Юлдузли тунлар-62

7

Бундан бир ярим йил аввал Хонзода бегим ёлғиз ўғилчаси билан Балхдан Қундузга келаётганда унинг юрагини титратган номаълум хавф-хатарлар гўё мана шу оғир чекиниш пайтини кутиб ётган экан.


Тун ярмидан ошган эди. Бойсун орқали Ҳисорнинг Қоратоғига чекиниб келган Бобур етти минг аскар ва уғруғи* билан сайҳон бир ўтлоқда тунамоқда эди. Хонзода бегим ўғли ва канизи билан ухлаб ётган ўтов Бобурнинг чодирига ёнма-ён эди.
Саҳарга яқин бирдан тўполон кўтарилди. Хонзода бегим отларнинг тасир-тусир қилиб чопиши ва итларнинг асабий ҳуришидан чўчиб уйғонди. Ғазабли товушлар:
— Ур! Ур!
— Рофизийларни аямай қир! — деб қичқирар эди.
Хонзода бегим сапчиб турди. Ўтов тўрида хира қорачироқ липиллаб ёнмоқда эди. Бегим қаттиқ ухлаб ётган ўғли Хуррамшоҳни қучоқлаб оёққа турғизди.
— Ёғий босди! Ёғий! — деб, ўғлига этигини кийдириб, тўнининг енгига қўлларини тиқаётганда ўтовнинг кигизига алланарса «тарс» этиб урилди. Ёй ўқининг чархланган учи кигизни кесиб ўтди, лекин қаноти кигиз жунига ўралиб туриб қолди. Қўрқиб кетган Хонзода бегим ўғлини бағрига босди.
Бу йил ўн бирга қадам қўйган Хуррамшоҳнинг бўйи онасининг елкасидан ошиб қолган эди. У учи пастга осилиб қолган ёй ўқига қизиқиб қараб турарди.
Ташқаридан Бобурнинг саросимали товуши эшитилди:
— Тўфангандозлар қани? Хўжа Калонбек! Тўфанг отилсин! Қосимбек! Тоҳирбек! Ҳарамга қаранг! Болалар тезроқ олиб чиқилсин! Тўфанг!
Ўша замоннинг чақмоқли милтиғи бўлган тўфанг яқин бир жойда гумбурлаб отилди. Бобур қизилбошлар билан иттифоқ бўлиб орттирган бир нарсаси — ўша даврнинг энг замонавий қуроли бўлган мана шу тўфанглар эди. Ҳали жуда кам тарқалган тўфанглар фақат Бобурнинг хос навкарларида бор эди.
Бир нечта тўфангнинг устма-уст отилгани эшитилди. Хонзода бегим энди сал дадилланиб, ўғлининг тўни устидан бежирим ханжарчаси осилган камарини ҳам боғлатди.
Хуррамшоҳ ўтовнинг бир четига ўнтача ёй ўқи солинган кичкина соқдоғини осиб қўйган эди. Онасининг қўлидан чиқиб шу соқдоғини елкасига осди-да, камонини қўлига олди.
Онасини ваҳимага солган жанг болада қўрқув аралаш мароқ уйғотган эди. У кичиклигидан жанговар руҳ билан ўсган, тезроқ катта бўлиб, урушда ботирликлар кўрсатгиси келар эди. Самарқандда турган пайтларида Хуррамшоҳ Бобур тоғасининг Бухоро томонда қилган жангларига қатнашмоқчи бўлиб, онасининг олдидан қочиб ҳам кетган эди. Лекин Бобур уни бек аткасига қўшиб йўлдан қайтариб юборган эди. Хонзода бегимнинг Бобурга қўйган меҳри ўғлига ҳам юққан эди. Болага дарс берадиган ва ҳарбий машқ ўргатадиган кишилар ҳаммаси Бобурнинг ихлосмандлари эдилар. Хуррамшоҳ онасидан ва мураббийларидан Бобур ҳақида жуда кўп яхши гаплар эшитар, ўзи ҳам тоғасини ҳар кўрганда унга болаларча жўшқин бир меҳр ва ишонч билан қарар эди. У тоғасини оғир аҳволларга солаётган шайбонийзодаларни — гарчи ўзининг Шайбонийхонга ўғил бўлишини билса ҳам — кун сайин ёмон кўриб борар эди. Унинг тасаввурида, ҳозир Бобур қароргоҳига ҳужум қилиб келган, «Ур, қир!» деб қичқираётганлар ҳам ўша кўчманчи султонлар эди. Хуррамшоҳ соқдоғида бор ўқларини тоғасининг мана шу душманларига қараб отгиси келди-ю, ўтов эшигини очиб чиқа бошлади.
— Ҳой, шаҳзода, тўхтанг!
Хонзода бегимнинг кекса канизи югуриб бориб болани камаридан тутди-да, ичкарига тортди. Бола қаршилик қилиб кирмади. Уни узоқда бўлган жангларга юбормаган эдилар. Энди жанг ўзи Хуррамшоҳ ётган жойга етиб келганда яна қўйишмайдими?
— Қўйворинг мени! Ҳазрат тоғойимга кўмак берамен! Қўйворинг!
Бу орада Бобурнинг хос навкарлари тўфанг ота-ота, ёв отлиқларини аёллар ва болалар ётган ўтовлардан узоққа суриб ташлаган эдилар. Тоҳир Хонзода бегимнинг ўтови олдига иккита от етаклаб келди:
— Ҳазрат бегим! Шаҳзода! Тезроқ чиқинглар!
Хонзода бегим сандиқ ва бўғчаларига қаради.
— Кўч-кўронлар қолурми?
— Э, жон омон бўлса, буюм топилур! Чиқинг тезроқ! Ҳазратим буюрдилар!
Хонзода бегим канизи билан чиққунча Хуррамшоҳ отларнинг кичикроқ кўринган биттасига миниб олди.
Осмонда шом еган саккиз кунлик ой бор эди. Шунинг ёруғида оқ ўтовдан беш яшар Ҳумоюнни бағрига босиб чиққан Моҳим бегим кўринди. От устида турган Қосимбек тез энгашиб болани онасининг қўлидан авайлаб олди-да, елкаларини чакмани билан ўради.
Бегимнинг ёнида ўн яшар ўғилчаси Сафарни қўлидан етаклаб келаётган Робия ҳам бор эди. Тоҳир ўғли билан хотинини тез бир бияга мингаштирди.
Қосимбек бошлиқ эллик-олтмишта хос навкарларга аёллар ва болалар минган отларни ўртага олиб, жануб томонга йўналдилар.
Уч томонни ёв ҳалқаси ўраб олган, фақат жануб томон очиқроқ эди. Тўфанг гумбурлаши, ярадор бўлганларнинг додлаши, отларнинг пишқириши ва кишнаши орасидан кимларнингдир асабий бақириқлари эшитиларди:
— Ҳаммамиз шу подшонинг касофатига қолдик!
— Шиаларга сотилиб бизни хароб қилди!
— Йўқолсин Бобур!
— Уруғини қурит! Қир ҳаммасини!
Хонзода бегим ҳеч нарсага тушунолмай ёнида бораётган Қосимбекдан сўради:
— Бу қанақа ёғий?
— Ўзимиздан ўт чиқди, бегим! Бурноғи йил Қундузда шайбонийзодалардан бизга қочиб ўтган мўғул беклари исён кўтарди! Қузғунлар ҳазратимни уйқуда тутиб ўлдирмоқчи эканлар.
Хайрият, Тоҳирбекнинг қўрчилари пайқаб қолибди!
— Фалокат устига фалокат!
— Ҳа, булар биздан икки баробар кўп. Ҳаммаси олдиндан тайёрланиб чиққан! Ўртада юринглар, ўртада!
Шу пайт исёнчи отлиқлар жануб томонга ҳам чопиб ўтдилар. Ўша томондан Бобурнинг овози эшитилди:
— Устод Али! Тўфангандозларни олдинга бошланг! Олдинга!
Тўфанглардан отилган ўқлар жиба ва дубулғаларни бемалол тешиб ўтар, шунинг учун фитначилар тўфанг қаршисида туриш беролмас эди. Бобур тўфанглар ва энг ишонган хос навкарлари ёрдамида ёв ҳалқасини жануб томондан ёриб ўтмоқчи, сўнг Боботоғнинг шарқидаги Ҳисор қалъасига етиб олмоқчи эди. Бироқ фитначи беклар уни қалъага ўтказмоқчи эмас эдилар— улар бу мустаҳкам қўрғонни ўзлари эгаллаш мақсадида исён кўтарган эдилар.
Уч-тўрт марта ўқ отилгандан кейин тўфангларнинг қувурлари қизиб кетиб, иш бермай қўйди. Ёв сафлари шарқ томонда сал сийраклашганини кўрган Бобур Хўжа Калонбек бошлиқ мингтача навкарини ўша томонга ташлади.
Хос навкарлар қуршовида бораётган Хуррамшоҳ гоҳо қиличларнинг бир-бирига шақ-шуқ урилганини эшитиб қоларди. Бу тунги жанг унга жуда қўрқинчли туюлса ҳам у ваҳимани енгишга тиришарди. Тоғасига шундай пайтда суиқасд қилган хоинларнинг ҳеч бўлмаса биттасини соқдоғидаги ўқлари билан отиб йиқитгиси келар эди.
Ёв қуршовини ёриб ўтаётганларида болалар ва аёлларни ўраб бораётган навкарлар ҳам жангга тушишга мажбур бўлдилар. Шунда Хуррамшоҳ уларнинг ёнига кирди-ю, отининг жиловини қўйиб юбориб, камонидан устма-уст учта ўқ отди. Хонзода бегим тунги тўполонда уни бир лаҳза кўздан йўқотиб қўйди. Кейин боланинг навкарлар ёнида ўқ отаётганини кўриб, отини унга томон чоптирди. У ўғлига етиб борган ҳам эдики, қаршидан отилган бир дайди ўқ боланинг ўнг биқинига «шарт» этиб санчилди. Хуррамшоҳ инграб, камонини қўлидан тушириб юборди ва эгардан оғиб туша бошлади.
— Вой, болам! — деб Хонзода бегим қичқириб ўғлига томон интилди.
Тоҳир ҳам шу яқин жойда эди, отидан сирғалиб тушаётган Хуррамшоҳни ушлаб қолди, сўнг уни эгари устига кўтариб ўтқазди.
Бола беҳуш эди. Тоҳир билан Хонзода бегим уни Бобурнинг овози келаётган томонга олиб чопдилар. Бу томонда ёв қолмаган, Хўжа Калонбекнинг навкарлари подшоҳ учун йўл очиб, унинг кетидан ҳарам аҳлини ҳам олиб ўта бошлаган, орқадан таъқиб этишга уринган душманларнинг эса йўлини тўсган эдилар.
Бобур Ҳисор қўрғонидан воз кечиб, Вахш водийси томонга йўл олганини сезган фитначилар уни бошқа таъқиб этмай, орқага қайтдилар ва шоҳона чодирлар ичида эгасиз қолган бойликларни талашга тушдилар.
Тонг ёришиб қолган эди. Бобур ярадор жиянини қўлига олар экан, унинг биқинидан иссиқ қон оқаётганини сезди.
— Табибни чақиринг! — қичқирди у. — Табиб!
Подшоҳнинг хос табиби болани чакман устига ётқизиб, ярасига дори қўйиб боғлади. Хуррамшоҳ ҳамон ҳушига келмас, фақат ўқтин-ўқтин инграр эди.
Унинг биқинига санчилган ўқ ўпка ва қорин оралиғидаги пардани йиртиб, ички аъзоларига ёмон зарар етказган эди. Табиб унга мумиёйи асилдан сув билан ичирмоқчи бўлди. Бироқ беҳуш боланинг томоғидан сув ҳам, дори ҳам ўтмади. Хонзода бегим буни кўрди-ю, боласини қучоқлаб, қичқира бошлади:
— Хуррамжон! Ёлғизим! Хуррамим!
Боланинг кўзлари ола-кула бўлиб бир очилди, ке-йин қорачиқлари тепасига қараб кетди-ю, киприклари ярим юмуқ ҳолда тўхтаб қолди.
Бобур боланинг жон берганини сезди-да, опасини қучоқлаб, жасаднинг тепасидан олиб кетмоқчи бўлди. Лекин Хонзода бегим унинг қўлидан юлқиниб чиқди. Ўғлининг ўлганига ишонгиси келмас эди. У боласини қучоқлаб даст кўтарди-ю, дод солиб, яна уни чақира  бошлади:
— Хуррам! Хуррамжон, қанисан? Қанисан, болам! Болам қани?!
Бобур ҳўнграб йиғлар экан, болани опасининг қўлидан олди-да, яна чакман устига ётқизди. Қосимбек боланинг ярим очиқ қолган кўзларини юммоқчи бўлиб, қошларини силади, киприкларини ётқизишга уриниб кўрди. Лекин киприклар ётмади, мурғак кўзлар ярим очиқлигича қолди. Хонзода бегим ўғлининг ўлганига энди ишонди-ю, ўзининг чаккаларига  мушт уриб йиғлади:
— Сени бу ерларга олиб келмай онанг ўлсин, болам! Сени асраб қололмаган онагинанг ўлсин!!!
Бобур опасининг мушт бўлиб тугилган қўлларини икки қўлига олди-да, юзини юзига қаратди.
— Қарғаш керак бўлса мени қарғанг! — деди. — Сиз яна менинг касофатимга қолдингиз! Ажалда адолат бўлса бу бегуноҳ боладан аввал мен гуноҳкорни олсин эди! Буни икки қилич орасига мен олиб кирдим! Сизларни дину мазҳаб балосига мен гирифтор қилдим!
Қосимбек Бобурнинг елкасидан қучоқлади. У бурноғи йил Қундузда мўғул бекларининг Бобурга қарши фитнаси илк бор маълум бўлганда орага тушиб хато қилганини, бугунги ғилу — ўшанда кесиб ташланмаган яранинг патоси эканини ўйлади:
— Гуноҳкорни изласангиз, ҳаммамиз ҳам айбдормиз, ҳазратим! Дунё ўзи шундоқ яратилган бўлса биз қандоқ қилайлик?!
Хонзода бегим яна ўғилчасининг жасадини қучоқлади:
— Тўйдим бу дунёдан! Бас! Тўйдим! Мени болам билан бирга кўминглар!..
Хуррамшоҳнинг жасадини арчадан ясалган тобутга солиб, шу куни кечгача қўлма-қўл кўтариб бордилар. Кейин уни Помир тоғининг этакларидаги кўкалам бир тепаликка кўмдилару қабри устига оқ байроқча қадаб қўйдилар.
Тирик мурдага ўхшаб қолган Хонзода бегимни бир амаллаб Қундузга, ундан Кобулга олиб кетдилар.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

__________________
* У ғ р у ғ — оила аъзолари, кўчлари.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ғариб кўнгли

Анвар  бошқалар  каби  югурмаса  ҳам  елиб  келар  эди.  Хишткўпрукка  етканда,  катта  сув ёнидаги  ҳужра  эшигида  қўсқи1  пўстунга  ўралиб  турған  қоровул  унинг  олдиға  ...

Жодугар ҳинди

4. ЖОДУГАР ҲИНДИ Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда ...

Зулфия ҳақида сайт яратилади

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ва шоира ижодига бағишланган махсус веб-сайтни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400