Юлдузли тунлар-58

6

Шиа-сунний низолари бундай қонли тўқнашувларни тобора кўп келтириб чиқараётгани қизилбош бекларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Бобур ўзининг Шоҳ Исмоил билан тузган иттифоқига содиқ эканини уларга қайта-қайта уқтириб, нуфузли бекларга қимматбаҳо саруполар, отлар, олтин-кумуш пуллар инъом бериб, ниҳоят, қиш чилласи чиққанда ўттиз минг қўшинни Мовароуннаҳрдан Эронга жўнатиб юборди.


Шундан сўнг Самарқанд анча тинчиб қолди. Тошкент, Хўжанд, Ўратепа ҳам шайбонийлар ҳукмидан чиқиб, Бобур томонига ўтганлиги ҳақида хушхабарлар келди. Қизилбошларни уч ой давомида боқиш ва қимматбаҳо совғалар билан кузатиш пайтида анча бўшаб қолган хазина ўша шаҳарлардан келган пешкашлар билан яна анча тўлди.
Самарқанд боғлари оқ-пушти бодом гуллари билан безана бошлаган илк баҳор кунларида Бобур бир тўп яқинлари билан отланиб, Улуғбек расадхонаси томонга сайрга чиқди.
Ўнтача қўрчи навкарларни тўриқ қашқа от минган Тоҳир бошқариб бормоқда эди. Оқ отлиқ Бобурнинг икки ёнида Қосимбек билан марғилонлик Хўжа Калонбек. Улардан орқароқда ўтган ҳафта Ҳиротдан келган мавлоно Фазлиддин ювош қора отга миниб ўйчан келмоқда. Ички беклар орасида мунши ҳам, мактаб-мадраса ишлари билан шуғулланувчи бир мударрис ҳам бор. Отлиқлар Обираҳмат ариғига етмай Боғи Майдон томонга бурилдилар. Улуғбек замонида жуда обод ва машҳур бўлган, бундан ўн беш йил олдин ҳам файзлик турган Боғи Майдон шайбонийлар даврида қаровсиз қолиб, ички ариқлари бекилиб кетган, сувсизликдан кўпгина дарахтлар қуриб қолган эди. Икки қаватлик нақшин кўшк — Чиннихонанинг шифтидан томчилар ўтиб ажойиб расмларнинг анчаси ўнгиб кетган эди.
Бобур бунинг ҳаммасини кўриб чиққач, мавлоно Фазлиддинга юзланди:
— Мавлоно, биз сизни Ҳиротдан чорлаб келтирганда янги қасрлар, чорбоғлар қурдириш умидида эдик. Аммо оламга машҳур қадимий обидаларимизнинг бу аҳволини кўриб, ўзингиз ҳам таассуф этсангиз керак!
— Ҳазратим, Улуғбек мирзонинг оламда ягона расадхонаси ҳам мана шу Чиннихона каби ташландиқ аҳволдадир, — деди мавлоно Фазлиддин. — Кеча кўриб кўнглим вайрон бўлди. Олтмиш йилдан бери қаровсиз. Нодир асбоб-олотлари таланган. Деворларидан кошинлари, мармар тошлари кўчириб кетилган. Шу аҳволда ташлаб қўйилса уч ошиёнлик расадхона кўп вақт ўтмай харобага айланур.

— Демак, шошилинч чоралар кўрмоғимиз даркор, жаноб Қосимбек. Бизнинг хос меъморимиз мавлоно Фазлиддин қандай маблағу кўмак талаб қилсалар берайлик, Улуғбек мирзодан ёдгор қолган Чиннихонаю расадхоналар дарҳол таъмир этилиб, аслидек тиклансин.
Қосимбек енгил бир таъзим билан:
— Ҳазратим, амрингизни жоним билан адо этгаймен! — деди. — Чиннихонани таъмирлаш унча мушкул эмас. Боғнинг кўмилиб кетган ариқларини ҳам очгаймиз, гуллар ўстирурмиз.
— Наврўз байрамигача улгургаймисиз? — сўради Бобур. — Бу йилги Наврўз базмини мана шу Чиннихонада ўтказайликми, а, жаноб Калонбек?
Ичкилик базмларини яхши кўрадиган Хўжа Калонбек мамнун жилмайди:
— Доно фикр айтдингиз, ҳазратим! — деди. — Самарқандда боғбонлару наққошлар етарлик.
Ҳамма ҳунарпешаларга мавлоно Фазлиддин саркор бўлурлар. Наврўзгача бу боғ обод қилинмоғи керак.
Мавлоно Фазлиддин қўлини кўксига қўйиб, Бобурга юзланди:
— Чиннихонани тиклаш мумкин, ҳазратим, аммо расадхонани не қилурмиз?
— Уни ҳам тикламоқ зарур, жаноб Қосимбек, — деди Бобур.
Қосимбек расадхонани тиклашдан қўрқарди. Чунки шайхлар сўнгги ўн йилликлар давомида расадхонани динсизлар макони деб лаънатлаб, авом халқни шунга ишонтириб қўйган эди. Агар Бобур расадхонани қайта тиклаб, яна ишга солиб юборса, Улуғбекнинг бошини еган қора кучлар унинг жонига ҳам қасд қилиши мумкин эди. Қосимбек шуни ўйлаб:
— Ҳазратим, ётган илоннинг думини босмайлик, — деди. — Расадхонани таъмирлаганимиз билан унда иш олиб борадиган етук олимларни қайдан топгаймиз? Олтмиш йилдан бери кекса авлод олимлар ўлиб, ёшлари бошқа юртларга кетиб қолмишдир.
— Кетганларини чорлаб келтириш мумкин, жаноб Қосимбек, — деди Бобур ва муншига юзланди: — Бизнинг номимиздан қадағалар битинг.
Мунши дарҳол қўйнидан дафтар-қалам олиб, тикка турган кўйича ёза бошлади.
— Улуғбек яратган фалакиёт амалий илмидан хабардор олимлар Ҳиротдами, Румдами, Табриздами, қаердаки бўлсалар, бизнинг номимиздан уларни Самарқандга таклиф этинг. Расадхонани қайта очмоқчи эканлигимизни, кимда-ким Мирзо Улуғбекнинг буюк ишини давом эттирмоқчи бўлса барча имкониятларни яратиб беражагимизни маълум қилинг. Агар келсалар йўл харажатларини биз зиммамизга олурмиз. Бу қадағаларни элчиларимиз орқали Ҳиротга ҳам, Румга ҳам тезда жўнатмоқ сизга топширилди, жаноб мунши!
Мунши Бобур айтганларини дафтарига ёзиб бўлиб:
— Амрингизни бажаришга дарҳол киришурмен! — дея таъзим қилди-да, Чиннихонадан пастга
тушиб кетди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қудаларни кутиб олиш

7. ҚУДАЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ Кечаги кирган савдогарлардан қудаларнинг бу кун аниқ кириш хабарларини билган эдилар. Нарироқдан кузатиб кириш учун Ҳасанали йўл устига кеткан, ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-4

4. МАРҒИЛОН ҲАВОСИ ЁҚМАДИ Эрталабки чой ҳозирланған. Отабек хомуш ўлтуруб, Ҳасанали эрса унинг ҳолини таъқиб этмакда эди. Орадағи сўзсизлик бир пиёладан чой ичкунча ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...