Эрта қайтган турналар (қисса)-2

Ўша куни, отаси уни ўзи билан шаҳарга олиб кетишини айтганида у еру кўкка сиғмай юрди. Тоқатсизланганидан, қувонганидан тарс ёрилиб кетгудай бўлди, аммо гап шундаки, у бу ҳакда бировга айтишга журъат қилолмасди. Агар Ажимурот билиб қолса, катта тўполон чиқарди: нега Султонмуротга мумкину, менга мумкин эмас, нега отам уни ўзи билан олиб кетади-ю, мени олиб кетмайди? Шунинг учун ҳам беҳад қувонч ва эртанги саёҳатни кутиш туйғулари укаси олдида қандайдир айбдорлик ҳислари билан қўшилиб кетгандай эди. Нима бўлса-да, бўлажак воқеа ҳақида укалари ва сингилларига айтиб юборишига озгина қолди. Жудаям айтгиси келарди. Аммо отаси ва айниқса онаси бундай қилмасликни қайта-қайта уқтирарди. Майли, кичкиналар у йўлдалигида билишсин. Шундай бўлгани яхши. У ана шу сирни саклаш учун ўзини базўр тутиб қолди. Ўлиб қолай деди сир тутаман деб. Аммо ўша куни у шундай серҳаракат, ҳаммага шундай сертакаллуф, шундай жонкуяр бўлиб қолдики, ҳеч қачон бундай қилмаганди. Ҳамма ишни қилар, ҳаммасига улгурар эди. Бузоқни ҳам жойига элтиб арқонлаб келди, томорқадаги картошкани ҳам чопди, кир юваётган онасига ҳам ёрдамлашди, энг кенжа синглиси Алматой лойга йиқилиб тушганида уни ювинтирди ва яна бошқа ишларни ҳам ўринлатди. Қисқаси, ўша куни у шундай сидқидилдан ишладики, ҳатто онаси ўзини тутиб туролмай бошини чайқаганча пиқиллаб кулиб юборди.


— Мунчалик ўзгариб қолдинг? — деди табассумини аранг яшириб. — Қани энди доим шундай бўлсанг, қанийди-а! Кўз тегмасин, ишқилиб! Балки сени шаҳарга юбормаслик керакдир? Сен ажойиб ёрдамчим бўлиб қолибсан-ку.
Лекин буни онаси шунчаки айтган эди, холос. Ўзи эса хамир қориб йўлга нон ёпар ва ҳар хил егулик ҳозирларди. Ёғни эритиб, уни ҳам йўлга ҳозирлаб шишага солиб қўйди.
Кечқурун бутун оила жам бўлишиб самовар атрофида иссиқ нон ва қаймоқ билан чой ичишди. Жойни эса ҳовлига, ариқ бўйидаги олма дарахтининг остига солишган эди. Отаси кичкинтойлар қуршовида ўтирарди — бир ёнбошида Ажимурот, бошқа ёнида қизалоқлари.
Онаси чой қуяр, Султонмурот эса пиёлаларни узатиб, самоварга кўмир ташлаб турарди. У буларнинг ҳаммасини иштиёқ билан бажарарди. Ўзи эса мудом эртага шаҳарда бўлишни ўйларди. Отаси бир-икки марта у тарафга кўз қисиб имо ҳам қилиб қўйди. Укаси олдида озмунча муғамбирлик қиляптими ахир.
— Хўш, Ажике, — чой ҳўплаб туриб кичик ўғлига юзланди, — Қораёлингни ҳали ҳам минишга ўргатмадингми?
— Йўқ, ота, — шикоят бошлади Ажимурот. — У жуда асов чиқиб қолди. Орқамдан худди кучукдай эргашиб юради. Мен унга овқат бераман, суғораман, бир марта ҳатто мактабимизга ҳам эргашиб борди. Дераза тагида туриб танаффусга чиқишимни кутганини бутун синфимиз кўрди. Аммо ҳеч миндирмайди устига, дарров отиб юборади, шаталоқ отади…
— Уни минишга ўргатиш учун сенга ҳеч ким ёрдам қилмаяптими? — маслаҳат солгандай бўлди отаси гўё ўзини иш билан банд қилиб кўрсатгандай.
— Мен уни ўргатиб бераман, Ажике, — шайланиб тургандай жавоб қилди Султонмурот. — Албатта, ўзим ўргатиб бераман…
— Ур-ей! — деганча ўрнидан ирғиб турди укаси. — Кетдик!
— Қани, жойингга ўтир-чии! — Шаштини қайтарди онаси. — Тек ўтир. Одамларга ўхшаб чой ичиб олинглар, кейин улгурарсизлар.
Гап Ажимуротнинг икки ёшли ёқимтой хўтиги устида борарди. Ўша йили баҳорда уни болаларга тоғаси Нурғози инъом қилганди. Ёзгача хўтик ажабтовур ўсди, кучга тўлди. Узунқулоқни эгарга, ишга ўргатиш учун минишга кўниктириш вақти келган эди. Ахир хўжаликда эшак доимо, ҳали тегирмонга, ҳали ўтин-чўпга, ҳали майда-чуйда нарсаларга дегандай керак бўлиб туради-да. Шунинг учун ҳам Нурғози тоғаси унга совға қилганди. Аммо биринчи кунданоқ Ажимурот эшакни ўзиники қилиб олди. Ўжар, тўполончи бола эшакка шундай ғамхўрлик қила бошладики, бирор кишини унинг яқинига ҳам йўлатмас эди. Сал нарсага, хўтигимга тегманглар! Мен уни ўзим боқаман, ўзим суғораман, дерди. Бир марта ана шу хусусда ака-ука уришиб қолишди. Онаси каттасини жазолади, чунки кичиги ундан мушт еган эди-да. Ўшандан буён Султонмуротнинг алами ичида эди. Хўтикни минишга ўргатиш пайти келганда у ўзини четга олди: модомики сеники экан, ўзинг ўргат минишга, мени тинч қўй, ишим йўқ. Худди шундай ишларда устаси фаранг бўлганига қарамай, чап берди. Болалигидан унинг кўзи пишиб, эпчил бўлиб қолганди. Асовларни итоат қилдиришни яхши кўрар эди. Бу ҳам худди кураш — ким-кимни бўйсундиришдай гап. Қўшниларнинг барча тойчоқларини, буқалари-ю хўтикларини ҳамиша у ўргатарди. Ёш ҳайвонларни одатда эпчил болалардан бири ўргатади минишга. Катталарнинг вазни, оғирлиги, йўл қўймайди бунга. Одамлар Султонмуротга одатда ҳурмат билан шундай илтимослар қилиб келишарди: «Султонмуротжон, вақтинг бўлса бизнинг буқани ўргатиб берсанг». Ёки: «Султаке, азизим, бизнинг ҳангининг бир ақлини киритиб қўй. Елкасига пашшани қўндирмайди, тишлаб ўзини ҳар ёққа отгани-отган».
Бу ишда у ана шунақа таниқли бўлиб қолган эди, аммо ўз укасига йўқ дерди, бунинг устига, бир-икки марта укаси ардоқли эшагидан йиқилиб пешонаси ғурра бўлганида кулиб мазах қилиб, унинг жиғига тегди:
— У орқангдан худди итдай чопиб юради! Сен ҳали кунингаи кўрасан ундан!
Эҳ, укасини ранжитиб қандай номаъқулчилик қилган экан-а. Фақат отаси ишора қилгандан кейингина тушуниб етди. У мана шунақа тентакнамо эди, укалари олдида ярашмаган қилиқларни қилиб юрарди. Мана энди, шаҳарга борадиган бўлганида, укаси буни билмайди, виждони шундай қийналдики, ҳатто шу заҳоти унинг олдига бориб кечирим сўрашга, нима деса шуни бажаришга тайёр эди.
Чой ичиб бўлишгач, отаси билан томорқалари ортидаги ўтлоққа йўл олишди. Аввал атрофдаги ҳамма тошларни териб олиб нариги ёққа ташлади. Кейин Қораёлни — Ажимурот ўз эшагини тантанавор қилиб шундай атарди — жиловлашга олиб келишди. Отаси Қораёлни қулоқларидан ушлаб турганида Султонмурот эпчиллик билан унга нўхта урди.
Кейин иштонини яхшилаб кўтариб олди. Ахир осон ишга бел боғламаган эди-да. Шу ернинг ўзидаёқ цирк томошалари бошланди. Ажимуротнинг қўли остида эркин юрган Қораёл ёмон қилиқ чиқариб олишга улгурган экан. Дарров шаталоқ отиб, орқа оёқларини кўтариб, ўзини ҳар ёққа ота бошлади. Узунқулоқ чавандозни эгардан улоқтириш ҳавосини олган эди.
Аммо ҳеч нарса қилолмади. Султонмурот йиқилар, аммо дам ўтмай яна ўрнидан туриб олар, қорни билан Қораёлни устига ётиб олиб, кейин яна бир ҳаракат билан унинг белига миниб оларди. Эшак бўлса яна бўйсунмас, яна йиқилиш, яна миниш давом этаверарди.
Буларнинг ҳаммасини Султонмурот чапдастлик ва ҳатто қувонч билан бажарарди. Ҳамма гап йиқилишни билишда! Нима учун одамлар отдан ёки туядан кўра эшакдан ёмон йиқиласан, дейишади? Аксинча эмасми ахир. Сир шундаки, йиқилаётиб қўл билан тушишга улгуриш керак. Отнинг баландлиги, туянинг ундан ҳам баландлиги йиқилаётган кишининг мўлжал олиб улгуришига имкон беради. Эшакдан тажрибасиз чавандоз қопдек «гуп» этиб қулаганини ўзи ҳам билмай қолади…
Буни Султонмурот ўз тажрибасидан биларди. Бунинг учун ташвиш қилишнинг ҳожати йўқ эди. Шовқин солишиб, хурсандчилик қилишиб, қий-чув кўтаришди. Отаси қорнини ушлаб, ичаги узилгудай куларди. Шовқин-суронни эшитиб болалар келиб қолишди. Уларнинг ичида кимнингдир кучуги ҳам бор экан. У ҳам тўс-тўполонни кўриб, ўзини иштирок этиши керак деб ҳисоблагандай вовуллаб, Қораёлнинг кетидан қува кетди. Эшак бўлса қўрққанидан шаталоқ отди, Султонмурот эса ҳамманинг ҳавасини келтириб худди осоавиахимовчиларга ўхшаб чавандозлигини кўрсата кетди. У чопиб бораётган Қораёлнинг устидан сакраб тушиб яна миниб олар эди.
Урушдан олдин осоавиахимовчи — отлиқ аскарлар қишлоқ Совети олдидаги ўтлокда мана шундай машқ қилишар эди. Овулларидаги йигитларнинг бари эса ишдан кейин машқ қилишарди. От устида чопиб бораётиб новдаларни кесиб ташлашарди. От устидан йўл-йўлакай ўзларини пастга отиб яна миниб олишарди. Уларни значоклар билан такдирлашарди. Бу занжирли, винт билан бураб қўйииадиган жуда чиройли значоклар эди. Болаларнинг роса ҳаваси келардида. Улар осоавиахимовчилар машқини томоша қилгани доимо чопқиллаб келишарди. Ўша йигитлар ҳозир қаерда юрган эканлар-а? Отлардами ёки окоплар ичидамиканлар? Отлиқ армия ҳозирги урушда керак бўлмайди, дейишяпти…
Султонмурот дераза ташқарисига қаради-ю, отлар қишда совқотишади, танкларга эса совуқ ҳам писанд эмас, дея ўйлади. Лекин барибир отдан яхшиси йўқ!
… Роса томоша бўлган эдида ўшанда. Тез фурсатда Қораёл тинчиб қолди. Ўзидан нима талаб қилишаётганини тушунди: одимлаб, йўрғалаб, даврани айланиб юра бошлади…
— Энди миниб ол, — укасини чақирди Султонмурот, — чу, де, ҳаммаси жойида!
Юзлари фахрдан ёнган Ажимурот, товони билан Қораёлни тепиб у ёқ-бу ёққа чоптира бошлади — унинг қандай абжир акаси борлигини ҳамма кўриб турса-ю, мақтанмай бўладими!
Кеча ёруғ бўлиб, узоқ вақт қоронғилашмай турди. Улар уйга ҳориб-чарчаб, аммо мамнун бўлиб қайтишди. Ажимурот онасига кўрсатиш учун Қораёлни миниб, ҳовлига кириб борди. Шундан кейин у ҳеч нимадан шубҳаланмай дарров ухлаб қолди. Султонмурот эса сира ухлаёлмасди. Эртага шаҳарда бўлишини, у ерда нималар кўришини-ю, ўзини нималар кутаётганини ўйларди. Кўзи уйқуга кетаётиб, отасининг онаси билан паст товушда суҳбатлашаётганини эшитиб қолди.
— Ўзимга қолса унисини ҳам олиб кетардим, иккалови бўлса яна қизиқроқ бўларди, — деди отаси, — фақат жой йўқ-да, бу шайтон аравада. Энг олдинда, бочкаларнинг устида ўтирасан. Йўл бўлса узоқ, болакай мудраб ғилдирак остига тушиб кетиши мумкин.
— Нималар деяпсан! — қўрқиб кетди онаси, — худо кўрсатмасин, бу ҳақда ўйлаб ўтирма, кераги йўқ. Кейинроқ бир кун олиб борарсан. Сал катта бўлсин. Сен аввал унисига эҳтиёт бўл. Катта бўлиб қолди дейсан, қаёқда ҳали…
Султонмуротни ширин уйқу элтган эди, ота-онасининг паст овоздаги суҳбатини тинглаш ҳам марокди, эртага эрталаб, саҳар туриб отаси билан йўлга тушишини ўйлаш ундан мароқли эди… Кўзи илинаётганда эса юраги орзиқиб, учиш шундай завқли эканлигини ҳис қиларди. Қизиқ, у учишни қаердан ўрганди? Юрмоқ, чопмоқ ва сузмоқ одамларга хос-ку. У бўлса учиб юрибди. Қушга ҳам ўхшаб эмас. Қушлар қанотларини силкитишади. У бўлса қўлларини ёзди-ю, бармоқлари учини қимирлатди, холос. Учганда ҳам бир текис, эркин учди, қаердан ва қаерга бориши номаълум, сокин ва «кулиб» турган бўшлиқда учиб юрарди… Унинг ё руҳи учарди, ёки туш кўрарди.
— Тур, Султонмурот, йўлга тушамиз, — дея отаси елкасига қоқиб секингина қулоғига шивирлаганида у қўққисдан уйғониб кетди.
Ўрнидан сакраб тураркан, бир лаҳза отасининг қулоғига тегиб турган дағал мўйлови, ўзига қарата айтган сўзлари падари бузрукворига нисбатан қат-қат меҳр, миннатдорлик туйғуларини жўш урдириб юборганлигини ҳис этди. У ўшандай бир кун келиб отасининг соқоллари юзига тегишини, худди ўшандай «тур, Султонмурот, йўлга тушамиз», — деган сўзларини қўмсашини ҳали билмас эди.
Аллақачон ўрнидан турган онаси ўғлига ювилган кўйлак бериб, отаси ўтган йили Чуй каналидан олиб келган каттароқ кўк, худди бошлиқларникидай фуражкани бошига кийгизиб қўйди. Асраб қўйилган ботинкаларни ҳам отаси каналдан олиб келганди.
— Қани, кийиб кўр-чи, қисмайдими? — деди онаси ботинкаларни тутиб.
— Йўқ, қисмаяпти, — деди Султонмурот оёғини сал-пал қисаётганига қарамай. — Ҳечқиси йўқ, кенгайиб кетади ҳали.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-34

5 Тоҳир кечаси билан ухламай югуриб-елиб юрган бўлса ҳам ғалабанинг шодлигидан чарчаганини сезмас, фақат қорни очқаб, Самарқанднинг новвойлик ва ошпазлик расталари дам-бадам ...

Мeҳробдан чаён- хайрихоҳ бир одам

Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди: — Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат! Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган ...

Унутолмаса нима қилсин?

9. УНУТОЛМАСА НИМА ҚИЛСИН? Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилондан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирған жодусининг ҳинд сиҳрини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400