Савияси паст ҳокимлар билан қаергача борарканмиз?

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев  2018 йил февралда Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида автобус ичида ёниб кетган 52 нафар юртдошларимиз билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар пайтида ўзининг ҳақоратомуз сўзлари ва сўкоғичлиги билан кенг халқ оммасига жуда яхши танилганди.

Оғзига оши етмаган ҳоким ва унинг фаолияти бундан кейин ҳам бир неча марта танқидга учраган. Халқ унга қарши нафратини ёғдирган. Лекин юқоридаги кришаси бақувват бўлгани учун у ҳар доим тегирмондан бутун чиққан.

Шуҳрат Ғаниевнинг бу сафарги МИБ ва Солиқ идораси бошлиқларига қарши ишлатган ҳақорат сўзлари, уларга қарши таҳдиди ҳокимнинг ниҳоятда саводсизлигини, зўравонлигини, бюрократлигини яна бир карра исботлайди.

Ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг 2019 йилнинг 22 май куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда МИБ ва Солиқ инспекцияси бошлиқларига қарата айтган сўзларининг аудиога ёзиб олинган намунасига эътибор қаратамиз.

«Бекор ҳазиллашяпсан иккаланг. Умринг 5 йил, 10 йил қамоқда ўтади. Сен МИБ бошлиғи бўласанми, бошқа бўласанми, ундан нари бўласанми, сен номардларни.

Бизнинг одамларимиз нима бўлади? Бизнинг кўчаларимиз нима бўлади? Сувимиз нима бўлади, обод қишлоғимиз нима бўлади? Пулни қаердан оламан?»… Ҳокимнинг дағдағаси давоми:

«Ўзимни босиб турибман. Ичагингни олиб, бошингга салла қилиб қўйиш қўлимдан келади, лекин ўзимни босиб турибман.

Мен бу аҳволни кенг жамоатчиликка ҳам етказаман. Сен номардлар, солиқ бошлиғи – Тошкент шаҳар фуқароси, МИБ бошлиғи – Тошкент шаҳар фуқароси. Фарғонада лавозимга тайинланиб, фарғоналикларни ботқоққа ботиряпти, деб мен сенларни муҳокама қиламан, сен имонингга ўт тушгурларни. Сен номардларни.

Озгина имконият топилса мен сенларни қаматаман. Солиқ бошлиғиям, МИБ бошлиғиям жавобгар бўласан. Худо дегин, май ойи режасини бажарайлик – 400 миллион сўм.

Бажарилмаса, иккаланг жавобгар бўласан, жавобгар қиламан, жиноий жавобгарликка торттираман. Нимаики имконият топсам, жиноий жавобгарликка торттираман, қанақа ҳаракат қилиб бўлсаям. Огоҳлантириб қўяман иккалангни.

Менга унақа сотқинлар керак эмас. Булар сотқин. Булар куляпти биз фарғоналиклар устидан. Куляпти булар.

Номард бўлмаса 3 миллиард 700 миллион сўмдан 229 миллион пул ундирадими? Бутун дор тагидан қочганлар йиғилган», деган вилоят ҳокими.

Ҳокимнинг бу гапини икки хил тушуниш мумкин. 1). МИБ ва Солиқ инспекцияси бошлиқлари аҳоли ва ташкилотлардан ундириши керак бўлган 3 миллиард 700 миллион сўмдан атиги 229 миллион сўмни ундирган. 2) МИБ ва Солиқ инспекцияси бошлиқлари ундирилган 3 миллион 700 миллион сўмдан 229 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Агар ўзлаштиририлганлигига доир фактлар аниқланган бўлса, у ҳолда “қаматтириб юбораман”, деб дағдаға қилишнинг, Сен Тошкент шаҳри фуқаролари, биз Фарғона вилояти фуқароларининг устимиздан куляпсанлар, деб маҳаллийчиликка йўл қўйишнинг нима кераги бор? Нима ҳоким Ўзбекистонни пораканда қилмоқчими? Ёки Конституция бўйича Ўзбекистон таркибига кирадаган бутун вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ягона Ўзбекистон фуқароси ҳисобланишини билмайдими? Билмаса нега ҳоким бўлган?

Ҳоким қачондан бери судья бўлиб қолди? Унинг бошлиқларга қараб “умрингнинг 5 йил, 10 йили қамоқда ўтади”, деб пўписа қилиши нимаси? Қонунбузарликлар содир этилган бўлса  ҳужжатлар нега шартта расмийлаштирилмайди, нега қонунни бузган шахсни жазога маҳкум этиш учун тегишли органларга кўмак берилмасдан, унга яна ишониб иш топширмоқда?

Аслида ҳокимнинг “Ичагингни олиб, бошингга салла қилиб қўйиш қўлимдан келади”, деган сўзлари ҳоким томонидан эмас, кўчабезорилари, каллакесарлар томонидан айтиладиган сўз. Ҳокимни мана шу сўзи учун ҳам жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Бироқ, Шуҳрат Ғаниев профессионал ҳоким, дефицит шахс бўлса керакки, шу пайтгача унинг мушугига ҳеч ким пишт дея олмайди. Пишт дейувчилар бўлганда 52 нафар жигарларимиз тириклай ёниб кетганда айтган сўзлари учун “пишт” деган бўларди.  Савияси паст ҳокимлар билан қаергача борарканмиз?

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тилимиз учун кураш

Яна тилимиз учун кураш майдонига чиқишга тўғри келади шу ўриспарастлар туфайлидан ва улар миллатни бўлинишига,  алғов-далғовга сабаб бўладилар. Улар она тилининг жозибасини ...

Хаосдаги одам

Қишлоқда туғилиб ўсиб, шаҳарда ўқиган, ишлаб қолган одамнинг ўз дарди бор. У барча нарсага ўз кучи билан эришади, ўқишга киради, иш топади, қийналади, тўрвасини судраб, ...

Фарғонада коллеж ўқувчиси мактаб ўқувчисини пичоқлади

Коллежнинг 3-босқич ўқувчиси ўрта умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчисини пичоқлади. Бу ҳақда ИИВ нинг матбуот ҳизмати маълум қилди. Иллюстратив фото 2019 йил 28 февраль ...