳазрати Абубакир! Ҳазрати Умар! — деб ҳозир айтиши керак бўлмаган номларини бирдан хутбага қўша бошлади.
Бобурнинг орқасида турган минглаб намозхонларнинг қувонч билан енгил нафас олгани эшитилди. Муҳаммаджон эшик оғасининг эса ранги ўчиб кетди. Унинг нариги ёғида турган Шоҳруҳбек Афшар қиличининг сопини чангаллаб, минбарга томон интилди.
Шиалар Абубакир, Умар ва Усмонни бугунги тирик душманларидек ёмон кўришар, масжидда уларни улуғлаган ҳар бир суннийни чопиб ташлагилари келар эди. Ҳиротнинг жоме масжидида чорёрларни улуғлаган Зайниддин деган хотибни қизилбошлар намозхонларнинг кўзлари олдида қилич билан чопиб парчалаб ташлаганини Бобур эшитган эди. Ҳозир у Шоҳруҳбекни билагидан олиб, илтимоскорона товуш билан:
— Бек жаноблари, сабр қилинг, сабр! — деди. Бу орада Хўжа Халифа чорёрларнинг номини айтиб бўлди-ю, қизилбошлар севадиган имомларни хутбага қўша бошлади.
— Ҳазрати Имом Ҳасан! Ҳазрати Имом Ҳусайн! Ҳазрати Зайналиддин Али!
Шоҳруҳбек Афшар бу номларни эшитиб қўлини қиличининг сопидан олди-да, қаторга қайтиб кирди. Аммо орқадаги намозхонлар орасида шундай бир асабий шовур-шувур бошландики, Хўжа Халифа қолган имомларнинг номини бақириб айтишга мажбур бўлди.
Орқадан кимдир:
— Э, бас, бас! — деб қичқирди. Бироқ намозхонлар орасига тартиб ўрнатиш учун қўйилган девқомат навкарлардан бири «бас!» деб қичқирган одамнинг оғзини улкан кафти билан бекитиб, бўйнидан судраб олиб чиқиб кетди.
Хотиб ўн икки имомни номма-ном санаб бўлиб, уларнинг муқаддас ишини бугун давом эттираётган соҳиби замон Шоҳ Исмоил Сафавийни мақтаб сўзлай бошлаганда, масжид саҳни яна ҳам асабийроқ жунбушга келди. Фақат Хўжа Халифа Бобурни Мовароуннаҳрнинг подшоси, деб эълон қилганда шовқин хиёл босилди.
Хутбадан сўнг уй-уйига тарқалган намозхонларнинг баъзилари: «Бобур мирзо Мовароуннаҳрнинг подшоси бўлди, тахтини келгиндига бермади», деб тасалли топмоқчи бўлса, бошқалар:
— Пок мазҳабимизга рофизийлик аралашди, — деб шивирлади. — Ҳаром бўлдик! Чорёрларнинг қарғишига қолдик! Яна қимматчилик бўлгай! Яна очарчилик бошлангай!

* * *

Бобур қизилбошларнинг шартларини адо этиб, уларни тезроқ жўнатиб қўйиш учун Шоҳ Исмоил инъом қилган ўша машҳур дасторни тахтга чиққанда бошига кийиб кўриниш берди. Сўнг Шоҳ Исмоилнинг тамғаси билан бир неча минг танга пул зарб қилдириб, бу пулларни қизилбошларнинг ўзларига тарқатди.
Шу муносабат билан шаҳару қишлоқларда ҳар хил миш-мишлар аввалгидан ҳам кўпайиб кетди. Гўё афсонавий китобларда битилган Яъжуж-Маъжужлар мана шу қизилбошлар эмиш. Бобур қизилбошларнинг салласини Кўктошга кийиб чиққанда муқаддас тошнинг бир чети ёрилиб кетган эмиш. Энди Шоҳ Исмоил Самарқандга келиб мана шу Кўктошга чиқармиш. Ўшанда қиёмат-қойим бошланармиш.

Шайбонийзодалар Самарқандда қолдириб кетган мулла ва дарвиш кийимидаги хуфиялар маҳалла-куйларда, бозорларда ваҳимали овозалар тарқатиб, шиа-сунний низоларини мумкин қадар алангалантиришга тиришар эдилар. Бозорда нарх-наво ошиб кетаётганини ҳам шиаларнинг касофатидан кўраётган оми кишилар қизилбошларга нафрат билан қарар эдилар.
Битимдаги шартлар бажарилгандан кейин қизилбошлар юртларига қайтиб кетишга ҳозирлана бошладилар. Уларнинг беш-олтитаси Самарқанднинг Чорсусидаги атлас дўконига совға сотиб олиш учун келди.
Бозор куни. Чорсуда одам жуда кўп. Қизилбош навкарлар етти хил ранг билан товланаётган Самарқанд атласига харидор бўлиб қолишди. Мулла ёқа кўйлак кийган семиз баззозга қараб, тўрт кийимлик атлас кесишни буюришди.
Баззоз ёғоч газни қўлига олди-ю, қизилбош нав-карларга истеҳзоли кўз ташлаб:
— Аввал пулингни кўрсат, — деди. — Ақчанг қандоқа? Танганг?
Катта чўгирма кийган бир йигит чарм ҳамёнидан уч-тўртта кумуш танга олиб, баззозга берди.
Баззоз тангаларнинг олд томонига Шоҳ Исмоилнинг тамғаси орқа томонига шиа имомларининг номи зарб берилганини кўрди-ю, қўрқиб кетди. У сунний муллаларнинг: «Шиа пули ҳаром, уни олган одам чорёрларнинг қарғишига учрайди», деган гапларини эшитган эди. Шунинг учун қўлига тангани эмас, заҳарли чаёнларни олгандай жирканиб ва шошиб тангаларни эгасига қайтарди.
Белига қилич ва ханжар таққан девқомат қизилбош навкар аввал кафтидаги янги кумуш тангаларга, сўнг баззозга таажжуб билан тикилди.
— Не ўлди?! Бу оқчада не иллат ва-ар?
— Бизда бу тангалар ўтмайди. Ҳеч ким олмайди.
— Нечун олмассан? Нечун? — куйиб-пишиб сўради қизилбош навкар.
— Ўтмайди.
— Нечун ўтмас?!
Бу саволга четроқда турган безоринамо бир йигит жавоб берди:
— Келгиндиларнинг пули ҳаром!
— Ҳаром?! — деб қизилбош навкар ҳалиги йигитга қараб интилди. Аммо у йигит ўзини бозор тўла халойиқнинг орасига урди. Шунда дўконлар орасидан кимдир қизилбош навкарга тош отди:
— Рофизийлар, кет юртингга! — деган товуш эшитилди.
Кўзларидан олов чақнаётган иккинчи қизилбош баззоздан таҳдид билан чўзиб сўради:
— Бизим ақчани олмас-са-ан?!
Баззоз энди унинг ғазабидан қўрқиб, мулойимроқ гапирди:
— Олсам, куйгаймен, меҳмон. Биз эски ақчада савдо қилишга ўтганмиз.
— Эски ақча? Шайбонийхоннинг ақчаси керакми?
Ҳозир Самарқанд бозорида чиндан ҳам Шайбонийхон чиқарган тангалар яхши ўтарди. Бу тангаларга суннийлар сиғинадиган чорёрларнинг номи битилган эди. Савдогарлар учун бундан ҳам муҳими — Шайбонийхон тангаларининг вазни оғирроқ, демак, қиймати баландроқ эди.
Шайбонийхон ўлимидан уч-тўрт йил бурун Ҳиротдан то Тошкент ва Туркистонгача бўлган вилоятларда пул ислоҳоти ўтказган, рақибларидан молия соҳасида ҳам устун келиш учун ўз тангаларининг оғирлигини темурийлар чиқарган тангаларнинг вазнига нисбатан бир данг* оширган эди. Шунинг учун ҳозиргача бутун Хуросон ва Мовароуннаҳр бозорларида Шайбонийхон тангаларининг харидори кўпроқ эди. Лекин баззоз ғазаби келиб турган қизилбош навкарига буни очиқ айтмади.
— Шайбонийхон йўқ, ўлган, — деди.
Шу пайт кимдир узоқдан:
— Самарқандни бўшат, келгинди! — деди-ю, дўкон олдида турган қизилбошга кесак отди. Кесак унинг телпагига тегиб ушалди-да, чанги юзига тушди. Халойиқ орасидан аллакимларнинг кулгани эшитилди. Қизилбош навкар эгри қиличини қинидан суғуриб, кесак отган одамни кўзлари билан қидирди, аммо тополмади. Сўнг яна семиз баззозга юзланди.
Сўзининг охирги бўғинини чўзиб сўради:
— Шоҳ Исмоилни ақчасин алмас-сан?
Баззоз унинг қиличидан қўрқиб, титраб гапирди:
— Мен олсам балога қоламен.
Қизилбош яна бир марта:
— Алмасса-ан?! — деб чўзиб сўради-ю, кейин четдан отилган тош ва кесакларнинг аламини ҳам баззоздан олиб унинг елкасига бор кучи билан қилич урди. Ўткир қилич баззознинг гўштдор елкасини бўйнининг олдидан киндигигача кесиб тушди. Шунда иккинчи қизилбош ҳам қиличини яланғочлади-ю, чўккалаб қолган баззознинг бошини бир зарб билан танасидан жудо қилди. Семиз баззознинг бошсиз бўйнидан шариллаб отилган қон дўкон ичидаги атласлар ва ипак матоларга сачради.
Буни кўрган одамлар қий-чув кўтариб, ваҳима ичида қоча бошладилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Б и р д а н г — «олтидан бир» демакдир. Темурийлар тангасининг вазни 4,6 грамм бўлса, Шайбонийхоннинг тангаси 5,2 грамм бўлган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – “энди ҳеч ким шеър ўқимайди”

Рауф Парфи Рауф Парфи хонадони там маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг филиали эди дейиш мумкин. Трактор заводи яқинидаги уйнинг биринчи қаватида жойлашган тўрт хонали ...

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...

Мeҳробдан чаён-танийсанми шу жажжи қизни?

Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида ...