Эрта қайтган турналар (қисса)-6

Тўртинчи боб

— Султонмурот, сенга нима бўлди? — Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси олдига келгандагина пайқади.
— Ўзим. Ҳеч нима, — гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан турди.
Синф ҳамон совуқ ва жимжит эди. Болаларнинг одатдаги йўталлари аралаш ҳиринг-ҳиринг кулгани эшитилди.
— Гоҳ беҳудадан беҳудага йўталинг тутади, гоҳ берилган саволни эшитмай қоласан, — деб қўйди норозилик билан Инкамол опа совукдан елкалари қунишиб. — Бор, яхшиси, похол олиб келиб, печкага ўт ёқ.
Султонмурот шуни кутиб тургандек, дарҳол ишга киришди. Ахир бунақа топшириқ дарс пайтида доим бўлавермайди-да. Навбатчилар танаффус пайти похол олиб келиб печкани ёқиб қўйишади-ю, аммо дарс вақтида бунақаси камдан-кам бўлади.
У отилиб ташқарига чикди. Юзига қор аралаш шамол урилди. Эҳ, Сейлон эмасда бу ер! Ҳовли этагидаги похол сақланадиган омбор томон чопиб кетаётиб, отдан тушаётган колхоз раиси Тиналиевни кўриб қолди. У фронтдан ярадор бўлиб қайтган. Ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб юради. Бир неча қовурғаси йўқмиш. Парашютдан ташлайдиган десантчилардан экан. Урушгача агроном бўлган, дейишади. Аммо буни Султонмурот негадир эслолмайди. Урушдан олдин ҳамма нарса худди бир дунёга ўхшайди, шунинг учунми, урушдан бурунги ҳаётнинг бўлганлигига ишонмайсан ҳам…
Султонмурот бир қучоқ похол кўтариб, эшикни оёғи билан туртиб очганча синфга кириб келди. Болалар бирдан жонланиб, шивир-шивир бошлашди.
— Тинчланинг, алаҳсиманглар! — улардан талаб қилди Инкамол опа. — Султонмурот, шовқин кўтармай ишингни қилавер.
Печка ичида похол кули учқунлаб турарди. Ўша учқунга бир тутам похол солиб тутатди. Яна қайта-қайта похол тутамидан ташларкан, печка гувиллаб ёниб кетди. Похол ташлаб туришга улгурсанг бўлгани. Синф хонаси жонланиб қолди.
У орқасига ўгирилиб қарагиси, кимгадир афтини бужмайтириб кулдиргиси ва, айниқса, орқа партада ўтирган Онатойга мушт ўқталиб пўписа қилгиси келарди. Кўряпсизми, у синфда энг каттаси, ўн беш ярим ёшда, уришқоқ, бунинг устига, Мирзагулга тегажаклик ҳам қилади. Қани энди, унга тилини кўрсата олса эди. Ма сенга, ма, деб! Аммо бундай қилиш мумкин эмас, муаллималари қаттиққўл. Ҳа, уни ортиқча хафа қилишни хоҳламайди. Нимагадир кейинги пайтларда унинг ёлғиз ўғлидан хат йўқ. Ўғли командир, артиллериячи. У билан жуда фахрланади. Қандайдир хунук воқеа содир бўлиб, эри урушдан олдин қайгадир ғойиб бўлган. Одамлар ҳам бу ҳакда ҳеч нарса гапиришмайди. Шунинг учун ҳам у овулга келиб ўқитувчилик қиляптида. Ўғли Жамбулдаги педагогика билим юртида ўқиб юриб, ўша ердан фронтга кетди. Деразадан отлиқ почтальонни кўриши билан Инкамол опа болалардан бирини тўғри дарсдан чиқариб хатга чоптирарди. У эса югуриб ҳовлига чиқади-ю, агар хат бўлса ўзида йўқ шод қайтади. Ҳатто келгуси сафар муаллиманинг хатини олиб келиш учун навбат белгиланган.
Хат келган кунлари байрам бўлиб кетади! Инкамол опа турган жойидаёқ хатга тезгина кўз югуртириб чиқиб, қоғоздан бош кўтарганида синфда гўё бошқа муаллима пайдо бўлиб қолгандай бўлади. Тутам-тутам оқ аралашган сочларини рўмоли остига чиройли қилиб бостириб олган муаллиманинг шундай қувончга тўлганида хотиржам туриш, унинг кўзларида ёш кўринганида юрагинг ачишмаслиги мумкин эмас.
— Ҳаммаларингга салом, болалар, каттакон салом! Оғаларинг соғ-саломат экан. Жанг қиляпти, — дейди у суюнаётганини бутун синфдан яширолмасдан қалтироқ овозини босиб. Барча унга талпиниб, гўё бу қувончни баҳам кўрадигандай чеҳраларига табассум ёйилади. Бироқ бир озгинадан сўнг ўзи шундай дейди: — Энди, болалар, машғулотимизни давом эттирамиз.
Ана шундагина дарснинг энг ажойиб, энг яхши онлари бошланади: унинг сўзлари таъсир кучини оширади, фикрлари фикр туғдиради, у нима ҳақда гапирса, тушунтирса, исбот қилса, ҳаммаси ўқувчиларнинг аклу юрагига жо бўлаверади. Унинг илҳоми жўшади-ю, бутун синф сеҳрлангандек жим ўтиради…
Кейинги кунларда унга нимадир тинчлик бермасди, безовта қиларди… Шунинг учун бўлса керак, синфга илмий мудир ҳамроҳлигида колхоз раиси Тиналиев кириб келганда Инкамол опа астагина доска томон чекинди. Сўнг болаларга юзланиб истар-истамас деди:
— Ўринларингдан туринглар, болалар. Султонмурот, сен жойингга бор.
Султонмурот печка оғзини бекитиб, дарҳол ўз жойига йўналди. Келганлар саломлашдилар.
— Салом! — дея жавоб берди уларга бутун синф. Ўртага сергаклантирувчи жимлик чўкди. Ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам.

— Бирор воқеа юз бердими? — дея сўради Инкамол опа бўғилиб.
— Ҳеч қанақа ҳодиса юз бергани йўқ, Инкамол опа, — дея уни дарҳол тинчлантирди Тиналиев. — Мен бошқа иш юзасидан келган эдим. Болаларга гапим бор. Дарс пайтида кирганим учун кечиринг, ижозат берган эдилар, — деди у кекса илмий мудир томонга ишора қиларкан.
— Ҳа, муҳим гап бор, — деб таъкидлади илмий мудир ҳам, — ўтиринглар, болалар.
Синф дув этиб ўтирди.
Тиналиев яқингинада — кузда фронтдан келганидан бери раислик қилаётган бўлсада, уни ҳамма биларди, ўзи ҳам бу ерда ўтирганларнинг деярли барчасини танийди. Демак, танишиш учун келмаган. Бўлма-са, нега келади? Еттинчи синф ўқувчилари — овулда кўзга кўриниб қолганлардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар қайсиси билан қишлоқнинг ҳар бир жойида, уйда ҳам, идорада ҳам, йўлда ҳам гаплашиш мумкин. Аммо раиснинг биринчи марта болаларга муҳим гап айтиш учун атайлаб мактабга келиши эди. Нима демоқчи, қанақа янгилик бор экан? Ёзнинг йўриғи бошқа, ҳаммалари колхозда ишлашарди, лекин ҳозир қандай гап бўлиши мумкин?
— Гап бундай, — деб сўз бошлади Тиналиев болаларнинг сергак юзларига диққат билан боқиб. У бир томонга қийшайиб тургани кўзга ташланмаслиги учун қаддини тик тутишга ҳаракат қиларди. — Мактабингиз совуқ, аммо сизларга похолдан бошқа нарса билан ёрдам беришга ожизман. Похол бўлса, ҳаммага маълумки, гур этиб ёнади-ю, ўчади. Илгарилари мактабни иситишга бериладиган таппини аввалига тоғдан орқалаб тушиб, кейин араваларга ортиб келинарди. Ўтган йили бу иш билан шуғулланишга одам ҳам, вақт ҳам бўлмади. Ҳамма фронтда, биласизлар. Мен икки тонна кўмирни яшириб қўйганман. Лекин бу кўмир темирчиларга керак. Кўмирни ҳам, темирни ҳам чайқовчилардан сотиб олдим. Пайти келиб улар билан ҳисоблашармиз. Ҳозир эса шароит оғир. Утган йили икки юз гектар ерга кузги буғдой сеполмай қолдик, улгуролмадик. Ҳеч ким айбдор эмас. Уруш… Бироқ ҳамма жойда, ҳамма колхоз-совхозлар бизга ўхшаб ҳосилни вақтида йиғиштиролмаса, уруғликни сепиб улгуролмаса, ишни тугаллай олмаса, унда душманни қандай енгамиз? Уларни енгиш учун нон ҳам, снаряд ҳам керак. Шу туфайли олдингизга келдим, болалар, ораларингизда баъзи ировларингизга ўқишни вақтинча қўя туришларингизга тўғри келади. Ҳозир дам ғанимат, уловни баҳорги шудгорга тайёрлаш керак, от-уловларимизга эса қараб қўрқиб кетасан — рамақижон. Эгар-жабдуқни шай қилиш керак, улар ҳам илма-тешик бўлиб кетган, плугларни, сеялкаларни ремонт қилиш зарур, бари қор тагида ётибди… Бу гапларни айтаётганимнинг сабаби нима дерсизлар. Кузда эколмай қолган ерларимизга лалми экайлик дейман. Буни қандай бўлмасин, фронтча қилиб айтганда, сўзсиз бажариш керак! Бу эса пландан ташқари, ўз кучимиз билан қўшимча икки юз гектар майдонни ҳайдаб, баҳори ғалла экиш деган сўз. Икки юз гектар!! Тушуняпсизларми? Аммо қани ўша куч, кимга суянайлик? Биз яна шундай қилишга қарор қилдик: ўзимизда борларидан, баҳорги мавсумга тайёрланаётганлардан ташқари, қўшимча равишда, икки тишли плугчилар бригадаси тузамиз. Ўйлаб, чамалаб кўрдик. Бу ишга хотин-қизларни жўнатолмас эканмиз. Ораси узоқ, Оқсойда. Одам йўқ. Ахийри, сиз ўқувчилардан ёрдам сўрашга қарор қилдик…
Баджаҳл ва тунд, армиядан кийиб келган кулранг шинелини ечмай, кулранг қулоқчинда доим дийдираб юрувчи, ташвишдан юзлари жиддий, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга қийшайиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қараманг, елкасига дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев ана шундай деди…
Раис Тиналиев география харитаси осиғлиқ мактаб доскаси ёнида турганча одамлару бутун замин-у денгизларни, жумладан, Цейлон, Ява, Суматра, Австралия сингари ёғ ичиб, яланғоч ётадиган ажойиб-ғаройиб иссиқ ўлкаларни ҳам сиғдира олган ўша харита олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
Иситишдан кўра ивирсиғи ортиқ похол ёқиб илитилаётган мактабда раис Тиналиев ана шу алфозда сўзлар эди. У узоқ Оқсойдаги юзлаб гектар қўшимча ерларга фронт учун баҳори ғалла экиш ҳақида гапираркан, унинг оғзидан ҳовур чиқиб турарди…
Ҳа, раис Тиналиев ана пгундай деди…
Ташқарида ҳамон қор бўралаб, тирқишлардан ғўриллаганча совуқ ел кирар, симёғочга қантариб қўйилган, ҳурпайган отнинг шамолда депсиниб, бошини панага олишга интилаётгани Султонмуротга кўриниб турар эди. Шамол отнинг ёлларини тўзғитар, ингичка думини бир ёнга итқитар эди. От бечора совқотган бўлса керак…
Ҳа, бу ер Сейлон эмас…
— Яхши кунда мен сизларни ўқишдан қолдирармидим, — деди Тиналиев. — Бошқа илож йўқ. Ўзларинг ҳам тушунишларинг керак. Урушдан кейин, балки омон бўлсам, мен ўзим сизларни мактабга бошлаб келиб, ўқишни давом эттиришларингни илтимос қиламан. Ҳозир эса аҳвол мана шунақа…
Кейин илмий мудир сўзлади. Сўнгра яна Тиналиев гапирди. Охири синф жонланиб кетиб, болалар қўл кўтариб: «Мен бораман, ишлашга мен ҳам бораман», — деб чуғурлаша бошлаганларида Тиналиев дарҳол аниқлик киритди:
— Кимда-ким раисга, ҳар қандай ўқувчи ҳам бўлаверади, деб ўйласа, адашади. Кимки ёмон ўқиган бўлса, у ёмон ишлайди. Иккинчидан, яхши ўқийдиган ўқувчининг кейинчалик етиб олиши осон бўлади. Мана сен, Султонмурот, синфдагиларнинг энг каттасига ўхшайсан…
Болалар шовқин кўтаришди:
— Ичимизда энг каттамиз Онатой. Яқинда ўн олтига киради!
— Мен ҳозир ёшини айтаётганим йўқ. Бўй-басти ҳақида гапиряпман. Муҳими, бу ҳам эмас. Мана сен, Султонмурот, — деб яна унга юзланди раис. — Сен ўтган йили полизда ер ҳайдагансан-а, шундайми?
— Ҳа, — дея жавоб қайтарди Султонмурот ўрнидан туриб. — Орол кўчасида ер ҳайдаганман.
— Икки тишли, тўрт от қўшилган плугдами?
— Ҳа, икки тишли, тўрт от қўшилганида, лекин мен фақат ёрдам берганман, холос. У Сартбойнинг плуги эди, уни ўша кунлари армияга олишган, экин пайти эса ўтиб кетаётган эди. Чекиш оқсоқол кўмаклашишни илтимос қилди.
— Биламан. Шунинг учун ҳам гапни сендан бошладимда, — деди раис.
Ҳамма ялт этиб Султонмуротга қаради. У Мирзагулнинг ҳам тикилиб турганини кўрди. Мирзагул унга бошқаларга қараганда ўзгача нигоҳ ташлади. Гап ўзи ҳақида бораётгандек, қизариб кетди. Бундан Султонмурот ўнғайсизланиб, юраги дукиллаб ура бошлади.
— Мен ҳам полизда ер ҳайдаганман! — дея ўтирган жойидан бақирди Онатой.
— Мен ҳам, — дея қўшиб қўйди Эркинбек. Яна кетма-кет овозлар эшитилди.
Тиналиев болаларнинг жим бўлишларини илтимос қилди.
— Келинглар, болалар, навбат билан гапирайлик. Бу ерда муҳим иш ҳақида гап кетяпти. Гапни ўқишдан бошлайлик. Сенинг ўқишинг қалай? — дея у яна Султонмуротга юзланди.
— Унчалик эмас, — деди Султонмурот.
— Нимаси унчалик эмас?
— Унчалик ёмон эмас.
— Яхши ҳам эмас, — деб қўйди шу пайтгача жим ўтирган Инкамол опа. — Мен унга сен бундан кўра яхшироқ, юз марта яхшироқ ўқишинг мумкин, деб доим айтаман. У жуда қобилиятли. Лекин ҳамма бало шундаки, калласи бўлмағур хаёллар билан банд бўлаверади.
— Ҳа-а, — деди раис ўйчанлик билан. — Мен умид қилган эдимки… Ҳа, майли. Сенинг отанг фронтда. Унинг учун ош-нон етказиб берадиган пайтинг келди. Сенинг ўқишинг-чи, Онатой?
— Меники ҳам шунақа, — деди Онатой хўмрайиб ўрнидан тураркан.

— Бундан чиқди, бир-бирларингиздан қолишмас экансиз-да, — деди кулиб Тиналиев, бир оз индамай тургач, пгундай деди: — Мактабга яна қайтганларингда ўқишнинг қадр-қимматини чуқурроқ тушуниб оласизлар. Биламан, ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. Сал нарса бўлса, бор-е, ишлайман, дердик. Фақат ишлаш учунгина яшайдими одам? Сен нима деб ўйлайсан, Онатой?
Онатой нималардир деб изоҳ бермоқчи бўлди-ю, аммо кейин ростига кўчиб қўя қолди:
— Билмадим.
— Мен ҳам кўп гапни билмайман, — деди Тиналиев, — бироқ уруш бўлмаганда ўқишга борардим, яна ўқиган бўлардим…
Синфдаги болалар ошкора кулиб юборишди. Кулгилида, кап-катта одам, колхоз раиси бўлса-ю, яна ўқимоқчи эмиш. Уларнинг эса ўқиш жонларига теккан.
— Бунинг нимаси кулгили? — деб жилмайди Тиналиев. — Ҳа, болалар, мен ўқишни жуда хоҳлардим. Буни сизлар ҳам кейинроқ тушуниб оласизлар.
Шунда кимдир пайтдан фойдаланиб унинг сўзини бўлди:
— Раис амаки, самолётдан сакраганингиз ростми? Тиналиев бош ирғади.
Бола тағин савол ташлади:
— Вой-бўй! Қўрқмадингизми? Мен бир марта тамаки омборининг томидан пичан ғарамига сакраганимда тиззаларим қалтираб кетган!
— Ҳа, сакраганман. Фақат парашут билан, — деб тушунтирди Тиналиев. — Бу гумбазга ўхшаган нарса, тепангда худди ўтовга ўхшаб очилади…
— Биламиз, биламиз, — дея чувиллашди болалар.
— Ана шундай, биз десантчилар эдик. Парашут билан сакраш вазифамиз эди.
— Десант нима дегани? — деди яна кимдир.
— Десантми? Бу кўчма, жанговар отряд. Энг муҳими, махсус топшириқларни амалга ошириш учун юбориладиган отряд. Билдиларингми, тушунарлими?
Синфга жимлик чўкди.
— Десант бир нечта ва бир неча минг одамлардан тузилиши мумкин, — дея давом этди Тиналиев, — Муҳими, десант душманнинг орқа томонига ўтиб олади-да, мустақил ҳаракат қилади. Агар унча тушунмаган бўлсаларинг, бошқа бирон кун гапириб берарман. Ҳозир эса ишга ўтайлик. Онатой, сен ўтир, нега тик турибсан? Сенинг отанг ҳам фронтда жанг қиляпти.
— Меники ҳам!
— Менинг отам ҳам!
— Меники ҳам! Тиналиев қўлини кўтарди:
— Мен ҳаммасини биламан, болалар. Эртадан кечгача фақат колхоз иши билан овора, деб ўйламанглар. Ҳаммасидан хабарим бор: кимлар армияда-ю, кимлар госпиталда эканлигини биламан. Сизларни ҳам яхши биламан. Шунинг учун сизларнинг олдингизга келдим. Гап шу.
Онатой, отангга нон етказиб беришга сен ҳам борасан. Сен ҳам бир йилчами, кўпроқми мактабни қўя туришингга тўғри келади.
— Мен ҳам! Мен ҳам! Мен ҳам! — деб баъзи болалар ўринларидан сапчиб тура бошладилар. Негаки бунақа пайтда ҳар ким ҳам ботир бўлиб кетади. Буёкда мактабга қатнашдан қутулади. От ҳайдайсан, холос. Бундан ортиқ яна нима керак?
— Йўқ, шошманглар! — деб уларни тинчитди раис. — Бунақаси кетмайди. Фақат плутда ишлаганлар боради. Мана сен, Эркинбек. Сен ҳам ер ҳайдаганмисан? Мен биламан, отанг Москва остонасида ҳалок бўлган. Кўпгина оталаримиз, акаларимиз ҳалок бўлганлар. Сендан ҳам илтимос, Эркинбек, бизга ёрдам бер. Ўқиш ўрнига сенинг ҳам ер ҳайдашингга тўғри келади. Бошқа чорамиз йўқ. Онангга бўлса ўзим тушунтираман…
Кейин раис яна икки кишининг — Эргаш билан Қуббатқулнинг исмини айтди. Эртага эрталаб ҳаммалари отхонада, бригадирларнинг эрталабки иш тақсимотида ҳозир бўлишларини тайинлади.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 39-қисм

Сал нарсага бармокдарини нуқиб пеш қилиб туришади тағин: Бўстон Ўркунчиевни кўр, ана, илғор, ана, ўрнак... Башарасига солиб-солиб юборсанг шу илғор тавиянинг! Бўстоннинг ...

Адабиёт назарияси

АДАБИЁТ  НАЗАРИЯСИ - адабиётшунослик  фанининг  бир  бўлими. Иззат Султон Бадиий  адабиёт,  унинг  жамият  ҳаётида  тутган  ўрни  ва  аҳамияти,  яратилиш  қонуниятлари,  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 15-қисм

Тўртинчи кун тонг азонда қорли тоғларнинг букир тизмалари кўзга чалинди. Поезд улар кетаётган Чу ва Мўйинқум чўлларига яқинлашарди. Теп-текис кенгликлардан сўнг келадиган ...