Эрта қайтган турналар (қисса)-4

Иккинчи боб

Кулги хонасига у уч марта кирди. Мириқиб кулиб, ўзини тўхтатиб олгач, яна қийшиқ ва мўжизакор ойналар олдига борарди. Ана башара, ана сенга найранг! Бир умр ўйлаб, минг қил, юз қил, барибир ўйлаб тополмайсан!


Таниш чойхоначига кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлаб аравасини қолдиргач, отаси уни бозор айлантиргани олиб кетди. Аввалига отасининг шу ерлик ўзбек ошналари билан салом-алик қилишди. «Ассалому алайкум! Мана бу менинг катта ўғлим!» — таништирди Бекбой уни. Ўзбеклар ўрнидан туришиб ва қўлларини кўксига қўйиб, Султонмуротга юзланишди. «Дилкаш халқ! — деди отаси унга. — Ўзбеклар сенинг катта-кичиклигингга қарашмайди, доим иззат қилишади…» Кейин савдо расталарига, магазинларга, энг муҳими, ҳайвонотхонага боришди. Одамлар орасида туртиниб-суртиниб юриб ҳамма қафасларни ва хоналарни кўриб чиқишди. Фил, айиқлар, маймунлар — нималар йўқ эди дейсиз…
Ҳаммасидан кўра Султонмурот кулранг, майсалари сарғайиб қолган тепаликка ўхшаган баҳайбат, гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига ошрлигини ташлаб, хартумини ўйнатиб турган филни ёдида сақлаб қолди. Вой-бў! Одамлар тўпланишиб филга термилишиб турар ва ҳар хил гапларни айтишарди. У сичқондан қўрқар эмиш. Жиғига тегмаслик керак эмиш, худо кўрсатмасин, занжирларини узиб юборса, бутун шаҳарни майда-майда қилиб юборар эмиш. Ҳаммасидан ҳам Султонмуротга бир ўзбек чолнинг ҳикояси ёқиб тушди, у филни дунёда энг ақлли ҳайвон, деди. Хартуми билан ўрмон ишларида баҳайбат ёғочларни кўтариш билан бирга атрофда каттароқ кишилар бўлмаса, яна ўша хартуми билан ёш болага илон ёки бошқа бирон-бир хавф таҳдид қилгудай бўлса, уни ердан даст кўтариб олармиш.
Бунақанги ҳикоя отасига ҳам маъқул бўлди. У ҳайратланиб тилини такиллатиб қўяр ва ҳар сафар ўғлига дерди: «Эшитдингми? Дунёда қандай мўжизалар бор-а!».
Албатта, кулги хонаси ҳам эсида қолди. У ерда ўз устингдан хоҳлаганингча кулаверасан…
Султонмурот бир неча қатор нариги партада ўтирган Мирзагулга назар солиб олди. «Сени ўша кулги хонасига олиб борсамиди! — деб ўйлади завқ билан. — Дарров бошқача бўлиб қолардинг, соҳибжамол! Ўзингни ўша ойнада кўрардинг-у такаббурлигингдан нишон қолмасди». Аммо у шу заҳотиёқ ўз фикрларидан уялиб кетди. Нега у ҳадеб қизга осилаверади, нима ёмонлик қилди унга? Қиз деса қиздай, соҳибжамол, синфдаги ҳамма қизлардан чиройли. Нима қипти, бу гуноҳми? «Ёмон» олган кунлари ҳам бор.
Муаллима дарс пайтида бир куни унинг ойнасини олиб қўйди. Ҳали севишишга эрта деди. Мирзагул уялганидан қип-қизариб кетди, йиғлаб юборишига сал қолди. У бўлса қизни ўйлаб, нимагадир хафа бўлиб кетди. Нима бўпти, ойна, эҳтимол бехосдан унинг қўлига тушиб қолгандир…
Қиз тарафга яна бир қараб, Султонмуротнинг унга раҳми келиб кетди. Мирзагул кўкариб, совукдан ғужанак бўлиб ўтирар, кўзлари намли ялтирарди, балки у йиғлаётгандир. Ахир унинг отаси ҳам, акаси ҳам фронтда… Султонмурот бўлса унинг ҳақида ёмон ўйларга бориб юрибди. Эҳ, тентак, чиндан ҳам тентак.
Синфдагиларнинг кўпчилиги шамоллаганларидан йўталишяпти. Балки у ҳам йўталиб кўрар? У титраб, эгилиб-букилиб атайин йўтала бошлади. Нима қипти, ҳамма йўталяпти-ку, унинг қаери кам улардан? Инкамол опа унга маъноли қараб қўйди-да, яна тушунтира кетди.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хон кўнгил очмоқчи

Қавс  ойи1  кирган  бўлса  ҳам,  ҳаво  мўътадил,  кун  жумъа  эди.  Ўрда  боғиға  сув  сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? самарқанд ii (давоми)

 Алвидо: мен бутун оламни забт этдим.                            Эдгар Аллан По, “Буюк Темур” китобидан. Жомбой билан Самарқанд оралиғи 3 дақиқалик йўл. Яъни 6 километр. Биз ...

Чингиз айтматов:қиёмат 33-қисм

Мана энди улар Авдий Каллистратовни суд қилишарди. Улар деганимиз — беш ароқхўр — Обер-Кандалов,  Мишаш,  Кепа,  Гамлет-Галкин  ва  Абориген-Узуқбой.  Тўғрироғи,  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400