Юлдузли тунлар-59

Мавлоно Фазлиддин саркор бўлиб, Боғи Майдоннинг кўмилган ариқларини қайта кавлатишда, қуриган дарахтларни олиб ташлаб, ўрнига майса ва гуллар ўстиришда, Чиннихонани таъмирлаб ораста қилишда унча қийналмади — инсоф билан ҳақ тўланса ишлаб чарчамайдиган ҳунарпешалар, боғбон ва деҳқонлар жуда кўп эди. Лекин усталарни расадхонага олиб бориб ишлатиш ва уч қаватли улуғвор доирашакл бинонинг нураган, бузилган жойларини таъмир этиш бениҳоя мушкул бўлди. Тепадан ер қаърига тушиб кетган ярим доира шаклидаги зинапояларга яқин борган усталар худди ҳозир жаҳаннам қаърига қулаб тушадигандек қўрқа бошларди. Диндорлар расадхонани: «Дўзахийлар макони, ким унга кирса жин чалиб, арвоҳ уриб кетади!» деб, аҳолининг катта бир қисмини бунга ишонтириб қўйган эдилар. Улуғбекнинг вафотидан сўнгги олтмиш йил ичида жуда кўп мактаб ва мадрасалар бекилган, саводсиз жоҳил кишилар кўпайиб кетган, уларга мутаассиб шайхларнинг таъсирлари бениҳоя кучайган эди.

Шундай бўлса ҳам мавлоно Фазлиддин ишсиз юрган уста ва коргарлар*га яхши ҳақ тўлаб, дастлабки кунлари элликтача одамни расадхонадаги таъмир ишларига олиб чиқди. Иккинчи-учинчи қаватнинг шифт ва деворларидаги нураган жойларини тузатиш учун ҳавозалар қурилди. Лекин ўша кундан бошлаб расадхона атрофларида жоҳил қаландарлар тўдаси ҳам кўпайиб кетди. Улар давра тортиб, зикр тушиб, «Ҳақ дўст ё олло!»ни муттасил такрорлаб, чорёрларнинг руҳига шак келтирганларини арвоҳ уришини шеърга солиб, «каромат» қила бошладилар. Бу қаландарлар орасида шайбонийзодаларнинг жосуслари ҳам бор эди. Ана шу жосуслардан бири коргар бўлиб ёлланиб, расадхонанинг ичида ғишт ташиб ишламоқда эди. Бу жосус уч-тўрт кун таъмирчилар ичида юриб, уларнинг энг дадили ва Бобур мирзога ихлосманди, қирқ беш ёшлардаги бир кошинкор уста эканини аниқлади. Хонлар жосуси мана шу устани учинчи қаватда ҳавоза устида ишлаётган пайтида киши билмас қилиб ҳавозадан паст-га итариб юборди. Учинчи қаватдан тош уюми устига боши билан қулаб тушган уста ўша заҳоти жон берди.
Кўчаларда зикр тушиб юрган қаландарлар: «Устани арвоҳ урди!», «Худо ғазабини кўрсатди!» деб вайсай бошладилар. Бу фалокатдан сўнг қолган уста ва коргарлар расадхонага келмай қўйишди. Мавлоно Фазлиддин ишга зор бўлиб ярим оч юрган бошқа уста ва коргарларни ёлламоқчи бўлса, нуқул: «Расадхонада ишлаб топилган пул ҳаром эмиш! Борган одамни арвоҳ уриб ўлдирармиш!» деган ваҳимали гаплар эшитар, оми одамлар ундан балодан қочгандай қочар эди…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* К о р г а р — қурувчи ишчи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қашқойилар

Эронда хилма-хил халқлар яшайди. Ана шундай халқлардан бири қашқойилардир. Ушбу кўчманчи турк элати Исфаҳон атрофида (Форс вилояти) ва қисман Хузистонда яшайди. Уларнинг энг ...

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

Шоирларин эъзозлар ҳар юрт

27 ноябр куни Тожикистон Республикаси Суғд областининг Жаббор Расулов туманида шеърият кечаси ташкил этилди. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400